Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


23.07.2025 | 12:15

img144

ЁЛҒИЗЛИКНИНГ ТАНҲО ЁЗУВЧИСИ

Франц Кафка XX аср адабиётининг сирли ва бетакрор даҳоси, инсон руҳиятидаги қўрқув ва хавотирни типиклаштириш даражасига олиб чиққан биринчи ёзувчи деган таъриф бор.

Немис тилида ижод қилган чехиялик ёзувчи 1883 йили Прагада туғилиб, вояга етган. Немис гимназиясини тугатганидан сўнг, отасининг истаги билан Прага университетида ҳуқуқшунослик йўналишида таълим олган. Отаси Герман Кафка қаттиққўл, ҳиссиётларга берилмайдиган оғиркарвон инсон бўлгани боис, ўғлининг китобларга ўралашиб юришини ёқтирмаган. Кафка эса кўнгил ва ҳиссиёт одами эди, ҳар қандай адолатсизлик кўнглида оғриқ уйғотар ва у бу туйғуларини “Отамга мактуб” деб номланган асарида батафсил тасвирлаган.

Унинг дастлабки ҳикояси 1904 йили нашр этилган. Тириклигида тўртта кичик ҳажмдаги китоби босмадан чиққан. Биринчи асари “Бир кураш тарихи” деб номланган. “Қалъа”, “Жараён”, “Метаморфоза” каби машҳур асарлари уни модернизм адабиётининг етакчи намояндаларидан бирига айлантирган.

Франц Кафка ўз асарлари орқали нафақат замонасини шарҳлаган, балки бугунги кунда ҳам долзарб бўлган умуминсоний ижтимоий ва маънавий масалаларни теран таҳлил қилган. Шу боис, асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган. Фикр ва ғоялари нафақат адабиётшунослар, балки фалсафий ва ижтимоий соҳа тадқиқотчилари томонидан ҳам ҳанузгача тадқиқ этилмоқда. Тириклик чоғида биронта ҳам романи чоп этилмаган.

Асарларини ёлғизликда, ҳамманинг кўзидан йироқда, тўрт девор ичига қамалиб, қалтираб-қақшаб ёзарди, деб эслайди дўстлари.

Франц Кафкадан учта тугалланмаган роман, ўттиздан ортиқ ҳикоя, новелла ва кундаликлар қолган. Ўлимидан сўнг барча ёзганларини ёқиб юборишни васият қилганига қарамай, дўсти Макс Брод унинг романларини нашрга беради.

Ҳа, Франц Кафка қисқа ва машаққатли ҳаёт кечирди. Қаттиққўл отаси, ёқтирмаган иши, оғир касаллик ва ўзига ишончсизлик ёзувчини оғир изтироблар чоҳига улоқтирган эди.

У ўз кундалигида “Мен гўё тошдан яралгандайман, ўзимга қўйилган қабртошдайман”, деб ёзиб, фожиа ва изтиробларини аниқ ифодалаган.

ҚИШЛОҚ КЎЧАСИДАГИ БОЛАЛАР
(ҳикоя)

Боғ панжараси ёнидан араваларнинг ўтиб бораётгани эшитилди, баъзан уларни сал-пал чайқалиб турган барг-япроқлар орасидан ҳам кўриб қолардим. Уларнинг жазирама иссиқда қуриб-қақшаб кетган кегай ҳамда шотилари шунақанги ғичирлардики! Даладан қайтаётган ишчиларнинг бундан кулишаётганини кўриб, одам уялиб кетарди.

Мен ота-онамнинг боғида, дарахтлар орасида, абжиргина арғимчоғимизда дам олиб ўтирардим. Панжара олдида шовқин сира тинмайди. Ҳозиргина болалар зув югуриб ўтиб кетишди; ҳаял ўтмай ғалла ортилган аравалар пайдо бўлди, улардаги боғламлар устига эркаклар ва аёллар ўтириб олишган, теварак-атрофдаги гулпушталар қорайиб кўринади; кечга томон ҳасса таянган бир жанобга кўзим тушди, у афтидан, кечки салқинда аста сайр қилиб юрарди, унинг рўпарасидан қўл ушлашиб келаётган бир тўп қизлар чиқиб қолди, ана, улар саломлашиб, ён томондаги майсазорга ўтиб кетишди.

Шундан сўнг, аллақаердан “гув” этиб қушлар осмонга кўтарилди, уларни кузатарканман, бирданига отилиб чиққанини кўрган бўлсам ҳам, негадир ишонгим келмасди, эҳтимол, қувватсизликданми, бироз бошим айланиб, ўзимни худди йиқилаётгандек ҳис қилдим ва арқонларни маҳкам ушлаб олдим. Дам ўтмай, қаттиқроқ чайқала бошладим, ҳаво ҳам янада салқинлашиб, осмонда парвоз қилиб юрган қушлар ўрнини энди милтиллаган юлдузлар эгаллади.

Шам ёруғида кечки тамаддига ўтирдим. Чарчадим шекилли, иккала қўлим билан тахтасупага суянган кўйим бутерброд еб олдим. Деразанинг ниҳоятда юпқа, майин тўрсимон пардалари илиқ шабадада енгил ҳилпирайди, гоҳ-гоҳ кўчадан ўтаётган битта-яримта мен билан кўришиб, гаплашгиси келиб қолса, уни қўллари билан маҳкам тутади. Кўпинча шам ўчиб қолади ва бўғиқ тутунида анчагача чивинлар уймалашади. Гоҳо кимдир дераза оша чақириб қолади, мен ҳам худди тоғларга ёки очиқ ҳавога қарагандек, бирров назар ташлайман, овоз берган кимса эса жавоб ҳам кутмай кетиб қолади.

Ниҳоят, биттаси дераза панжарасига астойдил сакраб чиқади ва бошқалар уй олдида тўпланиб, кутишаётганини маълум қилади, мен эса хўрсиниб, ўрнимдан тураман.

– Йўғ-э, намунча хўрсинмасанг? Нима бўлди ўзи? Бошингга бирор оғир, тузатиб бўлмас мусибат тушдими? Нима, энди сира ўзимизга келолмаймизми? Ростданам ҳаммаси тугадими?

Ҳеч нима тугагани йўқ эди. Биз уй олдига чопиб бордик.

– Хайрият-э, келдиларингми? Сен ўзи доим кеч қоласан!
– Нега энди мен?
– Ҳа, сен, хоҳламасанг, уйингда ўтир. Аяб ўтириш йўқ!
– Нима? Аяб ўтириш йўқ? Бу нима деганинг?

Биз бошимиз билан оқшом бағрига шўнғидик. На куннинг, на туннинг фарқи бор эди. Дам нимчаларимиз тугмалари бир-бирига тегиб, тишдек ғичирлар, дам барчамиз баравар масофада бирга югуриб борар, тропик жониворларга ўхшаб, оғзимиздан олов пуркардик. Қадимги урушлардаги кирасир кийган отлиқ аскарлар янглиғ бир-бир босиб, тағин осмон-у заминда, бир-биримизни туртиб-суриб, торкўчадан қуйи тушиб келар ва оёқларимиздаги ана шу тезлик совиб улгурмай, яна қайтадан қишлоқ кўчаси сари чиқиб борардик. Шу кетишда баъзи бир шерикларимиз кўчадаги чуқурларга тушиб кетар, аммо қорамтир дўнглик олдида кўздан ғойиб бўлди дегунча, яна юқорида, дала йўлида бегона одамлардек пайдо бўлар ва пастга термилиб туришарди.

– Бу ёққа тушсаларинг-чи!
– Аввал тепага чиқиб олларинг!
– Бизни йиқитмоқчисанлар деб ўйлаётганимиз йўқ, калламиз жойида.
– Шунчалик қўрқоқмиз, демоқчимисанлар. Қани, чиқа қолинглар унда!
– Ростданми? Санлар-а? Бизни йиқитмоқчимисанлар? Кўрамиз ҳали аҳволларингни.

Биз ҳужумни бошладик, зумда ойнадек силлиқ тепалик олдига етиб бориб, ўзимизни кўчадаги ўт-ўланлар ўсиб ётган чуқурлар устига ташладик, кимдир ногоҳ йиқилди, кимдир ўз ихтиёри билан. Ҳамма нарса бирдек қизиган, биз на иссиқни, на ўт-майсалардаги совуқни сезардик, фақат чарчаганимиз билинарди, холос.

Ўнг томонга хиёл ёнбошлаб, қўлни қулоқ остига қўйдим дегунча, одамни уйқу элита бошлайди. Лекин бошингни кўтариб, бор кучингни тўплаб, яна сакраб ўрнингдан туришинг, янада чуқурроқ ўрага тушиб кетишинг керак. Шундан сўнг, қўлингни кўндаланг тутиб, оёқларингни ёндама шамол ялаб, ҳавога юзма-юз отилиб чиқасан ва албатта, яна бошқа чуқурроқ хандаққа йиқилиб тушасан. Кошки эди шуниси охиргиси бўлса.

Сўнгги чуқурда букик тиззаларингни, бутун танангни ўз ҳолига қўйиб, чўзилиб ухлаб олгинг келади, қаёқда, бу ҳақда ўйлаб ҳам бўлмайди, аксинча, касал одамга ўхшаб чалқанча ётволиб, йиғлаворай дейсан. Мабодо тепаликдан биронта бола тирсакларини белига тираб, товонлари қорайиб тушиб келгудек бўлса, унга аста кўз қисиб қўясан.

Тепада Ой кўринди, чироқларини ёқволган почта машинаси ўтиб кетди.

Енгил шабада эсди, буни чуқурда ётиб ҳам сезиш мумкин эди, яқин ўртада жойлашган ўрмон шовуллай бошлади. Шунақа пайтларда одамнинг ортиқ ёлғиз қолгиси келмай қолади.

– Қаердасанлар? Бу ёққа келинглар, ҳамманг!
– Нимага яшириниб ўтирибсан, тур-э!
– Почта аллақачон ўтиб кетди, билмадиларингми?
– Йўғ-э! Ростданми?
– Албатта, сен ухлаётган пайтда ўтиб кетган.
– Мен ухладимми? Бўлмаган гап!
– Қўйсанг-чи, юз-кўзларингдан билиниб турибди-ку.
– Сендан илтимос қиламан…
– Кела қолинглар энди!

Биз ёнма-ён югуришиб кетдик, баъзилар қўл ушлашиб олди, бошимизни тик тутиб бўлмасди, чунки пастга қараб тушиб борардик. Кимдир кутилмаганда ҳиндуларнинг жанговар чақириғини ҳайқириб юборди ва биз энди отларга ўхшаб сакраб чопа кетдик, ҳар сакрашимизда шамол белларимиздан қучиб, мададкор бўлаётгандек туюларди. Бизни ҳеч нарса тўхтата олмасди; бир-биримизни қувиб ўтаётганимизда қўлларимизни қовуштириб, ён-атрофимизга ҳам бирров разм солиб олардик.

Тентаксой кўприги устига етганда, ҳаммамиз тўхтаб қолдик; илгарилаб кетганлар ҳам қайтиб келишди. Пастда сув тош ва илдизларга урилиб оқар, вақт алламаҳал бўлиб қолгани ҳам сезилмасди. Нега ҳозир бирортамиз кўприк панжарасидан сувга сакрамаётганимиз ажабланарли ҳол эди.

Узоқда, бутазор ва чангалзорлар ортидан темирйўл поезди елиб келарди. Барча купеларнинг чироқлари ёниқ, дераза ойналари тушириб қўйилган эди. Шунда орамиздан биттаси ногоҳ кўча қўшиғини куйлай бошлади-ю, барчамизнинг ашула айтгимиз келиб қолди. Биз поездга қараганда ҳам тезроқ куйлардик, қўлларимизни силкиб ҳам қўярдик, чунки овозимиз етишмай, бўғилаётгандек туюлар, бу эса бизга ёқарди. Агар овозинг бошқаларники билан қўшилиб кетгудек бўлса, ўзингни гўё қармоққа илингандек ҳис этаркансан.

Ортимизда ўрмон, олислаб бораётган сайёҳлар кетидан шундай куйлаб қолдик. Бу пайтда қишлоқда катталар ҳалиям уйғоқ, оналар эса болаларини ётқизиш учун жой ҳозирлашарди.

Вақт бўлди. Мен ёнимдаги болани ўпиб қўйдим-да, қолган учовига шунчаки қўл узатдим ва келган йўлимдан орқага чопиб кетдим, ортимдан ҳеч ким чақирмади. Биринчи муюлишга етиб боргач, мени энди улар кўра олмасди, бурилдим ва дала йўллари бўйлаб ўрмон томон яна югуриб кетдим. Мен жанубдаги шаҳар сари интилардим. Бу шаҳар ҳақида қишлоғимизда шундай гап-сўз юрарди:

У ерда одамлар яшайди! Биласизларми, улар ухламас эмиш!

– Нега энди ухламас экан?
– Чунки улар чарчашмас экан.
– Нега энди чарчашмасакан?
– Чунки улар аҳмоқ экан.
– Нима, аҳмоқлар чарчамайдими?
– Аҳмоқлар қандай чарчасин, ахир!

Немис тилидан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси.


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855