31.07.2025 | 16:55
306
ИККИ ҚУТБНИ БИРЛАШТИРГАН ҲОФИЗ
Негадир, хонандалардан “кумир”им, яъни жон-дилдан яхши кўрадиганим йўқ. Эҳтимол, бу ашула айтишга лаёқатим камлигидандир. Чунки ўзим рубоб ё дутор чалиб, кўпроқ завқ олсам керак-да. Энди секин-секин танбурга ҳам ўтиляпти. Лекин Ҳожи Абдулазиз Расулов, Расул қори Мамадалиев, Ҳалима Носирова, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Берта Давидова, Ботир Зокиров, Бобомурод Ҳамдамов, Шерали Жўраев ва бошқалар овози-ю ижросида ажиб гўзаллик, ҳеч кимникига ўхшамаган ўзига хослик, баландпарвоз ифода деб ҳисобламасангиз, илоҳий бир жозиба борлигини ич-ичдан ҳис қиламан. Уларнинг ашула ё қўшиқларини эшитсам, баъзан Аллоҳнинг шундай қудратига қойил қолганимдан беихтиёр йиғи ҳам келади.

Талабалик йилларимизда (1971–1976) афсонавий хонанда Шерали Жўраев ҳақида кўп баҳслашардик. Унинг саҳнада ўзини ҳаддан ташқари эркин тутиши, кутилмаганда ўнг қўлини тордан бўшатиб, созни чап қўлида осилтириб олиши, ҳатто мусиқани тўхтатиб қўйиб, ашула ўртасида декломатсияга ҳам ўтиб кетиши юзасидан кўп тортишганмиз. Очиғи, камина кўпинча унинг танқидчилари сафида бўлар эдим. Йиллар ўтди. Ҳофиз тинмай тафаккурини ўстирди. Янги-янги йўллар, ғоялар, оҳанглар, усуллар, услублар излади. Эл-улуснинг кўнглига кирди. Шуни исботладики, ҳар ким ҳам хонандаликда у эришган юксак даражага кўтарила олмас экан.
Аввало, у сўзга ошуфта эди. Хонандаликни мусиқа ва овоз орқали элга фикр айтиш воситаси, ҳофизни эса, бевосита мафкуравий соҳа вакили, деб билди. Халққа мусиқа ва овоз орқали ғоя беришни мақсад қилди. Оммани шу ғоялар ортидан эргаштирди. Ахир, у сўзини тушунмаган ҳолда бирорта ҳам қўшиқ айтгани йўқ. Шеърнинг сўзини тушуниш экан, ҳатто уни “тушунтирмасдан” туриб ҳам бирорта ашула ижро этмади.
Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси аруз вазнида, яъни қўшиққа мос оҳангда битилган, лекин Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” қасидаси қўшиқ учун ёзилганми? Шерали Жўраев шуни ҳам мумтоз бир ашулага айлантирди. Бу буюк санъаткорнинггина қўлидан келади.
1956 йили коммунистик партиянинг ХХ съездидан кейин бироз эркинлик шабадалари эса бошлади. Ўзбек шеъриятида миллий тенглик ғояларини тараннум этишга киришилди. Ҳатто, илғор зиёлилар адабий асарларга айнан шу ғояга қанчалар хизмат қилган-қилмаганига қараб баҳо беришга ўтди. Аммо бу янги йўналишдаги шеъриятда миллий ғоялар илгари сурилаётган, бу эса амалда ҳукмрон сиёсатга зимдан қарши бир мафкура эди. Шерали Жўраев шеъриятдаги шу тамойилларни хонандачиликка олиб кирди. Шеърият ва мусиқий санъат қўшилиб, халқни уйғотди. Бу уйғониш охир-оқибат Ўзбекистонимизни мустақиллик сари етаклади ва ниятга етилди ҳам.
Абдулла Ориповга ҳам, Эркин Воҳидовга ҳам, аслида, “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони айнан ана шу совет давридаги жасоратлари учун берилган эди. Очиғи, бу икки қўшиқни халқимиз Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришгунга қадар худди бир миллий мадҳия янглиғ қабул қилди. “Ўзбегим”ни кўплар “ҳофизнинг энг зўр қўшиғи” деб ҳисоблайди. “Ўзбекистон” қасидасини ҳам ёнига қўшиб, булар ўз даврида миллий мафкурани шакллантириш учун асос бўлди, халқ орасида миллий озодлик ҳиссини уйғотди, деб ҳисоблаш мумкин.
Ёки, Омон Матжон қаламига мансуб Навоийнинг “Аввалғиларға ўхшамас” ғазалига боғлаган тахмисини Шерали Жўраев ашула қилиб, эл орасида кенг ёймаганида эди, ундан кўплар бехабар қолиши ҳам мумкин эди. Худди шундай, “Ўзбегим” ва “Ўзбекистон” қасидаларини ўқиган кўпми ёхуд ашула тарзида эшитганми? Албатта, бу саволга арифметик аниқликда жавоб бериш жуда қийин. Аммо, ҳойнаҳой, ўқиганлар сонидан эшитганлар сони бир неча карра кўп бўлса керак.
Ё хонандаларимиз ижоди ҳар тарафлама таҳлил этилган илмий рисола ва мақолалар кам, ё бошқа соҳа вакили бўлгани учун каминага шундай туюлади. Ҳар ҳолда, Шерали Жўраев, Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажоновдек халқ севган ҳофизларимизнинг бир-бирига ўхшамаган ўз йўли, ўз услуби бор эди. Шу маънода Шерали ака зиёлилар хонандаси эди. Ўтган асрнинг 70–80 йилларида талабалар ўртасида ҳам мухлиси жуда бисёр эди.
Буюк ҳофиз кейинчалик кўп синовларга дуч келди. Ҳозир бунинг сабабларини қидириб ўтиришнинг мавриди эмас. Каминанинг қатъий хулосаси шуки, ижодкорга “сиёсатчи” деб қарамаслик, эркинлиги, ҳурфикрлиги бу тоифанинг асосий фазилати эканини асло унутмаслик керак.
Тақиқни ҳар ким ҳар хил қабул қилади. Баъзилар дарҳол кимларнидир ёмонлашга ўтиб олади. Бутунлай тушкунликка тушиб, бор ижодини бой бериб қўйганлар ҳам топилади. Шерали аканинг ижоддан тўхтагани, иғво-ғийбатларга қўшилгани, кимлардандир домонгир бўлганини асло эшитмадик. Очиғи, кейинги пайтларда унда ўз тақдирини Аллоҳнинг иродаси сифатида талқин этишга мойиллик кучайган эди.
2016 йил охирларидан ҳофиз учун кенг йўл очилди. “ЗўрТВ”да унинг иштирокида навоийхонлик кечаси ташкил этилди. Унда навоийшунос мутахассис бир ғазални қисқа шарҳлайди, кейин у ижро этилади. Камина буюк шоирнинг:
Лаълинг оё не ажаб рангиндур,
Сўзи анинг не бало шириндур, –
байти билан бошланадиган ғазалини шарҳлаган бўлдим.
Орада Шерали ака:
– Мен отамга: “Нега менга “Алишер” деб от қўймагансиз? Ўшанда, эҳтимол, Навоийдай машҳур бўлиб кетармидим, деганман”, – деди.
Шунда стол устида турган микрофонни шарт олдим-да:
– Мусулмон Шарқи мумтоз бадииятида “тарди акс” деган санъат бор. Унда сўзларнинг ўрни ўзаро ўзгартириб қўлланади. Масалан, шоир аввал “Шерали” дейди, кейин “Шер” билан “Али” сўзларининг жойини алмаштириб ишлатади, “Алишер” бўлади. Сиз ҳеч армон қилманг: “Шерали” – “Алишер”! – дедим.
Бу лутф ҳофизга кўп маъқул тушди. Зал ҳам қарсак чалиб юборди.
Унинг кўнглида икки қутб бирлашгандай эди. Узоқдан қарасангиз, ўта мағрур бўлиб кўринар эди. Яқиндан билганлар унинг қанчалар юмшоқкўнгил, сўфийликка моил шахслигига гувоҳ бўларди. Аслида, камтарликни намоён қилиш ҳам бир санъат. Бу киши табиатан ўта камтар эди.
Шерали ака чинакамига изланувчан ижодкор эди. Навоийнинг “Айлангиз” ва “Эмас” радифли ғазалларини маҳорат билан ижро этган. Биринчи ғазал охирги байтидаги: “Эй муғаннийлар, Навоий маст эди, (шунинг учун у) кеч уйғонади, уни уйғотишга бир дилкаш (ёқимли) куй (ё қўшиқ) тараннум этинглар”, деган мазмундаги ажойиб саҳнавий тасвир билан тугаши ҳофизга ажиб илҳом улашган. Натижада унинг ўзбек қўшиқчилигидаги қатъий анъаналарни бузиб бўлса ҳам, Навоийнинг шу ғазалидаги лирик қаҳрамонининг илтимосини бажо айлагиси келиб кетган. Шу ғазалга “Эмас” радифли ғазални улаб ижро этган. Чунки бу ғазал мақтасида ҳам лирик қаҳрамон, худди олдин тилга олинган ғазал мақтасидаги каби, Навоийнинг мастлигини тилга олади:
Манга гулрух соқи-ю, булбулға гул тутти қадаҳ,
Маст эрур ул ҳам Навоийдек, вале расво эмас.
Яна бир алоқадор жиҳати – иккала ғазал ҳам рамали мусаммани маҳзуф (ёки мақсур), яъни “фоилотун- фоилотун-фоилотун-фоилун (ёки фоилон)” вазнида битилган. Иккала асардан ҳам айрим байтлар қисқартирилган, албатта.
Бизда мумтоз ғазалларимизни мақом йўлида айтиш анъанаси устувор. Шерали ака ана шу қолипни бир қадар синдирди: уларни миллий ашулачилик услубига солиб айтди. Бу анъана Фахриддин Умаров ва бошқа айрим ҳофизлар ижодида ҳам бор эди. Кейинги даврда Озодбек Назарбеков Лутфий ва бошқа мумтоз шоирларимиз ғазалларини замонавий куйга солиб айтиш анъанасини изчил давом эттириб келяпти.
Ўзи-ку таъзияда мусиқага асло ўрин йўқ. Лекин, ишонсангиз ҳам, ишонмасангиз ҳам, бир гапни айтаман: буюк ҳофиз вафот этганидан кейин бир неча кун маҳалламизнинг у ё бу ҳовлисида овоз кучайтиргични энг баланд нуқтасига бураб қўйилган ҳолда ана шу афсонавий хонанда ашулалари янграб турди.
Санъат ўлмайди!
Ҳақиқий санъаткор ҳам!
Демакки, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳам!
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



