07.08.2025 | 16:56
116
БУ ДАРДЛАРГА ДАВО БОРМУ?
Кун ҳиндининг тандиридай қизиганда айиқполвоннинг терскай қазилган ўрасидай муздеккина уйда “Барра бодринг” деган ёпиштирмаси хира тортиб кетган бонкадаги совуқ чойни хўплаб, “инста” оралаб талтайиб ётгандим.

Қарасам, бирови майлисда бошқасига ақл беряпти: “Мана, мисол учун сигирни олайлик. У тарвуз пўчоғни еб, сут беради, қатиғ беради, пишлоқ беради, яна гўшт ҳам беради. Биз-чи? Сиз билан биз тарвузни ўзини еб, жамиятга нима беряпмиз?!” Ўтирганлар бешқарсак чалворишди. Ҳаммасига кулиб қўйдим. Лекин шу пайт кўзим қандай илинганини билмай қопман. Қуш уйқининг тушига ўша ибратли лавҳадаги ваъзхон кирди. Менга қараб: “Оддий говмиш оддий тарвуз пўчоғини еб, шунча нарса беряпти! А, сиз нима беряпсиз?!” деб ўшшайса бўладими? Ухлаётган бўлсам ҳам каллам зўр ишлаб кетди: “Менми?.. Мен… ҳалиги сигирга тарвуз пўчоқ беряпман!” Бундай жавобни кутмаган ваъзхон, қошларини уйиб, кўзларини олагазак қилиб ҳилқинди: “Ғалатимасми?..”
Бу қизғин баҳс-мунозара ҳали кўп давом этарди-ю, хотин уйғотиб юборди. Айтишича, ошнам Ўткиржон оғир ётганмиш. Ўзиям жуда ҳожатбарор йигит. Жондек жигарим. Қачон қарама, одамларни ҳожатини чиқариб юради. Мана, энди ўзи ҳожатдан чиқолмай қопти, бечора… Ҳозир касалхонада эмиш. Шифохона бўлсаям гўргайди, бечора нақд хастахонада мушдеккина жонини ҳовучлаб, дарди беҳаё билан курашяпти, дейди хотин қошларини баланд-паст қилиб.
А, лаббай? Дарди нима экан, тўчний айт дейсизми? Бундоқ…
“Инфекцион касалликлар бўлими”дан маҳзун чиққан дўхтир юзидаги ниқобини тушириб, кўзидаги ойнагини ҳафсала билан артганча деразадан олис-олисларга тиришиб тикилибди ва пашшалар дастхат қўйган ойнани кафти билан “тирт-тирт” эткизиб артиб, беморнинг жавобга маҳтал яқинларига дебди: “Ўткир диарея…”
Ия, чўрткесар, жайдари йигитга қаёғдаги чет элча касаллик илашибдими деб турсам, хотин айтиб қолди, бу “диарея”си ўзимизни ичбуруғ экан. Билмагандан кейин қийин-да! Бўлмаса, ҳар ёз яримта чиллакини паққос тушириб, жонон чашма лабига лаб босиб, сув ичган кунларим кўп бўлган, ҳеч нима қилмаган. Хуллас, дезинфекция деган исми расми учун битта “яримта”ни қўлтиғимга термометр қилиб, “Ўткир диарея”ни кўргани бордим.
Касалхонага кираверишда кўчмас бозор ташкил қиворишибди барака топгурлар. Шуларга қараб, мўйловни бураб, мириқиб турсам, бир қизгина: “Кеп қолинг, муздек айрон! Ичганлар дармонда, ичмаганлар армонда!” деб қолди. Кўнгил кетди, дил кетди, ўн беш минг сўм пул кетди. Секин бориб, таниш қўшиқни ҳиргойи қилдим: “Айрончи қиз, қуйгил энди айронингдан! Ўргилойин чаккангдаги райҳонингдан!”
Биринчи истакон мойдай ўтди. Ортидан яна битта урвордим. Кейингисини таъми жиндек бошқача туйилди. Ҳазилга олиб: “Синглим, бу ўзи айронми, қимизми?” дедим. Ҳайрон бўлиб: “Айрон…” дейди тушмагур! Ишонқирамай, тоғорасига кўз ташласам… не кўз билан кўрайки, бир яшилтоб пашша идиш лабида бамайлихотир бирваракайига иккита ишни бажаряпти. Бир-иккитаси ичига тушиб, чалқанча сузиш, синхрон сузиш, артистик сузиш, капалак сузиш, ит сузиш қилиб ўзларининг ёзги спартакиадасига тайёрланишяпти.
Бу ёғи қанчага тушди энди? Нима қиларимни билмай қолдим. Анов қизга бир нима деб ўдағайладим. У бўлса: “Ўзизни босинг, мулла ака, кўйнизга омасайиз, ҳичтима қимийди! Эскилар “билмаганга тоза” дейишган, мулла ака!” деб ўзини оқлашга тушди. Бу жониворлар ўзимизники, пок-покиза, дейишига ўлайми?! Таъбим тирриқ бўлиб, қўл силтаб жўнавордим. Шуям бировни боласи, тирикчилигини қилсин, дедим ичимда. Лекин бу ёғига ҳамма нарса балодай кўринадиган бўпқолди кўзимга!
Мана, мисол учун, анави пирамида каби уйиб қўйилган қурутларни олайлик. Назаримда, уларни қатиғини ковуш кийган икки азамат пахса лойини пишитган каби тепиб-тепиб тайёрлагандек, юмалоқ бўлмаганларини бирор қўли ювиқсиз ғижимлаб-ғижимлаб ташлагандек, тоза чаккига унми, оҳакми, албастрми қўшгандек туйилаверди, туйилаверди… Сотувчи хола “Қурут берайми? Ёғлиққина, қўлбола қурут!” деганида Мумбай ошхоналари кўз олдимга кеп кетди! Қўлбола эмиш! Оёқбола эмасми?! Ўргилдим!
Иккига бўлинган тарвуз устида суварак кўрганимни айтдимми? Ўзларини “Титаник” бурнидаги Жек ва Роуз ҳисоблаб, тўла-тўкис романтика қилётишибди. Яна бири майиз тўрва соҳилида қўлини ёстиқ қилганча кунгайда тобланяпти – ўзбекча айтганда, “загар” оляпти. Ёнида ётган ойимчаси кактейл қуйилган тошёнғоқ палласига ажриқ найча тиқиб, хўриллатяпти. Майна чўқиб кетган ҳусайнига иккита ари қўнганди, бироз ўтиб икковиям шох ташлаб учиб қолди денг. Бу офтобда, тағин бундай шароитда узум шўрлик ё майиз бўлади, ё сирка, ё вино…
Шу пайт мўрс бўчкани эгаси қаёғдаги ўрик шарбатини мақтай кетди. Илгарилари бундай нарсаларга қурбақа ташлаб қўйилади дейишганди. Нега солишаркин деб роса ўйлаганман. Афсоналарга кўра, бақа жонивор шарбатни муздек сақлармиш. Ҳар чўпчакда бир ҳақиқат. Ўтган йили билиб қолдим. Ростан солишаркан. Фақат бошқачароқ усулда…
Узоқ сафарга чиққандим. Йўлдаги гўжадан ичгим келди. Тушиб сўрасам, салкам иккtaюз килолик аёл сақичини қарсиллатганча столдаги ювиқсиз косани шартта кўтариб, ариқда чайиб-чайиб олди-ю, ажабтовур эпчиллик билан ичига гўжа тўлдириб, менга узатди. Ўша ерда тарашадай қотдим. На ичишимни биламан, на кетишимни. Ана шунда бу сирли масалага ечим топдим: коса чайиш баҳонасида шу каби бўчкаларга қурбақа “бехосдан” тушиб кетади…
Олтинчи палатага кирсам, Ўткиржон лиму еган бадавийдай афтини ғижим қилиб, қорнини жон-жаҳди билан силаб ётибди. Тоб ташлаган ноғорадай қорнига катак-катак ёд тортилган. Ўзимни сал бери тортиб сўрадим: “Ўзи бу бало сенга қайдан илашди, жигар?” Бечора аранг минғирлади: “Эркинни биласан, қайнукам. Икки кун аввал ўшани кўргани шу ерга келгандим. Бечора, ичбуруғпараллелётганди. Кираверишда, айрон ичганим эсимда. Шарт ичакни буради-конвергенцияҳундан бери, кўриб турибсан, бу аҳвол. Менга қара, мабодо, кўзинг тушса, кўча-кўйда, офтобни тиғида тобланиб ётган ҳар балони ичиб-пичиб юрмагин, хўпми?!”
Анграйиб қолдим. Тўсатдан ичимда нимадир исён қила бошлади…
Ташқаридан эса айрончи қизнинг мунис овози келди: “Кеп қолинг, муздек айро-он!” …Давоми бошқача эшитилди: “Бундан ичганлар армонда, ичмаганлар дармонда!”
Бу қайси касалхона экан деб ижикилайдиган, дарров интернетда негатив ёпиштирадиган тўшак файласуфларига жавобимиз шулдир: мундоғ муборак ортингизни кўтариб кўчага чиқинг, йўл бўйидаги ўрик шарбат ё айрон гўжадан икки пиёла сипқоринг. Сиз сўраган манзилга ўзлари обориб қўйишади. Саломат бўлгайсиз.
Шифойи комил тилаб:
Бобоқанд ТАБИБИЙ.
Ўз қўлим билан чоршанбайи муродбахш куни қорнимга қўранта жўхори боғлаб, бемажол-у беҳол битдим.
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



