Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 12°C

TAVSIYA QILAMIZ


19.09.2025 | 09:00

img357

“КОТИБ ҲАР МУДДАОНИ ЁЗМОҚЧИ БЎЛСА…”

Маърифатпарвар жадид боболаримиз ёш авлод таълими ҳамда илм-фаннинг муҳим соҳаларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратганларини тарихдан яхши биламиз. Янги усул мактаблари очилар экан, албатта, бу даргоҳлар учун замонавий дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари ҳам яратиш лозим эди. Жадидлар бу ишнинг ҳам уддасидан чиқди. Биргина  Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўзи “Рисолайи асбоби савод” (“Савод чиқариш китоби”), “Рисолайи жуғрофияйи умроний” (“Аҳоли географиясига кириш”), “Мунтахаби жуғрофияйи умумий” (-Қисқача умумий география”), “Китобат ул-атфол” (“Болалар хати”), “Тарихи ислом” (“Ислом тарихи”). “Амалиёти ислом”, “Русиянинг қисқача географияси” каби кўплаб дарслик ва қўлланмаларни яратди.

Шундай асарлардан бири, 1908 ва 1914 йилларда Самарқандда икки марта нашр қилинган “Китобат ул-атфол” қўлланмаси жадид мактабларида тил ва ҳужжат қоидаларини ўргатиш мақсадида яратилган. Таъкидлаш жоизки, бу масалага Беҳбудийдан бошқа жадидлар ҳам эътибор қаратган. Жумладан, Мирзо Раҳимбобо “Тамсил ул-иншо”, Мулла Одилхожи Маҳдум “Мажмуати иншо” қўлланмаларини ёзишган. Уларнинг қўлёзмалари ҳозирда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

“Китобат ул-атфол” асарининг сўзбоши қисмида муаллиф шундай ёзади: “Туркистоннинг қадим мактаблариндаги болалар 4-5 йил ўткаргандан сўнг хат машқ қилиб, баъдинда иншо ёзадурлар. Ўшал иншолар ниҳоят мушкул суратда арабий, форсий ва туркий ёзилгандурки, (мактабдорлар) шогирдлари нари турсин, баъзи мактабдорлар зўрға билур. Мушкул (сатрлар) иборатлик узун иншолар, албатта бола зеҳнини очмай, балки фикрини йўқ бўлишига сабаб бўлур”.

Шу боис, Маҳмудхўжа Беҳбудий жадид мактабларида хат ёзиш, ҳужжатшунослик, иш юритиш тизимини ўқувчиларга содда, мукаммал тарзда ўргатишни мақсад қилади. Чунки жадид мактабини тамомлаган ўқувчи барча замонавий фанларни эгаллаш билан бир қаторда, Туркистон ўлкасида тижорат ишлари билан шуғулланиши ёки бирор давлат идорасида мирзо сифатида ишлашига имконияти бўлса, хат ва идора ҳужжатларини тушуниши лозим эди.

Маълумки, азалдан мактублар хусусий ва умумий хатларга ажратилган. Муаллиф таърифига кўра, хусусий хатлар икки киши орасида ёзиладиган муносабат хатларидир. Манбада хусусий хатларнинг одоби, “хат ёзмоқ шартлари” алоҳида кўрсатиб берилади. Улар жами 18 та шартдан иборат бўлиб, сўзларнинг маъносини билмасдан ишлатмаслик, инсон нуқсони ва шаънига тегишли маълумотлардан фойдаланмаслик, хато ва ҳақоратларсиз, ҳиссиётга берилмасдан ёзиш уқтирилади. Шунингдек, китобда ариза, маълумотнома, тасдиқнома, шаҳодатнома, тилхат каби ҳужжат намуналарининг ёзилиш тартиби ва қоидалари ўргатилади. Хат охирида имзо ва санани тўғри қўйиш лозимлиги таъкидланиб, ҳижрий ва милодий йиллар, уларнинг ойлари номлари араб, форс, рус ва ўзбек тилларида жадвал тарзида берилади.

Ёзиш қоидалари орасида: “Котиб ҳар муддаони ёзмоқчи бўлганда, ўшал муддаони ўзи яхши тушунуб, сўнгра ёзса керак” ёки “Ўзи билмайдургон луғатни мумкин қадаринча ёзмасун”, деган муҳим фикрлар бор.

Қўлланманинг “Намуна хатлар” қисмида хат ёзувчининг отаси, онаси, устози, ака-укалари, дўсти, фарзандига битилган ўттиздан ортиқ хусусий хатлар, шунингдек, йигирмага яқин расмий хат ва ҳужжатлар намуналари келтирилган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий иш юритишда сўзнинг қудрати, муҳимлигига алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир сўзни ўз қоидаси, ўз имлоси бўйича ёзиш талаб этилишини кўрсатиб ўтади. Хат, у хоҳ фуқароларга, хоҳ идораларга бўлсин, етиб борганида олувчига таъсир ўтказишини ўйлаб, фаҳм ва мулоҳаза билан ёзилмоғи мақсадга мувофиқ, дейилади.

“Китоб ул-атфол”да тиниш белгилар ҳам ўзига хос номлар билан берилгани эътиборлидир. Жумладан, сўроқ белгиси – аломати савол; ундов – аломати нидо, таажжуб, хитоб; тире – икки сўзни фарқ қиладиган аломат; баробар – иккиси бир поғонада; вергул – озгина турмоқ учун; икки нуқта – баён ва тафсил учун; кўп нуқталар – нотамом сўзлар каби атамалар билан берилганини кўрамиз.

Ўзбек ҳужжатчилик тарихига оид асарлар ичида алоҳида ажралиб турадиган, матнларда одоб-ахлоқ қоидалари юқори даражада қўлланган “Китобат ул-атфол” асари жадид мактабларида дарслик сифатида фойдаланилган. Китоб яратилганига бир асрдан ошган бўлса-да, ҳалиҳамон у ўз қадр-қийматини йўқотган эмас.

Шерали ҚЎЛДОШЕВ,
тарих фанлари доктори

“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 сентябрдаги 37-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855