Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


06.10.2025 | 14:52

img248

СУҚ

Болаликда: “фалончининг кўзи бор, киннаси бор”, “болам ёки молим суқланди”, “суқ кирди” каби гаплар кўп қулоққа чалинган. Дейлик, қараши ёмонроқ ёки ўткир бирор кимса бўлса, “бу одамнинг кўзи бор”, деб гумон қилинарди. “Фалончи чақалоғимга бир қараганди, болам эрталабгача йиғлаб чиқди”, “фалончининг суқи кириб, сигиримнинг қорни дамлаб кетди” ва ҳоказо…

Қизиғи шундаки, боланинг қорни оғриса, шамолласа, йиқилса, туртинса ҳам, “ёмон кўз” сабаб бўлиши мумкин эди. Айни пайтда, “ёмон кўз”га қарши бутун бошли ҳимоя тизими ҳам бўлиб, дейлик, боланинг бешиги, дўпписи, билаги, бўйнига кўзмунчоқ, туморлар тақиб қўйилар, нафақат ёш бола, балки кўзга яқин йигит-қиз, от-улов, қорамолларга ҳам кўз тегмасин деб кўзмунчоқ, тумор тақиб қўйиш удуми бор эди, “бор эди”мас, тўғрироғи, ҳозир ҳам бор, мисол учун, шахсий автоуловларда ҳозир ҳам шу каби жиҳозларни кўриб қоламиз.

Аслида, “ёмон кўз” деган тасаввур фақат мусулмон ўлкаларида эмас, балки ер юзидаги аксарият халқларда бор ва унинг илдизи ниҳоятда чуқур бўлиб, бундан беш минг йил олдин ер юзидаги кўпгина дин ва маданиятларнинг пойдеворини қўйган шумерларга, балки ундан ҳам олдинги даврларга бориб тақалади. Кейинчалик бу тасаввур Бобил, қадимги Миср, яҳудийлик, насронийлик, Ислом каби динлар асосида шаклланган маданиятларга ҳам ўтиб, Африка, Оврупа ва Осиё бўйлаб кенг ёйилган. Шу боис “ёмон кўз” деган сўз ҳозир ҳам деярли барча тилларда бор, дейлик, инглиз тилида “эвил eye”, француз тилида “мауваис œil”, рус тилида “сглаз”, араб тилида “кўз” ва “ёмон кўз” маъносида: “ал-айн” ва “айнул-ҳасуда”, турк ва форс тилларида “назар” ва ҳоказо…

Қадимги туркий ёдгорликларда “ёмон кўз” деган ибора учрамайди, аммо “суқ” сўзи ҳозиргига нисбатан анча фаол бўлиб, Кошғарий бобомиз “Девону луғатит-турк”да унга шундай изоҳ беради: “суқ – суқ ӭр – суқ, очкўз, паст одам. Шаҳодат бармоғини “суқ ӭрңäк” – “суқ бармоқ” дейиш ҳам шундан. Чунки у овқатга ҳаммадан олдин узалувчи очкўз бармоқдир”. “Девон”да яна бир ўринда “суқлуқ” сўзи ҳам келтирилиб, шундай изоҳланган: “суқлуқ – суқлик. Овқат, мол ва бошқалар устида очкўзлик”.

Мазкур мисоллардан ҳам кўринадики, қадимги туркийда “суқ” сўзи фақат “очкўз” деган дунёвий маънога эга бўлган ва ҳеч қандай хурофий маъно билдирмаган. Шунингдек, “суқ” сўзининг илгари “ёлғиз” деган маъноси ҳам бўлиб, бу маъно ҳозир фақат “суққабош” сўзида сақланган.

“Суқ” сўзи айниқса, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида “очкўз” маъносида кўп учрайди. Бир бобда ҳатто суқликка алоҳида бир парча бағишланиб, унда “суқ киши”га – “туқ киши”, яъни “кўзи оч киши”га “кўзи тўқ киши” қарама-қарши қўйилади. Менимча, унда билдирилган мулоҳазалар ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган:

“Тоḋумсуз болур-ул көзи суқ киши,
Көзи суққа етмǝз бу дуня аши”, –

Маъноси: “Кўзи суқ киши тўймас бўлади, (ҳатто) бу дунё неъматлари унга етмайди”.

“Бу суқлуқ иг-ул бир, оти ёқ, эми,
Ани emlǝйүмǝс бу дуня қами”, –

Маъноси: “Бу суқлик бир касалликдир, унинг дориси (ўти), давоси (эми) йўқ, бу дардни бу дунё эмчилари эмлай олмайди”.

Гувоҳи бўлганимиздек, мазькур парчада адиб “көзи суқ” билан бирга “көзи ач” иборасини ҳам маънодош сифатида қўллаган. Аммо кейинчалик негадир “очкўз”, “кўзи оч” сўзлари фаоллашиб, шу маънодаги “суқли”, “суқатой”, “суққи” каби сўзлар бироз архаиклашган. Шунингдек, нутқимизда “ҳавас билан” ёки “очкўзлик билан қарамоқ” маъносидаги – “суқланмоқ”, “суқланиб қарамоқ” феълини ҳам ишлатамиз.

Ушбу ўринда яна бир тарихий ҳужжат – “Монийлик тавбаномаси”да (“Хуастванифт”) “суқ” сўзининг қўлланишига эътибор қаратмоқчиман. Монийлик инончига оид бу асар эрон тилларидан биридан қадимги туркийга қилинган таржима бўлиб, унда “суқ” сўзи ҳар гал “шайтон”, “иблис”, “дев”, “жин” ёки ғарбдаги “демон”га ўхшаш бир яратиқ – “ек” номи билан бирга: “суқ ек”, яъни “очкўз ек” шаклида, кўп ўринларда: “тудунчсиз, овутсиз суқ ек”, яъни “тутуриқсиз, уятсиз очкўз ек” деб тилга олинади ва унинг макридан сақланишга чақирилади (Умуман, қадимги туркийдаги “ек” персонажи ҳам қизиқ, баъзи манбаларда у: “шайтон”, “иблис”га тўғри келади; баъзи манбаларда: “жин” ёки “дев”га ўхшаш бир яратиқ. Мутахассисларга кўра, “ек” сўзи этимологик жиҳатидан туркча – “емоқ” феълидан ясалганлиги эҳтимолга яқин, чунки насронийликка оид манбалардаги “демон” (инглизча: “демон”, французча: “дéмон”) ҳам қадимги туркийда “ек” деб, қон сўрувчи “вампир” эса – “ичкек” (“ичмоқ”дан) деб берилган).

Яна болалик хотирасига қайтадиган бўлсам, “суқ” сўзини, юқорида таъкидланганидек, “очкўзлик” деб эмас, назар орқали кишининг ичига кириб таъсир кўрсатадиган ғайритабиий куч, сеҳр, жоду деб билганмиз. “Ёмон кўз” борасидаги тасаввурларнинг келиб чиқиши, жуғрофияси ҳақида эса сўзимиз бошида бироз тўхталдик.

Абдувоҳид ҲАЙИТ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 39-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858