Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


10.10.2025 | 12:01

img266

ҚОДИРИЙГА ТАҲСИН АЙТИШГА БУРЧЛИМИЗ

Адабий тилнинг шаклланиши, баланд мақоми, шева хазинасидаги сўзларни истеъмолга олиб кириш ва эсдан чиққан туб сўзларни қайта қўллашда ижод аҳлининг бадиий тафаккури беназир восита бўлади. Халқ ичидан олинган жонли сўзлар уларнинг ижод хумдонида тобланиб сайқал топади ва тил бойлигига айланади. Албатта, ўзбек тилининг тарихи узоқ. Аммо замонавий ўзбек адабий тилининг шаклланишида жадид адиблари, шунингдек, XX асрнинг 20 йилларида фаолият кўрсатган турли матбуот нашрлари ва маърифий ташкилотлар айнан миллий тил истиқболи билан боғлиқ вазифаларни ҳам зиммасига олган эди, десак, адашмаган бўламиз.

Бу даврда чоп қилинган газета ва журналларнинг ҳар бири ўзича тажрибавий йўсинда “адабий тил”ни қўллагани маълум. Масалан, Зиё Саид жадидлар матбуоти тарихини ёзар экан, уларнинг тили ва услубига эътибор беради ҳамда “ўрта шевада”, “тили ўзбекча дейилган бўлса ҳам, арабча, форсия кўп бўлиши устига, ўша усулда жумлалар тузилар эди”, “журналнинг сарфий-наҳвий хатолари ҳам йўқ эмас эди” каби мулоҳазаларини билдириб, айрим нашрларнинг “тилидан ўрнаклар” келтиради. Жадид адабиётининг мунаққиди Вадуд Маҳмуд эса Чўлпон бадиий асарлари “тилининг тасвири соф”лигига, Фитратнинг “ўзига махсус тили” бўлиб, “ўзбекчани иккинчи қатла тиргиз”ганига урғу беради.

Фитрат бош бўлган “Чиғатой гурунги” жамияти аъзолари адабий тил устида жиддий қайғуриб, ўз қарашлари, таклиф ва топилдиқларини “Тонг” журналида ёритиб боради. Лазиз Азиззода хотирасига кўра, “Гурунгнинг ҳафталик йиғилишида ҳар бир аъзога эски чиғатой-ўзбек сўзларини топиб келиш юкланар ва бунинг учун кексалар, кампирлар, кўпроқ қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашиш тавсия қилинар эди”.

Жамият аъзолари томонидан ўша даврда ўзбек адабий тилига киритилган “бошқарма”, “билдириш”, “атама” каби сўзлар ҳозир ҳам кенг ишлатилади. Ўзбек адабий тилининг тақдирига бефарқ бўлмаган, асарлари тилини сўзлашув тилига яқинлаштира олган атоқли ёзувчи Абдулла Қодирий ҳам ўша “гурунг”га аъзо эди.

Адиб “Инқилоб” журналида босилган “Ўткан кунлар” романида янгидан шаклланиб келаётган адабий тил билан бирга, мумтоз ўзбек насрининг ифода усулларини ҳам қўллайди ва бу уйғунлик роман тилига гўзаллик бағишлайди. Зеро, янгича тил қуруқ ва сунъийлашиб қолиши мумкин бўлганидек, бутунлай мумтоз наср тилидан фойдаланиш ҳам, эҳтимол, ўқувчилар учун оғирлик қилар эди.

Абдулла Қодирийнинг бошлаб ёзган асарлари тили билан “Ўткан кунлар” романи қиёсланганда, романда табиийлик, самимийлик, халқ жонли тилига яқинлик аниқ сезилади. Ойбек адибнинг насрдаги илк тажрибаси бўлган “Жувонбоз”нинг тилини “дуойи салом” тили, жонсиз, бўёқсиз, “қуруқ”, деб танқид қилади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмайди. Адиб “Улоқда” ҳикоясини эълон қилади ва у “тирик, образли бир тил” билан ёзилган эди. Абдулла Қодирий асардан-асарга бадиий тасвир, услуб ва поэтик нутқ жиҳатидан ҳам юксалиб боради.

Ойбек Абдулла Қодирий романлари тили масаласига тўхталар экан: “Ўткан кунлар” романида ёзувчи тил устида катта маҳорат кўрсатади. Романнинг тили ҳақиқатан бой, бўёқли, содда, ифода кучи зўр, массага англашиларли бир тилдир. Ўзбек адабий тилининг шаклланишида бу асарнинг роли шубҳасиз катта”; “Ўткан кунлар” янги ўзбек адабий тилининг тараққиётида катта роль ўйнайди”, дея юксак эътироф этади.

Романни ўз вақтида кескин танқид қилган Сотти Ҳусайн ҳам ёзувчининг “ўзбек адабий тилининг такомилида катта хизмати бор”лигини таъкидлайди:

“А.Қодирий “Ўткан кунлар” рўманини асосан ҳозирғи адабий тил билан ёзған. Адабий тилимизнинг яхши ишланмаганидан халқ орасида истеъмолдағи сўзларни диққат билан териб, ўз ўрнида ишлатмишдир.

Тил устида махтарлиқ, тақдир этарлик иш кўрсаткан”. Танқидчи романнинг жозибали тасвирий эпизодларига диққат қаратиб, муаллиф халқ жонли тили ва оғзаки ижод намуналаридан ўринли фойдаланганига урғу беради.

Орадан бир аср ўтган бўлса-да, бугун ҳам Абдулла Қодирийнинг ўзбек адабий тили тараққиётига қўшган беқиёс хизматларини чин юракдан эътироф этиш ва адибнинг маҳоратига таҳсин айтишга бурчлимиз. Қодирий икки аср ва икки турли тузум чегарасида яшади. Шу боис, унинг асарлари тилида мумтоз наср билан янги ўзбек адабий тилининг уйғунлиги аниқ кузатилади. Энг муҳими, бу поэтик тил Абдулла Қодирий асарларига, хусусан, мозийдан сўз очган романлари моҳиятига жуда мос келади.

Абдулла Қодирий асарлари унинг беназир поэтик тафаккуридан дарак беради. Бадиий тафаккур эса нутқ ҳодисаси билан боғлиқ, албатта. Ҳар бир миллат адиби ўз миллий тилида фикр юритади, шу миллий тилнинг луғат бойлигига таянади. Эътибор берилса, Абдулла Қодирий ўзининг айрим қаҳрамонлари, дейлик, “Меҳробдан чаён”даги Худоёрхон образига ҳам айнан тилга эътибор масаласида миллий туйғуларни сингдиради: “Худоёр муҳр босиш асноси ёзилған ёрлиг‘ ва номаларни ўқутиб эшитар, муншиларнинг эшитилмаган араб ва форс сўзлари орқалиқ тўқуған ярим туркий жумлаларига аксар вақт тушунмас: “Эналаринг‘ арапқа текканма?” деб мирзо, муфтиларни койир эди. Аммо Анварнинг ёзған ҳар бир жумласини мусиқий каби роҳатланиб, тушуниб тинглар ва “шу бала бариларинғдан ҳам ўқуғанрақ чиқар!” деб, бошқа мирзоларнинг юрагига ўт ёқар эди”.

Худоёрхоннинг “туркий жумлалар”га алоҳида қарагани, Анварнинг иншосини мақтагани – муҳим гап.

Яна бир зарур гап шуки, адиб айни эпизоддаги Худоёрхон нутқига худди тилшунос каби шундай изоҳ ёзади: “Худоёр қипчоқлар ичида ўскани учун тили ўзбекчадир. Эналаринг сўзидаги “нг” ҳарфини “нғ” равишида қалин сўзлайдир. Бу кунги фарғона ўзбекларида ҳам (айниқса қишлоқиларда) юмшоқ “нг” ўрнида қалин “нғ” ишлатиш кўб эшитиладир. Ҳозирги ислоҳ қилинған ҳарфимизда бу қалин “нг”нинг махсус шакли йўқдир. Ёзғанда (н-ғ) ҳарфларидан бир товуш ясалса ҳам, бироқ ўқуғанда ҳар ким буни ўз махражидан чиқаролмас, янглиш ўқур. Бу қалин “нг” ўзбекча бир неча сўздагина ишлатилмай кўб (эллилаб) сўзда истеъмол қилинғани учун манимча алоҳида бир шакл қабул қилиш эҳтиёжи ҳис этиладир. Масалан машҳурлари: занг‘, панғ, ланғ, даранг‘, қаланғи-қасанғи, данғ, тўнғуз, шанғи, тўнғилламоқ, тўнг‘, тўнғуч ва анғиз, тинғ бошқалар… Эски “нинг” “нг” равишида ислоҳ қилинган. Бу йўғон “нғ” ҳам “ғ” ҳарфининг устига уч нуқта қўюлиб ёзилсамикин…”

Ва яна бир эслатма: буюк адибимиз “алоҳида бир шакл қабул қилиш эҳтиёжи ҳис этиладир”, дея қайд этган бу товушнинг махражига мос белги – имлоси ҳали шу кунга довур ўнгланган эмас.

Абдулла Қодирий ўз қаҳрамонларини тасвирлашда эсда қоларли сўз ва бирикмалардан фойдаланади. Масалан, Отабек ва Кумуш, Анвар ва Раъно тасвирларида сўзларни маржондек ипга тизади. Айни пайтда, адибнинг “нафрати”га дучор бўлган Абдураҳмон домла ёки Жаннат опа қиёфалари ҳам ўқувчининг эсида қолади: “Ул (Жаннат назарда тутилади – Б.К.) ердан бичиб олғандек пак-пакана, бурни юзи билан баробар деярлик теп-текис, кўзи қоққан қозиқ ўрнидек чуп-чуқур, оғзи қулоғи билан қошиқ солишар даражада жуда катта, юзи қирқ йиллик оғриқларникидек сап-сариқ, қирқ беш ёшлар чамасида бир хотин эди. Кумушбиби ўзига томон келгучи бу даҳшатлик хотинни умрида биринчи мартаба кўрар эди. “Нима қилиб юрибти бу оч арвоҳ!” деб ўйлади. Хотин ўн адимлаб узоқдан юзига совуқ ва тушда қўрқарлиқ бир кулги туси берди. Димоғи билан “қих” этиб қўйди…”

Асарда бу образнинг қиёфаси “пак-пакана, теп-текис, чуп-чуқур, сап-сариқ” каби маъноси орттирилган сифатлар, шунингдек, “қ” товуши қатнашган қатор сўзлар билан тасвирланар экан, устига-устак, ўша биргина “Димоғи билан “қих” этиб” қўйишидан ҳам хотиннинг ички ваҳшонияти ва нияти бузуқлиги англашилади.

“Меҳробдан чаён” романидаги Солиҳ махдум табиатининг ўзига хослиги баёнида у биров билан сўзлашганда, “айниқса, бир нарсадан таажжубланганда сийрак ва лекин тўғри, бақувват ўскан соқолини тутамлаб ўнг кўзини бироз қисиб” қараши ва ўз нутқида “ҳабба” деб қўйиши ҳам ўқувчиларга маълум, албатта. “Домланинг бу “ҳабба”си нима маънода қўлланилар, ўзидан бошқа ҳеч ким билмаганидек, ундан бу тўғрида изоҳ ҳам сўрамаған эдилар. Ҳар ҳолда “ҳабба – ҳабали” ёки “ҳа, баракалла” бўлса керак. Чунки ул бир нарсадан хурсанд ва рози бўлғанда аксар “ҳабба” деб юборадир”. Ҳар қачон ҳам шу битта “ҳабба” сўзи эсга олинар экан, ўқувчининг кўз ўнгида беихтиёр Солиҳ махдум пайдо бўлади. Бадиий ижодда топилган ва ўрнида ишлатилган битта ноёб сўзнинг қуввати ҳам ёзувчи истеъдодидан дарак беради.

Қодирий асарларидаги ҳаётийлик муаллифнинг маҳорати билан бир қаторда, унинг ҳар бир асар устида жиддий изланиши ва фақат санъаткорга хос назарига ҳам боғлиқ. Адиб ёзади: “Материални ўрганиш маҳалида энг майда нарсаларга (деталларга) ҳам аҳамият бераман. Масалан, мен ҳалиги ўрганмоқчи бўлган ерда қанча дарахт борлиги, уларнинг қанчаси эски ва қанчаси янгилиги, мен борган маҳалда ўша дарахтларда қандай қушлар қайси ҳолда қўниб турганлиги ва шунга ўхшаш жуда майда нарсаларгача. Биринчи қараганда, у майда нарсалар ҳеч аҳамиятга молик бўлмайдигандек кўринса ҳам, кейинроқ фойдаси тегиб қолиши жуда мумкин”. Ўз кўзи билан кўрган манзаралар тасвирнинг ишончли чиқишида ёзувчига ёрдам беради.

“Ўткан кунлар”ни ёзишдан аввал адиб воқеалар кечадиган жойларни кўради, турли кўчалардан юради, қабристонда тунайди, хон ўрдаларини синчиклаб ўрганади. Масалан, Қўқон ўрдасининг қописи ҳақида шундай ёзади: “Айниқса, дарбозанинг икки биқинидағи “ўгирмагул” тарзи билан ишланган гулдасталар, дарбоза равоқидағи ганчдан қабартирилиб ясалған бўртма нақшлар, гуллар ҳали ўзларининг нафосатларини унчалик йўқотмаған эдилар”.

Жуда нафис сўзлар билан берилган бундай бадиий тасвирлар ёзувчининг синчков назарига – қалб кўзига оид, албатта. Аниқ тасаввур қилинган манзаралар тиниқ тасвирланади, ўз ўрнига тушган сўз ёлқини тафаккур пучмоқларини ёритади.

Баъзан Абдулла Қодирий ўз асарларида мумтоз насрга хос саж  санъатидан ҳам фойдаланади. Дейлик, ўрдалик бир самоварчи девонани сўзлатиб: “…чойхонада саккиз йигит, ўртасида битта чигит; какир-кукир этар чилим, катта-кичик унга елим! Бу на бало, бу на қазо?..”  деса, бошқа бир ўринда – “Саломнома”да бойларга қарата: “Масков бориб келибон, минглаб фойда қилибон, ҳафтада гап ейибон, томга карнай қўйибон; халқ қайғусин емайин, мактаб очай демайин; эллик-олтмиш қўй берган, саккиз кунлаб тўй берган  Туркистон савдогарларига сало-о-ом!..” деб ёзади. Бунда савдогарлар характери ўзаро зидлашиб йиғилган сўзлар воситасида очилади.

Халқ мақоллари ҳар қандай миллат адабий тилининг фасоҳат ва  балоғатини кўрсатади. Ўрнида қўлланса, бадиий асар мазмун-моҳиятига кўрк бағишлайди. Бундай ҳол Абдулла Қодирий асарлари тилида кўп кузатилади. Хусусан, “Яхши ният – ёрти мол”, “Дарди йўқ – кессак, ишқи йўқ – эшшак”, “Осилсанг ҳам баланд дорға осил”, “Сут билан кирган – жон билан чиқар”, “Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр”, “Ўрганган кўнгил ўртаса қўймас”, “Қўрқоқ олдин мушт кўтарар” каби мақол ва иборалар бу асарларга зеб беради. Адиб айрим айтимларни сарлавҳага ҳам олиб чиқади.

Абдулла Қодирий фикр ифодасининг қисқа ва аниқлиги, кам сўз билан кўп маъно бериш йўсинини қадрлаб, ёзишда ортиқча сўз ва жумлаларни қисқартиришдан сабоқ беради; ёзганини одамнинг ёлғиз ўзи тушуниб, бошқанинг англай олмаслиги унга асло маъқул келмайди. Шу боис: “Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак, ёзғувчининг ўзигина тушуниб бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб. Асли ёзғувчилиқ, айтмакчи бўлған фикрни ҳаммага баробар онглата билишда, ораға онглашилмовчилиқ солмаслиқдадир”, деб таъкидлайди. Ижод аҳлининг ўз она тили ва қўшни миллатлар тилини билиши хусусида: “Ёзувчи ўз халқининг тилини, фольклорини камол ўрганиши шарт ва бир неча тилларни, айниқса, яқин қўшни тилларни билиши фазилат. Шундагина тили бойийди, асари жонланади”, деб ёзади.

Абдулла Қодирийнинг бебаҳо мероси ўзбек адабий тили тарихида алоҳида босқич сифатида қаралишга ҳақлидир. Чунки адиб қўллаган сўзлари, халқ ичидан танлаб, топиб олган таъбирлари, халқона бадиий тасвир воситалари – буларнинг бари ҳозирга қадар миллий тилнинг ифода имкониятларини кўрсатиб келади. Айни пайтда, адиб ўзининг нуктадон олимларга хос қимматли адабий-назарий қарашлари билан ҳам адабий тилимиз тараққиётига унутилмас ҳисса қўшгани алоҳида эътирофга муносибдир.

Баҳодир КАРИМ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 3 октябрдаги 40-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858