Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


14.10.2025 | 16:36

img197

АДОЛАТ МУЗЕЙИДАГИ СУКУТ ФАРЁДИ

Хабарингиз бор, мамлакатимизда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасида сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги ўтказилиши белгиланган. Куни кеча ҳафталик доирасида Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейига пресс-тур ташкил этилди.

Унда Тошкент шаҳрининг барча туманларидан маҳалла фаоллари, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти олимлари, профессорлар, магистрлар, мустақил тадқиқотчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, жамоатчилик фаоллари ҳамда ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаба-ёшлар иштирок этди.

Пресс-тур давомида иштирокчилар юртимизда прокуратура органларининг ташкил топиш тарихи, тизимнинг мустақиллик йилларидаги ривожланиш босқичлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда прокуратура фаолиятида муҳим ўрин тутган тарихий шахслар ҳаёти билан танишди.

Ушбу музей 2022 йилда, прокуратура органлари ташкил этилганига 30 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган бўлиб, у 3500 дан ортиқ экспонат, 1000 дан зиёд архив ҳужжатлари ва тарихий маълумотларни ўзида мужассам этган.

Икки асосий қисмдан иборат музейнинг биринчи бўлимида давлатчилик ва ҳуқуқ тизимининг қадим даврлардан то ҳозирги кунгача бўлган тараққиёт босқичлари, прокуратура органларининг шаклланиши ва ривожланишига доир 36 та стенд жой олган.

1917–1940 йиллар мобайнида прокуратура тизимида фаолият юритган 170 нафарга яқин ходим сиёсий қатағонга учраган, улардан 30 нафари отувга ҳукм этилган. Улар ҳақда кўплаб янги маълумотлар ушбу музей орқали жамоатчиликка илк бор тақдим этилди. Шунингдек, Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар академиясида “Давлат ва ҳуқуқ тарихи” илмий йўналиши ташкил этилиб, прокуратура тарихи, айниқса, жадид прокурорлар фаолиятига бағишланган илмий изланишлар йўлга қўйилди.

Музей ҳақидаги ўз таассуротларини баён этар экан: “Ушбу музейнинг ташкил этилиши ва консепсиясини ишлаб чиқиш жараёнида қисман бўлса-да иштирок этганимдан фахрланаман” – деди тарих фанлари номзоди, дотсент Шавкат Раҳматуллаев. – Якуний ҳолатини кўриб, бу музей ҳақиқатан ҳам халқимизга хизмат қиладиган маънавий-маърифий масканга айланганига ишонч ҳосил қилдим. Музей экспозитсиясида анъанавий ва замонавий ёндашувлар уйғунлашган”.

Музейда томошабинларни ўтмишга олиб ўтадиган замонавий технологиялар – маппинг-шоу (5D кўргазма), виртуал экскурсовод, 3D голограммалар, рақамли монитор ва аудиогидлардан фойдаланилади. Бу орқали ҳар бир ташриф буюрувчи қайта саҳналаштирилган жонли воқеликка гувоҳ бўлади.

Экскурсия давомида юртимизнинг кўзга кўринган ижодкорлари ҳам музей фаолиятига юқори баҳо бердилар. Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур музей ҳақида шундай фикр билдирди: “Ижодкор сифатида ушбу музейнинг пластик ечимига, ундаги экспонатларга санъаткорона кўз билан боққан ҳолда, бемалол айтиш мумкинки, мажмуа халқаро талаблар даражасида яратилган. Дизайнерлар ва музейшунослар жуда пухта иш олиб боришган. Музей орқали прокуратурамизнинг нафақат тарихи, балки бугуни ҳақида ҳам тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин”.

Жиззах қўзғолони иштирокчилари устидан бўлган суд жараёни, отув ва тергов саҳналари, ГУЛАГ меҳнат лагери ҳаётини акс эттирган саҳна, “Қора қарға” номи билан машҳур бўлган тарихий автомобил, 1912 йилда қурилган қамоқхона эшиги асосида тикланган ҳибсхона – буларнинг бари томошабинни ўтмишнинг оғриқли, бироқ унутилмас воқеаларига олиб киради.

“Ҳозиргина ўзбек халқининг асл фарзанди – машҳур бастакор Мутаваккил Бурҳоновнинг тўрт нафар амакиси суратини кўриб қолдим. Улар ҳам қатағон йилларида ноҳақ айбловларга учраган, – дейди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев. – У пайтда Мутаваккил Бурҳонов бор-йўғи 7-8 ёшда бўлган, аммо шунга қарамай, унинг ҳам изига тушишган. Кейинчалик у мустақиллик руҳини мусиқада жонлантирган, Чўлпон, Фитрат каби ўз даврининг етук шоирларининг шеърларига романслар, куйлар ва мусиқий асарлар яратган буюк бастакор сифатида юксалди.

Бугунги кунда бастакорлар уюшмаси аъзолари ҳам қатағон қурбонлари хотирасига бағишлаб қўшиқлар, мусиқий композитсиялар яратмоқда. Ушбу музейдаги тарихий далиллар, аянчли тақдирлар, сурат ва ҳужжатлар қатағон фақат ҳуқуқшунос ва зиёлиларни эмас, балки санъат аҳлини ҳам қамраб олганини яна бир бор яққол намоён этади. Архивларда сақланиб қолган пластинкалар орқали ўша давр мусиқасини аслига яқин ҳолда тиклаш, қайта жонлантиришга ҳаракат қилдик. Шу орқали музейга оз бўлса-да ҳисса қўшганимиздан мамнунмиз”.

Экспозицияларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида қатағонга учраган прокурорлар ва уларнинг ватан равнақига қўшган ҳиссаси намоён этилган. Шулар қаторида Абдураҳим Юсуфзода, Бобоохун Салимов, Султонқори Жуманиёзов, Мирзо Қўқонбой Абдухолиқов, Саъдулла Пўлатхўжаев каби фидойиларнинг ҳаётига бағишланган муляжлар яратилган. Улар фаолиятига оид тарихий материаллар, суд жараёнлари саҳналаштирилган ҳолда, аудиовизуал таъсирли воситалар ёрдамида тақдим этилмоқда.

Экскурсия чоғида фидойиларга бағишланган экспозицияларни кўздан кечирган меҳмонлар орасида қатағон йилларида азият чеккан оила вакиллари ҳам бор эди. Улардан бири – сиёсий фанлар доктори Зиёдилла Пўлатхўжаев хотиралари билан ўртоқлашди: “Совет иттифоқи буйруқлари ўзбек халқини азоблашга хизмат қилган, шундай ҳолатларда отам уларни бажаришдан бош тортган ва судланган. Суд жараёнларида унга қарши кўрсатмалар туҳмат эканлиги аён бўлиб турганига қарамай, ноҳақ ҳукм ижро этилган. Ўшанда у киши: “Мен бу судни тан олмайман! Бу ерда адолатсизлик бўляпти!” деган. Аммо, барибир,  отамни Сибирнинг энг оғир шароитли турмаларига 10 йилга юборишган. Бир неча бор унга: “Агар афв сўрасанг, озод этиласан”, дейишган. Лекин отам ҳар гал қатъий: “Айби йўқ одам афв сўрамайди. Мен айбсизман!” деб жавоб қайтарган. Минг шукурки, бугун отамнинг пок номи оқланди. Бош прокуратурамиз раҳбарияти томонидан у кишига генерал формаси тақдим этилди ҳамда “Прокуратура фахрийси” унвони берилди. Ушбу музейда эса у кишининг ёрқин хотираси учун алоҳида бурчак ташкил этилган. Шу орқали отамнинг номи абадийлаштирилгани учун чуқур миннатдорлик билдираман”.

Пастки бўлимдаги “Ойна” инсталляцияси қатағон йилларидаги жамият кўзгусини, одамлар қалбидаги хавотир, қўрқув ва умидсизликни образли ифодалайди. Шунингдек, отувга ҳукм этилган 30 дан ортиқ прокурорга бағишланган фотокўргазма ҳам яратилган бўлиб, уларнинг сиймоси орқали бутун бир миллатнинг жасорат ва интилишларини ҳис этиш мумкин.

Таъкидлаш жоиз, ушбу музей бир вақтнинг ўзида илмий-амалий марказ вазифасини ҳам бажариб келмоқда. Унда прокуратура тарихига оид 15 мингдан ортиқ адабиётни ўз ичига олган кутубхона фаолият юритмоқда. Албатта, бу ёш тадқиқотчилар ва талабалар учун бебаҳо илмий маскан ҳисобланади.

Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Давлат ва ҳуқуқ институтининг бош илмий ходими, юридик фанлари доктори Равшан Ҳакимов музей ҳақидаги фикрларини шундай ифода этди: “Хорижий давлатлардаги кўплаб музейларни кўрган инсон сифатида ишонч билан айта оламанки, ушбу музей улардан кам эмас. Экспозитсияларнинг тузилиши, мазмун ва техник жиҳатдан бойлиги юксак даражада. Музейнинг ташкил этилишида кўплаб мутахассислар, илмий ходимлар, ҳуқуқшунослар катта меҳнат қилгани яққол сезилиб турибди. Менимча, бу музейга кўпроқ ёшлар, ўқувчилар жалб қилиниши лозим. Бу жой ватанпарварликни, ҳуқуқий онг ва фуқаролик позитсиясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади”.

Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейи ҳақиқатни гапирадиган, ўтмишга юзланиб, келажак учун сабоқ чиқаришга ундайдиган маърифий маскандир. Бу ерда ҳар бир детал, ҳар бир ҳужжат, ҳар бир овоз ва тасвир – адолат ва жасоратнинг ёрқин тимсоли.

Шаҳриёр ШАВКАТ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 10 октябрдаги 41-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855