16.10.2025 | 10:07
385
ЧАТЖИПИТИ ВА ТИРИК ШОИР
Алқисса, Н. шаҳрининг Илонзор туманидаги донг таратган мавзега хизмат юзасидан боришга тўғри келиб қолди. Кўрсатилган манзилга етиб, ўттиз уч қаватли болохонадор уйнинг яп-янги лифтига қадам қўйдим. Ичкарида қотмадан келган, қаншарига қалин шишали кўзойнак қўндирган бир нусха икки кафтини шимининг орқа чўнтагига тиқиб, парвозга шайланган беданадай чоғланиб турар, чап бурчакда бир сирмакўйлак, дўрдоқ лаб ойнага ўзини солиш билан банд эди. Аликсиз қолган саломимга унчалик ачинмай, ўттиз биринчи қават тугмасини эзиб, тасдиққа эришгач, деворга суяниб, таомилга кўра ҳамроҳларимни кўз қирида кузата бошладим.

Гумонингиз рост, игна урдириб, лаб жониворни қовоқари чаққан зоғорабалиқникига ўхшатвоган субъектга унчалик таъбим тортмай, антиқа дарозни кўздан кечира тушдим. Очиғи, унинг қилт этмай Дон Кихотни ҳайкалидай қотиб туриши энсамни қотирди. Эгни-боши сувоқчидан сал бери, турхатидан ёшини аниқ чамалаш гумон: лифтга кирар чоғим ўттиз ёшларда кўринганди, ёнбошдан қараганда кўса иягига ёпишган эчкининг эмчагидаги тукдай оқиш яккам соқоли олтмиш бешдан нарига ишора қиларди. Энди гапга соламан деб оғиз жуфтлаган чоғим лифт музтоққа урилган “Титаник”дай бир қарсиллаб қалқиди-ю “чмўк” этиб тўхтаб, мушуккўз чироғи пириллаганча қолди.
Мен: – Ўбба қизталоғ-э!
Найнов: – Чўрт побери! Вот катастрофа!
Дўрдоқлаб: – Вой шўрим! Иккита барзанги эркак билан-а?! Ов-в, икковинг, ишингни ўйлаб қил, ман дуч келган билан қоронғи лифтда танишиб кетадиганлардан эмасман! Эрим йўқ бўлса, мани айбиммас-у!
Найнов ўрисчалаганига бир хаёлим гибридларданмикин деган шубҳага кетди. Гумонимга аниқлик киритиш мақсадида: “Ока, узрла сўралади-ю, сиз шу дўмда турасми? Тез-тез шунақа ҳунар кўрсатиб турадими?” деб луқма ташладим. У худди овозимни эшитмагандай эшик тепасидаги қаватсанар катакчаларга термулганча тураверди. (Нима бало, кар-парми? Ё ростанам “чала”ларданмикин?) Саволимга ойнага тирмашган “нозанин” шоша-пиша: “Ман тураман, ман! Қоқ ўртасида! Лифт ўлгурни ўрнатишганига ой тўлган йўқ, омале Худони берган куни ана шунақа тўрмиз бериб туради. Аксига олиб, бу кўчма лаҳадни ичида телфонам ишламайди. Битта-яримтаси тугма босиб, бузилганини билиб қолмаса, уста чақирмаса, энангни кўрдинг!” деб дийдиё қилди. Ҳайтовур, бу нола найновни тишига ботиб, пешонасини Абрим Натаннинг гармонидай тириштирди-да, оғир сўлиш олди. Кейин ўша алпозда ўзига гапираётгандай: “Ташқаридан очса бўладими, ишқилиб?” деди соф ўзбек тилида ва миллатини ошкор айлади. Унинг сўроғига ойнаванд жувондан жўяли жавоб келди: “Нимани?!”
Мени қисқа метражли қаҳқаҳамдан кейин шоша-пиша изоҳ бера бошлади: “Ҳа-а, лифтними? Ташқаридан лом-пом тиқиб, итариш керак. Очилиб кетади”.
Найновнинг кўнглига камина ҳам унчалик ўтиришмай турганман чоғи бўйнини бурмай гап ташлади: “Оғайничалиш, набодосига, сўмкайиздан лўм-пўм чиқмайдими?” Мен ҳам унинг сўроғини жавобсиз қолдирдим. Бир-у бир. Мазза!
– Ман ўзи минг марта айтганман қўшниларга “Лифтни ичида лўм турсин” деб. Қаёғда! Баҳоналари лўли! Илоё иловандо, ёппасига санларам қамалиб, чилланг шу ерда чиқсин!
Оббо, бу қачон тўк келади-ю, қачон ёруғликка чиқамиз? Яхшиям, якка тартибда қамалиб қолмадим. Бўлмаса, юрагим сиқилиб, ўлиб-нетиб кетармидим? Энди ҳангама қилиб, вақт ўлдиришдан бошқа иложимиз йўқ. Ночор Найновни гапга солишга мажбур бўлдим.
– Ака тақсир, кўзимга жуда иссиқ кўриндингиз, қайси ошёни баланддан парвоз қилдингиз? Касби корингиз не? Футболга қизиқасизми-йўқми? Термамиз жаҳон чемпиони бўпкетармикин? Сизга Кападзе маъқулми ё Каннавароми?
“Ака тақсир” саволлар шодасини қилич тили билан шартта узди: “Совуқ турқим кўзингизга иссиқ кўрингани бир мўжизаким, камина зўр шоир бўлишимга қарамасдан на ТВ, на ФБ, на бошқа ОАВларда кўриниш бераман. Чунки устозим Уста Гулмат Шоший раҳматли Тангри ҳузурига чоғланиб, қўлтиғига лўлаболишни тортганча қўлидаги гулобми-узумобми, ишқилиб, кўзни чирт юмиб симириб, шокосани дастурхонга думалатиб ташларкан, васият оҳангида қатъий тайинлаган: “Бўтам, Саттор Суроб, минбаъд оммага танилай деб бевафо шуҳрат тулпориға ирғиб минмагайсиз, асло ўзингизни арзон бозорға солмагайсиз, зинҳор-базинҳор бойвачча ва калонлар дилхушлиги учун қасидагўйликни ўзингизга раво кўрмагайсиз, ана шунда абадиян ўлмагайсиз! Ўшанчун…
Қўлимдан ҳунар-устачиликнинг мавжуд барча тури келади. Мурдашўйликдан тортиб, қассобликкача, дурадгорликдан косибликкача, саррофликдан чайқовчиликкача, сувоқчиликдан бўёқчиликкача ва ҳоказо…
Спорт масаласида фақат чавгон билан драйвга қизиқаман. Жудаям! Чемпионлик масаласига келсак, мен алҳамдулиллоҳ, фолбин эмасман. Яна бир устозим Улуғ Калий бунақа номаъқулчилик билан шуғилланма деб, ўз вақтида тўхтатган”.
– Гулматни эшитганман, ўқиганман ҳам, лекин Калий деганлари… Бу кимёвий унсур эмасми, тақсир?
– Ҳа, буям унсур аталиб қамалиб кетган. Буям ўзига хос кимёгар эди.
– Шоирман дедингизми? Китоб-митоб чиқарганмилар?
– Бу юмушни келажак авлодга қолдирганмиз. Зеро, алар бизни тушунгайлар ва қадримизга етгайлар.
– Тахаллусингиз ғалатироқмасми? Сатторлиги майли-ю, нега Суроб?
– Асли падаримизнинг муборак исмлари Суҳроб бўлган-у биз таваллуд топиб, гувоҳнома зарурати туғилганда Натан Абзий деган котиб шундай хатолиққа йўл қўйиб, отамиз исмини ва бизнинг насабимизни ғалат битган экан, скатина. Кейин раҳматли бобомизнинг дағдағаси ва даъвосини қизил червон билан бостириб, “Барибир қишлоқдан нарига чиқмайди, битта ҳарф ҳеч нимани ҳал қилмайди”, деб тафтбости қилган экан.
(Азиз ўқувчим, суҳбат давомида номаҳрам аёлнинг “Битта қўшним емаган қўшиқ ёзарди, э оналарини эмсин! Кайпда балконга чиқиб, реп айтарди, пивадан заҳарланиб ўлди, савил… Мана, манам битта зўр футбалисни танийман, бурчакданам варатага тиқиб қўяди… Ман умуман дакментсизман, лекин йигирма йилдан бери оч қолганим йўқ, уйимда клентларим очирит…” каби жоиз-ножоиз, чучмал изоҳлари-ю луқмаларини матнга киритмасликка ижозат бергайсиз).
Суҳбат қизиб, техник тутқунлиг-у маиший зулмат эсдан чиқай деганда, бахтга қарши “чўлп” этиб чироқ ёнди-ю тик арава бир қалқиб, тепага равона бўлди. Азза-базза шошиб, шоир Саттор Суробни телефон рақамини олишга муваффақ бўлдим. Узун гапнинг қисқаси, бошда эрмак учун ижод намуналарини сўраб нома йўллаган бўлсам, жавоб олгач, бироз гангиб қолдим. Телеграмдан келган шеърлар мен кутгандан беҳроқ, қамровдор, ҳозиржавоб ва таъсирчан эди. Бир сўз билан айтганда, Чатжипити замони гуллаганда табиий туғма ва тирик шоир топилганидан бошим кўкка етди. Эй дедим ичимда, темир-терсак ҳамда сим ўрами ҳеч қачон оташин қалб, ўжар руҳият-у инжа туйғуларни енголмайди! Ана шунақа!
Ўша туркумлардан бир жуфтини ҳамир учидан патир тарзида азиз газетхонларга муҳаррир Мадина Муаттар орқали ҳавола этарканман, агар маъқул тушса, топилдиқ шоиримиз ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳам таҳлилий мақола, эссе ва тадқиқотларимизни эълон қилиб борурмиз, деган умиддаман.
Ҳурмат билан каминаи камтарин Мулла ХУНОБИНГИЗ…
БОР
(Тутинган жияним Жаббор сўтакка жаҳл аралаш панд берганим)
Тасматак сочин ўриб, айламиш дилдор дор,
Бир кўзи муштоқ санга, пайсаллама, Жаббор, бор!
Ҳар замоннинг Мажнун ила ўз Лайлиси бўлгай бино,
Бахтингга Карбало эрмас, мунтазир гулзор зор.
Фол очиб, тахмин суриб, қашлаб бўйин, лаллайма кўп,
Бул хиёбон растасинда мўл эмас тайёр ёр.
Фейисбукда донғи чиққан бўлса, бил, у фотошоп,
Асал борки, пашша ғужғон. Қилмағил зинҳор ор.
Эр киши шунқор бўлиб ташланмасинму ўлжага?
Қолдируб ишни кейинга, ёғдурмағай шунқор қор.
Гижбаданг тўйлар қилоли, Хатча данапни ўйнатуб,
“Ўламан, Саттор” дебон сайратур Саттор тор.
Қуйқа қишлоғида XXI асрнинг 21 йиллари атрофида битилди.
* * *
ТАВБА
(Расман учинчи ё тўртинчи хотинга никоҳ ўқитгали отланган Милтиқбой жўрамни инсофга чақирганим)
Хотин кўпайтирганлар бари
Олдин қўппаяди, кейин сўппаяди.
Чунки хотин кўпайган сари
Қайнона ҳам ўз-ўзидан кўпаяди.
XXI асрнинг 1-чорагида пешиндан кейин битилган.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 10 октябрдаги 41-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



