24.10.2025 | 11:08
734
АБДУРАУФ ФИТРАТНИНГ “ҲИНД САЙЁҲИНИНГ ҚИССАСИ” АСАРИДАН ИҚТИБОСЛАР
“Ҳинд сайёҳи…”ни мутолаа қилар эканмиз, Фитратнинг юрт тақдири учун қанчалик қайғуриши, изтиробга тушишини равшан кўриб борамиз. Бухоро амирлиги ўша пайтда ҳозирги Қарши, Ғузор, Шаҳрисабз, ҳатто Ҳисор тоғларигача бўлган ҳудудда ҳукмронлик қилар эди. Ана шундай кенг сарҳадларда маърифат ва соғлиқни сақлаш, илм-фаннинг тараққиётдан ортда қолиши сабабини муллалар, муфти ва амирларнинг кенг маънодаги илм-фандан узоқлиги, мансаб-у бойликка ўчлиги, порахўрлиги туфайли деб билган Фитрат, катта маҳорат билан бу иллатларни фош этади, шу йўл билан маърифат чироғини ёқиб, қоронғулик ва даҳшатдан қутулиш йўлларини қидиради. Фитрат “Ҳинд сайёҳининг қиссаси”да маърифат ҳақидаги фикрлари, мулоҳазаларини илгари сурар экан, Бухоро хонлигида содир бўлаётган адолатсизликларни чуқур таҳлил этиш, далилларни қиёслаш, умумлаштириш йўлидан боради. Унинг катта самимият ва дард билан айтган фикрлари, ҳукм-хулосалари ўқувчига кучли таъсир этади.

Бундан анча вақт олдин бухоролик бир киши билан учрашиб қолиб, бу шаҳарнинг қанақалигини сўраган эдим, у шунчалик мақтов сўзларини айтдики, ўша пайтдан бошлаб бу шаҳарни зиёрат қилишни кўнглимга тугиб қўйдим.
Жуда катта таассуф билан айтиш мумкинки, бухороликлар фақатгина исломнинг умумий емирилишига “ҳисса” қўшмаган, балки ислом оламининг айрим қавм-қабилаларини ҳам ғафлат оламига тортган эканлар.
Бухоро аҳолисининг жами уч тоифадир: уламо, умаро ва фуқаро…
Бухоро руҳонийларининг энг мўътабар мақомига эга бўлган бир жамоа кишилар бугунги ҳақиқий илмдан мутлақо хабарсиздирлар. Йигирма йил таҳсил олиб, яна йигирма йил дарс бериб, ундан кейин муфтийлик мансабига эришиб, яна араб китобларини ўқишда қийналадилар, ўзларининг форс тилидаги фиқҳ китобларини афзал билиб, оятларни қандай истасалар шундай шарҳлайдилар, ҳадис тўқиб чиқарадилар. Масалан, кези келганда шуни ҳам таъкидлаймизки, ўзлари чексиз зулм ва гуноҳларни содир этадилар, бироқ билмагандек ўтирадилар, бечора авом халқни озгина гуноҳ учун “кофир” деб айблаб, тепкилайдилар.
Бу “иқтидорли” (!) ҳокимларнинг тўдаси ҳеч вақт ҳеч кимнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлмаган икки тоифадан тузилган. Биринчиси жоҳил ҳокимзодаларки, оталарининг ҳукмронлик даврида фисқ-фужур ва бемаънилик билан маишатга берилиб, барча инсоний фазилатлардан, ҳатто саводдан ҳам бебаҳра қолганлар. Бошқа тоифа – аттор ва баққоллар бўлиб, ҳар иккала дунёнинг саодатидан имкони борича баҳрамандликни истайдилар ва илм-у фазл таҳсилини инсоний фазилатлардан деб биладиларки, ҳаммалари бирлашиб, турли йўллар билан ҳокимликликнинг олий мартабасига етганлар.
Бу “азизлар” мактаб кўрмаганлар, ҳукмронлик қонунларини эшитмаганлар, маъмурий идоранинг одоб ва қоидаларини билмайдилар. Миллат қандай юксалади, мамлакат қайси йўл билан бойийди, давлатнинг хазинаси қандай тўлади каби масалалар хаёлларига ҳам келмайди.
Фуқаро бечораларда айб йўқ, улар ҳар томонлама қобилиятлидирлар. Шунчаликки, буни ўзлари “билмайдилар”.
Макка кофирлари ҳам мусулмон бўлишдан олдин бутга сиғинар эдилар, гўё ўша бутлар қиёмат куни асрар экан. Жуда ҳайратланарли жойи шундаки, сизлар бошқаларни бутпарастлик ва салибга сиғиниш жиҳатидан кофир деб атайсиз, шу қатори ўзингиз ҳам мозор чўплари ва яловларига сажда қилиб, ҳожатингиз раво бўлишини Баҳовуддиндан тилайсиз ва яна ўзингизни мусулмон деб айтасиз.
Биз пок Оллоҳдан бошқа ҳеч кимга сажда этмаймиз. Пайғамбаримиз бизни кишиларга сажда этишдан маън қилганлар ва худованддан ўзгага сажда этмаслигимизни амр этганлар.
– Пул истаяпти. – Мен: Ҳали ҳикояти тугаганича йўқ-ку? – Дўстим: Тўғри, агар ҳикоятини тугатиб сўраса, ҳеч ким бермайди. Шунинг учун қиссасини энг қизиқ жойида тўхтатиб, пул сўрайди.
Ё Муҳаммад! Агарчи қийин бўлса ҳам тикка тургин! Тургин! Эй маданият қоидаларининг ношири, ушбу ваҳшийларнинг ҳаракатига бир назар сол! Эй оламни халқ этганнинг мусаллаҳ ҳомийси! Ёки буларни тарбиялашнинг бирон чорасини топ ёки Лут қавми сингари ер тагидан буларга ҳам жой кўрсат! Бу уятсиз ва шармандаларнинг ифлос вужуди Қуръоннинг обрў-эътиборига путур етказишига йўл қўйма!
Шундай қилиб, оламга тўрт юз олимни ҳадъя этган Бухорои шариф шунчалик мустаҳкам илмий кучга эга бўлиб, энди… оҳ! Буюк бадбахтлик билан иқрор бўламанки, ҳозир бу маданият қуёшининг осмони, бу инсоният оламининг жаннати, бу фозиллар дунёсининг маъмур хонадони, бу маърифат жаҳонининг дарсхонаси тараққиёт учун барча воситаларга эга бўлса ҳам, жаҳолатнинг асл макони, хорлик занжирининг асирилигича қоляпти. Тирикчилик учун барча зарур воситалари бўлишига қарамасдан, ёқасини ажал панжасига топширган.
Хайр жойлар, ҳисобсиз маблағлар халқ мулкини таловчи бир тўда разолатпеша худобехабарларнинг разолат уйига айланиб, икки-учта ўз қорнини ўйлайдиган инсофсиз кимсаларнинг фасод тўла қозонини қайнатишдан бошқа нарсага ярамаса, бировнинг оғирини енгил қилмаса, улардан халққа нима наф?
Тўғри, кутубхонамиз бор, бироқ китоб қани? Барча китобларни ўша тоифадаги уламолар уйларига элтиб, ўз мулкларига айлантирганлар.
Илоҳий қонун будир: модомики бирон бир қавм ўзининг ишларини Оллоҳ фармойиши асосида олиб бормас экан, ўзининг шахсий ҳаётини шараф, саодат ва фароғат, буюклик билан ҳамқадам билиб ўтказмас экан, тинчлик ва осойишталик ниятларини йўққа чиқаришга интилиб, кибр ва ғурур водийсига қадам қўяр экан, чин ҳақ ва адолат йўлидан чиқар экан, ўша заҳотиёқ шон-шарафлари ер билан яксон бўлиб, осойишталиклари заҳматга, буюкликлари эса хорликка айланиши муқаррардир!..
Бир жоҳил миллатнинг олим бўлиши учун уч нарса зарурдир: пул, мадраса, саъй-у амал.
Мактаб ўқимасдан туриб табиб бўлиш мумкин эмас. Тараққий этган мамлакатларда ўн йил умумий таълим олингандан сўнг, тиббий мактабга кириб беш йил ўқийдилар, шундан кейингина табиб бўладилар. Сиз бўлсангиз “бўш вақтимда отамдан қолган китобларни ўқидим”, дейсиз. Сизнинг бу айтганингиз билан табиб бўлиш мумкин эмас…
Шундай катта бир шаҳарда биргина донишманд табибнинг бўлмаганлиги катта бир бахтсизлик!
Бир томондан табибсизлик, бошқа томондан доно табибларга эътиқодсизлик. Ана шу икки нарса Бухорода бирон-бир кишининг соғ қолмаслиги учун етарли омилдир.
Оврўполиклар бизлардан келгуси авлодга бир ёдгорлик қолсин деб, ҳар куни бир хайр биносини бунёд этадилар, биз мусулмонлар эса, “келгуси авлодга биздан ёдгорлик қолсин, улар бизнинг номимизни унутишмасин”, деган фикрни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Яна энг ажиб томони шундаки, ота-боболаримиз ва буюкларимиздан қолган ёдгорликларни бузамиз, харобага айлантирамиз.
Кеча намози шомдан кейин икки оқсоқол келиб, шариатпаноҳ жанобларига икки минг танга ҳадъя этиб, эрнинг гуноҳини тилаб олдилар. Қози эса оқсоқоллар “ҳурмати” туфайли, у бечоранинг гуноҳидан кечдилар.
Шаҳар ёнмаса дарвишнинг кабоби пишмас.
Эй биродар… шариатни қўйинг, агар қозиликнинг шундай ишлари бўлмаса, иссиқ уй-жойимизни совутиб бу юртларга нега келдик?
Ҳар бир ҳоким ўзини уч томоннинг вакиллари танишини истайди: биринчи – мамлакат, иккинчи – раият, учинчи – подшоҳ. Чунки, ҳокимият ватан ва миллат вужуди билан боғлиқдир. Агар миллат маҳв этилиб, ватан хароб бўлса, на биз ҳоким бўламиз, на подшоҳ.
Подшоҳлар қанчалик тошбағир бўлишмасин, мамлакатнинг вайроналиги ва халқнинг бечоралигига чидашолмайди.
Агар барча кишилар кеча-ю кундуз тоат ва ибодат билан шуғуллансалар, бирон ишга қўл урмасалар, унда озиқ-овқатлари ва кийим-бошларини қаердан топадилар?
Бухорога тегишли ерларда тилла, мис, темир, кўмир, лампа мойи ва бошқалар қўпдир. Сиз бухороликлар улардан баҳраманд бўлмаганларингдан кейин, бу бойликлардан нима фойда?
Шуни ҳам билингки, агар сиз бухороликлар, таъкидлаганимдек, бу худо берган неъматдан фойдаланмасангиз, албатта ҳаял ўтмай бегоналар бу бойликларга эга бўлиб, уларнинг ҳар бирининг устида фабрикалар ва ҳайратангиз машиналарни ўрнатадилар. Дунё-дунё пул ишлаб оладилар. Минглаб хизматчилар бу ишга сафарбар қилинади. У вақтда сизларнинг фарзандларингиз чорасиз қолиб, уларнинг хизматларига бўйин эгишлари муқаррар.
Муродим насиҳат айтмак эди, айтдим. Худога топширдим дедим-у, кетдим.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
825
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



