05.11.2025 | 10:19
181
МИЛЛАТ БОРЛИГИ ВА БИРЛИГИ ТАМАЛИ
Низомиддин МАҲМУДОВ ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор

Ер юзидаги ҳар бир тил, у хоҳ катта ё кичикдир, ўзи мансуб миллатнинг тамалини белгилайдиган, тафаккур ва тахайюл тарзини, табиий инжа туйғуларини саломат сақлайдиган ва югурик асрлардан-асрларга тўзғитмай олиб ўтадиган бетакрор қудратдир. Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистонимизда юритилаётган оқилона тил сиёсати туфайли ўзбек тили ана шундай ўзига хос, беназир ва мўътабар манба сифатида мунтазам тадрижий такомил ва равнақ топиб бормоқда. Юртимизда ўзбек тилининг давлат тили деган олий рутбасига ва бу юксак мақомнинг янада мустаҳкамланишига муносиб кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқдаки, уларнинг ёрқин самаралари кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 21 октябрьда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир… Она тилимиз мильлий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”, дея таъкидлаган эди.
Чиндан ҳам, она тилимиз миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, унинг иҳота қўрғонидир. Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида қайд этилган: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинайи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деган ҳикматли сўзлари ҳам бу фикрларни ҳар жиҳатдан тасдиқлайди. Дарҳақиқат, тил – миллатнинг мавжудлиги ва барҳаётлиги, унинг ички ва ташқи дунёси асрорлари, ботиний ва зоҳирий олами синоатлари, умуман, ўтмиши, бугуни ва келажагининг мўътабар шаҳодати, хира тортмас “ойинайи ҳаёти”дир.
Айни пайтда, тил ҳар бир миллат ва халқнинг мутлақо ўзига хос табиати ва идрок тамойилларини ҳам акс эттиради. Масалан, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Тимоти Смарт ўзбек мақоллари, жумладан, “Меҳмон отангдан улуг‘” мақоли ўзбек халқининг миллий-маданий хусусиятларини ёрқин акс эттиришини алоҳида таъкидлайди (газета.уз сайти. 2025 йил 21 октябр).
Халқнинг маданий, миллий-ментал ўзига хосликлари тилда анчайин қабариқ ифодаланади. Бу бадиий матнларда, назмда, насрда, халқ қўшиқлари ва бошқа шу каби матн тилларида янада ёрқин кўринади. Машҳур файласуф Конфуцийнинг қизиқ бир гапи бор: “Дунёдаги ҳар қандай халқнинг айтаётган қўшиғини келтиринг, мен уни эшитиб, бу халқни қандай идора этиш мумкинлигини айтиб бераман”. Дунёни билишда, уни теран англаш ва англатишда тил, айниқса, она тилининг ўрни беқиёсдир, чунки тил ташқи дунё идрокида асосий ва фарқловчи вазифани бажаради. Мен бу ҳақда ўйлаганимда, бир мақола эсимга келади. Бу инглиз журналисти Говард Брабиннинг “Она тили ва мия. Япон олимининг ғаройиб кашфиёти” номли мақоласи бўлиб (Курьер ЮНЕСКО, 1982, №2), унда Токио университетининг тиббиёт профессори Таданобу Суноданинг 15 йиллик тажриба-тадқиқотлари натижалари ҳақида ахборот берилган.
Профессор Сунода япониялик ва ғарблик (француз, инглиз, испан, немис ва ҳоказо) одамларни ўз тажрибасига жалб қилади. Тегишли замонавий асбоблар ёрдамида уларга бир пайтнинг ўзида инсон овози, ҳайвонлар, ҳашаротлар товуши, турли механик овозлар, япон ва ғарб мусиқа асбоблари товушларини эшиттиради. Шунда маълум бўладики, япон ва ғарб кишиларининг бош мия ярим шарларида вазифалар тақсимланишида фарқ мавжуд экан. Бошқача айтганда, япон кишиси бош миясининг чап ярим шаридаги марказлар билан қабул қилган товушларни ғарб кишиси бош миясининг ўнг ярим шаридаги марказлар билан қабул қилар экан.
Тадқиқотчи бу фарқ этногенетика билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини аниқлаш мақсадида, 20 нафар япон муҳожирининг болалари иштирокида яна тажриба ўтказади. Натижа шуни кўрсатадики, бу фарқ генетик бўлмасдан, она тили муҳити билан боғлиқ экан. Ана шуларга асосланиб, профессор Сунода қуйидагича хулоса чиқаради: “Мен инсоннинг ўз атрофидаги товушларни қабул қилиши, ўзлаштириши, сезиши ва тушунишини она тили дифференциация қилади, деб ҳисоблайман. Она тили миядаги эмоционал (ҳис-ҳаяжон, кучли туйғу) механизмнинг ривожланиши билан узвий боғлиқ. Болаликдан эгалланган она тили ҳар бир этник гуруҳнинг ўзига хос, бетакрор маданияти ва руҳий оламининг шаклланиши билан чамбарчас боғлиқдир”.
Бир тил вакили бошқа тилни ўрганса, унинг дунёни кўриш тарзи ҳам ўзгарадими? Ҳа, тўғрироғи, бир нарсанинг бошқа томонини ҳам кўра олиш имконига эга бўлади. Руҳи-чи, руҳи ҳам ўзгарадими? Ҳа, агар она тилини унутса, руҳи ҳам бутунлай ўзгаради! Япон олимининг хулосасида ҳам бу ҳол таъкидланган. Яқин ўтмишимизда биз бунинг бевосита гувоҳи ҳам бўлганмиз.
Кўп тилни билган кишининг, кўринадики, ташқи оламни идрок этиш имконлари катта бўлади. Француз маърифатпарвари Волтер шундай дейди: “Кўп тилни билиш битта қулфга тушадиган бир неча калитга эга бўлиш билан баробардир”. Демак, тиллар фақат алоқа воситаси эмас, балки дунёни тўлароқ англаш воситаси ҳамдир. Шунинг учун мамлакатимизда хорижий тилларни ўрганишга мунтазам эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида бу борада шундай фикрлар баён қилинган: “Келажагимиз эгаси бўлган ёш авлодимиз замонавий билимлар, инновация ва тараққиёт чўққиларини эгаллаши учун албатта чет тилларини ўрганиши лозим. Лекин улар миллий руҳ, миллий тафаккур эгаси, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишлари учун, аввало, ўзбек тили ва адабиётини болаликдан бошлаб пухта билишлари шарт”.
Бугун Ўзбекистонда юртимиз фуқаролари бўлган барча миллат вакилларининг она тиллари ривожига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг табригида таъкидланганидек: “Биз инклюзив жамият барпо этиш тамойилларини тил соҳасидаги давлат сиёсатимизда ҳам муваффақиятли жорий этиб, мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг она тилларини ривожлантиришга муҳим аҳамият бермоқдамиз. Айни вақтда уларнинг давлат тилини ўрганишлари учун ҳам зарур шароитлар яратяпмиз. Бугунги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида мамлакатимиздаги барча миллат ва элат вакилларини жипслаштиришга хизмат қилаётгани биргаликда олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз натижаси, десак, тўғри бўлади”.
Ўзбекистон Президентининг байрам арафасида қабул қилинган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ҳам халқимиз катта мамнуният билан кутиб олди. Қарор билан “2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025–2026 йилларда амалга ошириш дастури” ҳам тасдиқланди ва бу борадаги ишларнинг аниқ тархлари белгилаб берилди. Қарорда давлат тилини ривожлантиришга оид, жумладан, ўзбек тилини ўргатиш бўйича дарсликларнинг янги авлодини яратиш, мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўргатиш бўйича педагоглар учун ўқув қўлланмалари ишлаб чиқиш, мактабгача ёшдаги болалар учун “Менинг илк изоҳли луғатчам” расмли луғат китобини яратиш, болаларга ўзбек тилини ўргатиш бўйича замонавий анимацион видео ва аудио маҳсулотлар ишлаб чиқиш ва бошқа аниқ вазифалар кўзда тутилган.
Айтиш жоизки, тилнинг бойлиги, аввало, ундаги сўз хазинасида намоён бўлади. Тил ўрганувчи учун энг ғаройиб, сеҳрли ва сир-у синоатга лиммо-лим олам – сўз хазинасидир. Сўзларни, аниқроғи, муайян давр сўзларини сурати, сийрати ва бутун синоати билан саломат сақлайдиган сандиқ, албатта, луғатлар эканини исботлашнинг зарурати йўқ. Машҳур француз адиби Анатол Франснинг: “Луғат – алифбо тартибидаги бутун оламдир”, деган гапи топиб айтилган. Бу муҳташам оламга энди-энди қадам қўяётган болалар учун одатдаги изоҳли луғатлар дунёсига кириш, табиийки, қийин вазифа. Шу боис, боланинг жажжи шуури ва идрокига мослаб тайёрланган изоҳли луғатчалар мактабгача ёшдагилар учун айни муддаодир. Бундай кичик луғатлар болаларнинг сеҳрли сўз оламига кириши учун ўзига хос пиллапоя бўлиши тайин.
Президентимизнинг табригида: “Рақамли оламда ўзбек тилида сифатли, илмий асосланган, қизиқарли ахборот ва маълумотларни кўпайтириш, хусусан, глобал электрон энциклопедия ва платформаларни давлат тилидаги илмий-оммабоп мақолалар билан бойитиш, онлайн луғатларни такомиллаштириш ҳам диққатимиз марказида бўлиши лозимлигини айтиб ўтмоқчиман. Ҳаётимизда сунъий интеллект таъсири ортиб бораётган бир пайтда бу қудратли восита ёрдамида она тилимизни ривожлантириш ва тарғиб этиш – давр талабидир”, деган фикрлар бежиз айтилмаган. Табиийки, бу бугунги глобал дунёда ғоят муҳим масаладир. Бу фикрлар қарорда ҳам ифода топиб, кўп жилдли “Ўзбекистон миллий қомуси”ни электрон шаклда тайёрлаш, тил ўрганиш билан боғлиқ рақамли маҳсулотларни яратиш вазифалари қўйилган.
Шунингдек, қарорда “Она тили. Қомус” китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш назарда тутилган. Қомусда она тили билан боғлиқ деярли барча маълумотлар илмий-оммабоп тарзда жамланади. Бундай китоб тилга эътиборли кишиларнинг тасаввур ва билимларини оширишга, жамиятимизда тил маданияти ва маърифатининг янада мукаммаллашувига хизмат қилади.
Мазкур қарорда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги янги қабул қилинаётган атамалар бўйича жамоатчилик муҳокамасида билдирилган таклиф, фикр ва тавсияларни қайд этиб бориши, тасдиқланган янги сўз ва атамаларни ўзида акс эттирадиган электрон реестрни юритиши, ўзбек тилида чоп этилган соҳавий, изоҳли ва имло луғатларини ўзида жамлаш ва фойдаланиш учун мўлжалланган электрон платформани яратиш бўйича илмий лойиҳага танлов эълон қилиши кўрсатилган. Бу режалар ўзбек тилидаги сўз ва атамаларни тартибга солишдай муҳим ишларнинг мунтазам бажарилишига хизмат қилади.
Давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ҳамда илм-фан тили сифатида нуфузини ошириш йўналишига мувофиқ ҳар йили октябрь ойида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш, чет эллик талабалар ўртасида ўзбек тили бўйича республика олимпиадаси, турли танловларни ташкил қилиш, ўзбек тили фани ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” республика танлови, Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ўтказиш ва яна бир қатор тадбирлар ҳам қарорда белгиланган.
Ушбу муҳим ҳужжат ижроси бетакрор она тилимизнинг ривожи йўлида яна бир самарали қадам бўлиши, шубҳасиз.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 31 октябрдаги 44-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



