Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


15.01.2026 | 12:26

img427

ИЗЗАТЛИ АЛЛОМА

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидан бошлаб то ҳозиргача аксар ёзувчиларнинг бадиий диди Абдулла Қаҳҳорнинг эстетик қарашлари таъсирида шаклланган, десак хато бўлмайди. Қаҳҳорнинг кескин муносабатисиз қирқинчи–етмишинчи йилларда адабиётимизда халтура янада кўпроқ бўлиши турган гап эди. Чунки конфликтсизлик, сохта бахт таронаси рағбатлантирилар, ҳар қандай асардан (ҳатто беш–олти аср аввалги турмуш тасвирланган бўлса ҳам) бевосита ё билвосита “коммунизм чўққилари”ни тараннум этиш талаб қилинар эди. Яхшиям, Абдулла Қаҳҳор бор эди, талай “тирик классик”ларнинг томсувақ пули учун ёзган асарларига устара дамидек кескир қаламидан учган икки оғиз гапи билан ҳақиқий баҳо бериб қўярди.

Бизга тенгдош адабиётшуносларнинг илмий зеҳнияти эса Иззат Султоннинг, у кишининг қаватида юрган олимларнинг сўзшуносликка оид муносабатлари орқали чархланган. Чунки биз талаба, сўнгроқ ёш илмий ходим бўлган кезларда домла нафақат адабиётшунослик, балки умуман филология соҳаси пешвоси, оқсоқоли саналади, ҳар бир сўзи илмий давраларда эъзозлаб қабул қилинар эди. Домла энг обрўли адабиёт назариячисигина эмас, шу билан бирга, умрининг сўнггигача биринчи рақамли навоийшунос, эллиинчи йилларда илиқлик даври бошланиб Абдулла Қодирийга йўл очилгач, унинг асарларини нашрга тайёрлаган олимларга бош бўлган сиймо эди. Тил ва адабиёт институтининг илмий кенгаши бўладими, “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали таҳрир ҳайъати йиғилишимики, ё Фанлар академияси президиуми анжуманими — Иззат Султоннинг чиқишларини олимлар интиқ кутишар, ҳар бир нутқидан сўнг ҳар ким фикрда “бир нималик” бўлиб қолар эди.

Бунинг боисини ўйлаб, шундай хулосага келдим: аввало, Иззат Султон ҳеч қачон, ҳеч қаерда кераксиз гапни, одамларга маълум бўлган нарсани гапирмас, ҳар бир сўзи янги, ҳали ҳеч ким эшитмаган илм бўлар эди. Ҳатто ким биландир чақчақлашиб ўтирганида ҳам зарурати бўлмаган гапни асло айтмас, суҳбатдошини ҳам шунга ундар эди. Яхши эсимда, фан доктори илмий даражасини берувчи кенгаш раиси бўлган Иззат Султон, ёши саксонлардан ошган бўлса-да, ниҳоятда ҳушёр, минбарда “ўтлаб” кетаётган олимларнинг сўзини бўлиб, “Шошманг, шу диссертация бўйича фикрларингизни айтинг, бошқа гапларга ўтмайлик”, дея, ўзидан ўн–ўн беш ёш кичик, аммо қандайдир чарчаб қолган олимларни тўғри йўлга солар эди.

Иккинчидан, устоз ўз фикрларига ҳеч кимга муяссар бўлмайдиган бир ифода топишга моҳир эди. Сиз билан биз оғзимиздан чиқса жўн бир гапдай қабул қилинадиган фикрларни шундай айтар эдики, ўша мулоҳазанинг ҳали биз пайқамаган фазилатлари ҳам очилиб келаётгандек бўлар эди.

Учинчидан — хотира қуввати! Институт мажлисларида нутқ сўзлар экан, “профессор фалончининг 1946 йилда чоп этилган фалон асарида мана бундай гап бор эди”, дея ўша иқтибосни рус тилида ёд айтар, унинг ўша манбада айнан шу тарзда битилгани эса шубҳасиз бўлар эди.

Илмий фикрни энг ихчам ва мукаммал етказиш Иззат Султонга хос эди. Бунга фан доктори, профессор Шариф Юсуповнинг ҳаётий ҳикоясини мисол келтириш мумкин:

“Бир сафар Иззат Султонга олти юз йўллик мақола ёзиб беришни сўраб мурожаат қилдик, — деган эди Шариф ака “Ўзбекистон маданияти” таҳририятидаги фаолиятини эслаб. — Домла мақолани ёзиб юборди, линотипда тердирсак, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, нақ олти юз сатр чиқиб турибди-да! Саҳифада шунча жой ажратилган эди, қуйилибгина тушди. Бироқ эртасига ишга келсак, ТАССдан шу саҳифага оид бир сурат юборилган экан. Ўта шошилинч нарса бўлганидан, ҳа энди, ўша бетдаги Иззат Султоннинг мақоласидан бирон ўн сатрини қисқартирсак, сурат жойлашади-қолади, деган тўхтамга келдик.

Аммо… буни қарангки, тўрт журналист эрталабдан пешингча — беш соат мук тушиб ўтириб, мақоладан тўрт йўл ҳам қисқарта олмадик. Ҳар жумланинг “юки” бор — бир фикрни ташийди, “кессангиз”, ўша фикр узилиб қолади. Нойилож, бояги суратни беришдан воз кечдик, нима бўлса-бўлди, деб таваккал қилдик. Холбуки, Москва юборган бирон нарсани қолдириш ўша пайтларда катта сиёсий хато деб ҳисобланар эди…”

Иззат Султон нафақат адабиёт, балки тил ва услуб соҳасида ҳам ўрнак эди. 1978–1979 йилларда чоп этилган икки жилдлик “Адабиёт назарияси” китобининг домла қаламидан чиққан бобларида чинакам академик ўзбек тили манаман деб кўзга ташланади. Мен ҳатто унда “тайин” деган сўзнинг илгари ҳеч кўрилмаган маънода қўлланганини, бунинг устига, ўша фикр мазкур сўз орқали энг мақбул ифода топганини кўриб, лол қолган эдим:

“…адабиётшунослик томонидан ўрганилиши лозим бўлган фактик материаллар жуда ҳам хилма-хил бўлиб, уларнинг қайси тури асосида бугунги адабиётнинг спецификасини тайин этиш керак, деган саволга жавоб топмасдан туриб, бу муаммони ўрганишга киришиш мумкин эмас”.

Тил бойлиги, баъзилар ўйлаганидек, лексикон кўплигигина эмас, балки мавжуд сўз ва ифода воситаларидан унумли фойдаланишда ҳам намоён бўлади, юқоридаги мисол буни яққол далиллайди.

Ҳаммага маълум, 1926 йилда профессор Фитратнинг “Адабиёт қоидалари” нашр этилган. Фитрат қатағонга учраггач, унинг шогирди Иззат Султон орадан ўн уч йил ўтиб, 1939 йилда биринчи “Адабиёт назарияси” китобини эълон қилди.

Адабиёт тарихида шогирдларнинг устоз бошлаган ишни давом эттирганига мисол кўп. Чунончи, Чўлпонга шахсий котиблик қилган Мирзакалон Исмоилий шоир отилиб, асарлари тақиқланганидан кейин, орадан йигирма бир йил ўтиб, “Фарғона тонг отгунча” романини нашр қилди. Бу асарни, аслида, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романининг давоми деса бўлади. Қарангки, ҳатто уларнинг номи ҳам мазмунан бир хил.

Иззат Султон ҳам 1934 йилдан то 1978 йилгача — қирқ тўрт йил давомида адабиёт назарияси масалаларидан бир кун ҳам холи яшамади, асосий иш жойи Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг “Адабиёт назарияси” бўлими бўлди. Бутун бир авлод назариячи илмий ходимларни етиштириб, адабиёт назарияси фанини ўзбек адабиётшунослигининг мустақил илм тармоғига айлантирди. Академик “Адабиёт назарияси”ни нашр эттирди ва шу билан устози Фитрат хотирасига улуғ бир ҳайкал тиклади.

Разм солсак, Иззат Султон бир умр устози Фитратнинг йўлидан юришга, унга мудом эргашишга, ишларини давом эттириш ва такомиллаштиришга интилиб яшаганини кўрамиз. Чунончи, ўзбек адабиёти вакилларидан айнан Фитрат билан Иззат Султон адабиёт назарияси билан шуғулланган ва ҳар иккови ҳам адабиёт назариясида “сўз санъатининг олий тури” деб таърифланадиган драматургик ижод билан бир умр машғул бўлган.

Сабаби, Фитрат ижод қилган ХХ аср бошларида аксари саводсиз бўлган меҳнаткаш оммага саҳна асарларининг таъсири беқиёс эди. Одамларга янги ғояларни саҳна орқали сингдириш маъқул топилган, элни янги маданият сари етаклаш учун саҳнадан фойдаланиш кўзланган. Бу ҳол кейин ҳам ўша авж билан давом этди. Қирқинчи–элликинчи йилларда ўзбек театри (жумладан, ўзбек драматургияси ҳам) янада юксалди, давр олға сурган дунёқарашни элга сингдиришда асосий воситага айланди. Уйғун билан Иззат Султоннинг 1940 йилда саҳна юзини кўрган “Алишер Навоий” драмаси ўзбек халқини шоир билан таништиришда беқиёс роль ўйнади.

Навоий ва Бобур замонидан кейин то ХХ аср бошларигача юртимиздаги умумий тушкунлик, жаҳолатнинг авж олиши боис, Алишер Навоийдек шоир ҳам авом назарида бирмунча узоқлашиб қолгани бор гап. Чўлпон 1924 йилда ёзган “500 йил” деган мақоласида бунга эътибор қаратган. Шунинг учун ҳам Навоийни элимиз қайта инкишоф этиши даркор эди. Айнан “Алишер Навоий” драмасидан сўнг миллионлаб одамлар Навоийни севиб қолди, бу асардан олинган парчалар тўйларда, адабий-бадиий анжуманларда ёд ўқиларди. Эҳтимол, ундаги “Навоий ва Гули севгиси” уйдирмадир, Навоий билан Мажидиддин можаролари кўпиртилгандир, бироқ саксон йил аввал бусиз иложи йўқ эди. Баски, ўтмишда яшаб ўтган ҳар бир одамни бизнинг замонга эмас, ўзидан аввалгиларга қараганда қандай янги нарса берганига қараб баҳолаш лозимлиги ҳақида айтилган гап ниҳоятда тўғри.

Бугунги кунда Иззат Султон ёзган драматик асарларни (у “Алишер Навоий” бўладими, “Имон”ми ёки “Кўрмайин босдим тиконни”ми, бошқами) ўқир эканмиз, ҳар қайсиси ўзбек жамияти олдида кўндаланг турган катта бир масалани санъат асари орқали муҳокама қилиш, бунга элнинг ўзини жалб қилиш мақсадида битилганига иқрор бўласиз.

Масалан, “Кўрмайин босдим тиконни” — турмуш қурган икки зиёли инсон ҳаётидаги драма, ҳатто айтиш мумкинки, гарчи унда инсон ҳаётининг чуқур коллизиялар оқибатида фожиали равишда якун топиши кўрсатилмаган бўлса ҳам, моҳиятан трагедиядир. Шунинг учун уни томоша қилган киши руҳан тозариб, маънавий руҳ олади. 1975 йилда саҳнага чиққан бу асар 1958 йилда Чингиз Айтматов ўртага қўйган масала — севгисиз бўлса ҳам турмуш кечираверган яхшими ёки киши ўз муҳаббатини қидириши даркорми, деган баҳсларга ўзбек адибининг жавоби бўлди. Ўзбек турмушидан олинган бу асарда Иззат Султон Чингиз Айтматов қарашларини ёқлаб чиқди.

Бироқ, афсуски, асарнинг ана шу ғоясини аксар томошабинлар тушунмади ё “ҳазм” қила олмади. Шу тўғрисида ўйлар эканман, менинг ўзим ҳам у ё бу позицияга қатъий ўтишим душвор (ўзбекмиз-да, барибир). Лекин бошқа бир жиҳати бор: “Кўрмайин босдим тиконни” драмаси, ундаги барча олижаноб, қалби пок персонажларнинг тақдир синовлари қаршисидаги изтироблари боис, томошабин маърифатини ўстириши, унга мол-кўл маънавий озиқ бериши эътибори билан жуда баландда туради. Айниқса, оилавий можаролардан масхарабозлик қилиб бўлса ҳам “кулги” ясаб чиқаётган бугунги кўп саҳна асарлари олдида…

Бу асарнинг эстетик жиҳатдан фазилати шундаки, унда биронта ҳам “салбий образ” йўқ, асар коллизияси “ижобий” ва “салбий”ларнинг кураши негизига қурилмаган, драматизмни ҳаётий вазиятнинг ўзи юзага келтирган. Бу мазкур асарнинг бадиий юксаклигини кўрсатадиган муҳим далилдир.

Домланинг 1959 йилда чиққан “Песалар, мақолалар” деган китоби бор. Албатта, ўша йилларда нашр масалалари қийин бўлганидан, икки китоб бир муқовада чоп этилган. Аммо шу ном, шу нашр Иззат Султон илмий ва ижодий ишни баравар олиб борганини кўрсатадиган ойнадир.

Баъзилар, домла фақат илм билан, фақат назарий тадқиқот билан шуғулланганида фанга янада кўпроқ ҳисса қўшган бўларди, деб ёки аксинча, Иззат Султон бадиий ижоднинг ўзигагина ҳаётини бағишласа, қанча муҳташам драма ва трагедиялар ёзиши мумкин эди, деб ўйлаши мумкин. Балки бу мулоҳазаларда ҳам жон бордир. Бироқ аксар одамларнинг ижодий қобилияти турфа йўналишли бўлади. Биз да Винчи ёки Гёте кабиларни эмас, устози Фитрат домланинг ўзини мисол келтирсак кифоя қилар: у — ёзувчи, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос ва сиёсатшунос олим, давлат ва жамоат арбоби эди.

ХХ аср ўзбек адабиётшунослиги икки улуғ назарийотчи олимнинг теран тадқиқотлари туфайли юксак илмий-назарий пойдеворга эга бўлди. Иззат Султон ҳар соҳада — фанда ҳам, бадиий адабиёт йўналишида ҳам улуғ устози Фитрат бошлаган ишларни давом эттирди ва янги даврда уларни имкони борича янги босқичга кўтаришга ҳаракат қилди.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

“Жадид” газетасининг 2026 йил 9 январдаги 2-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858