05.08.2025 | 08:42
217
ЎЗБЕК МАТЕМАТИКАСИНИНГ ОЛТИН ДАВРИ
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашиб, дилдан мулоқот қилган эди. Ана шу учрашувда илгари сурилган ташаббуслар, Давлат раҳбарининг олимлар олдига қўйган долзарб ва кечиктириб бўлмас масалалари шундан далолат эдики, энди илм-фанга муносабат тубдан ўзгаради, янгича дунёқараш шаклланади. Бундан кейин илм аҳли фақат ўз иши билан машғул бўлади, уларни на “оқ олтин” ҳашари, на моддий-техник базанинг ғариблиги, на маош пастлиги безовта қилмайди.

Хуллас, бугун яратиб берилаётган шарт-шароитларга муносиб бўлиш, улардан унумли фойдаланиб, юрт тараққиётига ҳисса қўшишгина қолган эди. Ўшанда бундай юксак мақсадлар тез орада амалга ошишига айримлар ишонмагани ҳам сир эмас. Чунки биз узоқ йиллар давомида зиёлиларга панжа ортидан қаралишига, “камтарона” ҳаётга кўникиб қолган эдик.
Орадан кўп вақт ўтар-ўтмас, Президентимизнинг узоқни кўра билиши, замон талабини тўғри англаб, илм-фанга берган эътибори нақадар тўғри бўлгани яққол аён бўлиб қолди. Зотан, дунёдаги ҳеч бир мамлакат ва жамият илм-фансиз замон талаблари даражасида ривожланиши мумкин эмас.
Бугун юртимизда жаҳондаги етакчи институтлар, университетлар, илмий марказлар ва академиялар билан илмий ҳамкорлик бутунлай янги босқичга кўтарилди. Хорижнинг етакчи ўқув ва илмий муассасаларида таълим ва илмий даража олган юртдошларимиз учун мамлакатимизда қулай шарт-шароитлар яратилди.
Ўша тарихий мулоқотдан сўнг ўзини ҳурмат қилган ҳар бир олим буюк аждодларимиз изидан бориб, манфаатли лойиҳалар устида илмий тадқиқотлар олиб бориши кераклигини теран ҳис қилди.
Биз бу йўлда дунёга икки буюк Ренессансни тақдим этган улуғ салафларимиздан ўрнак олишимиз керак. Шу ўринда биргина Муҳаммад Хоразмийни олайлик. Буюк ватандошимиз замонавий алгебра фанининг асосчиси ва “алгоритм” илмий тушунчасининг отаси сифатида бутун инсониятга бебаҳо мерос қолдирди. Ундан бугун ҳам баҳраманд бўлиб турган башарият аждодимиздан ошкора ва ғойибона миннатдор.
Муҳаммад Хоразмий 783 йилда Хоразмда туғилган. Ўша пайтда ушбу шарофатли замин дунё миқёсида фан ва таълим марказларидан бири бўлган. Бобомиз ўттиз ёшга тўлмасиданоқ Мовароуннаҳрдан ташқарида ҳам маълум-у машҳур эди. Ишонч билан айтиш мумкинки, Хоразмий дунёга донг таратган Марказий осиёлик биринчи олим эди. Бундай дейишимизга сабаб, Муҳаммад Хоразмий илм-фан даҳоси сифатида шуҳрат қозонган даврда Аҳмад Фарғоний 11 ёшда, буюк муҳаддис Имом Бухорий эса ҳали дунёга келмаган эди. Беруний ва ибн Сино каби алломалар орадан бир аср ўтгач дунёга келди.
Муҳаммад Хоразмийга қадар одамлар математика деганда асосан геометрияни, яъни ерни ўлчашни, янаям аниқроқ айтганда, ер участкаларини ўлчашни тушунишган. Математиклар кўпинча геометриклар деб номланган.
Агар ҳисоб-китобларни амалга ошириш керак бўлса, қадимги математика фақат рақамларга мурожаат қилган, ҳеч қандай формула ишлатилмаган.
Ўша даврда рақамлар ва каср сонлар билан ишлаш мураккаб жараён бўлиб, кўпчилик учун тушунарсиз эди. Европада рим рақамлари ишлатилган, улар билан оддий арифметик амалларни бажариш жуда қийин эди.
Бунинг нималигини аниқ билиш учун мен рим рақамлари билан оддий ҳисоб-китобларни амалга ошириш зарур бўлган битта мисолни келтираман. Қадимги Рим империяси даврида армиянинг асосини легионлар ташкил этган. Ҳар бир легион ўнта коҳортадан иборат бўлган. Ҳар бир коҳортада 555 нафар пиёда ва 66 нафардан отлиқ аскар хизмат қилган. Оддий саволга жавоб беришга ҳаракат қилинг – ўнта коҳортада қанча отлиқ бор эди? Жавоб бугун сиз-у биз учун ўта жўн: 66 ни 10 га кўпайтириб, 660 ҳосиласини олсак бас.
Ана энди рим рақамларидан фойдаланиб, LXVI ва Х нинг кўпайтмасини топиб кўринг-чи! LXVI х Х = DCLX.
Замонавий ўқувчи бу ерда ёзилган нарсаларга қараб ниманидир тушуна оладими? Қандай қилиб тенглик белгисининг чап томонида турган ифодадан ўнг томонда турган натижани олиш мумкин? Шунчаки бу тенгламага расм сифатида қаранг ва уни унутинг.
Агар сиз Муҳаммад Хоразмийнинг ҳинд ҳисоби ҳақидаги китобидан фойдалансангиз, унда муаммони 0 белгисини ўнг томондаги 66 рақамига қўшиш орқали ҳал қилиш мумкин. Фақат нолни қўшинг!
Нафақат қадимги Римда, балки ўрта аср Европасида ҳам буни амалга ошириш мумкин эмас эди, чунки уларда ноль рақами йўқ эди. Европаликлар илк бор ноль ҳақида Хоразмийнинг китобидан билиб олдилар.
Муҳаммад Хоразмийнинг асарлари билан танишган Европа ҳайратда қолди. Лекин христиан руҳонийлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Улар Хоразмий китобларини тақиқлашга уринди, аммо ҳеч қандай чеклов аллома ғояларининг тарқалишини тўхтата олмади. Эндиликда Муҳаммад Хоразмий томонидан ушбу китобда баён этилган ғоялар ҳаётимизга шу қадар кириб келдики, биз бошқача бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмаймиз.
Буюк аждодимизнинг ҳинд ҳисоби ҳақидаги машҳур китобининг лотин тилига таржимаси “Дихит Алгоризми” (“Ал-Хоразмий деди”) деган сўзлар билан бошланади. Бутун дунё математиклари шундан сўнг қандай математик амаллар қайси кетма-кетликда бажарилиши кераклиги ҳақидаги ҳар бир аниқ кўрсатмани “алгоритм” деб номлай бошлади.
Муҳаммад Хоразмийдан олдин замонавий маънода тенгламалар мавжуд эмас эди. Мерос масалаларини ҳал қилиш учун таваккал ва хато орқали бўлса ҳам тақсимотнинг барча иштирокчиларини чор-ночор қондирадиган бутун ёки каср сонлар рўкач қилинарди, вассалом.
Хоразмий бобомиз ўзининг машҳур “Китоб ал-жабр ва-ал-муқобала” асарида биринчи марта тенгламалар ечиладиган қоидаларни кўрсатган. Ҳозирда улар биринчи ва иккинчи даражали тенгламалар деб аталади. Ушбу буюк китоб лотин тилига таржима қилгандан сўнг, Европада улар учинчи ва тўртинчи даражали тенгламаларни ечиш учун худди шундай қоидаларни излай бошладилар. Бу энг таниқли олимлар томонидан амалга оширилди. Улар ўртасида очиқ мусобақалар бўлиб ўтди ва кўплаб томошабинларни жалб қилди. Ниҳоят, норвегиялик таниқли математик Нилс Абел бешинчи ва ундан юқори даражадаги тенгламалар учун умумий ечим қоидаларини яратиш имконсизлигини исботлади ва шу билан бу борадаги уринишларга якун ясади. Маълумки, математика фани бўйича Нобел мукофоти таъсис этилмаган, аммо унга тенглаштирилган Абел мукофоти бор. Бу нуфузли соврин Абел ишидан деярли икки юз йил ўтгач берила бошланган. Айтиш мумкинки, агар Муҳаммад Хоразмийнинг ажойиб рисоласи бўлмаганида, ушбу мукофот ҳам бўлмас эди.
Муҳаммад Хоразмий 44 ёшга тўлганида, унга Ер шарининг радиусини аниқроқ ўлчаш бўйича ишларни бошқаришни таклиф қилишди. У иқтидорли ёш олим Аҳмад Фарғонийни ўз жамоасига олиб, бу ишни ажойиб тарзда бажарди. Бундай вазифани уддалаш учун энг мос жой – бу чуқур қудуқлар билан жиҳозланган текис сирт ҳисобланади. Хоразмий Бағдод яқинидаги Синжар чўлини танлади ва у ерда керакли ўлчовларни амалга оширди. Олинган натижаларни математик қайта ишлаш Муҳаммад Хоразмий бошлиқ олимлар гуруҳи томонидан амалга оширилган юқори даражадаги 1 градуснинг синусини ҳисоблашни талаб қилди. Бу ҳисоб-китобларнинг аниқлиги олти аср давомида, яна бир улуғ аждодимиз Мирзо Улуғбек томонидан амалга оширилган математик ҳисоб-китобларга қадар тенгсиз бўлиб қолди…
Кейинги даврларда ўлкамизда ҳукм сурган жаҳолат ва мустамлакачилик оқибатида илм-фан тараққиёти ҳам тўхтаб қолгани ҳаммамизга яхши маълум. Мустақиллик йилларида ёш давлатимизнинг имконияти қадар яратилган шароитларга кўникишга тўғри келди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар эса илм-фан оламига янги ҳаво олиб кирди. Аввало шуни таъкидлашни истардимки, мамлакатимизда математикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Мен АҚШ, Япония, Германия ва бошқа мамлакатлардаги дунёнинг кўплаб етакчи университетларида ишлаганман, аммо математикага биздагидай хайрихоҳ муносабатни ҳеч қаерда кўрмадим.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институти Миллий университетнинг математика факультети яқинидаги ажойиб бинога кўчиб ўтди. Шу тариқа юртимизда ягона математика комплекси яратилди. Математика конференцияларида қатнашиш учун турли мамлакатлардан келган олимлар янги биноларимизни кўриб, қойил қолишмоқда.
Энг муҳим ўзгариш – иқтидорли ёшлар орасида математика фанига катта қизиқиш пайдо бўлди. Йигирма йил олдин диссертациялар деярли ҳимоя қилинмай қолиб кетган эди. Ҳозир эса ёш математиклар мукаммал диссертацияларини ажойиб тарзда ҳимоя қилмоқда. Натижада бизнинг университетимиз математика бўйича дунёдаги энг нуфузли университетларнинг юқори учлигидан жой олди. Бу шуни англатадики, математик тайёргарлик натижаларига кўра жаҳондаги етакчи университетларнинг 97 фоизи Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетидан қуйида жойлашган!
Асосийси, ёшлар энди ўз салоҳиятларини айнан ўз юртида тўлақонли намоён этиш имкониятига эга бўлди. Ишончим комилки, ушбу ислоҳотлар натижасида ўз истеъдодини тўлиқ намоён этиш учун барча имкониятларга эга бўлган ёшларимиз орасидан Муҳаммад Хоразмий каби буюк аждодларимиз асос солган улуғ анъаналарнинг муносиб давомчилари бўлган буюк математиклар етишиб чиқади.
Шавкат Орифжонович Алимов 1945 йил 2 март куни туғилган. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор.
1967 йилда Москва давлат университетини тамомлаган. Қатор йиллар мазкур даргоҳда ишлаган. Кўп йиллик фаолияти давомида Тошкент давлат университетида кафедра мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директорининг ўринбосари, Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат университети ректори, Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Ташқи ишлар вазири ўринбосари, мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси вазифаларида ишлаган.
Асосий илмий ишлари математик физиканинг хусусий ҳосилали дифференциал тенгламалари муаммоларига, хусусан, ўз-ўзига қўшма эллиптик операторларнинг спектрал назариясига, дифференциал ва интеграл тенгламалар муаммоларига бағишланган.
Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти соҳиби.
Шавкат АЛИМОВ,
академик
“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 августдаги 31-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



