29.07.2025 | 16:22
286
ҚУЁШ ФАРЗАНДИ

1
Қатим нур қатида ажиб ёруғлик,
Йўлма-йўл улашиб борар зиёни.
Тақдири азали Қуёшга боғлиқ,
Эзгулик томонга бошлар дунёни…
Ёришиб жилолар этади мафтун,
Қатрада акс этар унинг борлиги.
Тонг отиб, бошланган сеҳрли бу кун
Кўрсатар бўй-бастин, улуғворлигин.
Нурафшон юзидан ёғади меҳр,
Қадами етган жой турар уйқудан.
Дилларга ойдинлик бахш этиб ахир,
Баҳраманд айлайди ажиб туйғудан.
Ниш урган майсалар баҳордан дарак,
Новдалар кўксида куртаклар – маржон.
Ҳаприқиб кўз ташлар атрофга юрак,
Булутни паналаб боқади осмон…
Ястанган кенгликлар қўйнида ҳовур,
Талпиниб турибди сирли куч-қудрат.
Бу макон бағрига қўл узатиб нур,
Ёруғ уфқ томонга бағишлар шиддат…
Эгатда саф тортган ғўзалар – уйғоқ,
Бошоқлар кўтарган ғаллазор – мағрур.
Саратон нафаси лаб босар қайноқ,
Жилғада оққан сув – дур-у жавоҳир.
Бу нурнинг шаштидан
дала-дашт кўркам,
Умидвор ниятлар топади таскин.
Бахмалдай тўшалган қирларда кўклам,
Беғубор шабада атрофда эсган.
Фарахбахш дамларни унутмайман ҳеч,
Дилда сатрларга бағишлайман жон.
Юрагим баҳорий орзуларга эш,
Боғга йўл оламан бахтли, шодумон…
2
…Боғда кезарканман соғиниб яна,
Қувнайман офтобнинг юзига боқиб.
Борлиқ яшнаб турган латиф лаҳзада
Хаёлим учади кенг қанот ёзиб.
Ана нур! Изидан қолмайди елиб,
Мозийга тутади сокингина юз.
Шамол-у бўронга ногоҳ дуч келиб,
Аъзойи бадани титрайди шу кез.
Не-не баҳодирга тарихдир гувоҳ,
Ўт қўйиб ёвларнинг жисм-у жонига.
Ватанга жон фидо айлади Широқ,
Нурлар аксланди тўккан қонида.
Чингизхон дилига солиб минг қутқу,
Келар эди ёвқур, бўлмай юз хотир.
Душманни лол этган Жалолиддин у,
Жасорат нурига йўғрилган ботир.
Этагидан ушлаб асрий сурурнинг
Дунё забт этса-да қилиб ҳанг-у манг.
Шиори шу эди буюк Темурнинг:
“Нурга тўлсин ҳар уй, миллат-у Ватан!”
Илм-у фан боғларин яшнатиб дилдан,
Бахш этди оламга сирли дунёлар.
Куч олгай умрбод осмон илмидан,
Ўчмагай Улуғбек ёққан зиёлар.
Эзгулик йўлидан мудом куч олган,
Меҳр-у муҳаббатга тўлиғидир у.
Эл қалбига сўздан ёруғлик солган,
Навоий – нурларнинг улуғидир у.
…На йўл кўринади,
на борар манзил,
Бегона овозлар бунда ҳукмрон.
Нурнинг елкасида юки зил-замбил,
Ўзликни топмоққа излайди имкон.
Йилларни оралаб қийналди тақдир,
Қарамлик дардидан сарсон бўлди у.
Кўргилик дастидан эзилиб охир,
Уфққа интилган карвон бўлди у.
Азоб-уқубатлар дуч келди қанча,
Қовоғин очмади ҳаттоки замон.
Истаган кунларни интиқ кутганча
Муродга етмоқлик бўлмади осон!
Аммо имкони йўқ!
Зимистон – маккор,
Чопоғон умри ҳам кезди бемурод.
Тўрт томон бош урди, бариси бекор,
Ич-ичдан оҳ чекди, айлади фарёд.
Гўёки умид ҳам сўнганди буткул,
Барини тақдирга йўйиб бўлганди.
Қоронғу пардасин йиртган нима ул?
Армонлар кўксини тиғдай тилганди…
Токи нур бор зулмат кетади титраб,
Ёришган атроф ҳам тушар жунбишга.
Қудратли кучига ҳайрат-ла қараб
Бу олам талпинган фақат қуёшга!
Қатра нур сингари яралган қисмат,
Йилларнинг қаъридан чиқди бирма-бир.
Бошига ёғаркан қор-ёмғир фақат,
Заҳмат-у зуғмлар чекди кўп оғир.
Беҳбудий, Чўлпон-у Усмон Носирдай
Нурларни барибир сўндиролмади.
Уларки барҳаёт Аму ва Сирдай,
Оққан дарёлардек оқмай қолмади…
3
Нурдан яралганки нурга интилар,
Мақсад-у муроди ёруғлик абад.
У етган масканлар хушбахт, шан бўлар,
Эгилган қоматлар кўтаргайдир қад.
Оловли йиллардан сақлаб чиқди жон,
Кўксида авайлаб эзгу орзуни.
Не қилсин, йўл бермас эди у замон,
Кимга ҳам айтарди юрак арзини?!
Аммо шижоати сусаймади ҳеч,
Рўшнолик азмидан қайтмас эди у.
Ҳатто ухлолмасди уйқуда ҳам тинч,
Кўкрак кериб бир сўз айтмас эди у.
Регистон бағрида минорлар гувоҳ –
Нурларнинг овози ёруғлик эди.
Унинг вужудини сиғдиролмас чоҳ –
Борлиги аслида улуғлик эди.
Қўқон ҳам кўз ёш-ла чекди кўп озор,
Тошкент кўчалари қийноққа шоҳид.
Инсоннинг толейи бўлган эди хор,
Нурлар ҳам ҳеч қачон бўлмади шаҳид.
Зомин-у Бахмалнинг тупроғи узра,
Ярақлаб ўзлигин кўтарган нурлар.
Ҳақнинг марҳаматин хор-у зор излаб,
Оппоқ ёруғликка айланган ҳурлар.
Бухоро бошига тушган савдолар,
Босқинчи дастидан ҳамон ўчмаган.
Хивани қийнаган қанча ғавғолар,
Оғриғи ҳали ҳам қалбдан кўчмаган…
4
Кўринмас кишанни ечмоқ осонмас,
Қарамлик неларга қилмади дучор.
Озодлик ўзича келган ҳам эмас,
Бу йўлда эл, ахир, кўп чекди озор…
Мутелик азобин юклари оғир,
Ўзингнинг нонингни олсанг бировдан.
Зуғмдан қийналиб дард чеккан бағир,
Қон йиғлаб чиқарди сўров, буровдан…
Нурларки зулматга бераверди дош,
Ғаним деб туҳматдан уни отдилар.
Юракмас кўксида тутганлари тош,
Порлаган нурларни бир-бир сотдилар…
Ўзингдан сотқиннинг чиққани ёмон,
Остонанг остида ётган чаёндир.
Унинг қўлидадир тортилган камон,
Ўқидан ёруғ қалб титраган жондир…
Йилларнинг қаъридан сўнмай ўтди нур,
Шамол-у довуллар енголмади ҳеч.
Зулматни оралаб то тонгга довур,
Ўзига бир олам топа олди куч…
Бу олам халқ эди…
Эзилган, сўнган,
Илиги қақшаган, таланган бори.
Аммо у нурланди яна янгидан,
Йўқолди қалбидан азоб ғубори.
Уқубат оғриғи топаркан завол,
Юракларга тўлди эркнинг сурури.
Халқ кўнглин ёритди унда, эҳтимол,
Йўлчи юлдузининг муқаддас нури…
5
Истиқлол!
Нурлардан яралган олам,
Ёруғлик бошланар остонасидан.
Ўтмишда қолгандек энди дард-у ғам,
Ўзга нафас келар кошонасидан…
Нур бор экан ахир ҳаёт бардавом,
У борган ҳар манзил доим ёришгай.
Дунга туҳфа этган ҳар неъмат, инъом,
Инсонлар умрига умрлар қўшгай…
Чарақлади қуёш!
Чароғон олам,
Кенгликлар бағрида нури таралган.
Унинг каби гўё дунёда бекам,
Нур мисол фидойи Инсон яралган…
Тонг ила уйғонар Қуёш фарзанди,
Тошади бағридан бир олам меҳр.
У ахир меҳрибон, жасур ва танти,
Дилида тугамас муҳаббат, сеҳр.
Ниятдан тафт бериб ўз юрагига,
Бораркан аждодлар босган изидан,
Дейди ғурур ила, чин шараф ила:
“Сўнмас зиёларнинг давомчисиман!”
Ўзидан уялиб, этмай таманно
Бир четда жим қолар
манфур боқишлар.
Бу сахий зиёга бўлсин тасанно,
Олқишлар, фидойи нурга олқишлар!
Кезиб тинчимайди бу замин аро,
Ҳатто унгурлар ҳам четда қолмайди.
Унинг эзгулиги ер-у кўк аро,
Ёруғлик таратиб сира толмайди.
Нурдан эркаланиб шивирлар боғлар,
Гиёҳлар дам саин бўйин чўзади.
Лаҳзалар қўйнида ўзгача тоғлар,
Бошида оққушдек булут сузади…
Кўнгил кўтаради ўзини азот,
Шодлиги чексиздир, йўқ унга қиёс.
Жафокаш эди у, ўзгарди ҳаёт,
Ўзликнинг қадри ҳам озод юртга хос.
Ёруғлик юз очган кулбаларида
Гул-у райҳонлари атри билан маст.
Бағрига талпинган шабадаларда
Бир олам ҳаловат яшайди бесас…
Саҳардан бедорлик, шижоат, журъат,
Қолар пок ниятлар бағрида мангу.
Шаштида сабот бор, сабр-у матонат,
Нур каби бетакрор яралган жон у!
Зулматга чорласа аллакимсалар,
Эзгулик йўлига бахшида бу нур.
Кимлардир тинчликни менсимасалар,
Ёруғлик томонга у бошлаб борур…
Умрини бағишлаб миллатга, шонга,
Беллашар замонда шитоб билан у.
Ҳар кўнгил, ҳар ўлка, ҳар хонадонга
Боради илми нур – китоб билан у.
У миллат дилбанди!
Боққил замондош,
Унга талпинади яқин-у йироқ.
Бор бўлсин шундай
нур бахш этган Қуёш,
Қадами қутлуғдир, тилаги порлоқ!
Истиқбол қуёши кулсин мулойим,
Умидлар қучоғи гулистон бўлсин.
То сахий нур каби бор бўл илоҳим,
Сенга шараф бўлсин, сенга шон бўлсин!
Ўткир РАҲМАТ
2025 йил, июль.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 25 июлдаги 30-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



