Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


13.12.2025 | 16:30

img325

АДИБНИ АНГЛАШ

1

…ҳурлик замонида улуғ адиб мероси янги тамойиллар билан қайтадан инкишоф қилинмоқда, ижодининг бош­ланиш палласидаёқ икки мумтоз асар яратган муаллифнинг келажакда нималар туҳфа қилиши мумкинлиги юзасидан фаразлар билдирилаётир, бир сўз билан айтганда, Абдулла Қодирий ижодий устахонасига қизиқиш катта ва бу назар кучайиб боряпти. Гарчи “Обид кетмон” машҳурликда икки роман шавкатича бўлмаса-да, бироқ ўша давр адабиётида янги кашфиёт сифатида тан олинган, бугуннинг назари билан эса бевосита адиб яшаган муҳит қай тарзда бадиий инкишоф этилишига ёрқин мисол сифатида баҳоланади. Бу асар мавзуси “мозийдан, ўтмишнинг қора кунлари”дан эмас, ёзувчи нафас олиб турган муҳитдан танланган эди. Шу жиҳатдан олиб қаралса, адабиёт ва замон кесимида бу асар ҳали кашф этилмаган қитъа дейиш мумкин. Муаллифнинг маҳорати, сўз санъаткорлиги, давр манзараларини “қоғозга ўраб” акс эттириш усуллари бўлажак журналистлар, публицистлар, умуман, сўз аҳли учун муҳташам мактаб вазифасини ўтайди…

Абдулла Қодирий ёзувчи сифатида эркин эмас эди – бу бор гап. Иккинчи томондан эса унинг юртдошларга, замондошларига, қолаверса, кела­жакка айтадиган гаплари кўп эди. Бу икки ҳолатни адибнинг иқтидори ўртасидан ҳаёт ирмоғи оқиб ўтадиган тик қирғоқ сифатида тийнатида мужассамлаштира олган ва бу номутаносибликни ижодий услуб сифатида бир қобиқда жо қилиб, новаторларча инкишоф этганча турли адабий усулларни қўллаш билан мақсадига эришган. Бунда энг кичик унсурлардан ҳам самарали фойдаланган. Масалан, назаримиздаги лавҳада итнинг номи – Арслон. Ботинда мужассамлаштирилган маъно шун­даки, аслида унинг номи – Арслон, ўзи эса – ит! (Талқинини шундай қабул қилиш жоиз: бизга тараққиётни олиб келдик, дея мақтанганларнинг номи – “катта оға”, аслида эса – босқинчи!) Бундай кучли сарказм (аччиқ киноя) лавҳанинг бошидан охиригача ёрқин услуб сифатида ҳар сатрда моҳирона “ўқланган”. Атроф манзараси, ундаги чалғитувчи сокинлик, ўзини хўжайин сезиб, изғиб юрган, ҳушёр ва қасос­га ташна – ит… Ҳаммаси рамзий.

2

Шундай қилиб, “Обид кетмон”нинг бешинчи лавҳаси – “Мен босмачи эмасман” бўлими тузилиш нуқтаи назари­дан, воқеаларнинг тадрижий ривож­ла­ниши, кескинликнинг юзага кели­ши ва рўй бериши, унинг ечими, хулоса қисмлари қурилиши (бир сўз билан айтганда, композиция) жиҳатидан шун­дай тартибда келади:

1) Воқеа кечадиган жой манза­раси. “Занжирдан бўшатилган” ва эрталаб занжирланмаган ит, итни занжир­лашни уну­тиб, ухлаб қолган тегирмон қоро­вули Эгамберди. Маҳаллий хўжайин Абдужалилбойнинг тасвир ва тафсилоти;

2) “Кўзини кўн этигининг бетидан узмай” мункиллаганча “тепани кесиб ясалган арава йўлининг юқорисида, орқасида бир-икки пуд юк кўтарган зўр гавдали …Мулла Обид” ва кўзи қонга тўлган оти Арслон, ўзи ит билан бепарво букчайиб келаётган мардумнинг тўқнашуви. Бу курашда ёзувчининг ички хоҳишлари ифодаси ўлароқ одам “ғажилиб ётган қўлини бўшатишга интилиб ўтирмай, соғ қўлини оҳиста­гина Арслоннинг бўғзига юборади”. …“Мулла Обид кўпга куч сарф қилмай, совуққонлик билан Арслоннинг бўғзини сиқиб туради…” “Арслоннинг тумшуғида қон кўрилгач, Мулла Обид хиқилдоқни бўшатади. Арслон жон чекишиб турмай, …ерга чўзилиб қолади” (Бу ҳолат кўнгил тубида чўкиб ётган орзудек туюлади).

3) Итнинг эгаси, “маҳаллий гумашта” Абдужалилбой бу ҳолдан ҳайрон. Итининг хунини талаб қилай деса, йигитнинг важоҳатидан қўрқади. Бой бутун заҳрини ухлаб қолган қоровулига сочади, жаримани ундан ундиришига дағдаға қилади;

4) Бой бу ҳаракатдан ғайирлик излайди. Қишлоққа (Тиктепага) кўчиб келганига кўп бўлмаган, кўпчилик учун номаълум бу важоҳатли йигитни яқиндан бери шов-шув бўла бош­ла­ётган босмачилардан деб ўйлайди, итни ўлдириб, отларимни ўғир­ламоқчи бўлган, деб фараз қилади. Пишиқ-пухта бой замоннинг келишига ҳушёр, у “босмачи”ни қўлдан чиқармоқчи эмас. Тадбиркор одам у билан яқин­лашиш йўлларини излайди ва ўзидек пулдор бойлар сармоясининг тақдирини ўйлаб, “Тиктепа устунлари” – Мулла Султонқул, Ҳуббибойларни ҳам бу маш­­варатга жалб қилади;

5) Тадбиркорлик билан замон­нинг келмишини фаҳмлаган корча­лонларнинг янгиликни, яъни “босмачи” деб фараз қилинаётган шахсни ўрганиш жара­ёни бошланади. Нав­батма-навбат, ҳар жумада Мулла Обидни меҳмон қилиб, ундан сир олмоқчи, яна уни назарларида сақламоқчи бўладилар. Шу жараёнда ёзувчи жамоатнинг бошида турган, гапи кесадиган “устун”ларнинг ички маънавий оламига сайр уюштиради. Гўё, миллат кимларга ишониши мумкин? Ҳолбуки, улар бойлик учун ҳамма пасткашликка ­тайёр майда кимсалар;

6) Аммо Мулла Обид сир беради­ган эмас. Бойлар эса ундан гап олишга уринадилар: “…бизнинг ўртадаги йигитларимиз ҳам Фарғонадаги оға­ларидан намуна олишлари керак эди, яроқларини ўз боёнларига эмас, большевикларга қаратсалар, бой оғайни­лари ҳам безрайиб қараб турмас, қўлларидан келган ёрдамни қаҳрамон йигитларидан аямас эдилар”. Шу нуқ­тада ёзувчининг дунёқараши ва мавжуд ҳаёт тартиблари кесишади, нозик ишоралар орқали адиб муддаосини ифодалайди, ўз изтиробини изҳор этади: “Мана шу фикримиз сизга қандай ўхшайди, полвон?”…

7) Аввало, ўша кунлар дард-у ташвишини кифтини келтириб айта олган адиб маҳоратига тасанно айтган ҳолда вазиятни кузатамиз. Бу нидо, миллат дарди даврада ўзгача акс садо беради. Аллақачон “сир”дан воқиф бўлган Мулла Обид “беихтиёр мўйлаби остидан кулиб қўйишга мажбур бўлади-да, бирдан кўзини зўр(ға) очиб (балки кўзи ола-кула бўлиб кетгандир. Ҳ.С.), юзи шу чоққача кўрилмаган бир даҳшат касб этади”.

Эл ишонган полвоннинг аҳволи шу эди. “Бу кўринишдан бойлар ерга сингигандек бўлиб, кайфлари тарқайди, кўзлари очилади”. Жамиятнинг ман­зараси шундай эди. Қалам эгаси дардини ичига ютади, чамаси, “Дуруст! – дейди Мулла Обид заҳарханда қилиб, – яхши ўйлагансиз!” тарзида суҳбатни якунлайди. Аммо унинг муносабати, ўй-хаёли аниқ эмас, буни адиб ҳам очиқламайди. Вазиятдан силлиқ чиқиб кетади. Юзага келган ҳолатдан икки томон ҳам хижил, англашилмовчилик ҳаммани довдиратиб қўяди, давра тарқайди. “Улар ўз фикрларини босмачига ётишиб келмаганлигини пайқайдилар. Бой… бу кун-эрта бошлаб ўз молининг таланишини ва бошининг ҳам сапчадек узилишини аниқ кўради. Мулла Обиднинг даҳшатли вазияти тезда тарқайди, гоҳо муносабатсиз бўлса ҳам ўзича илжайинқираб қўяди”…

Ёзувчи тасвирни шу нуқтага­ча чуқурлаштиради. Юрт эгаларини “уста Йўлдош”, “Акмалча” деб дарж этишдан чўчимаган қалам анча тобига келган, шу тузумнинг шафқатсизлигини олти ой қамоқда ўтириб ҳис этган, хуллас, қолипга тушган. Хавфсиз ҳудуд чегараси шунгача эди. Ана шу синусоидал чизиқда адибнинг қалб драмаси акс этган: у хоҳлаган ҳаёт манзарасини бадиий инкишоф этиш даражаси ва қалам­нинг имконияти! Шунда ҳам ижодий тамо­йилидан воз кечмайди, фақат “Тушунган тушунади, тушунмаган ўзи билади” қабилида йўл тутади. Барибир, лавҳанинг давомида ўз фикрини назокат билан изҳор қилади.

Шундай қилиб, Мулла Обид ўзини “оқлаб” олади, “даҳшатли вазияти тез­да тарқайди…” Зиёфатдан қайтишда бир­га келаётган Абдужалилбой ­­“…муно­­сабатсиз сўзлар билан бояги гинани мулла Обиднинг кўнглидан чиқа­ришга тиришади, унинг қўрқоқ ва разил табиатидан Мулла Обид гоҳ кулиб, гоҳ аччиқланади” (диққатни оширинг. Ҳ. С.)

Айни мавриди билан охирги гапни мантиқан таҳлил қилсак, ёзувчининг муддаосини балки илғаган, уни тўлароқ тушунишга яқинлашган бўламиз. Аввало, нашрнинг шу ўрнида “мулла” сўзи кичик ҳарфда ёзилган, бу балки арзимас мусаҳҳиҳлик хатосидир (балки пўк йигитга муносабатидир?), аммо ҳам кулги, ҳам аччиқ кайфият қўзғаган вазият кимга тегишли? Абдужалилбой мулла Обиднинг устидан куляптими ёки аксинча? Мантиқан қаралса, ўзлари ишонмаган одам бўлиб чиққанлиги учун бойлар Обид­дан норози, улар деҳқоннинг “Қўрқоқ ва разил табиатидан” кулиш ва аччиқланишга ҳақлари бор. Нашрда эса Мулла Обид суҳбатдошининг устидан куляпти… Мантиқ нимада? Аслида, ёзувчи ким тарафда, бойдан куляптими, деҳқондан?

Бир оддий ҳолат: кейинги гапни қуйидагича ўқиб кўринг: “…муно­са­батсиз сўзлар билан бояги ги­нани мулла Обиднинг кўнглидан чиқа­ришга тиришади, унинг қўрқоқ ва разил табиатидан гоҳ кулиб, гоҳ ач­чиқланади”. Фарқ “Мулла Обид” деган сўзнинг чиқариб ташланганида бўлди. Шунда бой деҳқоннинг пўклигидан кулган бўлиб чиқади. Балки ёзувчининг мақсади ҳам шудир, шу таънани изҳор қилишдир, яъни у нишонга олган дард пулдорлар билан мард, важоҳатли йигитларнинг бирлаша олмаганидадир?! Ёзувчининг вазият­га баҳоси (ҳукми) лавҳанинг давомида аниқ бўлади. Бойлар ишонч билдирган паҳлавон йигит Тиктепа қишлоғида оддий тирикчиликка берилиши, “Мулла Обиднинг тепа бузиши, кетмони билан шуҳратланиши, ўша қиш “устунлар”имизча энг паст ҳунар ҳисобланган ямоқчилик билан кун кечириши (таъкид бизники. Ҳ. С.) уларни шубҳадан қутқарди”. “Шубҳадан қутулиш”, аслида, умидларнинг барбод бўлиши эмасмиди?

3

“Обид кетмон” асарининг дунёга келиши ёзувчи ҳаётидаги силкинишлар, англашилмовчиликлар, иғво ва бўҳтон­ларга тўла даврга тўғри келганини тадқиқотчилар кўп таъкидлашган. Икки роман билан миллий адабиётда катта шов-шув қозонган ёзувчи бу иқтидорининг самарасини қанча таҳқирлар, тўқилган айблар, ҳатто қамоқ жазоси билан тортишга мажбур бўлганлиги бор гап. Унга майда буржуа ёзув­чиси, ўтмишни улуғловчи, ўрисларни ёқтирмайдиган ёт синф вакили сифатида қарашди. Кўнгил юмуши, кайфият меваси ҳисобланувчи ижод оламига ҳам човут солишиб, “Нега бахтли давронни улуғламайди, нега доҳий Сталин замонидан гўзал романлар ёзмайди? Ахир у ёза олади-ку. Ёзган-ку. У атайлаб ёзмаяпти, шу билан бу тузумга қарши эканини намойиш этяпти” сингари тутуруқсиз айблар тақалди. Жўн қилиб айтганда, ўзи хоҳламаган овқатни ейишга мажбур қилишди ва ана шундай тазйиқлар остида “Колхоз ҳаётидан қисса” деб “Обид кетмон” асарини ёздиришди.

Ундан “Ўткан кунлар”нинг нафо­сатини, “Меҳробдан чаён”нинг сало­ҳи­ятини талаб қилишди. Бу “…юра­гимиз, қалбимиз – партиямизники!” деган замонлар эди. Ана шундай икки ўт орасида қалам тутган нодир иқтидор эгасининг ҳолатини тасаввур қилайлик. Бундай ҳолда ёзиш жасорат ва …азоб эмасмиди? Лекин адиб ёзишга мажбур эди ва …шу тахлит ёзди. Изтироб ичи­даги оламини тагмаъноларда ифодалаб, киноя (ирония) ва сарказмлардан, тажаҳҳули орифона-ю, ирсоли масаллардан, заҳарханда-ю аскиялардан, қочирим ва латифалардан унумли фойдаланди, турфа услублар ниқобига ўзининг ботиний кечинмаларини ўради, шимитиб сингдирди. Жаҳон адабиётида шуҳрат қозонган Эзоп, Ювинал, Лафонтен, Сервантес, Лопа де Вега, Балзак, Чехов сингари буюк сўз санъаткорлари меросини ўзбек миллий адабиётида мужассам этди. Шунинг учун ҳам бу хазинани тушуниш, қабул қилиш, ҳис қилиш осон эмас.

…Одамлар дунёси тирик организм сифатида яшашни давом эттирар экан, ғолиблар ва мағлублар бўлиши аниқ: кимдир ютиб чиқади, кимдир ютқа­зади – ҳаёт шу издиҳомда давом этади. Жамият иштирокчилари ғоялар курашида иккига ажраладилар, “фронт” ҳосил бўлади ва, албатта, моҳият юзага чиқади. Шу ҳолатни тасдиқлагандек, Абдулла Қодирий ёзади: “Мулла Обид билан Тиктепа “устунлари” мана шу йўсинда танишдилар ва Мулла Обиднинг кўнглидан чиқмай турган (қўшиб ёзилса керак. Ҳ.С.) чучмал бир “хотира” қолдирдилар”. Шу билан яқинлик узилади, алоқа “колхоз тузилганча совуқ ҳолда давом этади”. Лавҳа шу сўзлар билан тугайди. Унда эса адиб ижодий қиёфасини намойиш этадиган кўплаб унсурлар мавжуд.

4

Аввало, асарнинг мазкур бўлаги ҳам моҳир қалам билан қоғозга тушган. Ундаги ҳар бир сўз, ибора, тасвирга ўралган ишора теран мазмун ифодалайди. Ифода ёрқин, халқчил. Шунингдек, характер яра­тиш­даги маҳорат манаман деб туради. Иштирокчиларнинг ҳар бири аниқ қиёфада намоён бўлади: Эгамберди ака (унинг касби ёки юмуши эслатилмайди, демак, номсиз кимса) лоқайд, тегирмон гувлашидан ором олиб уйқуга кетган бир мардум. Абдужалилбой ва бошқа бойлар ишнинг кўзини биладиган, одам танийдиган ва танлайдиган зотлар. Мулла Обиднинг нотанишлиги, басавлат гавдасидан ҳуркиб, унга мулозамат қиладилар, бирор иш чиқаришни кўзлайдилар. Бу йўлда улар ҳамма риёкорликка тайёр: “Ҳуббибой бетаҳорат бўлса ҳам намоз ўқиб” ўзининг сирини ёпади. Абдужалилбой Эгамбердига: “Кунга қара, кунга, даюс! Тегирмон онангнинг бешиги деб ўйладингми?”, “Бу қандай расволикки, Арслондек ит кетса, тегирмон ҳақи кетса. Бу ҳам етмагандек, бир пуд ун ҳам кетса…” деб дағдаға қилади, Мулла Обидга қолганда эса “Арслондек итни ўлдириб қўйган баҳайбат кўринишли” йигитга мулозамат қуюқ, тўкилган буғдойини унга алмаштириб, яна уйига элтиб беришни тайинлайди, бунинг устига уни муносиб меҳмон қилишда сахий: “…бир қўзи сўйиб, тандир кабоб қилиш керак, албатта, кабобнинг ёнида уч четверт хонаки май, бу топилмаганда бирор четверт самагон лозим. Булардан сўнг яхшилаб бир палов”…

Айниқса, ёзувчининг маҳорати ит – Арслоннинг табиатини ёрқин очиб бери­шида ва унга юклаган ижтимоий маъносида ёрқин намоён бўлади:  “…занжир­дан бўшатилган Арслон тегир­мон тева­рагида зир қатнаб, ҳатто япроқ шитирлатган кеча ҳашаротлари устига ҳам ириллаб югуради. Тувагини сийлаб турувчи хўжасига садоқатини тамом адо қилиб, тегирмон йўлагига кечалик қора чигирткани ҳам йўлатмайди…” Ана шу қонсираган содиқ кўппак унинг томорқасига бехос оралаб қолган, “…бу қадар парвосиз келган душман сари… бутун қаҳр-ғазабини тўкиб, ташланади”. Мулла Обид эса “теварагига аланглайди, ёрдам берарлик на тош, на кесак ва на калтак…” Бу манзара бугун тарихларда кўп такрорланадиган ўша қора кунларнинг сурати эмасми? Чорасиз қолган асир ўзидан нажот излайди: “…тишланган қўлининг аламиданми, ҳарчи бирдан қопни бўшатиб юборади (тирикчилик ташвишларидан воз кечади. Ҳ. С.), ғажилиб ётган қўлини бўшатишга интилиб ўтирмай, соғ қўлини оҳистагина Арслоннинг бўғзига юборади…” Бу муаллифнинг нуқтаи назари эди ва кейинги курашни шунда кўради…

Ит тимсолидаги балони даф этган норғул йигит қишлоқ “устунлари”нинг назарини тортади, “Абдужалил эҳтиётлаб, яъни рамз ва ишорат ичида босмачига яқинлашади. Бошлаб, Фарғонада бош кўтариб,  Совет ҳукуматига халақит бераётган қўрбошиларнинг қаҳрамонликларини мақтайди, сўнгра шу теваракдаги қишлоқларни босиб турган йигитларнинг ҳам юракларига қойил бўлганликларини сўзлаб келиб, пурс-порс орасида…” унинг “Фарғонадаги оғаларидан намуна” олишини истайдилар, шунда “яроқларини ўз боёнларига эмас, большевикларга қаратсалар, бой оғайнилари ҳам безрайиб қараб турмас”лигини очиқча таъкидлаш билан гўё “устун” кўпчиликнинг фикрини ифодалагандек бўлади. Эътибор беринг, “қаҳрамонликларини мақтайди” – қалам эгасининг ҳам юрак сўзлари, лекин буни андавалаш учун “пурс-порс орасида” деган иборани қўллайди. Бу ёзувчининг чекинадиган “орол”и, яъни эртага зулм бўлса (бундай ҳолни ҳис этиб турган, албатта), бу бетайин айтилган гап дея айбни рад этишда танлаган усули.

Энди шундай руҳдаги мулоқот билан боёнлар умид тикиб турган паҳлавон босмачилар, яъни миллий озодлик ҳаракати иштирокчилари сафига даъват этиляпти. Аммо асарда етак­чи образ сифатида танланган ва буюртма бўйича колхоз фаоли бўлиши лозим бўлган Мулла Обид “Мен босмачи эмасман…” деб, зор қақшаб турибди. Бутун дард, иллат шу манзарада жо қилинганга ўхшайди. Ит (босқинчи)дан жабр чеккан ва “устунлар” нажот кўзи билан қараган полвон йигит ҳаммасини рад этяпти ва “энг паст ҳунар ҳисобланган ямоқчилик билан кун кечириш”га ўтяпти – уни тирикчиликнинг талаби йўлга солади (миллат дарди эмас!). Бу ўша кунларнинг моҳияти, ўша давр ҳақиқати! Мантиқ нимада: гарчи ҳаёт талаби Мулла Обиднинг мақталган қаҳрамонлар сафида бўли­шини тақозо этса-да, бу борада на йигит эркин, на ёзувчи! Маълумки, Мулла Обид каттагина ҳажмли асарда акс эттирилган воқеалар гирдоби – янги ҳаёт қозонида обдон қайнаб, Совет тузумининг кўзга кўринган вакилига айланади. Мана, гап нимада!

5

Ҳар ҳолда, колхозлаштириш ҳақи­да асар ёзиш нозик кўнгил майл­ларини, бокира туйғуларни, ошиқ-маъшуқ­ларнинг интим кечинмаларини назокат билан ифодалаш эмас эди. Ёзувчи настарин уфуриб турган гулзордан ўтиб, қирғин-барот кечаёт­ган издиҳомга келган эди. Энди унинг сўзи катта ижтимоий-сиёсий маъно касб этиши, ўша кунларнинг шиорига айланиб, давраларда тилга тушиши кутилаётган эди. Унинг зимма­сидаги адабий буюртма сотс­реализм методи асосида янги инсонни акс эттиришни тақозо этарди. Бироқ Абдулла Қодирий ҳар бир имкониятдан келажакка айтадиган сўзини ифода­лашда фойдаланди. Масалан, “эски тузумнинг қолоқ одами” сифатида гавдалантирилган ва ҳар хил иғволарни “висирлаб” юрадиган Калвак Маҳзум Тошкентда сақланаётган Мусҳафи Усмонийни тавоф қилишга боради: “Мазкур Каломи шарифнинг зиёрати кўбдан бери кўнглимға ўрнош­қон эрди ва шунинг учун Махси­дўз маҳалласига қараб йўл солғон эрдим…” “Қироатхона – иборатдир тиловати Қуръон қилотурган жойдан. …Ваҳоланки, айтган иборати каминанинг саволимга жавоби босавобдир” – бу жойда ўрусча кийинган зотни кўриб дейди замондан безиган, тажанг одам ўз дарди-изтиробини пинҳона ифодалаб. Бу сатрлар умумий олов ичида ёнмай қолган тошбитикларга ўхшайди. Ҳолбуки, диний ибодат эмас, муқаддас китобни тилга олиш ҳам жиноят ҳисобланарди. Миллат асл фарзандининг ташвиши ана шундай муқаддас туйғуларнинг пайҳон қилинаётганида эди.

Алам шундаки, икки ўт орасидаги ижод ҳар қанча ҳаракат, хоҳиш бўлмасин, бутун бўй-бастини намойиш қила олмади. Кичик асарларда катта-катта эпопеяларга озуқа бўладиган теран ижтимоий манзаралар уйиган қон каби лахта-лахта бўлиб чўкиб-тўниб қолаверди. Уларни батафсил шарҳ­лаш, “Ўткан кунлар”у “Меҳробдан чаён”дек муҳташам бадиий акс эттириш учун тинч ва сокин ижодий муҳит, мангу тарк этмас илҳом керак эди. Бундай жаннатий имконлар ўрнига тақдир улуғ санъаткорга қамоқхона, авахталарни, туҳмат ва иғволарни, тазйиқ ва хўрликларни насиб этди. Э, воҳ! Миллат адабиётининг муҳити шундай бўлди… Сўнгги асарлар ижод гулшанининг барқ урган чечаклари эмас, вулқоннинг сўниб бориши, оташин илҳомнинг каффорат бўлиши эди. Даврнинг туҳфаси шундай эди…

Давр, тузум эса ундан муттасил ўзини кўрсатишни талаб қиларди. Қандай йўл тутиш лозим?! Ўз ижодий тамойили – ҳақиқатни акс эттиришми, инсоний эътиқоди – исломий ахлоққа содиқ қолишми ёки замон аравасига чиқиб, унинг қўшиғини куйлашми? Нариги қирғоққа ўтишда нақд жаннатни ваъда қилишяпти, мансаб, унвон, имтиёзлар… Икки йўлдан бири: ё ўзлигингни сақлайсан, ё кўп қатори замон йўриғига йўрғалайсан.

Бугун мутафаккирлар “Абдулла Қодирийга шаҳиди аъло рутбаси насиб этган” дейишмоқда. Бундай тақдир эгасининг номи қиёматгача унутил­мас экан. Зеро, “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён”нинг шуҳрати ҳамон авжида. Бу гўзал миллий романларнинг обрўсига йиллар, тузумлар оша соя тушгани йўқ, қизиғи – улар билан бўйлашадиган асарлар жуда кам.

Ҳаким САТТОРИЙ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 декабрдаги 49-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855