05.08.2025 | 12:46
197
АСАРЛАРИ УМРИНИНГ ДАВОМЧИСИ
Ўткир ака билан бир идорада ишламаганмиз. Аммо бирга ишлаган айрим ҳамкасбларимиздан кўра яқинроқ бўлиб кетган эдик…
… Бу воқеага олтмиш йил бўлди.
1965 йилнинг куз ойлари эди.

Мен талабалик йилларимда Чилонзорда ижарада яшардим. Ҳозирги Амир Темур хиёбонидан Дўмбирободга 23-автобус қатнарди. Тошкент давлат университети шу хиёбонда, Юридик университет жойлашган қадимги ғиштин бинода қўним топган эди.
Бир куни қош қорайганда 23-автобусга чиқдим-да, ўтиришга жой қидирдим. Орқа эшик олдида бўш жой бор экан. Бориб ўтирдим. Шу аснода энг орқа ўриндиқнинг бурчагида плашига бурканиб ўтирган кишига нигоҳим тушди. У кўзимга иссиқ кўринди. Жойимга ўтирдим-у ўйга толдим: “Қаерда кўрганман уни? Жуда таниш… Ҳа, бўлди, эсимга тушди. Бу ёзувчи Ўткир Ҳошимов-ку. Худди ўзи…” Секин, зимдан кўз ташладим: “Ўша, Ўткир Ҳошимов. “Чўл ҳавоси” деган қиссасини “Шарқ юлдузи”да ўқиганман. Журналда сурати ҳам берилган эди. Бориб саломлашсаммикан? Нима дейман? У таниқли ёзувчи бўлса, мен кимман? Университетнинг иккинчи курсида, яна кечки бўлимда ўқийдиган бир талаба бўлсам…” Хуллас, боришга жазм этмадим. Бироқ дам-бадам зимдан қараб қўяман. У автобусда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқдек, бир нуқтага тикилиб ўтирибди. Назаримда, нималар ҳақидадир хаёл суриб бораётир. “Ўткир ака ҳам шу томонда турармикан?” Мен манзилга етгач, тушишга ҳозирландим. Ўткир ака ҳамон ўша алпозда ўтирибди. Автобус тўхтади. Мен тушдим. Автобус жилгунича бекатда турдим. “Балки Ўткир Ҳошимов ҳам тушар. Борди-ю тушса, зўр бўларди, танишиб олардим”. Йўқ, тушмади. Автобус йўлида давом этди. У билан Ўткир Ҳошимов ҳам кетди. Автобус кўздан ғойиб бўлгунча қараб турдим. Кейин ўзимни койидим: “Нимага бормадинг олдига? Мунча лаллаймасанг”.
Шу хаёллар билан ижарахонамга бордим. Миямда Ўткир Ҳошимов деган ёзувчи, унинг “Чўл ҳавоси” қиссаси айланаверди. “Қандай бахтли ёзувчи. Биринчи қиссасидан машҳур бўлди. Абдулла Қаҳҳордай улуғ ёзувчининг назарига тушди… “Чўл ҳавоси” зўр асар. Ботир билан Зиёданинг муҳаббати ҳавас қилгулик… Зўр ёзган-да…”
Шундан кейин ҳар гал 23-автобусга чиқсам Ўткир акани қидирадиган бўлдим. Энг орқа ўриндиққа кўз ташлайман. Гўё у киши доимо ўша ерда ўтирадигандек. “Энди кўрсам, албатта олдига бораман, танишаман”.
Омадим чопди. Бир куни одатдагидай автобусга чиқдим-у, орқа ўриндиққа қарадим. Не кўз билан кўрайки, худди ўша жойда ўтирибди Ўткир ака. Суюниб кетдим. Бир неча кун олдин кўрганимдай плашига бурканиб, ҳеч кимга эътибор бермай ўтирибди. Мен ҳам орқа ўринлардан жой изладим. Мақсад – Ўткир Ҳошимовга яқинроқ ўтириш ва имкон топиб олдига бориш. Қани эди, ёндош жой бўшаса. Автобус уч-тўрт бекат юргач, Ўткир аканинг ёнида ўтирган киши тушиб кетди. Дарҳол ўша жойга ўтиб олдим. Ўткир ака ёнидаги одам тушиб кетганига ҳам, мен бориб ёнига ўтирганимга ҳам эътибор бермади. Нима деб гап бошлашни билмайман. Вақт ўтяпти, манзилимга яқинлашяпман. Автобус кутилмаганда қаттиқ тормоз берди. Барча йўловчилар қалқиб кетди. Ҳайдовчининг сўкингани эшитилди. Ўткир ака ўриндиқни қаттиқ ушлади-да, менга қаради: “Нима бўлди?” “Билмадим… Кимдир кўчани бехос кесиб ўтди, шекилли” дедим. Автобус яна бир маромда давом этди. Бу ҳолат Ўткир ака билан гаплашиш имконини берганди менга.
– Мен Сизнинг “Чўл ҳавоси” қиссангизни ўқиганман, – дедим томдан тараша тушгандай.
Ўткир ака ялт этиб менга қаради.
– Ёққанми?
– Жудаям… Ботирга ҳавасим келган… Мактабимизда ҳамма қизиқиб ўқиган.
– Мактабда ўқийсизми?
– Қиссангиз журналда чиққанда ўқувчи эдим. Ҳозир университетда ўқийман.
Энди Ўткир ака мен томонга ўгирилиб олди.
– Шунақами? Қайси университетда, ким бўлмоқчисиз? – деб қизиқди.
Мен ўзимни анча тутиб олиб, бемалол суҳбатлаша бошладим.
– ТошДУда, журналист бўлмоқчиман.
Бу гапим у кишини қизиқтириб қўйди.
– Ие, зўр-ку. Ҳамкасб эканмиз-да, – деди жилмайиб. – Нечанчи курсдасиз?
– Иккинчи… Фақат кечқурун ўқийман.
– Кундузгига киролмадингизми?
– Мен келганимда журналистиканинг кундузгиси йўқ экан. Тошкентликлар кечкига, вилоятдан келганлар сиртқига қабул қилинар экан. Мен ноилож сиртқига топширдим. Аммо кечкида ўқийдиганлар билан ўқишга қатнаб юрибман. Кейинчалик кундузгига ўтарман.
– Кундузи бирон жойда ишлайсизми?
– Ҳа. Аввал қурилишда ишладим. Яқинда “Ўзбекистон маданияти” газетасига ишга кирдим.
– Зўр-ку, – деди Ўткир ака, астойдил хурсанд бўлгани сезилиб турарди. – Лазиз акадами? У киши зўр олим. Университетда ҳам дарс беради.
– Биламан, бизга ҳам дарс ўтганлар.
– Яхши қипсиз. Мен ҳам аввал сиртқи бўлимда ўқиганман. Кейин кундузгига ўтганман. Журналистикада редакцияда ишлашнинг аҳамияти катта. Мен “Тошкент ҳақиқати” газетасида ишлайман. Бир келинг редакцияга, гаплашамиз, – деди меҳрибонлик билан.
Шундан кейин бир-икки у кишининг олдига бордим. Нима ёзишим билан қизиқди. Хуллас, анча яқинлашиб қолдик. Ўткир аканинг бирин-кетин янги асарлари чиқа бошлади. “Шамол эсаверади”, “Одамлар нима деркин” қиссалари эълон қилинди. Айниқса, “Баҳор қайтмайди”, “Қалбингга қулоқ сол” қиссалари унга шуҳрат келтирди. “Баҳор қайтмайди” бўйича телережиссёр Мираббос Мирзааҳмедов кўп қисмли телефильм ишлади. Бу эса асар довруғини янада оширди.
Кейин “Нур борки, соя бор”, “Икки эшик ораси”, “Дунёнинг ишлари”, “Тушда кечган умрлар” каби асарлари чиқди. Бир қанча пьесалари пойтахт ва вилоят театрларида саҳнага қўйилди.
Мен Ўткир аканинг барча асарларини санаб ўтиш ва таҳлил қилишдан тийиламан. Улар ҳақида кўп ва хўб, ёзилган. Хусусан, Озод Шарафиддинов, Бахтиёр Назаров, Умарали Норматов, Абдуғафур Расулов сингари устоз адабиётшунос ва мунаққидлар теран таҳлил қилишган. Қолаверса, бу асарларнинг барчасини китобхонлар севиб ўқиган. Ўткир Ҳошимов китоблари қайта-қайта нашр қилингани ва 80 йиллардаёқ асарлари ададига ишора ўлароқ “миллионер ёзувчи” номини олгани ҳам бу фикрга далил бўла олади. Ўткир аканинг аввало фарзанд, сўнгра ёзувчи сифатида онасига бўлган ҳурмати, муҳаббати хусусида мухтасар фикр юритмоқчиман.
Онани йўқотиш ҳар бир фарзанд учун оғир жудолик. Онанинг неча ёшга боргани, фарзанд неча ёшдалиги, мансаби-ю жамиятдаги мавқейининг аҳамияти йўқ. Онадан айрилиш энг оғир мусибат. Албатта, бу мусибатни ҳар ким ҳар хил қабул қилади, бошдан ўтказади. Ана шу нуқтаи назардан Ўткир Ҳошимовнинг онаси вафотидаги ҳолати сира хотирамдан чиқмайди. Жанозада қатнашган эдим. Очиғи, ўша куни Ўткир аканинг ҳолатини кўриб, йиғламаган одам қолмади, десам ишонаверинг…
Орадан кўп ўтмай Ўткир ака “Дунёнинг ишлари” деган гўзал бир китоб иншо қилди. Бу китобни шунчаки ўқиб бўлмайди. Ҳар қандай бағритош одамнинг ҳам юраги зирқираб кетади уни ўқиганда. Она тўғрисида, уларнинг буюклиги, ўрни ҳақида не-не улуғ зотлар ёзган. Ўткир Ҳошимов бу ниҳоятда қадимий, мангу ва айтиш мумкинки, табаррук мавзуга мутлақо бошқача ракурсда ёндашган. Ўзбек оналарининг нақадар меҳрибонлигини, оиласига, фарзандларига, ҳатто қўни-қўшниларига меҳр-мурувватини ғоят аниқ деталлар билан содда тилда тиниқ ифодалаб берган. Ушбу асарни ўқиган ҳар бир ўзбек ўз онасини тасаввур қилади. Зотан, улуғ шоиримиз Абдулла Орипов ёзганидек,
Она кетса, юлдуз-ку юлдуз,
Қулаб тушса арзийди осмон.
Биргина мисол келтираман. Анча йил олдин Тошкентга келган америкалик ўзбекшунос бир олима “Дунёнинг ишлари”ни ўзбек тилида ўқиб, дод солиб йиғлаб юборади, онасини жуда қаттиқ, чидаб бўлмас даражада соғинганини айтиб, сафарини охирига етказмай уйига қайтиб кетади. Ўйлайманки, бу мисолга изоҳ-у таҳлилнинг ҳожати йўқ. Юқорида эслаганимиз режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов шу қисса бўйича кўп қисмли телефильм ишлади. Ўзбекистон халқ артисти Саидкомил Умаров бош қаҳрамон ролини қойилмақом қилиб ижро этган. Бу фильм шу пайтгача Ўзбекистон телевидениеси орқали неча марта намойиш этилди – аниқ айтиш қийин.
Бу китоби билан Ўткир Ҳошимов нафақат ўз онасига, умуман, заҳматкаш ўзбек Оналарига мангу ҳайкал қўйди! Китоб рус тилида ҳам нашр этилди. Уни муаллифнинг ўзи таржима қилган. Зеро, асардаги туйғуларни, ҳаяжон-у армонларни ҳеч ким – энг маҳоратли, энг зўр мутаржим ҳам муаллиф даражасида ҳис эта олмасди…
Ўткир Ҳошимов адиблик билан ижтимоий фаолиятини қўшиб олиб борди. Турли масъул лавозимларда ишлади. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари, “Шарқ юлдузи” журналида бош муҳаррир, Олий Мажлиснинг Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси каби масъулиятли лавозимларда самарали меҳнат қилди. Ижтимоий фаолияти давомида асарларида куйланган адолат, ҳалоллик, инсон қадри, миллатимиз шаъни ва обрўйини улуғлаш, она тилимизнинг нуфузи ва мавқейини кўтариш, нафосатини намойиш этиш, муқаддас динимизни қадрлаш каби эзгу ишларга алоҳида эътибор қаратди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги илк мухтасар тафсири шайх Алоуддин Мансур таржимасида айнан Ўткир Ҳошимов бош муҳаррирлик даврида “Шарқ юлдузи” журналида босилди.
Биз Ўткир ака билан доимо ҳамкорликда ишладик. Айниқса, у киши Олий Мажлиснинг Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси бўлиб ишлаган йилларда (1995–2005) жуда бақамти фаолият олиб бордик.
Ўша кезлари мен Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари эдим. Лавозимим тақозосига кўра Олий Мажлис йиғилишларида, бошқа юқори идоралар, нуфузли ташкилотларда бўладиган мажлисларда қатнашардим. Ана шу машваратларда кўпинча Ўткир ака билан учрашар, суҳбатлашар, айрим муҳим масалалар юзасидан маслаҳатлашар эдик. Шунақа гаплар орасида Ўткир ака “Ижод нима бўляпти? Бирон нарса ёза оляпсизми? Вақт бўляптими?” деб сўраб қоларди. Сезардим, бу гапни ички дард билан, ўтаётган вақтга ачиниш билан айтарди. Мен кулиб қўя қолардим. Бу кулгининг маънисини у киши яхши биларди. “Тушунаман… Лекин ҳаракат қилинг… Сиз-у биздан қоладигани шу бўлади”, дерди. Кошки эди, у вақтларда бирон нима ёзишга имкон бўлса. Оқ қоғозни қораламоқ кетмон чопиш эмас-ку… Аммо ҳеч кимга ҳеч нимадан нолиганим йўқ. Ўша ишларни ҳам кимдир қилиши керак эди-да. Ҳамма ўзини четга олса, фақат шахсий иши билан машғул бўлса, у ишларни ким қиларди?.. Ҳар не вақти-соати келганда амалга ошар экан. Шукур қилмоқ керак…
Шу мазмунда кўп гурунг қилганмиз Ўткир ака билан…
Менинг ижодий фаолиятимда ҳам Ўткир аканинг ёрдами ва маслаҳати кўп бўлган. Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинишимда тавсиянома берганини, бир ҳикоялар тўпламимга тақриз ёзиб, нашриётга тавсия этганини унутмайман.
Ўткир ака кўнгли очиқ, самимий, дилкаш, ўзгалардан, хусусан, ёшлардан ёрдамини аямайдиган бағрикенг инсон эди.
У киши умрининг сўнгги йилларида оғир дардга чалинди. Охирги марта кимнингдир жанозасида кўрдим. Оғир жарроҳлик амалиётини ўтказганидан хабарим бор эди. Анча ўзини олдирган, аммо руҳи тетик, айниқса, кўзлари чақнаб турган эди. Бу ҳол у кишининг иродаси мустаҳкам эканидан далолат берарди.
Ўткир Ҳошимов 2013 йилда бу фоний дунёни тарк этди. Адиб бундай ёзган эди: “Яхши фарзанд ота умрини давом эттиргани каби яхши асар ёзувчи умрини давом эттиради”. Ўткир аканинг асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда, ҳамон севиб ўқилмоқда. Демак, ёзувчининг умри давом этмоқда.
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 августдаги 31-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



