Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


28.11.2025 | 10:20

img158

АТОМДАН КУЧЛИ…

ЎзФА Ядро физикаси институти директори, академик Илҳом СОДИҚОВ билан суҳбат
Суҳбатдош: Зарнигор ИБРОҲИМОВА

– Домла, келгуси йил ядро физикаси тарихи бошланганига 130 йил, институт ташкил этилганига эса 70 йил тўлади. Аммо ҳамон “ядро”, “атом” сўзларини ҳарбий қурол тури сифатида билиб, ҳадиксирайдиган одамлар йўқ эмас. Суҳбатни мураккаб фан соҳаси билан шуғулланувчи ушбу даргоҳ фаолияти билан танишишдан бошласак.
– “Атом бомбаси”, “ядро уруши” атамалари дунё аҳолисини сескантириши бор гап. Аммо илм-фан оламида нарсалар ўз моҳиятини ўзгартиради, аниқроғи, асл моҳиятига кўра баҳоланади. Ядро физикасидан ажал қуроли ясашда ҳам, ҳаётни сақлаб қолувчи дорилар яратишда ҳам фойдаланса бўлади. Илм эзгу мақсадга йўналтирилса, инсоният фаровонлигига хизмат қилади, одамзод манфаат­лари учун ихтиро ва кашфиёт қилган олимлар ҳам муно­сиб рағбатлантирилади. 1954 йили Обнинск шаҳрида дунё­да биринчи атом электр станциясининг ишга туширилиши атом энергиясидан нафақат уруш, балки тинчлик мақсадларида фойдаланиш мумкинлигини кўрсатувчи илк қадам бўлди. Шу йилларда ядро физикаси йўналишида бир қатор илмий институтлар ташкил қилина бошлади. 1956 йил март ойида Дубна шаҳрида Ядро тадқиқотлари бирлашган институти, сентябрь ойида эса Тошкентда бизнинг Ядро физикаси институтимиз ташкил этилган. Игор Курчатов, Анатолий Александров, Юлий Харитон, Убай Арифов ва Содиқ Азимов каби таниқли олимлар институтнинг асосчилари эди.
Марказий Осиёда энг йирик илмий марказлардан бири ҳисобланган институт майдони 314 гектар бўлиб, таркибида олтита ноёб ядро-физикавий қурилма, 14 та энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Улар ёрдамида ядро физикаси йўналиши бўйича зарур бўлган жамики тадқиқотларни комплекс равишда олиб бориш мумкин. Шунинг учун ҳам бошқа институтлар, ҳатто, бошқа давлатлардан кўп мутахассислар шу ерда тажриба ўтказишга ҳаракат қиляпти.
Энг зарур қурилмалар, барча ядровий зарралар манбалари ва янги авлод техника­ларининг бир жойда жамлангани уларда жуда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу илмий ҳамкорликнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиб келяпти.
Институтимизда ядро физикаси, қаттиқ жисмлар физикаси ва материалшунослик, радиокимё ва ядро аналитикаси, ядро энергетикаси, илмий асбоб­созлик йўналишлари бўйича тадқиқотлар олиб бориляпти.
Институт ишланмалари Республикамиз ва ундан ташқарида ҳам кенг амалиётга татбиқ этилмоқда. Нефть-кимё ва тоғ-конь саноатлари учун технологик назорат қурилмалари етказиб берилмоқда ҳамда саноат чиқиндиларидан олтин ва кумуш қолдиқларини ажратиб олиш имконини берувчи амалий ишлар олиб борилмоқда. НКМК, ОКМК ЎзҚҚЧМ асосий ишлаб чиқаришларига қўшимча равишда ўта тоза скандий, рений, теллур палладий ва бошқа металларни ажратиб олиш технологиялари ишлаб чиқилди.
Институтда радиоактив манбалар ҳолати назо­рати, аттестацияси ва хизмат қилиш вақтини узайтириш бўйича тизим, шунингдек, бутун Республика ҳудудидан радиоактив чиқиндиларни йиғиб олиш ва кўмиш ишлари йўлга қўйилган. Радиоактив ва ядро материалларнинг ноқонуний айланиши олдини олиш мақсадида, уларнинг оз миқдорини ҳам аниқлаш имконини берувчи тизим яратилди. Институт махсус хизматлар учун контрабанда материаллари экспертизасини қилиб беради. Институт ўзининг аналитик хизмати билан атроф-муҳитни ҳимоя қилишда фаол иштирок этиб келяпти. Сув ва ҳавони тозалашнинг эффектив тизимларини яратганмиз.
Тиббиёт соҳасида импорт ўрнини босувчи радиодиагностик ва радиотерапевтик маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, радиациявий ва кимёвий стериализатсия услублари яратилди, турли касалликларда микроэлементлар ролини аниқловчи аналитик услублар яратилди. Бу соҳада муассасамиз азалдан нафақат Марказий Осиё ёки МДҲ ҳудудида, балки дунёда ҳам етакчилардан бири ҳисобланган. Боиси, бизда радиокимё мактаби жуда яхши ривожланган. Бугун ушбу мактабни янада кучайтириш устида ишлар олиб бориляпти. Тадқиқотлар натижалари, яъни биз ишлаб чиқараётган радио­фармацевтик маҳсулотлар бутун дунё­га танилган. Институтимиз номини радиофарматсев­тик препаратлар ишлаб чиқариш соҳаси­даги дунёнинг энг яхши ўнта ташкилоти рўйхатидан топишингиз мумкин.
– Келинг, радиокимё мавзусини давом эттирган ҳолда, унинг тиббиётдаги роли ҳақида гаплашсак. Хусусан, саратон касаллигини даволаш бўйича қандай изланишлар олиб бориляпти?
– Радиокимё деганда радиоактив моддалар кимёсини тушунамиз. Шу радиоактив моддалар билан ишлаб, шулардан турли маҳсулотларни ишлаб чиқариш институтимизда жуда яхши йўлга қўйилган. Ҳозирда 15 та радиоизотоп асосида 60 га яқин радиофарматсевтик дори воситалари ишлаб чиқариляпти. Булар асосан институтда ишлаб чиқилган технологиялар асосида тайёрланмоқда. Бу дорилар турли касалликларни, айниқса, кўпроқ онкологик касалликларни даволашда қўлланилади. Бу ерда, демак, институтда биз ҳам ташхис учун, ҳам терапия, яъни даволаш учун қўлланиладиган шу дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз.
– Бу ишлар шубҳасиз, беморлар кўнглига умид беради. Ишлаб чиқаришдан кейинги жараён: тарқатиш, етказиш, қабул қилиш ва самара бериш жараёни ҳам кузатиб бориладими? Халқаро майдонда талаб қандай?
– Шу мавзуда сира унута олмайдиган бир воқеа бўлган ҳаётимда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил май ойида Онкология марказига ташриф буюриб, тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилди. Менга ҳам сўз берилди. Давлатимиз раҳбари 2018 йилда институтимизга ташриф буюриб, янги лойиҳалар билан танишган, ўқув бинолари ва лабораторияларни жаҳон стандартлари асосида қуриш, энг замонавий технологиялар билан жиҳозлаш зарурлигини таъкидлаганди. Топшириқлар ижроси ва янгиликлар ҳақида маълумот бердим. Хусусан, радиофарматсевтик дори воситаларини ишлаб чиқариш давом этаётгани ва уларнинг 95-97 фоизи экспорт бўлаётганини айтдим. Шавкат Миромонович масъулларга қараб: “Бу экспортни нима қиламиз ҳозир? Буёғига биринчи ўринда халқимизга етказиб беринглар. Керак бўлса, экспортдан келадиган пулни ўзимиз берамиз”, дедилар. Шунда Ўзбекистонда бу дори воситаларидан фойдаланиш учун керак бўладиган асбоб-ускуналар, лабораториялар етишмовчилиги борлиги, кадрлар тақчиллиги маълум қилинди. Давлат раҳбари бу бўйича махсус топшириқлар берди ва бугун сиз бунинг натижаларини кўриб турибсиз.
Бугун клиникаларга етказиб бераётган дориларимиз миқдори беш баробарга ошди. Чунки фойдаланиш имконияти пайдо бўлди. Зарур асбоб-ускуналар келди. Эндиликда юртимиздаги олтита клиникада маҳсулотимиздан фойдаланиб беморларга ташхис қўйилиб, даволаниляпти. Бу воситалар асосан жарроҳлик йўли билан даволаб бўлмайдиган, кимёвий терапия таъсир қилмайдиган ҳолатларда ишлатилади.
Маҳсулотларимиздан бири Лютеций-177-ПСМА-617 дори воситаси простата бези сара­тонини даволашда юқори самара бер­яп­ти. Тошкентдаги Нано медикал клиник касал­хонасида шу радиофарматсевтик дори восита­сининг қўлланилиши 92 фоиз ижобий натижа берди. Самарий-153-Оксабифор препарати эса суяк метастазасида оғриқни бутунлай қолдириб, ўсимта ўсишини тўхтатиб туради. Тўғри, буткул йўқотиб юбормайди, лекин етиб келган даражасида ремиссияда ушлаб туриб, 6 ойгача оғриқсизлантириб беряпти. Олинган натижалар ҳақида бир нечта илмий конференцияларда маъруза қилинган. Қалқонсимон безнинг турли касалликларини даволашда, Йод-131 изотопи асосида олинган дори воситаларимиз кенг қўлланиляпти. Жияним яқинда худди шу касалга чалинди. Бориб, шундан иккита дозасини олиб, ҳозир анча ўзини яхши ҳис қиляпти.
– Шу ўринда савол туғилади: бу ноёб дориларни аҳолининг чўнтаги кўтарадими?
– Жуда ҳам ўринли савол. Радиофарматсевтик препаратлар билан даволаш бутун дунёда жуда қимматга тушадиган муолажа ҳисобланади. Лекин бизнинг маҳсулотлар Ўзбекистон ичида анча арзон нархларда етказиб бериляпти. Айтайлик, юқорида айтилган суяк саратонини даволаш ва оғриқсизлантиришда ишлатиладиган “Самарий-153 оксабифор” дориси Европа Иттифоқи давлатлари учун битта дозаси 2,5 минг евро нарх билан ишлаб чиқарилади, бошқа давлатларга 2 минг 700 евродан сотилади. Биз шу дорини 60 евронинг сўмдаги эквивалентида, яъни 700 минг сўмдан етказиб беряпмиз.
Ҳатто, чет элдаги ҳамкасбларимиз ҳам мазкур дориларни бундай нархда сотиш мумкинлигига ишонмайди. Лекин бу факт.
Яна бир мисол, дунё бўйича ишлатилаётган ва ишлаб чиқарилаётган Йод-125 радиоизотопининг 80 фоизи Ядро физикаси институти қошидаги Радиопрепарат корхонасида ишлаб чиқариляпти. Бу дунёдаги энг қиммат дорилардан бири ҳисобланади. Лекин ҳамма шуни сотиб оляпти. Нимага? Чунки бизнинг маҳсулотимиз тозалиги бўйича иккинчи ўринда турадиган маҳсулотга нисбатан 10 минг марта тоза.
Хулласи калом, маҳсулотларимизнинг биринчи таъминланувчиси – Ўзбекистон. Кейин дунё бўйлаб Австралиядан бошқа ҳамма қитъаларга етказиб беряпмиз.
– Институт тарихини ўрганиш жараёнида бир фактга дуч келдик. Илмий ва ишлаб чиқариш фаолияти давом этаётган бир паллада жараён тўхтатиб қўйилган экан…
– 2015 йил сентябрь ойида Вазирлар Маҳка­масининг қарори билан институт ёпиладиган бўлди. Бу вақтда реакторимиз ишлаб турган эди, реакторнинг ёқилғиси жуда қиммат. Шунинг учун бир неча миллион долларга сотиб олинган ёқилғи тугагунча кутайлик, қолаверса, экспорт бўйича узоқ муддатли жавобгарлигимиз бор, деган маънода фаолиятимизни бир йилга узайтириб турдик. Кейин институт ёпилди ва икки қисмга бўлиниб, бир қисми Фавқулотда вазиятлар вазирлигига, иккинчиси – илмий лабораториялар қисми эса Миллий университетининг Физика факультетига берилди… Аммо тугатиш, бузиш ишлари охирига етмади.
Ўзбекистонда ислоҳотлар даври бошланиб, 2016 йил декабрида Шавкат Миромонович олимлар билан учрашув ўтказди. Шу ерда Ядро физикаси институти қайта тикланиши тўғрисида биринчи марта айтилди. 2017 йил февраль ойида Президентнинг махсус фармойиши эълон қилинди. Март ойидан реакторни ишга туширдик.
16 йилнинг ёзи. Институтда буза-буз авжида. Шу пайтда чақириб қолишди, ташқарига чиқсам, бир аёл – онаизор менга ёлвориб, саратонга чалинган боласига дори излаб келганини айтди. Мен: “Кечирасиз, реакторимиз ўчирилган, тўхтаган. Бу ерда бинолар бузилиб, ремонт бўляпти. Институтимиз ёпилган, биз ишлаб чиқаза олмаймиз буни”, десам, Худонинг зорини қилиб йиғлаяпти. Чорасизликдан инсон йиғлаб турганда ичингиз қон бўлиб кетади-да. Ҳар куни кимдир келади, қўнғироқлар тўхтамайди. Мана шунақанги пайтда нима қилишингизни билмай қоласиз-да, қизим.
Худога шукур, муҳтарам Президентимиз ташаббуси ва қўллаб-қувватлови билан Мар­казий Осиёда ягона шу турдаги реактор, Ўзбекистондаги танҳо бўлган шундай институт қайта тикланди.
Аммо ёпилиш асорати ҳали тўлиқ битмади. Кўп мутахассисларимиз кетиб қолди. Баъзи йўналишларимиз беркилди. Мана, олти-этти йил ўтди, лекин баъзи тадқиқотларимизни ҳалигача қайтадан тиклаб ололмаяпмиз.
– Бунга сабаб нима?
– Бизнинг ядро реакторимизни бир тана десак, унинг қони – ёқилғи. Ҳозиргача 2018 йилда Президент топшириғи билан сотиб олинган ёқилғини сарфладик. У ҳам ниҳоясига етяпти. Февраль-март ойида тугайди. Агар янги ёқилғи сотиб олмасак, реактор тўхтайди. Ҳозир ёқилғи сотиб олиш устида ишлаяпмиз. Бу жуда мураккаб жараён: ҳужжат иши дейсизми, халқаро муносабатлар-у молиявий таъминот…
Энди бир вақтлардагидай ўз ҳолига ташлаб қўйилган ташкилот эмасмиз. Ҳукумат ва Фанлар академияси бу борада чора-тадбирларни кўрмоқда. Бу йил тўрт дона ёқилғи тўпламини сотиб олдик, улар ҳозир йўлда, 56 таси эса келаси йил февраль ойида келади. Агар шуни оладиган бўлсак, яна беш-олти йил реактордан муаммосиз фойдаланиб, тадқиқотларни ўтказиш ва шу билан биргаликда дори воситаларини ишлаб чиқаришни давом эттиришимиз мумкин бўлади.
– Илҳом Исмоилович, олимнинг ҳаёти, босиб ўтган йўли ва кўзлаган манзиллари ўқувчиларимизни бефарқ қолдирмайди.
– Ташаккур! Устозларимизга қиёслаганда биз ҳам пича иш қилдик. Ҳали олдинда ўз ечимини кутаётган масалаларимиз бор. Ҳар ҳолда янги авлоддан умидимиз зўр.
Ўзим ҳақимда айтадиган бўлсам, 1986 йил университетни тугатганимдан кейин мана шу институтга келганман. Менинг иш дафтар­чамда биттагина ташкилот номи турибди. Муҳандис сифатида келиб, кичик илмий ходимдан директорликкача бўлган вазифаларда меҳнат қилдим.
Қирқ йиллик умрим шу даргоҳ билан чамбарчас боғлиқ. Мен учун Институт – ҳамма нарса. Шахсий ёки оилавий манфаат­ларимдан кўра кўпроқ институт манфаатлари муҳим.
Охирги уч йилда радиофарматсевтик препа­ратлар ишлаб чиқариш йўналиши бўйича иккита фан доктори ва иккита фалсафа доктори тайёрладим. Шу йўналишга ҳозир жуда катта эътибор бериляпти. Ҳар йили бўлмаганда битта-иккита янги дори-воситасини ишлаб чиқариб, уни клиникаларга жорий қилиняпти.
Бундан ташқари, мана шу лабора­торияларимизда илмий тадқиқотлар турли йўна­лиш­­ларда олиб бориляпти. Шулардан бири – материалшунослик. Бу йўналишда иқтисодиётимиз учун зарур бўлган янги материалларни ишлаб чиқариш, уларни тадқиқ этиш, хоссаларини ўрганиш бўйича ишларни давом эттирамиз.
Ядро аналитикаси йўналиши бўйича катта ишлар олиб бориляпти. Масалан, мана, янги қурилаётган атом электр станцияси, собиқ уран конлар ҳудудини тадқиқ этиш бўйича минглаб, ўн минглаб таҳлиллар ўтказилди. Булар ўша ядро аналитикаси йўналиши бўйича бажариляпти. Ҳозир янги-янги услубларни ишлаб чиқиш устида илмий изланишлар олиб бориляпти. Биласиз, илм – атомдан кучли!
Қувонарли жиҳати, давлат томонидан тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантиришга тизимли эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги Қарори муҳим аҳамият касб этади. Чунки фармацевтика ривожи бевосита радиофарматсевтика тараққиётига ҳисса қўшади ва янги натижаларни қўлга киритишни тезлаштиради.
– Газетимизга вақт ажратганингиз ва муҳим маълумотлар учун раҳмат! Соғ-саломат бўлинг!

“Жадид” газетасининг 2025 йил 21 ноябрдаги 47-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img856