Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


08.07.2025 | 12:38

img199

БОҚИБЕҒАМГА БАХТ БЕГОНА

Уйғонмоқ машаққати, уйғотмоқ масъулияти ҳақида спектакль

Яқинда Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида таниқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Уйғон, болам!” асари асосида устоз режиссёр Олимжон Салимов томонидан саҳналаштирилган спектакль премьераси бўлиб ўтди. Қарши шаҳри шу куни бамисоли мамлакатнинг театр пойтахтига айланди. Премьерада вилоятда истиқомат қилаётган ижодкорлар, профессор ва ўқитувчилар, ёшлар, меҳнат фахрийлари билан бир қаторда Тошкентдан борган бир гуруҳ зиёлилар ҳам қатнашди.

Камина ушбу тақдимотга андак хавотир билан борганимни яширмайман. Гап шундаки, спектаклнинг адабий асоси бўлмиш ҳикояни аввалроқ адибнинг “Ишонч телефони” қиссасида ўқиган эдим. Яхши бадиий асарнинг саҳна ёки кино талқини эса ҳар доим ҳам кўнгилдагидек чиқавермайди. Хайриятки, бу галги хавотирим асоссиз экан. Бири адабиётда, иккинчиси саҳна санъатида довруқ қозонган адиб ва режиссёр тандеми натижасида реалистик услубда ёзилган, роҳатланиб ўқишга мўлжалланган наср намунаси асосида киройи томоша асари юзага келибди.

Театр санъатига хос абсурд, фожеийлик, комедия, фарс ва гротеск элементлари қоришиб кетган “Уйғон, болам!” спектаклида бугунги ҳаётимизнинг мураккаб, таъбир жоиз бўлса, парадоксал манзаралари кўрсатилган.

Асосий қаҳрамонлардан тортиб, эпизодларда бирров кўриниш бериб ўтган персонажларга қадар – барчаси томошабин йодида қолади. Кўп замондан буён аломат корхонада бири икки бўлмай ишлаб келаётган, “аммамнинг бузоғи” бўлмиш Худойберди, унинг сериалга муккасидан кетган ношуд-нўноқ хотини Маҳмуда, хўроз уриштиришга ишқибоз тўнғич ўғли Шоҳрух, бекорчихўжалик бобида акасига “дарс ўтадиган” “Санжай” (ота-онаси машҳур ҳинд актёрига чексиз муҳаббати боис уни шу ном билан атайди), “ойлиги туфлигимни йиртиб борганимга арзимайди” дея дурустгина ишларни ҳам назар-писанд қилмайдиган арзанда қиз  Ҳилола… Даъвоси осмон бу зоти мубораклар қаср-у кошонада яшаса керак-да, деб ўйласангиз адашасиз. Бу оила “Бир кун кўл, ўн кун чўл” қабилида вайрона бир ижара кулбада умргузаронлик қилади.

Тайинли даромади бўлмаган оилани камбағаллик ботқоғидан қандай олиб чиқиш мумкин? Ана шу муаммо ечимига шўнғиган бош қаҳрамон Бегмат Ражабович хитойлик буюк ислоҳотчи Ден Сяопин кўрсатмаларига таяниб, не бир кор-амал, не бир усул-услубларни қўлламайди дейсиз! Қавм-қариндошлар ёрдами билан Худойбердининг омонат уйини таъмирлатади, газ, сув, чироқ пулини тўлаб беришдан ҳам қочмайди, Шоҳрухни ички ишлар соҳасига ўқишга жойлайди, уй қуриш учун ҳокимликдан ер ундиради, иморат солмоқ учун ўз номига кредит олади. Қадрдонларини камбағаллик чоҳидан чиқармоқ учун уларнинг қўлига “балиқ” эмас, “қармоқ” ҳам бериб кўради.

“Уйида чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир” деганларидек, боқибеғам оила иморат учун олинган отнинг калласидек кредит пулини юбилей тантаналарига, кўчат пулини эса хўроз жангига сарфлаб юборади. “Боваси” Бегмат Ражабович қўлловида милиция капитани бўлган Шоҳрухбой енгилтак аёлга илакишиб жиноят кўчасига киради. Боқибеғамга бахт ҳам бегона!..

Алқисса, ҳожатбарор Бегмат Ражабовичнинг камбағалликка қарши курашиш йўлидаги барча саъй-ҳаракатлари чиппакка чиқади. Ҳатто “Хитой мўъжизасининг меъмори” Ден Сяопиннинг “Ер юзидаги миллионлаб одамларни қашшоқлик ботқоғидан халос этган олижаноб дастури” ҳам иш бермайди денг! Негаки, муаллиф киноя ила қайд этганидек, мазкур дастурда “камбағалнинг аммаси тўй қилса, кредит пулини тўёнага бервориш”, “қирқ-эллик ёшда ресторанда базми жамшид ўтказиш”, “бўғзигача қарзга ботса ҳам, юз-юз эллик килолаб ош тарқатиш” ҳисобга олинмаган-да! Энг асосийси, зуваласи танбалликдан олинган, боқибеғамлик ила қорилган эр-хотин-у ака-сингилда якранг, нурсиз ҳаётни тарк этмоққа жилла хоҳиш йўқ.

Ҳаёт ҳақиқатларини теран англаган муаллиф гўё замонга, замондошларига кўзгу тутади. Мард бўлиб айтайлик, ён-атрофимизда, маҳалла-кўй, хеш-ақраболар орасида спектакль қаҳрамонлари каби боқибеғам, танбал, осмондан чалпак ёғишини кутиб ўтирганлар йўқми?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳолини ишли қилиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли чоралар кўрилмоқда ва улар ижобий натижасини бермоқда. Афсуски, юртдошларимиз орасида бундай кўмаг-у ёрдамни суиистеъмол қилаётган, тўрт мучаси соғ бўла туриб, боқимандаликни касбга айлантираётганлар ҳам учраётир. Назаримизда, муаллиф гоҳ аччиқ киноя ва истеҳзо, гоҳ беғубор ҳазил-ҳузул орқали жамият эътиборини ана шу норасоликка қаратмоқни ҳам кўзлаган.

Спектаклда эр-хотин ролини ўйнаган актёрлар Шерали Шониёзов ҳамда Моҳичеҳра Абдураҳмонованинг ижросини алоҳида таъкидлаш лозим. Актёр бош қаҳрамон Худойбердининг орият-у ҳамиятни аллақачон унутганини хатти-ҳаракатлар, гап-сўзлар орқали таъсирли тарзда кўрсатиб берган.  Кун-уззукун қўни-қўшни билан кераксиз мавзуларда валақлашадиган Маҳмуда образи ҳам ишонарли талқин этилган. “Олманинг тагига олма тушиши” маълум – лоқайд, беғам ота-она тарбиясини олган болалар ҳам ўз ҳаётига ўзи эгалик қилолмайди.

Томоша асносида кўҳна бир ривоят йодимга тушди. Айтадиларки, шоҳ Анушервони одил замонида ҳалол меҳнат ортидан кун кечирмоқ шарафидан воз кечишга тайёр  бўлган текинтомоқларга ҳам мурувват кўрсатилибди. Жарчилар ишга бўйни ер бермайдиган мардум пойтахтга келиб, шоҳ қасри рўпарасида манзил тутиши мумкинлиги, уларга текин таом улашилиши ҳақида овоза тарқатибди. Бутун бошли мамлакатдан ўн етти танбал йиғилиб келибди. Ораларидан ҳар куни бир киши текин овқатни олиб келиши учун навбат белгилашибди. Аммо шу онданоқ жанжал, ур-тўполон бошланибди – бирортаси навбатчиликни бошлаб беришни истамасмиш…

Қиссадан ҳисса шуки, ҳамма замонда ҳам боқибеғамлик, текинтомоқликни касб этган тоифа мавжуд эди.

Қайд этмоқ жоизки, дунёнинг қийл-у қолига маҳлиё бугунги томошабинни “ибратхона”га олиб бормоқ осон эмас. Замонавий томошабин аввалгидек содда эмас. У бармоқларини смартфон экранига қўйганча, куррайи арз пульсидан воқиф бўлиб ўтирибди. Айни чоғда, замонавий томошабин сабр аталмиш неъматдан бебаҳра. Уни ҳайратга солиш, икки соат мобайнида ўриндиққа михлаш учун театр ижодкорлари фавқулодда тажрибаларга қўл урмоғи лозим бўлади. “Уйғон, болам!” ижодкорлари бу вазифани уддалаганига санъат саройида йиғилган турли ёш, турфа хил касб-кордаги замондошларимизнинг томоша асносидаги ҳайрат-у ҳасрат қоришиб кетган нигоҳлари шоҳидлик беради.

Улуғ маърифатпарвар шоир Чўлпон “Миллатни уйғотиш – уйғонганларнинг вазифаси”, деган эди. Спектакль давомида ҳам уйғониш сўзи бот-бот янграйди. Назаримизда, муаллиф боқибеғам бир оиланинг фожиасини кўрсатиш орқали ғафлат уйқусида ётган юртдошларимизни уйғотмоқни кўзлайди. Бамисоли “Бугун мудраш, уйқусираш, пинакка кетиш эмас, балки бедорлик замони, юрт равнақи йўлида белни маҳкам боғламоқ замони, яратмоқ, яшнатмоқ замони!” дея бонг уради. Асар бош қаҳрамони тилидан янграйдиган “То бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас” (“Раъд” сураси, 11-оят) деган илоҳий эслатма ҳам спектаклдан кўзланган мақсад-муддао нақадар чўнг, нақадар улкан эканини тасдиқлайди.

Театр санъатимизнинг атоқли намояндаси раҳматли Баҳодир Йўлдош саҳна санъатининг асосий вазифаларидан бири инсоннинг “учинчи” кўзи – басират нигоҳини очиш эканини таъкидлаган эди. Мазкур саҳна асари муаллифи ҳам қаҳрамонларининг басират кўзи очилишини орзу қилади. Демак, бу ўринда гап шунчаки уйқудан туриш ҳақида эмас, балки чинакам маънавий уйғоқлик ҳақида кетмоқда.

Бош қаҳрамон Бегмат Ражабовичнинг спектакль мобайнида тепса-тебранмас қариндошларини гоҳ фойдали касб-кор эгаллаш, гоҳ пухта билим олишга чорлаши бежиз эмас. Зеро, боқибеғамлик, текинтомоқлик каби иллатларга айнан фойдали меҳнат ва дуруст таълим-тарбия воситасида чек қўйиш мумкин.

Маънавий қашшоқликни бартараф этмагунча моддий фаровонликка эришиб бўлмайди. Ободлик кўнгил ободлигидан бошланади. Спектаклда ана шу ҳаётий ҳақиқатлар ҳам бадиий йўсинда намойиш этилган.

Муаллиф умидсизликка тушмайди, балки некбинликни маъқул кўради. “Камбағалликка қарши курашиш” дастурига мос равишда тайёрланган саҳна декорациясини йодга олсак. Бир-биридан фарқ қилмайдиган эгизак деразалар қоронғиликда гўё мудрамоқда. Не бахтки, ўнлаб деразадан уч-тўрттасида чироқ ёниб турибди. Бу – умид нури, ишонч ёғдуси. Демак, ҳамма ҳам тошдек қотиб ухламаяпти. Бедорлар бор, уйғоқлар бор! Улар эса, шубҳасиз, мудроқларни уйғотгуси!

“Ҳаммаси тугади, тугади ахир,

Парда туширилди, томоша тамом.

Бироқ саҳна узра ҳал бўлган тақдир

Менинг юрагимда қилмоқда давом”,

– деб ёзган эди шоир Рауф Парфи. “Уйғон, болам!” асари ҳам кўпчиликка ана шундай таъсир кўрсатди. Спектакль хотимасида анъанага кўра ижодкорлар саҳнага чиқишди. Мутаассир томошабин ижодкорларни самимий олқишларга кўмди. Спектакль воқеалари театр саҳнасидан энди кўнгил саҳналарига кўчди…

Олимжон ДАВЛАТОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори

“Жадид” газетасининг 2025 йил 4 июлдаги 27-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img829

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img822

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857