Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


05.12.2025 | 13:41

img176

ЧЎЛПОН ВА “ГУЛИСТОН”

Ўзбек матбуоти тарихида муаззам ўрин тутадиган журналлардан бири – “Гулистон” бу йил 100 ёшга тўлди. Журнал дастлаб “Ер юзи” номи билан ўзбек мумтоз ёзуви – арабий имлода нашр бўлган. “Қизил Ўзбекистон” газетаси негизида юзага келиб, бир ойда икки дафъа босилиши йўлга қўйилган бу журнал ўз даврида жуда машҳур эди.

Зиё Саид “Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар” асарида “Ер юзи”нинг русларда нашр бўлаётган “Огонёк” журналига ўхшаши ва “жуда тез фурсатда ўз ўқувчиларини” топганига урғу беради. Икки йил чиқиб, иқтисодий тангликка учраганини ҳам ёзади.

“Ер юзи” мамлакат ичкарисидаги тузумга, Шарқ ва Ғарбдаги ижтимоий-сиёсий ҳодисалар, маданий-маърифий, адабий-илмий янгиликлар, тарих ва санъатнинг барча турларига эътибор берган.

Дейлик, 1916-йилги воқеалар ҳақида 20 йиллар ўрталарида “Равот қашқирлари” билан бир паллада Казимир Гертел режиссёрлигида “Масжид гумбазлари остидан” номли кинофильм ишланади. Бу ҳақда журналда босилган мақолада: “Ўн олтинчи йил – чор ҳукуматининг истибдодига маҳаллий халқнинг чидай олмай, унга қарши қўзғалғон йили. Жиззахнинг тўпға тутилиши, халқининг тоғ-тошларға ҳайдалиши, юзларча  камбағал оилаларнинг уйсиз-жойсиз мунтазир қолиши, хотин-қизлар, йигит-яланглар, бола-чақаларни унутилмас қайғулар босиши ва Тошкант каби бир кўб шаҳарларда қонли уринишлар­нинг юз кўрсатиши – ҳаммаси ўн олтинчи йил аламли эсдаликларидандир”, деб ёзилади.

Бу “аламли эсдаликлар” хусуси­да: “Воқеани бўлғонича картинага олиш билан қолмасдан, унинг сабаб­ларини очиш йўлида ҳам ҳаракат қилинди: истибдод ҳукуматининг дав­лат ташкилотига ишонғон фабрика эгаларининг фаолиятлари, Оврўпо муҳо­рабасининг келиб чиқиши натижасида чор ҳукуматининг мустамлака­лар устида ўйноғон ўйинлари, зулмлари, ваҳшатлари ва бошқа шунга ўхшағон кайфиятлар асосий воқеага аралаштирилиб юборилғон” тарзидаги аччиқ ҳақиқат баён қилинади.

“Ер юзи” журнали сўз санъати – бадиий ижод учун махсус саҳифалар ажратиб, унда ўзбек адибларининг шеър ва ҳикоялари, чет эл адабиётидан таржималар босилади. Шу боис, “Ер юзи”да ўз даврининг фаол зиёлиси Абдулҳамид Чўлпон пайдо бўлади. Шоир журналнинг дунёга келганидан қувониб, “Бу нима нарса?” номли шеър ёзади:

“Бу нима нарса?” –
Деб ҳар ким сўрса,
Дейман: “Ер юзи”.
Ҳар ерда юрар,
Ҳар шайни кўрар:
Дунёнинг кўзи!
Дунёни овлар,
Ҳар кимни товлар:
“Фотохон” қизи!
Китобга қўлдош,
Газетга йўлдош:
Омманинг сўзи!
Тили ўқимли,
Элга ёқимли:
– Ўзбекнинг ўзи!

(“Ер юзи” журнали,
1925 йил, 1-сон).

Шеърдаги “шай” – “нарса” маъно­сини англатади. “Фотохон” – журнал­нинг суврат­ларига ишора. Зеро, “Ер юзи”да турли оқ-қора ва баъзан рангли расмлар ҳам берилар эди. Чўлпон янги майдонга келган нашр учун шундай шеърий бағишлов ёзди ва журнал билан яқиндан ҳамкорлик қилди.

Чўлпон янги нашрдан умид­ланади. Бу даврда шоир яна аввалги шиддатини соғинади, қаламини эркин қўйиб, кўнглини тугал тўкишни истайди. Эрксизлик билан шеърсизликка нисбатан: “Сенсиз кунларда яна Бўшлиқ тўлди кўнглимга”, деб ёзади. Шоир ўзининг асл шеърий дардини соғинади:

Яна ҳамдамсиз қолдим,
Кўнглимга алам олдим,
Қўлимга қалам олдим,
Яна жинланмакчиман!

“Ер юзи”даги адабий муҳит шоирга шундай умид ва илҳом беради. Чўлпоннинг қаландарона, далиёна шеърлари кўп. 1927 йилга келиб, ўша пафосдаги шеър истагани учун: “Яна жинланмакчиман!” дейди баралла. Шу биргина мисра воситасида Чўл­пон шеъриятининг умуммоҳиятига ташхис қўйса бўлади. Афсуски, шоирнинг айни ниятига етиши қийин кечди. Ўзи аввалроқ сезиб айтадики:

Муҳит гирдобида
бир сомон парча,
Бир похол чўпидек
оқиб борамен.
Ҳар амал, ҳар ишни
“ҳақ” деб борамен,
Вазминим қолмади
бир узук қилча…

Муҳит кучлилик қилади, шоир қанчалик “жинлан”ишларини соғинмасин, барибир ўзини “муҳит эркига” топши­ришга мажбур бўлади. Шу боис, Чўлпоннинг “Ер юзи” номи ўзгариб, “Гулистон” бўлган кезларда ёзган  ва айни журналда босилган “Шаҳримиз қучо­ғида” (1935 йил 11-12-сон), “Бу ўлка­нинг кўклами” (1936 йил 5-сон) каби шеърларида давр адабий сиёсати билан муросага келиш кайфиятлари сезилади:

Бу ўлканинг кўклами
жуда ҳам намгарчилик,
Қуёш булутлар билан
ўйнашади, шекиллик…
У сенинг оловингдан
мўл-кўл ҳосил олажак,
Сени ҳам бора-бора
ўз йўлига солажак!..

“Бу ўлканинг кўклами” номли айни шеърда жинланиш кўчасига киролмай иложсиз галдираб юрган шоир ҳоли кўринади. Табиийки, бу шеърлар унинг аввалги “Уйғониш”, “Булоқлар”, “Тонг сирлари” номли уч тўпламидаги пафосдан фарқли ўлароқ, “Соз” мажумасида берилган шеърларга ҳамоҳанг эди. Баҳарҳол, XX асрнинг 20–30 йилларида даврий матбуот­да босилган шеърлари хронологияси Чўл­пон адабий-ижодий биографиясини намоён қилади. Жумладан, “Ер юзи” билан “Гулистон”даги шеърлари Чўлпон ижодининг муҳим бир жиҳатини тасаввур қилишга ёрдам беради.

Чўлпон шоирлик билан бир қаторда, бадиий адабиёт, санъат, саҳна, қардош халқлар адабиёти каби масалалар юзасидан қарашларини ҳам матбуотда ўз вақтида баён қилиб борар эди. Ўзбек даврий матбуоти саҳифаларида унинг ўткир қаламидан чиққан поэтик сўзи, эътиборли фикр-мулоҳазалари жуда кўп.

Ҳали ўспирин палласида “Адабиёт надур?” мақоласида айтилган “Ада­биёт яшаса – миллат яшар!” деган гапи афоризм бўлиб тарқалди. “Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмағон ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолиб, секин-секин инқироз бўлур, – дейди Чўлпон. – Адабиёт чин маъноси ила ўлғон, сўнғон, ўчғон, мажруҳ, ярадор кўнгилга руҳ бермак учун фақат вужудимизға эмас, қонларимизга қадар сингиш­ғон қора балчиқларни тозалай­дир­ғон, ўткур юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат  суви, хиралашғон ойна­ларимизни ёруг‘ ва равшан қиладирғон, чанг ва тупроғлар тўлғон кўзларимизни артуб тозалайдирғон булоқ суви бўлғонликдан бизға ғоят керакдир”.

Бу ўринда ёш Чўлпон бадиий адабиётнинг метафорик табиатига, таъсир қувватига диққат қаратади, бадиий адабиётни ўзига хос йўсинда таърифлайди ҳам. Чўлпон ўз адабий, ижтимоий, маърифий қарашларини “Адабиёт надур?” мақоласидан кейин то қатағон кунига қадар йигирма йилдан кўпроқ давр мобайнида матбуотда қайсидир йўсинда баён қилди, муно­сабат билдирди. Аввал “Ер юзи” ва давомидан “Гулистон” журнали, табиийки, Чўлпон учун фикр тарқатиш минбари вазифасини ўтади.

“Ер юзи”да унинг “Маскавдаги драмстудиямиз” (1926), “Меерхўлд тиётри” (1927), “Яна уйланаман” (1927), “Турсуной саҳнада” (1928) каби мақолалари босилди. Уларда Чўл­­поннинг адабий дунёқараши, санъатга, театр саҳнасига муносабати ўз ифодасини топди.

Чўлпон Москвада яшаган маҳали театрда эмакдош бўлиб иш­лайди. Вазиятни ичдан кўради. Шунга кўра, “Маскавдаги драмс­тудия­миз” мақоласида ўша ерда ташкил этилган ўзбек театрининг моддий ва маънавий ҳолидан сўз очади. Театр репертуаридан Молернинг “Хасис”, Гогол­нинг “Тафтишчи” (“Ревизор”) сингари машҳур драмалари қаторида Чўлпоннинг “Ёрқиной” пьесаси ҳам ўрин олади.

Ҳар иш эгасига топширилса, ривож­ланиш, тараққиёт бўлиши мумкин. Нафақат ижтимоий ёки иқтисодий, балки санъат соҳасида ҳам шу ҳақиқат зуҳур этади. Драмстудия борасида Чўлпон ёзади: “Санъатни тушунган кишилар келдилар, кўрдилар, ҳарорат билан олқишладилар. Ана шу олқишлар, ана ўша самимий алоқа студияга руҳ берди; бу олқишлар бу кун бир ҳовуч бўлсалар ҳам, самимий бўлғонлари учун келгусида у ҳовучларнинг ҳеч қаерга сиғмай кетишига қатъий имон келтирадилар”.

Мақолада “Меерхўлд тиётри”нинг бошидан ўтказган тарихи, баҳс-мунозаралари, театрга Меерхолд номининг берилиш сабаби ва унинг индивидуал жиҳатлари ёритилади. Театр Гоголнинг “Тафтишчи” асарини саҳнага қўйганида, унга берилган баҳолар турлича бўлади. “Тафтишчи”га баҳо беришда Масков билан Ленинград танқидчилари иккига бўлиндилар,  деб ёзади Чўлпон. “Масков сўкади, Ленинград махтайди. Бу сўкиш ва махташлар тўғрисида гапирмак учун ҳам яна айрим мақолалар ёзиш керак. Шунинг учун қисқа қилиб шунигина айтамизким, Масков мунаққидлари Меерхўлдни “ўнгла­шиб кетиш”да айблайлар, Ленинград мунаққидлари эса Меерхўлднинг “Тафтишчи”сидан Гоголнинг чин руҳини топалар ва янги ҳеч ким тополмаған нарсалар топилғанини даъво қилалар”.

Маълумки, “Тафтишчи” (“Ревизор”) драмаси ҳали шу кунга довур театр репертуарларидан тушмайди. Ва табиий­ки, лозим бўлса, театршунослар учун бугун ҳам мунозара ва муҳокама майдони бўла олади.

Чўлпон бу каби мақолаларида Клара Сеткин, Бела Кун, С.Будённий, Э.Верхарн, В.Маяковский каби ўзи­га замондош шахслар номларини ҳам келтиради. Бир мақоласида “Яна уйланаман” сарлавҳасидан кейин “Маскавдаги драмстудиямизнинг бу йилги ишларидан” деган тагсарлавҳа берилади. Аввалги мақолага монанд бунда ҳам адабий-маданий муҳитдан сўз очилади. “Яна уйланаман” асарининг саҳнага қўйилиши борасида фикр юритилади. Унга матбуотда берилган баҳо билан таништирилади. Шунингдек, ёш ўзбек театрининг муваффақиятини тушунтириб: “Бу ерда шунигина айтиб ўтиш лозимдирким, ўзбек театри – ҳали ёш ва бола бўлишиға қарамасдан – турли театр маслаклари билан амалий танишишда кенг йўл билан бормоқдадир”, деб  ёзади ва Юсуфжон қизиқ Шакаржонов фаолиятига яхши баҳо беради.

“Ер юзи”да босилган “Турсуной саҳнада” мақоласида итальян драма­турги Карло Голдонининг “Икки бойға бир қарол” драмасида Клариче ролини ижро этган ва манглайига фожиали қисмат битилган Турсуной Саида­зимованинг маҳорати тўғрисида фикр юритилади (“Ер юзи” журнали, 1928 йил 11-сон). “Турсуной Кларичесида бир умр эсдан чиқмайдурған жойлар бор эдиким, билмайман, ёш саҳнамиз яна ўшандай бир тасвирни қачон кўра олади”.

Чўлпон Турсунойнинг саҳнадаги фаолиятини ёритишда қаҳрамон қўлига қилич олган муҳим эпизодга алоҳида тўхталади: “Шундан сўнг Клариче қилични қўлиға олади ва ҳазилакамдан ўзини ўлдирмакчи бўлади. Ўшанда Турсунойнинг жуда бебаҳо ҳаракатлари бор. Қиличнинг ўткурми-йўқми эканини билмак учун унинг тиғиға қўлини тегизиб кўради, шунда қўли тегар-тегмас қўрқиб тортиб олишлари ва қиличнинг учини эмас, соп томонини кўксига қўйғани ҳолда оғриқ, изтироб ва қийналишни ёлғиз юз ҳаракатлари билангина шунча очиқ ва гўзал кўрсатишлари катта маҳоратнинг борли­ғини билдиради. Умуман, Klariche рўлида Турсуной жуда берилиб ўйнаб, унинг ичида эркин-эркин яшар эди”.

Мақола матнида ора-орада “ўз тилагига эриша олмағон бир қизнинг фожиаси”, “Турсунойнинг ўзига хос ҳаракатлари ўзи билан бирга кетган”, “Турсуной оғзида ширин ва гўзал жонланған сўзларнинг оҳанглари унинг ўзи билан бирга ўлдилар”, “Турсуной енгил пар каби бир учиб ўтди” каби жумлалар берилганидан унинг Турсуной Саидазимова ўлимидан кейин ёзилганини билиш мумкин. Бу актрисанинг ўлими муносабати билан ўз вақтида марсиялар ёзилгани маълум. Дейлик, Турсуной тилидан: “Ўн тўққизда саҳна доғин олибман, Йигирмага тўлмай гулдек сўлибман…”, деб ёзди Ҳ.Ҳ.Ниёзий “Турсуной марсияси”да. Чўлпон ёзишича, Турсуной Фитратнинг “Арслон” драмаси, Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” ҳамда итальян драматурги Карло Готссининг “Маликайи Турондод” пьесаларида ҳам роллар ижро этган. Дарвоқе, “Маликайи Турандод” хусусида “Маориф ва ўқитғувчи” журналида босилган алоҳида мақола­сида: “Асарнинг таржумаси каминага топ­ширилғон эди. Қофиясиз, лекин 11 ҳижоли вазнда таржума қилиб чиқишга муваффақ бўлинди”, маълумотидан драма таржимони Чўлпон экани англашилади.

Чўлпон бутун ижоди ва хусусан, мақолаларида миллий тилимизга асло бефарқ бўлган эмас. Шу боис, “юз ясаш” (грим), “саҳна ясаш” (декорация), “тузма” (постановка), “катта машқ” (генерал репетицияси), “сўз оҳанги” (интонация), кечин­ма (переживание), “оҳанг илми” (гар­мония) каби атамаларга нисбатан янги сўзлар ишлатади. Чўлпон қўллаган бундай ўзбекона сўзлар таҳсинга муносиб, албатта.

Журнал билан ҳамкорлик “Ер юзи”­нинг бир неча йиллик танаффусидан кейин янгидан “Гулистон” аталиб нашр бўла бошлаганда ҳам давом этади. Хусусан, унда “Ашулага ишқибоз” (1935 йил 7-сон), “Саҳна сирларига ошно санъаткор” (1935 йил 8-9-сон), “Ота-бола санъаткорлар – Матёқуб ва Матюсуф Харратовлар” (1936 йил 1-сон), “Қизиқлар” (1936 йил 6-сон), “Фузулий пичинглари” (1936 йил 10-сон) каби мақолалари чоп қилинади. Муаллиф бу мақолаларида “Ер юзи”даги фаолиятини мантиқан давом эттиради. Санъат табиати, саҳна тузилиши, ашула ва санъаткорга доир муҳокамаларини баён қилади.

“Ашулага ишқибоз”да Ҳалима Носированинг ижодий фаолияти, саҳ­на­даги ролларидан гап очади. Ўнлаб ролларда саҳнага чиққан санъат­корнинг “мимика бойлиги, саҳнада ўзини эркин тутушлик, балки бир даража шўхлик, тил равонлиги, сўзларни тўғри бериш ва ўткур овоз воситаси билан сўзни томошачига еткизиш” сингари хислатларини эътироф этади. Айни дамда, “рўлни чуқур ишламаслик, жиддий қаҳрамонларнинг енгиллиги ва шўхлиги бўртдирилгани ҳолда, уларнинг оғир ва фожиалик томонларига қунт қилмаслиқ” каби камчиликларини санаб кўрсатади. Табиийки, бундай ҳаққоний баҳо ва талқинлар ўзбек миллий саҳна санъати тараққиёти учун муҳим эди. Ҳалима Носирова: “Ашулани севишим мени драмадан чолғуға олиб келди”, деган экан. Чўлпон сарлавҳани шу ишқибозликка мослаб қўяди.

Ўз вақтида таниқли шоир наза­рига тушган бу ёрқин истеъдод эгаси кейинчалик ўзбек қўшиқчи­лик санъати учун улкан хизматлар қилганини бугун ҳамма билади. Мақола таркибида “Сўзлаш санъати бошқа, куйлаш санъати бошқа” каби ҳаётий ҳикматлар ҳам бор. Тўғриси, санъатнинг умуммоҳиятига тегишли бу каби назарий қарашлар турмуш тажрибаси ортидан туғилади. “Ҳар қандай ижодий асарни ҳам ишлаб пишитадилар. Шоирнинг шеъри, насрчининг роман ё ҳикояси, бастакорнинг чол­ғу асари, чолғучининг бажармаси, ҳатто заргарнинг чиройлик балдоқ ва шокилдаси, йўнмачи устанинг нақши ишланган йўнмакор асари – булар ҳаммаси ишланиш орқасида пишади, етилади, қийматли асар ҳолига келади”.

Ижодкор психо-лабораториясига доир умумназарий бу фикр “Саҳна сирларига ошно санъаткор” мақоласи таркибида берилгани боис, муаллиф: “Театрда яхши актёр ролни ишлаб пишитатурғон актёрдир”, дея таъкидлаб, гапнинг давомини актёр томон буради. “Саҳнада талантдан ташқари маданият ҳам  керак” – бу ҳамма замонларда саҳна заҳматкашлари учун жуда ҳам муҳим танбеҳ, тавсия ва эскирмайдиган ҳақиқатдир.

Чўлпон хоразмлик ота-бола санъаткорлар – Матёқуб ва Матюсуф Харратовлар ҳақида ёзган мақоласи ҳам ўз вақтида “Гулистон” саҳифалари учун безак бўлди. Унда ота-бола икки санъаткорнинг бой таржимаи ҳолидан ташқари, Хоразм, Хива, Урганч тарихи ва тавсифидан тортиб, то машҳур қўшиқчи Сафо Муғаннийнинг:

Хоразм бир узоқ округ,
Йўллари йўқ, бузуқ кўпрук,

тарзида шикоят йўсинида айтган ашуласигача бор. Мақола самимий ва маълумотларга бойлиги билан бирга, муаллифнинг мусиқа бўйича катта билимга эга эканини ҳам намоён этади.

“Қизиқлар” жиддий мақола. Адиб халқ истеъдодининг бебаҳо хазинаси бўлган қизиқлар борасида тарихдан улги олиб фикр юритади. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги аския санъатига алоқадор санъаткорларни бир-бир санайди. Уларга эътибор зарурлигидан сўзлайди.  Бу тоифадаги санъаткорларнинг келажаги учун қайғуради. “Халқ қизиқларини ўрганиш тиётримизнинг комедиячилик томони учун катта озиқ беради. Буни кеч бўлса ҳам иқрор қилиб, шунга яраша тадбирлар кўрайлик… Уларни, уларнинг асарларини, уларнинг оммавий ва янги ижодларини ёлғиз саиллар, тўйлар ва очиқ майдонлардагина эмас, ўпера, драм, комедия саҳналаринда ҳам кўрмак истаймиз”. Шоирнинг маърифий мақолаларида бундай таклиф, тавсия ва ташаббуслар жуда кўп.

“Фузулийнинг пичинглари” номли мақола Чўлпоннинг матбуот асар­лари орасида ажралиб туради. Нима учун Чўлпон Фузулий мавзусига қўл урган? Чўлпоннинг ўзига замондош ижодкорлар қаторида Фузулий шеъриятига ўзгача ошнолиги бор эди. Чўлпон Фузулий йўли ва услуби­да шеърлар ёзди, асарлари учун Фузулийдан эпиграфлар танлади.

Жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд “Турк шоири Ажзий” мақоласида: “Ажзий шевада Фузулий йўлини тутган шоирлардандур”, деб ёзади. Сўнгра мунаққиднинг: “Фузулий тилининг бу кунгиси, яъни усмонлича ила шоиримиз Чўлпон ҳам баъзи чиройлик парчалар ёзадир”, деган гапидан шоирнинг Фузулий шеъриятига шайдо бўлганини англаш қийин эмас.

Истиқлол йиллари кекса зиёли Юнус Мақсудий “Улуғлар даврасида” хотира китобида: “Чўлпон Фузулий шеъриятининг чин ошиқларидан эди. Унинг халқ орасида Навоий каби машҳурлигини эътироф этиб, “Фузулий пичинглари” деган бир мақоласида ўзининг фикрларини билдиради”, деб муҳим маълумотни келтиради. Дарҳақиқат, Чўлпон унда улуг‘ озар шоирига кўнгилдошлигини изҳор этган эди.

“Фузулий пичинглари”ни тадқиқ қилган чўлпоншунос Дилмурод Қуронов бу мақолани “Чўлпоннинг улуг‘ озарбайжон шоири билан маънавий алоқалари ҳақидаги тасаввурларимизни бойитади”, деб баҳолайди. “Чўлпон мақолани бежиз “Фузулий пичинглари” деб атамагани, унинг сатрлари ораси­га ўзининг дард-ҳасратини синг­дирганини англаш мумкин. Яъни “Фузулий пичинглари” ҳақидаги мақола замирига “Чўлпоннинг пичинглари” жойлаб юборилгандир”. Дарҳақиқат, эрксиз муҳитда, тобора зулм бўҳрони кучайиб, қатағон машинаси “гудок уриб” яқинлашиб келаётган бир палла­да ҳам шоир ўз сўзини айтмоқ йўл-йўриғини топа олди. Фузулий билан Чўлпон адабий маҳоратидаги бундай кўчма-метафорик усул ҳамма замонларда бошқа ижодкорлар учун сабоқ бўла олади.

Чўлпоннинг “Ер юзи” ва “Гулис­тон”даги ижод намуналарига назар солинса, шоирнинг ўзига хос ижод олами, баён услуби, қаламининг қуввати, жадидона эстетик нуқтаи назари, ўзбек адабиёти, саҳна санъати ва  маданияти тараққиёти йўлидаги хизматлари ойдинлашади. “Гулистон”нинг юз ёши муносабати билан Чўлпон ва унга маслакдош адиблар йодга олинса, назаримизда, журнални ташкил қилган ҳамда унда турли жанрдаги асарлари билан қатнашган ижодкорлар руҳи шод бўлади.

Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858