Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


10.10.2025 | 15:53

img203

ХУФИЁНА ҚОТИЛЛИК ҚИССАСИ

“Эҳтиёт бўлиб ют бол тутганда ҳам, болдан ҳам гоҳ чиқар шиша синиғи”, деб ёзганди шоирлардан бири. Муножот шунга ҳам рози бўларди, фақат боласи омон қолса бас эди. Аммо нафсига қул кимсаларнинг жинояти, оилада тиббий маданиятнинг етарли эмаслиги, шифокорларнинг бефарқлиги оқибатида нораста гўдак ҳаётдан бевақт кўз юмди.

* * *

Муножот – боғчада тарбиячи, Отабек – “ИСУЗУ”да чет ҳудудларга юк ташийди. Бир кетганча тўрт-беш кунлаб сафарда бўлади. Уларнинг кенжа фарзанди Ўлмасбек ниҳоятда эркатой. Бола ўзи шунақа айёр бўлади: кўпроқ эътибор берилганини сездими, атрофдагиларнинг елкасига эмас, бошига чиқаман дейди.

Бу сафар ҳам шундай бўлди – хархаша қилиб муздай шарбат ичди-ю, туни билан иситмалаб чиқди. Аксига олиб дадаси сафарда. Онаси аввалига наъматак дамлаб ичирди, ётар олдидан кўкрак, куракларига ёг‘ суртди, маймунжонли чой қилиб берди… Йўқ, баттар бўлса бўлдики, бери бўлмади: бурун битиши, қуруқ йўтал бошланди. Муножот болани аввалига қишлоқ врачлик пунктига олиб чиқиб, шифокор ёзиб берган дориларни ичира бошлади. Асосий дори кунда уч маҳал икки қошиқчадан ичиладиган сироп экан. Лекин аҳвол ўнгланиш ўрнига оғирлашиб борди – Ўлмасбекнинг иштаҳаси йўқолиб, учинчи кунга ўтиб пешоб чиқармай қўйди, иситмалаб, баданида қизғимтир тошмалар бодраб чиқди.

Энди туман тиббиёт бўлимига олиб бормаса бўлмайдиган. Бу ерда ҳам ижобий ўзгариш сезилмади. Қайтанга, боланинг қўл-оёғи тортишиб, муштдек ғужанак бўлиб қолди, оғзи бир томонга қийшайиб кетди… Қайси шифокорга кўрсатса, ҳаммаси ўзича ташхис қўяди, бирининг гапи бирига тўғри келмайди. Яна денг, ҳамкасбининг хулосасини назар-писанд қилмай, ўзиникини маъқуллаб тураверади. Энг аянчлиси, бирор мутахассис ташхисдан олдин кўрилиши керак бўлган қон ва бошқа таҳлиллар натижаси, УЗИ, ЭКГ варақаларини тайинли очиб ҳам кўрмади. Шу орада лабораториядаги ҳамширалардан бири хусусий клиникага олиб боришни маслаҳат бериб қолди.

Вилоят марказига шошилинч етказилган беморни қабул қилган клиника барча анализларни қайтадан олди. Улар давлат тиббиёт муассасалари хулосасини ахборот учун ҳам қабул қилмади. Янги аппаратларда аниқ-тиниқ жавоб чиқар экан-да. Ҳартугул ташхис аниқланди: болага ичирилган сироп ножўя таъсир қилиб, иккала буйракни ишдан чиқарган. Чора – шошилинч диализ. Бироқ… Кечагина чопқиллаб юрган болакай бугун жонлантириш бўлимида ётар, танаси шишиб кетган, заҳар қонга тарқаб улгурганди…

Ота-онанинг изтиробини сўз билан ифодалаб бўлармикан…

* * *

…Фотиҳа куни эл оғзида қўшни қишлоқда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлгани ҳақида хавотирли гаплар оралаб қолди. Бир неча кундан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги юзлаб болаларнинг қалбаки дорилардан заҳарланиши юзасидан баёнот берди: “Ушбу препаратлар партиясида этиленгликоль мавжуд бўлиб, тиббий қоидаларда белгиланган меъёрдан 300 баравар юқори бўлган. Ушбу модда беморда жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, ҳушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради”.

Фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, боғча ва мактабларда бериладиган мавсумий дорилар бир муддат тўхтатилди. Ишончсиз ва хавфли саналган дорилар рўйхати тузилиб, сотиш қатъий тақиқланди. Ҳудудларда фармацевтик фирмалар ва дорихоналар фаолияти назоратга олинди. Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий иш қўзғатилиб, суриштирув-қидирув жараёни бошланди. Бора-бора жиноий гуруҳ фаолияти ўргимчак тўридек бутун ҳудудни қамраб олгани аён бўлди.

* * *

Шоюсуп тинчгина дорихонада ишлаб юрганди, нима жин уриб, онлайн қиморга муккасидан кетди. Оқибат, 130 миллион сўмга тушиб ўтирибди. Умрида кўрмаган суммани ўйласа, юраги орқага тортиб кетарди. Қизиғида кредит устига кредит, қарз устига қарз олаверди… Танишларни бирма-бир хаёлдан ўтказиб кўрса, қарз олмаган фақат курсдоши Бахтиёр қолибди. Тошкентда хусусий клиника очган, қатор-қатор дорихоналари бор, қисқаси, янги бойлардан бўлган эски қадрдони Шоюсупнинг юзига эшик ёпмади. Унга ҳамкорлик таклиф қилди, ҳам қарздан қутулади, ҳам ўзини тиклаб олади.

Маълум бўлишича, Бахтиёр ҳамтовоқлари билан Тошкент вилоятидаги бир хонадонда дори ишлаб чиқарадиган яширин цех қурган. Зарур ускуна ва қолиплар айланма йўллар билан Хитойдан келтирилган, керакли хомашё ҳам асосан “хилват йўлак” орқали кириб келар, баъзи нарсалар интернет орқали буюртма қилинар, бўш қутилар, этикетка, йўриқнома сингари майда-чуйда буюмларни эса цехда ўзлари тайёрлар экан. Препаратларни оригиналидан фарқлаш қийин.

– Бизнесда энг қийини нима биласанми? – ўсмоқчилади Бахтиёр. – Бозор топиш! Фаолиятимиз йилдан йилга кенгайиб боряпти, бирин-кетин вилоятларда ҳамкорлар топиляпти. Бизнинг дориларни сотган дорихона сотувчилари ва раҳбарларини мукофотлаймиз, қолаверса, уларни беморларга тавсия қилган ва кўпроқ сотилишига ҳисса қўшган шифокорлар ўз улушини ортиғи билан олади. Сенинг вазифанг ўз ҳудудингда мижозлар топиш, улар билан келишиш. Бор-йўғи шу.

Шоюсуп уйга қайтганданоқ ишга шўнғиди. Вилоятдаги барча дорихоналарга бош суқиб чиқди. Жамики касалхоналарга кириб, навбатчи врачлардан тортиб эмлов ҳамшираларгача “кўнгил сўради”. Йил ўтмай, қарзларидан қутулиб, бинойидай яшай бошлади.

Шундай кунларнинг бирида шериклари бирдан ғойиб бўлиб қолди. На юк келади, на қўнғироққа жавоб бўлади. Телевизорда, ижтимоий тармоқларда битта гап: болалар қалбаки доридан заҳарланиб ўлмоқда.

Шоюсуп шериклари билан цехни саранжомлашга улгурмасдан Давлат хавфсизлик ходимлари қўлига кишан урди…

Хабарлардан намуналар

“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ноқонуний дори воситаларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан шуғулланган яширин цех фаолияти тўхтатилди. Яширин цехда 49 турдаги жами 594 минг донадан ортиқ дори воситалари, 168 кг хомашё, этикетка, йўриқномалар, бўш қутилар, капсулалар, шунингдек, 50 дона жиҳоз, жумладан, станок ва қолиплар аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди”.

* * *

“Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ҳамда сотиш билан шуғулланган цех фаолиятига чек қўйилди. Ушбу цех кўздан кечирилганда 763 дона “Анаферон”, 2125 дона “Зодак”, 4000 дона “Витамин Б6” дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди”.

* * *

“Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яширин цехда қалбаки дори воситаларини ишлаб чиқарган шахслар қўлга олинди. Улардан умумий қиймати қарийб 1,9 миллиард сўм бўлган дори ва қадоқлар мусодара қилинди”.

* * *

Шундан кейин Отабек ёлғиз ўғли қалбаки доридан заҳарланиб вафот этганини тушуниб етди. Ўзи бир аҳвол-у, ҳаммаданам аёлига оғир бўлди. Бечора “Боламга ўз қўлларим билан оғу ичирдим”, деб анча вақтгача телбаланиб юрди. Ҳаёт давом этар экан, қизларига овуниб анча ўзига келди. Орадан вақт ўтиб, янги меҳмон кутилаётганини билган оиланинг фироқ оташи пасайгандай бўлди… Аммо ҳали унгача бир неча йиллик йўл бор.

Жабр кўрган оилалар, юзлаб ота-оналар қатори Отабек ҳам судда қатнашди. Унга сўз берилар экан, қарши томоннинг адвокати маънавий зарар ундириб берилиши тўғрисидаги бандлар билан таништирмоқчи бўлганида чидаб туролмади, нафрати қўзиб кетди:

– Мен бу ерга пул ундириш учун келмадим! Булар боламни ўлдирди. Агар ўғлим қайтиб келганида эди, ўзим буларнинг бошидан тилло сочардим. Ҳаром пуллари ўзларига буюрсин! Булар бегуноҳ болаларнинг қотили! Нималигини кўра-била туриб, заҳри қотил тайёрлаб одамларга пуллаш… Бўри тўдаси ҳам ожиз қўзичоққа раҳм қилади, деган гап бор. Фарзанд доғида куйган ота-оналарнинг жароҳатига малҳам топиладими? Энди қанчадан қанча оилалар бир умр шу оғриқ билан яшашга маҳкум. Бу изтиробнинг ўлчови қандай? Бу ёғи қанчадан тушади энди?! Менинг ягона тилагим – одил ҳукм!

Зал сув қуйгандек жим-жит, ҳамманинг уни ўчган, ора-сира аёлларнинг пиқ-пиқ йиғиси сукунатни бузади.

Жиноятнинг даражаси оғирлиги, жабрланувчилар сонининг ортиб бораётгани сабабли сўнгги ҳукм кейинги мажлисда ўқиладиган бўлди…

Жамолиддин БАДАЛОВ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 3 октябрдаги 40-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859