10.10.2025 | 09:05
164
САВОБ ВА ТАВОБ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди раиси Бахтиёр ҲАСАНОВ билан суҳбат.

– Айни кунларда Хотира ва тарбия ҳафталиги давом этмоқда. Бу тадбир Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейига бевосита дахлдордир. Суҳбатни ушбу муассасанинг бугунги фаолиятидан бошласак.
– Муҳтарам Президентимиз жорий йил Шаҳидлар хотираси хиёбонида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар билан учрашиб: “Ватанимиз фидойиларини улуг‘лаш, хотирасини абадийлаштириш бўйича кўп ишлар қиляпмиз. Сўнгги саккиз йилда 1 минг 200 дан зиёд жафокаш боболаримиз номи оқланди. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи реконструкция қилиниб, минглаб янги ҳужжатлар билан тўлдирилди. Ҳудудларда ҳам шундай музейлар ташкил этилди. Бу йил жадид ҳаракати йўлбошчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаяпмиз. Бухоро шаҳрида Жадидлар мероси давлат музейи ташкил қилинмоқда. Энди буларнинг мазмунини, “тирик” тарихимизни халқимизга кенгроқ етказиш керак”, дея таъкидлаган эди. Музейимиз жамоаси ана шу тарихни халққа етказиш масаласи билан бевосита шуғулланиб келмоқда.
Бугуннинг музейи турғунликни кўтармайди. У фақат мавжуд экспонатлар билан чекланиб, уларни қўриқлаб ўтирадиган бўлса, кўпга бормай мавқейини ҳам, ташриф буюрувчиларини ҳам йўқотади. Бунда, албатта, ходимлардан фидойилик талаб этилади, бироқ давлат томонидан эътибор ва моддий қўллаб-қувватлаш бўлмаса, олдинга силжиш имконсиз.
Шу маънода, сўнгги саккиз йилда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейига бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Музей фаолиятини жонлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ваколатларини кенгайтиришга доир ўндан ошиқ махсус ҳужжатлар имзоланди. Яратиб берилган имкониятлар самараси ўлароқ, мазкур музей ва ҳудудлардаги 13 та музей янги иш услубида фаолият юритмоқда.
Олимларимиз қатағон сиёсати ва унинг қурбонлари бўйича илмий тадқиқот ишларини амалга оширяпти. Изланишлар натижасида ҳали оқланмаган давлат ва жамоат арбоблари, жадидлар фаолиятига урғу берилмоқда.
– Қатағон қурбонлари деганда, одатда, кўпчилик кенг жамоатчиликка таниш бўлган 10–15 чоғли зиёлини кўз олдига келтиради. Маълумки, ўша машъум йилларда 100 мингдан зиёд бегуноҳ ватандошимиз қатағон қилинган. Уларнинг ортидан минглаб аёллар есир, болалар етим бўлиб қолган. Орадан қарийб бир аср ўтган бўлса-да, ўша мудҳиш даврни чуқур изтироб билан эсга оламиз.
– Дарҳақиқат, қатағон ҳақида гап кетганда, ҳатто олим-у ижодкорлар ҳам сиз айтган таниқли шахслардан нарига ўта олмасди. Чунки архивлар ёпиқ эди, манбалар етарли эмасди. Қолаверса, яқин ўтмишга нисбатан ҳадик билан қарардик. Қатағон қилинган юртдошларимизга бўлган муносабат узил-кесил ҳал этилмаганди.
Давлатимиз раҳбари мана шу мавҳум кайфиятга нуқта қўйди. У киши қатағон қурбонлари, хусусан, жадидлар ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш, халққа етказишни олдимизга вазифа қилиб белгилади. Бунинг учун нимаики лозим бўлса, барча шароитни яратиб берди. Соҳа мутахассислари билан мулоқотларда тарихимизга оид бир парча қоғоз топилса, дунёнинг нариги четидан бўлса ҳам топиб келинглар, дея бизга нафақат махфий архивларни, балки, дунё эшикларини ҳам очиб берди. Маълум бўлдики, бу йўналишда жаҳон илмий доираларида ҳам тадқиқотлар олиб борилаётган экан. Улар билан боғландик, муштарак мақсад йўлида ҳамкорликни йўлга қўйдик.
Қисқа фурсатда Ўзбекистон жадидлар меросини ўрганишга бағишланган иккита йирик халқаро конференцияга мезбонлик қилди. Энг ҳаяжонли, меҳмонларни ҳам қувонтирган, ҳам ҳайратга солган жиҳати – Президентимизнинг ҳар икки анжуман иштирокчиларига табрик йўллагани бўлди.
Конференциялар натижасида дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ҳужжатлар, фотосуратлар ва бошқа манбалар музейимиз фондини бойитди. Олимларимизнинг қарашлари, фаразлари ўзгарди. Асосийси, янги номларни топдик.
Жумладан, минглаб шаҳидлар қатори шахси пинҳон тутилган Носирхон тўра Камолхон тўра ўғли номи тикланди. Бу шахс Туркистон Мухториятининг молия вазири бўлган, еттита тилни билган. 1931 йилда 92 нафар сафдоши билан Тошкентга келтирилган. Уларнинг айримлари отиб ташланган, айримлари узоқ йилга қамалган. Бугунги кунда Носирхон тўра бошчилигида барча сафдошлари оқланди.
Маърифатпарварлар сафида бўлган Санжар Сиддиқ, Аъзам Аюбни ҳам кўпчилик билмайди. Улар ўз даврида замондошларига нисбатан катта билим ва кенг дунёқарашга эга бўлган. Ижодий фаолияти давомида Шимолий муз океани, оқ айиқлар, Америкадаги ҳиндулар ҳақида мақолалар ёзган. Халқни жаҳон билан, жаҳондаги аҳвол билан таништиришга астойдил ҳаракат қилган.
Биз билмаган яна қанчадан қанча шаҳидларимиз бор. Уларнинг ҳаммасига “аксилинқилобчи”, “халқ душмани” тамғаси урилиб, Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 57-, 58-, 66-, 67-моддалари билан ҳукм ўқилган.
Бугунгача Давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура, суд органларининг ёрдами билан 1 минг 200 нафардан зиёд юрт озодлиги учун жон фидо қилган инсонни оқладик.
Ўтган йили “XX аср бошларида Туркистон ва миллий зиёлилар” номли китобим чоп этилди. Бу китобни нега ёздим? XX аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий мураккаб вазият, миллий зулм ва мустамлакачилик кайфиятининг энг юқори чўққига етиши туркистонлик миллий зиёлиларнинг ҳуррият эшигини қаттиқроқ тақиллатишларига, халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини баландроқ товушда талаб этишларига олиб келди. Ушбу китоб туркистонлик миллий зиёлиларнинг ана шундай мураккаб жараёнлардаги шарафли хизматларини ёритишни мақсад қилган.
– Сиз фақат раҳбар эмас, тарих фанлари доктори, профессорсиз. Илм олиш машаққатини яхши биласиз. Аммо XX аср бошида Германияга ўқишга юборилган йигит-қизлар тақдири бошқа замонлардан кўра мураккаб бўлган. Шундай эмасми?
– Президентимиз улар ҳақида тўхталиб, “Ўтган асрнинг 20 йилларида Германияда таҳсил олган туркистонлик талабалар қатағон қилинмаганида, бутун жамиятни ўзгартирарди”, дея бежиз армон билан сўзламаган.
1922 йилда Файзулла Хўжаев ва Фитрат бошчилигидаги зиёлилар сараланган йигит-қизларни Германияга ўқишга юборган. Уларнинг кўпи 15–18 ёш эди. Афсуски, улар қайтиб келгач, “жосус”, “германофил”, “халқ душмани”, “Ватан хоини”, “зараркунанда” деб йўқ қилинган. Қаранг, беш-олти йил хорижда юриб, омон қайтганлар ўз тупроғида қатл этилган.
Ўша пайтда туркистонлик ёшлар билан бир сафда Япония императори Мейдзи томонидан Германияга жўнатилган японлар ҳам таҳсил олган экан. Улар юртларига қайтиб келишганида, поёндоз тўшаб кутиб олишган, назарияни амалиётга татбиқ қилиш учун барча шароитлар яратиб берилган. Натижаси эса ўзингизга аён. Чунки XX аср бошларида дунёда илм-фан чўққисига чиққан давлат Германия бўлган.
Ёшлардан Саттор Жаббор кимё бўйича ўқиган. Лекин уйидан бир тийин олмаган. Немис тилини ўрганиб, журналистика орқасидан топган пулига ўзини эплаган. Қойил қоласизми? Бугун-чи? Айрим талабалар Тошкентда салгина қийналса, ота-онасининг юрагини сиқади, уларни моддий таъминотчига айлантириб олган.
Масалан, Файзулла Хўжаев Германияда таҳсил олаётган ёшларга ётоқхона олиб берган. Лекин Хайринисо Мажидхонова исмли интилувчан толиба ўз ихтиёри билан немис хонадонига жойлашади. Сабаби, шу йўл билан тилни чуқур ўзлаштирмоқчи бўлади. Шу қиз ҳатто Шиллернинг “Макр ва муҳаббат” спектаклида Луиза ролини Берлинда ўйнаган. Немис тилида! Унинг кийимлари, анжомлари музейимизда турибди.
Энди, яна ёшларга қараб ўйланиб қолади киши. Машҳур шеърда ёзилганидай, “Ўшалар бизларнинг боболармикан? Биздан ўзларини тополармикан?”
– Музей ва зиёратчилар ўртасида таҳлилий мулоқотлар ўтказиб бориладими?
– Албатта! Халқдан узилиб қолган музей кимга хизмат қилади? Қолаверса, аҳоли томонидан ҳам қимматли маълумотлар, экспонатлар топширилади бу ерга.
Бугун замон яхшиланиб, одамларнинг ҳам дунёқараши ўзгарди. Одамларнинг ўзи ташаббус билан чиқиб, қатағон қурбонлари хотирасини тиклашга ёрдам бермоқда. “Шаҳидлар хотираси” жамоат фондига юзлаб хатлар келади. Баъзиларида исм-шарифлар бўлади, баъзиларида хира сурат, баъзиларида эса бир асрлик буюм.
Секин-аста жадидларимизнинг оила аъзолари, авлодлари ўзини ошкор қиляпти. Боболари, момолари ҳақида қимматли ва қизиқарли маълумотларни тақдим этяпти. Шу пайтгача қаерда эди улар? Шу ерда. Фақат ишонч йўқ эди. Энди бўлса, жадидлар меросини ўрганиш сиёсат даражасига кўтарилди.
Афсуски, қатағон қилинганларга тегишли ҳужжат ва бошқа қоғозлар ёқиб ташланган, йўқ қилинган. ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзма асарлар фондини бебаҳо хазина деб айтиш мумкин. У ердан жадид ота-боболаримизнинг қўлёзмаларини топдик. Изланишлар ва ҳамкорлик натижасида Элбекнинг эълон қилинмаган асарларини жамлаб, уч жилдда чиқаришга муваффақ бўлдик. Бу ишлар давом этяпти.
– Қатағон қурбонлари мавзуси жуда кенг қамровли. Саволлар кўп. Агар ўзингиз айтмоқчи бўлган зарур фикрлар бўлса, марҳамат.
– Қатағон қилинганларнинг мақсади, орзуси нима эди? Улар мустақил Ватанни орзу қилган эди. Мана, биз ўша Ватанда яшаяпмиз. Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида бутун дунёда тан олинган.
Агар бир аср олдин бир гуруҳ саноқли ёшлар не-не машаққатлар билан Германия, Озарбайжон, Россияда ўқиган бўлса, бугун АҚШнинг ўзида “Эл-юрт умиди” стипендиатлари сони 500 нафардан ошибди. Бу сафга Германия, Франция, Буюк Британия, Япония, Сингапур ва бошқа давлатларда билим олаётган йигит-қизларни қўшинг. Истиқлол бу шукрона дегани, мушоҳада ва мулоҳаза демак.
– Раҳмат, домла, халқ манфаати йўлидаги савобли ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз! Соғ бўлинг!
Зарнигор ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 3 октябрдаги 40-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



