Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


28.07.2025 | 09:10

img186

СУКУНАТДА “СЎЗЛАЙДИГАН” САНЪАТ

Санъатнинг турлари кўп. Инсоннинг улар орасидан ўзига кераклисини топиб олиши ҳам бир санъат. Менинг ҳайкалтарошлик йўналишида ижод қилишим бевосита рассомлик, ранг-тасвир билан боғлиқ. Ҳар бир ҳайкал муайян бир тарих, дунёқараш ва руҳият ҳақида сўзловчи бадиий ҳужжатдир. Кўпчилик, айниқса сайёҳлар ҳайкаллар пойида суратга тушишни, уларнинг маҳобати олдида завқ ва ҳайрат туйишни хуш кўради. Бу табиий, чунки ҳайкаллар инсонни ўзига оҳанрабодек тортиб турадиган маданий қутб нуқталарига айланган. Бироқ барча ҳам ана шу ҳайкал яратилиши замиридаги ижодий машаққат, изланиш ва ҳатто йиллаб давом этган бадиий курашлар ҳақида ўйлаб кўрмайди. Ғоят мураккаб, кенг қамровли соҳа бу.

Маданий қутб нуқталари

Ҳайкал – сукут ичра сўзлайдиган тимсол, жуда катта фикр, ҳиссиёт ва меҳнат яширинган образ. Ҳар қандай ҳайкал уни ясаган санъаткорнинг дунёқараши, ҳаёт ҳақидаги ўйлари, ҳатто тажрибалари билан боғлиқ маълумотларни ҳам ўзида акс эттиради. Гарчи у бир одам ёки бир жамоа меҳнати билан яратилса-да, бутун жамият номидан “гапириши” мумкин.

Тарихдан маълум, сезарлар, фиръавнлар, императорларнинг ҳайкаллари нафақат санъат асари, балки ўзига хос тарғибот воситаси вазифасини ҳам бажарган. Одамлар бундай ҳайкаллар воситасида давлатнинг кучини, ҳукмдорнинг улуғворлигини, айрим ҳолларда, ҳатто илоҳийликни ҳам ҳис қилишган.

Ҳайкалтарошлик шунчаки тош ёки металга ишлов бериш билан чегараланмайди. У инсоният цивилизациясининг шакл орқали ифодаланган тарихидир. Ҳайкалтарошлик тарихининг аниқ бошланиш даври номаълум, лекин айтишларича, у тош даврига бориб тақалади. Энг қадимги ҳайкалсимон тимсоллар сифатида Берекҳат Рам Венераси ва Тан-Тан Венераси деб аталувчи икки тош объект тилга олинади. Уларда инсон томонидан шакл беришга уриниш борлиги кузатилади,  бу эса бадиий англашувнинг илк босқичларидан далолат беради.

Ҳайкаллар орқали тарихий шахсларни эслатиб туриш, ёш авлодга улар ҳақида гапириш жуда муҳим. Менимча, бугунги кунда ёшларнинг кўпчилиги санъатга қизиқади, лекин ҳайкалтарошликни танлашга келганда бироз чўчийди. Чунки бу соҳада нафақат билим, балки ўз устида узоқ йиллик изланиш, ҳис қилиш қобилиятини ривожлантириш керак бўлади. Ҳайкалтарошлик ўрганиладиган ҳунар эмас, ўзлаштириладиган тафаккур туридир. Бу соҳага киришиш учун фақатгина кўникманинг ўзи етарли бўлмайди, инсоннинг дунёқараши, ҳиссий идроки ва интилиши ҳам бирдек муҳим. Шакл ясашни ўргатиш мумкин, лекин образ яратиш қобилияти тажриба, мулоҳаза ва ҳаётни кузатиш орқали шаклланади. Шу боис, ҳайкалтарошлик ижодкорнинг шахс сифатида етилишига хизмат қилувчи жараён ҳамдир.

Образ қандай яралади?

Ҳайкалтарошликка жиддий ёндашиш учун тасвирий санъат ва инсон анатомиясини яхши билиш шарт. Аммо шунинг ўзи билан чекланиб ҳам бўлмайди. Чунки образ нафақат шакл, балки маъно орқали ҳам “гапиради”. Шунинг учун ҳайкалтарошнинг шаклланишида бадиий адабиётнинг ўрнини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Чунки адабиёт санъаткорга инсон тафаккури, унинг туйғуси ва ички зиддиятларини тушунишида ёрдам беради, кўнглидаги кечинма ва туйғуларни шаклга айлантиришига йўл очади. Ахир, бадиий образ маънавий мазмунга ҳам эга бўлиши керак-да.

Бу соҳада архитектура ҳам муҳим. Негаки, ҳайкал жойсиз, муҳитсиз мавжуд бўлолмайди. Санъаткор, аввало, шакл ва атроф-муҳит ўртасидаги мувозанатни англаши керак бўлади. Баъзида ҳайкалнинг ўзидан ҳам кўра, уни қандай жойга, қайси бурчакка қўйиш муҳимроқ вазифага айланади. 

Қолаверса, ҳар қандай ҳайкал бевосита ўтмиш билан алоқадорликда яратилади. Шунинг учун тарихий билим зарур. Ҳайкал ёдгорликка айланиши учун у шахс, давр, ғоя билан боғлиқ бўлиши шарт. Мен иш бошлашдан аввал ким ҳақида асар яратяпман, у қайси муҳитда яшаган, жамиятга қандай таъсир кўрсатган, деган бир қатор муҳим саволларга жавоб топиш учун анча-мунча маълумотларни ўрганаман. Бу эса бўлажак образга қандай мазмун юклашимни белгилаб беради.

Кўп ҳолларда санъат мухлислари “образ қандай яралади?” деб қизиқишади. Жавобим оддий: кузатувдан. Дейлик, театр ва кинодан кўп нарса оламан. Бу икки соҳа, айниқса театрни назарий ва амалий кузатиш майдони сифатида қабул қиламан. Ҳаракатлардан ва ҳатто, сукутдан ҳам нимадир ўрганаман. Чунки ҳайкал ўз-ўзича “тилга кирмайди”, сукутда сўзлайди. Ўша жимликка маъно-мазмун бағишлаш энг қийин вазифа саналади. 

Муҳит билан уйғунлик

Ҳайкалтарошлик асрлик анъана ва тажрибаларга эга бўлган мураккаб санъат туридир. Турли мамлакатларда турли ҳайкалтарошлик мактаблари шаклланган. Ҳар бирида шакл, композиция, материал билан ишлаш услуби ва ғоявий қарашлар ўзгача.

Шахсан мен ўз ижодимда ўзбек ҳайкалтарошлик мактабига таянаман. Хусусан, таниқли ҳайкалтарош, раҳматли Равшан Миртожиев асарлари орқали ўзимга йўл топганман, нимани қандай кўриш ва қандай ҳис этиш кераклигини у кишининг асарларидан англаганман. Тўғри, бу санъаткор билан шахсан учрашиш менга насиб этмади, бироқ айнан у кишининг шогирди Жасванд Анназаров ўн йилдан буён менга устозлик қилиб келмоқда. 

Айни пайтда ижод жараёнига янада тўлиқроқ, тизимли ёндашишни ўрганяпман. Масалан, устозим таъкидлаганидек, ҳайкалтарошлик ишларини шартли равишда уч йўналишга бўлиш мумкин. Биринчиси – давлат буюртмалари. Бу ерда тарихий аниқлик, жамоатчилик учун бирдай тушунарли бўлган образга алоҳида урғу қаратилади. Иккинчиси – шахсий ижод. Бунда эркинлик кўпроқ, янги ечимлар, экспрессив ёндашувлар учун имконият кенг. Учинчиси – оммавий композициялар. Бу турдаги ҳайкаллар одатда, боғлар, майдонлар, истироҳат масканлари каби жамоат жойларида ўрнатилади. Шунинг учун ҳам улар кўримли бўлиши, атроф-муҳит билан уйғунлашиб, одамларга кучли таъсир ўтказиши, шу билан бирга ғоявий юкламаси кўп бўлмаслиги, осон қабул қилиниши керак.

Маҳобатли ҳайкалларнинг ўзи алоҳида мавзу. Бундай ҳайкалга ҳеч қачон атроф-муҳитдан айро қаралмайди. У қаерда жойлашиши, майдоннинг ўлчами, атрофидаги бинолар, ҳатто одамлар қайси томондан келиб, қандай бурчакдан кўриши мумкинлигигача ҳисобга олинади. Борди-ю, майдон тор бўлса, ҳайкал “сиқилиб” қолади. Аксинча, майдон катта, ҳайкал кичик бўлса, у кўринмай қолиши мумкин. Хуллас, ёдгорлик билан муҳит бир-бирига халақит қилмаслиги, аксинча, бир-бирини тўлдириши зарур. 

“Санъатимизни дунёга кенгроқ танитайлик”

Охирги икки йилда ҳайкалтарошлик соҳасида ҳам технологиялар таъсири яққол сезиляпти. Илгарилари ҳайкалнинг дастлабки эскизларини тайёрлаш, ғояни шаклга тушириш учун соатлаб, кунлаб, баъзан ҳафталаб вақт сарфлардик. Ҳозир эса рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва 3D моделлаштириш дастурлари бу жараённи анча тезлаштирган. Илгари қўлда чизиладиган деталлар, макетлар энди компьютерда қисқа муддатда тайёрланяпти.

Бунинг вақт тежашдан ташқари бир қатор афзалликлари бор: эскиз тайёрлаш жараёнида вариантлар кўпаяди; визуал таҳлил осонлашади; материал қандай кўринишда чиқиши, нур қайси томондан тушиши – барчасини олдиндан кўриш мумкин. Масалан, “ЗБруш”, “Блендер”, “Мая” каби дастурлар орқали бир ғояни турли услубларда реаллаштириб, уларни таққослаш имкони бор. Бу, албатта, ижодий жараённи янада самарали қилади.

Эслайман, талабалик пайтларимда маълумот тўплаш учун кутубхоналарда кунлаб ўтирардик, баъзи керакли китобларни ойлаб кутган пайтларимиз бўлган. Ҳозирги кунда тенгдошларим, ёш ҳайкалтарошлар интернетда керакли маълумотларни зумда топиш, суратлар, ҳужжатлар ва ҳатто тарихий шахсларнинг 3D реконструкцияларини кўриб чиқиш имкониятига эга. Бу жуда катта қулайлик. 

Бироқ технология бир восита, холос. Ҳар қандай замонавий дастур ҳам ғоя бўлсагина ишлайди. Сизда фикр бўлмаса, техниканинг ўзи ижод қилмайди. Компьютер шаклни ясаб беради, аммо шакл ортидаги маънони қалбан ҳис қилиш ҳамиша инсоннинг ўзида қолади.

Ҳайкал – сўзсиз мулоқот воситаси, унда туйғу, хотира, фалсафа мужассам. Мен миллий ҳайкалтарошлик санъатимизни дунёга кенгроқ танитишни ўзим учун энг муҳим масалалардан бири деб ҳисоблайман. Биз мазмундор, маънавий юксак санъат асарлари орқали Ўзбекистоннинг маданий салоҳиятини жаҳонга кенгроқ танитиш йўлида тинимсиз изланишимиз керак.

Васила ҲАБИБУЛЛАЕВА ёзиб олди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 18 июлдаги 29-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855