Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


14.07.2025 | 16:34

img281

ТАРИХ ИЛМИНИНГ РУСТАМИ ДОСТОНИ

Баёний “Хоразм тарихи” асарида келтиради: “Тарих китоби ёзишнинг бир шарти бор. Тарихий воқеаларни ёзувчи тарафдорлик этмасдан, бўлган воқеаларни ростлик билан баён этиши керак. Агар ростлик билан баён этмаса, унинг сўзлари ҳеч бир одамга маъқул бўлмайди”.

Чиндан, тарихий мавзуда тадқиқотлар олиб бораётган муаррих холис бўлсагина мозийдаги жараёнларни ҳаққоний таҳлил эта олади. Табиийки, бунинг учун тарихчи сийратида адолатпарварлик, эътиқод ва иймон мустаҳкам бўлиши, у ўз танлаган йўлидан собитқадамлик билан юра билмоғи зарур.

Саксон олти ёшни қаршилаган таниқли тарихчи олим, устоз Рустамбек Шамсутдинов – Андижондаги “Мерос” халқаро илмий-амалий экспедицияси жамоат фонди раиси, Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, “Водийнома” журнали бош муҳаррири, профессор. Бу фидойи инсон ана шундай холислик тамойилларига нафақат сўзида, ёзган асарларида, балки ҳаётида ҳам амал қилиб келаётган қатъиятли шахс саналади.

Устознинг ҳаракатчанлиги, ўз устида тинимсиз ишлаши, кўплаб иқтидорли ёшларни атрофига жипслаштириб, уларнинг илмий ишини ёқлашига, мақола ва китобларини нашр этишга ёрдам бериши доим тилдан-тилга кўчиб юради. Қисқаси, домлани толиби илмларнинг севимли мураббийси, фан фидойиси деб аташ мумкин.

Сир эмас, айрим кекса олимлар илмий даража ва унвонларнинг ҳаммасини олиб бўлдим, китобларим ҳам чиқди, энди дўстлар билан отамлашиб юрганим маъқул дея илмга, жамиятдаги жараёнларга анча бефарқ бўлиб қолади. Улар ҳаттоки, ўз соҳасидаги янгиликларга, ижтимоий-сиёсий жараёнга ҳам мутлақо қизиқмай қўяди. Яна бир ачинарли жиҳат шуки, айрим тадқиқотчилар ёқлаш осонроқ бўлиши учун енгилроқ мавзуни илмий иш сифатида танлайди. На илм-фанга, на жамиятга фойдаси бўлмаган тадқиқотлар билан машғул бўлишади. Аслида эса зиёли, илм-у фан ходими янгиликлардан, соҳадаги ўзгаришлар ва умуман, ҳаёт билан ҳамнафас яшайдиган кенг дунёқарашли шахс бўлмоғи лозим.

Муаррих устозимиз Рустамбек Шамсутдинов том маънода зиёли, янгиликлардан, ижтимоий жараёндан хабардор, кенг дунёқарашли шахсдир. У доим тарихий қўлёзма ва ҳужжатларни излаш, уларни ўрганиш, бошқа манбалар билан таққослаш, шулардан келиб чиқиб холис ва ҳаққоний хулоса чиқаришга ҳаракат қилади. Шогирдларини ҳам шундай ишлаш тартибига чорлаб чарчамайди. Дунёнинг қайси давлатида бўлмасин, шунчаки саёҳат қилиб қолмасдан, у ердаги музей, кутубхона, илмий муассасалардан Ватанимиз тарихига оид қўлёзма, ҳужжат нусхаларини, китобларни излаб, ўзи билан олиб келишнинг пайида бўлади. Устознинг Андижон шаҳридаги уйи, у киши раҳбарлик қилаётган музейдаги кутубхона жавонлари дунё давлатларида нашр этилган адабиётлар, илмий журналлар билан тўлалигининг сабаби ҳам шунда.

Домла ёв қочганда қилич суғурган марди майдонлардан эмас. У киши нақ советнинг қонли қамчиси одамлар боши узра айланиб турган замонда, асрнинг 70 йилларида қатағон домига тушган миллатдошларимиз тақдирига ойдинлик киритиш мақсадида енг шимарган. Умрининг энг гуллаган даври Москва, Ленинград шаҳарларидаги хилват архивларда қоғоз ғуборини ютиб, бир вақтлар не-не юртдошларимиз тортган қийноғ-у азобларни юрагидан ўтказиб, дилхаста бўлиб ўтди. У даврлар ўта қалтис эди, салгина ножўя сўз ёки ишора кишини ўша шаҳид жадид боболарга қисматдош қилиб қўйиши ҳеч гап эмас эди. Рустамбек Шамсутдинов ҳақ йўлидан асло чекинмади, боболарга босилган тамғаларни олиб ташлашга астойдил бел боғлади ва мана бугун ўз муродига тўла-тўкис етди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, домла дунёнинг қайси қитъасида бўлмасин, мудом тарихимиз хусусида қайғуриб, шунга доир асарлар билан танишади, олимлар билан мулоқот қилади. Ҳатто ҳаж зиёрати, умра ибодатини адо этиш учун Макка ва Мадинадек улуғ шаҳарларга борганида ҳам, аввало, Аллоҳ зикри билан машғул бўлиб, сўнгра қулоқлаштириш сиёсати сабаб у ерга бориб қолган ватандошларимиз тақдири билан қизиқиб, изланиш олиб боргани шунинг далилидир.

Устознинг саъй-ҳаракатлари, асарлари орқали Чор империяси ва собиқ Совет даври тарихшунослигида коллективлаштириш, қулоқлаштириш, сургун, “катта террор” йўналиши муаммоларини тадқиқ этувчи ўзига хос Андижон илмий мактаби яратилди.

Тадқиқотларида ушбу мавзуларни холис, ҳаққоний ёритиш мақсадида республикамизнинг турли архивлари билан кифояланиб қолмай, 30 дан ортиқ давлат архивларида сақланаётган ҳужжатлардан кенг миқёсда фойдаланди ва улар асосида тарихий ҳақиқат акс этган сара асарлар яратди.

Профессор Рустамбек Шамсутдинов ўз илмий фаолияти давомида Кембриж, Оксфорд, Шимолий Каролина, Москва, Индиана, Бонн, Анқара, Деҳли, Мозори Шариф каби нуфузли университетларнинг таниқли олимлари билан яқиндан илмий алоқа ўрнатган фан фидойисидир.

Айримлар тарихчиларни фақат архив манбалари, археологик тадқиқотлар, этнографик маълумотлар-у қўлёзмаларни варақлаб, шинам хонада ўтириб китоб битади, деб ўйлайди. Аслида, бу манбаларни қўлга киритиш, илмий экспедиция деб аталмиш заҳматли сафарлар чоғида илм масъулияти ва машаққатини ҳис қилиш, турли мураккаб вазиятлар ичра йўл юриш, жойида материал ёзиш тарихчи олимдан кучли ирода билан бирга жисмоний куч-қувват ва сабр-тоқат талаб қилишини ҳамма ҳам билавермайди.

Устоз раҳбарлик қилаётган “Мерос” илмий-амалий халқаро экспедицияси жамоат фонди 2001 йил 21 сентябрда Андижонда фаолиятини бошлаган. Илмий сафарлар ташкиллаштиришни мақсад қилган фонд фаолияти кейинги йилларда янги ривожланиш босқичига кўтарилди.

Жамоат фонди собиқ тузум даврида қулоқ қилинган, қатағонга учраган аждодларимиз ҳаётини, улар бадарға этилган, зулм кўрган қамоқхоналардаги изтиробли даврни, боболаримизнинг ҳуррият йўлидаги саъй-ҳаракатларини илмий тадқиқ этиш, экспедициялар уюштириш орқали қимматли маълумотлар тўплаш билан шуғулланади.

“Мерос” жамоат фонди ўтган давр мобайнида республикамизнинг барча ҳудудида бўлиб, қатағон қилинган, ўша давр жабрини чеккан, “қулоқ” тамғаси урилган кишилар, уларнинг авлодлари билан боғлиқ хотира, сурат ҳамда ҳужжатларни аниқлади ва атрофлича ўрганди. Кейин ишни кенг кўламда давом эттириб, Украина, Қозоғистон, АҚШ, Европа давлатлари ва Россиянинг турли ҳудудларига халқаро илмий-амалий экспедициялар уюштириб, мавзуга доир маълумотлар тўплади. Шунингдек, ўзбекистонлик “қулоқ”лар бадарға этилган Херсон, Шимолий Кавказ, Ставропол, Қозоғистон ҳудудларида сақланиб қолган турли меҳнат лагерларида бўлди. Аянчли йиллардаги ҳолатни бевосита жойида ўрганди.

Экспедиция аъзолари турли архив, кутубхоналардаги ҳужжатлар билан чекланиб қолмасдан, қаттол давр фожиаларининг гувоҳи бўлган инсонлар билан учрашиб, суҳбатлашди.

Домла яратган асарларнинг айримлари рус, инглиз, португал, француз, ҳинд, бенгал, урду, араб ва бошқа тилларга таржима этилган. Халқаро конгресслардаги сермазмун илмий маърузалари тилга тушган профессор Рустамбек Шамсутдинов Шимолий Каролина ва Кембриж халқаро биографик институтларининг ҳайъат аъзоси этиб сайланган.

Тарихимизнинг турли даврларига оид юздан ортиқ фундаментал асар, монография ва дарсликлар, 700 дан ортиқ илмий-оммабоп мақола муаллифи бўлган устознинг ғайрат-шижоатига биз шогирдлари ҳамиша қойил қоламиз. У киши нафақат илмий доираларда, балки оммабоп нашрларда ҳам бугунги ислоҳотлар, ўзгаришлар хусусида халқчил мақолалар билан кўринишни канда қилмайди.

Устозимиз ҳали қатағон мавзуси кун тартибига чиқмаган пайтларда ҳам шу масалани ўрганиш мақсадида архивларда заҳмат чеккан фидойи олимлардан биридир. У киши совет давридан буён жадид намояндалар фаолияти, умуман олганда жадидлик ҳаракатини бевосита архив манбалари асосида таҳлил этаётир.

“Жадид” газетасининг илк сонидан буён “Қатағон қурбонлари” рукнида у кишининг собиқ тузум даврида фожиали тақдирга дуч келган минглаб юртдошларимиз ҳақида тўплаган маълумотлари мунтазам чоп этилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундан ташқари, мазкур газетанинг деярли ҳар бир сонида домланинг мақолалари нашр этилмоқда. Юзлаб фидойи маърифатпарварларнинг ҳаёти, фаолияти ва тақдирини ҳужжатлар асосида тадқиқ этиш жараёнида улар кечирган фожиаларни ҳам юракдан ўтказиш, кўнгилдан кечира билиш талаб қилинади. Бунинг учун олим шахсияти нақадар матонатли бўлиши керак. Профессор Рустамбек Шамсутдинов ана шундай матонатни ўзида мужассам эта олган чинакам олимдир.

Ўрни келганда бир таклиф билдириб ўтсам: таҳририят жамоаси ташаббус кўрсатиб, устознинг “Жадид” газетасида чоп этилган мақолалари жамланган бир тўплам чоп этса, айни муддао бўлар эди. Жадидлар фаолиятини архив ҳужжатлари, илмий адабиётлардаги манбалар билан ўзаро таққослаш асосида битилган, таъсирчан бадиий услубда, чуқур дард билан ёзилган ушбу мақолалар яхлит китоб қилиб жамланса, ўйлайманки, кўпчилик учун фойдали манбага айланади.

Серғайрат, қатъиятли устоз айни дамда ҳам ўз севимли иши – турли архивларда ҳужжатларни ўрганиш, яна янги мақолалар, китоблар ёзиш билан банд. Устозга илмий ва ижодий фаолиятида муваффақиятлар тилаб, халқимиз бахтига ҳамиша саломат бўлсинлар, деймиз!

Умид БЕКМУҲАММАД,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

“Жадид” газетасининг 2025 йил 4 июлдаги 27-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855