09.12.2025 | 16:49
181
ТАСАВВУР ВА ТАФАККУР
Америкалик таниқли жадидшунос билан таржимон мулоқоти
Таҳририятимиз меҳмони, америкалик таниқли тарихшунос Адиб Холид қаламига мансуб “Туркистонда жадидчилик” (Тҳе Политиcс оф Муслим Cултурал Реформ: Жадидисм ин Cентрал Асиа) илмий асари яқинда нашр этилиб, китобхонлар қўлига етиб борди. Маҳаллий архив манбаларига таяниб, чуқур тадқиқотлар эвазига яратилган китоб юртимизнинг яқин тарихи чуқур тадқиқ этилган инглиз тилидаги дастлабки рисола саналади. Қуйида муҳтарам олим Адиб Холид билан рисола таржимони Шарифжон Аҳмад суҳбатини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Шарифжон Аҳмад:
– Ҳурматли Адиб Холид жаноблари, ассалому алайкум! Аввало, “Жадид” газетасининг кўп минг сонли муштарийлари ҳамда “Туркистонда жадидчилик” номли китобингиз Ўзбекистонда нашр этилишида меҳнатлари сингган Ёшлар ишлари агентлигининг “1000КИТОБ” лойиҳаси ҳамда “Академнашр” жамоаси номидан Сизга чуқур ҳурматимизни изҳор этамиз. Ушбу рисола айни пайтда олий ўқув юртлари ва кутубхоналарга етказилиб, жадид ҳаракати тарихига бефарқ бўлмаган китобхонлар томонидан қизиқиш билан ўқилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, шу асар ва бошқа илмий тадқиқотларингиз юзасидан айрим саволларимизни берсак.
Адиб Холид:
– Ваалайкум ассалом! Мен ҳам, ўз навбатида, сизларга ушбу саъй-ҳаракатларингиз учун ташаккуримни билдиришдан мамнунман. Марҳамат.
Шарифжон Аҳмад:
– Сиз Покистоннинг Лоҳур шаҳрида туғилиб ўсгансиз. Покистон эса Марказий Осиё минтақаси билан маданий ришталарига кўра тарихан боғланган юрт. Туркистондаги сиёсий ва маданий эврилишлар мавзусига қизиқишингиз шу жиҳат, яъни яхлит бир минтақага дохиллик ҳисси билан боғлиқми ёки бошқа сабаблари ҳам борми?
Адиб Холид:
– Албатта, сиз айтаётган ҳолат бу минтақага қизиқишларим дебочаси бўлган. Авваллари бизнинг мактаб дарсликларимизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фарғона-ю Андижон кўп тилга олинар, аммо аста-секин мавзулар ўзгариб, булар эсдан чиқа бошлади. Совуқ уруш ҳукмрон бўлган 1970–1980-йилларда Ўзбекистон худди ўзга сайёрадаги олис бир жойдай тасаввур қилинар, у юртга саёҳат қилиш тугул, шундоққина ёнимизда жойлашган бу минтақанинг шу кунлардаги ҳаёти ҳақида тузук-қуруқ маълумот топиш ҳам маҳол эди. Ўзбекистон, ва умуман, Ўрта Осиёнинг бизга шунчалар яқин, аммо айни пайтда қўл етмас ва олис, бизга шунчалар ўхшаш, аммо айни дамда шу қадар фарқли экани – айнан шу ҳолат менинг бу минтақага айрича қизиқишимга боис бўлган, деб айта оламан.
Шарифжон Аҳмад:
– Илк бор 1998-йилда дунё юзини кўрган “Туркистонда жадидчилик” китоби дастлабки йирик тадқиқотларингиз жамланмаси ҳисобланади. Бу китобни яратиш йўлида ўзбек, турк ва рус тилларини ўрганиб, маҳаллий архивларда узоқ изланишлар олиб борганингиздан хабардормиз. Ўзбекистонга биринчи марта совет тузуми ҳали оёқда мустаҳкам турган бир даврда келгансиз. Ўша пайтларда мавзуингиз бўйича бу ерларда тадқиқот олиб боришингиз қийин бўлмаганми?
Адиб Холид:
– Тўғри айтдингиз, мен Ўзбекистонга чиндан ҳам илк бор 1985-йили келганман. Аммо у пайтларда ёш эдим, бирор тадқиқот олиб боришга яроқли тажриба ва билимим етарли эмасди ҳали. “Спутник” деб номланган халқаро ёшлар сайёҳлик ташкилоти ёрдамида Ўзбекистонда бор-йўғи 10 кун бўлган эсам-да, советлар давридаги ҳаётнинг озми-кўп жиҳатлари билан таниша олганимдан мамнунман. Орадан олти йил ўтиб, яъни 1991-йилда дастлабки илмий-тадқиқот сафари билан юртингизга яна келишга муваффақ бўлдим. Бу пайтда вазият анча ўзгарган, аммо ўзим қўл уришга бел боғлаган мавзу ҳамон янги ва долзарб эди.
Шарифжон Аҳмад:
– Энди бевосита китобингизга мурожаат қилсак. Унда “Жадидчилик сарчашмаси” деб номланган учинчи боб қуйидаги тасвирлар билан бошланади: “1899-йили йигирма беш яшар йигит Самарқандда Закаспий темир йўлига қарашли поездга ўтириб, Истанбул, Қоҳира ва Маккани кўзлаганча Закавказе сари йўлга отланди. …Ўзига ҳали нотаниш юртлар бўйлаб кезар экан, Беҳбудий Усмонлилар империяси ва Мисрда кенг қулоч ёза бошлаган халқ таълими тараққиётини зўр қизиқиш билан кузатар, бу ўлкаларда маданий ислоҳотлар бошида турган таниқли арбоблар билан учрашиб, ҳамсуҳбат бўлар эди”. Бундан маълум бўлишича, ўша даврнинг мусулмон зиёлилари, чор ҳукумати истилоси остида бўлса ҳам, бошқа юртларга саёҳат қилиб, маслакдошлари билан яқин мулоқотларда бўлган. Бошқа юртлардаги ислоҳотлардан таъсирланган Туркистон жадидлари ўлкада ўзига хос, айрича йўлдан кетдими ёки умумий оқимнинг узвий бир бўлаги сифатида фаолият юритдими? Сизнингча, Туркистон жадид ҳаракатининг ўша давр мусулмон оламидаги бошқа ислоҳотчилик ҳаракатларидан муҳим фарқлари нимада эди?
Адиб Холид:
– У пайтларда мусулмон модернизми бутун ислом оламида кенг қулоч ёза бошлаганди. Матбуот ва телеграф, ҳаракатланишни қулайлаштирган темир йўллар ва денгиз йўллари ривожланиши туфайли ҳам бундай ғоялар кўплаб мусулмон юртлари ўртасида эмин-эркин ёйилаётган замон эди. Сиз эслаб ўтган Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолияти айнан мана шу ҳодисанинг ёрқин мисоли бўла олади. Шу билан бирга, бу ойдинларнинг аксари маҳаллий муҳит доирасида иш олиб борган. Уларнинг ҳаммасида ўзига яраша ташвиш-муаммолар бор эди, улар сиёсий чекловлар туфайли ҳаминқадар имконлар меъёрида фаолият юритди. Шу сабабли ҳам, мусулмон модернист ислоҳотчилигини бир бутун ва яхлит ҳодиса, деб айта олмаймиз.
Туркистон жадидлари мустамлака шароитида фаолият олиб борган бўлса-да, бу тизим Британия империяси Ҳиндистон ёки Мисрда ўрнатган мустамлакачилик тартибидан тубдан фарқланар, ҳатто шундайки, Туркистондаги сиёсий вазият Волгабўйи ва Урал бўлгаси муҳитидан ҳам бўлакча эди. Туркистон жадидлари фаолиятидаги асосий ўзига хосликни бошланғич таълимни тубдан ислоҳ этишга интилишларида кўрамизки, бундай жиҳатни мусулмонлар Ҳиндистони ёки Мисрда кузатмаймиз. Туркистон жадидларини бошқалардан ажратиб турувчи иккинчи муҳим жиҳат – улар туркийликка (асло пантуркизмга эмас) мафтун бўлди ва бу мафтунлик, айниқса, 1917-йилдан сўнг яққол кўзга ташланди.
Шарифжон Аҳмад:
– Бир тарафдан, жадид ҳаракати мустамлака сиёсатининг маҳсули бўлган, бошқа томондан эса Туркистон мусулмон жамиятининг фақат ўзигагина хос тадрижий тараққиёти самараси эди, дейиш мумкинми? Бу қабилдаги икки хил қарашни қай тарзда бирлаштириш мумкин?
Адиб Холид:
– Жадид ҳаракати мустамлака сиёсатининг маҳсули эмас, балки айнан мана шу сиёсатга жавоб эди. Бу ҳаракат Туркистон мусулмон жамиятининг янгича шароитдаги маданий тараққиёти натижаси ўлароқ юзага келди. Мазкур шароит Ўрта Осиё сарҳадларидан ташқаридаги бошқа мусулмон жамиятлари билан бошланган янги муносабат ва мулоқотларни ўзида мужассам этган эди. Усмонлилар салтанати Туркистон жадидлари учун, афтидан, бу сингари мулоқотларнинг фавқулодда муҳим манзили эдики, усмонлилар андозаси не қадар қадрли ва жозибали бўлганини, айниқса, Бухоро мисолида яққол кўра оламиз.
Шарифжон Аҳмад:
– Туркистон жадидлари фаолиятини ўрганган баъзи олимлар бу воқеликни миллий озодлик курашига дебоча бўлган мафкура ва қамровли ҳаракат, деб баҳолашга мойил бўлса, яна бошқалари жадидларни ислоҳотчилик мунозараларидан нарига ўтмаган соф маданий лойиҳа сифатида кўради. Агар биринчи қарашни қабул қилсак, нега айрим жадидлар Қўқон мухториятини жонбозлик билан ёқлашдан тийилиб, ундан кейинги “босмачилик” ҳаракатига ҳам катта шубҳа билан қаради? Ёки уларни маданий лойиҳа иштирокчилари дебгина қабул қилсак, бу “беозор” гуруҳни советлар тузуми кейинроқ нима сабабдан барибир ёппасига (айримларигина истисно) қатлиом қилди? Тафовутли бу икки ёндашувни ҳам ўзаро муросага келтирувчи асослар борми, сизнингча?
Адиб Холид:
– Жадид ҳаракатининг турли даврларини фарқлашда эҳтиёткор бўлишимиз лозим. Маълумки, 1917-йил инқилоби жамиятда кескин бурилиш ясаган. Инқилобга қадар бўлган жамиятда давлат Исломга нисбатан тоқатли муносабатда бўлса-да, маҳаллий аҳолининг сиёсий жараёнларда иштирок этишини истисно қилган. 1917-йилдан кейин эса вазият тамомила ўзгарди ва энди кўплаб жадидлар келажакка умид боғлаб, инқилоб туфайли юзага келган имкониятларни иштиёқ билан қарши олди. Улар фаолиятида шиддаткорлик пайдо бўлди, айримлари ҳатто сиёсий ҳокимият жиловини тутишга (айниқса, Бухорода) муваффақ бўлди.
Жадид ҳаракати яхлит ва турғун мафкура эмасди. Янгича шароит ва имкониятлар пайдо бўлиши ёки булар йўқолиши баробарида бу мафкура ҳам эврилишларга учраб, ўзгариб турди. Қўқон (Туркистон) мухторияти эса, кўп жиҳатдан, кўзда тутилмаган тасодифий воқеалар маҳсули эдики, бир қанча омиллар қатори ҳарбий қудратга ҳам эга бўлмаган жадидлар бу тузилмани ёқлай ёки муҳофазалай олмаслиги аён эди. Амалда бутун бошли давлат парокандаликка юз тутаётган у йиллар аёвсиз бир даврлиги маълумингиз. “Босмачилик” ҳаракатига ҳам шубҳа билан қараганларига келсак, жадидлар бу гуруҳнинг жамият, тараққиёт, ўзгариш ва янгиланишлар борасидаги зиддиятли қарашларини қабул қилмас, бунинг устига, ҳар иккиси жамиятнинг бошқа-бошқа қатлами намояндалари эди.
Вақт ўтган сайин советларнинг жадидларга нисбатан ғанимлиги ҳам кучайиб борди. Оёққа туриб олган совет ҳокимияти, айниқса, 1930-йилларда, сиёсий майдонда яккаҳокимликни сақлаб қолишни ҳаётий зарурат деб билди ва мафкуравий жиҳатдан шубҳали унсурларни йўқотиш пайига тушди.
Шарифжон Аҳмад:
– “Туркистонда жадидчилик” китоби илк бор нашр этилганидан буён 27 йил ўтибди. Асарнинг муқаддима қисмида ўтган асрнинг дастлабки даври тадқиқ этилган жиддий рисолалар камёблиги, борлари ҳам масалага асосан Ўрта Осиёни тушуниксиз шарқий экзотика тарзида кўришга мойил совет фани призмаси орқали ёндашганига эътибор қаратиб, ўзингиз қўл урган ушбу тадқиқот ёрдамида ўша сакталикларни тузатиб, бу борадаги мувозанатни тўғрилашга уринганингизни билдирасиз. Ушбу китобдан сўнг яна бир неча рисолалар яратдингиз. Умуман олганда, Ғарб илмий доираларида мазкур минтақа, хусусан, Ўзбекистон тарихини тизимли ўрганиш борасида сезиларли силжишлар содир бўлдими ёки бу мавзу ҳамон тор илмий доираларнинг хос қизиқиш объекти сифатидагина қолмоқдами?
Адиб Холид:
– Ҳа, шундай, китоб нашр қилинганидан буён ўтган 27 йил давомида кўп ўзгаришлар содир бўлди. Бу китоб чиндан ҳам Ўрта Осиёнинг энг янги тарихига доир инглиз тилида битилган ва архив манбаларига асосланган илк рисола эди. Гарчанд, ушбу минтақани экзотиклаштириб, биргина рус тилидаги манбаларга таяниб ёзилган ишлар ҳали-ҳамон пайдар-пай чоп қилинаётган бўлса-да, умумий ҳолат энди барибир бошқача. Инглиз, француз, олмон, италян, шунингдек, япон тилида нашр қилинган ҳамда архив ва матбуот манбалари билан жиддий шуғулланиш натижасида яратилган кўплаб теран тадқиқотлар нашр этилгани қувонарли ҳолдир. Аммо бу, Марказий Осиё тарихи Ғарбда кенг миқёсда оммалашди, дегани эмас. Бу ҳамон тор, шу билан бирга, салмоқли ютуқларга эришган хос соҳалигича қолмоқда.
Шарифжон Аҳмад:
– Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда жадидлар меросига қизғин қизиқиш ҳам, кейинроқ мўътадил муносабатлар ҳам кузатилди. Яқин йиллардан буён эса бу борада яна кўтарилиш палласига гувоҳ бўляпмиз. Бугун Марказий Осиё республикалари кўп соҳаларда ўзаро яқинлашувга интилаётган бир даврда, бу ҳудудни яхлит Туркистон ўлароқ англаган жадидларнинг ғоя ва қарашлари минтақа учун қанчалик муҳим?
Адиб Холид:
– Тўғри айтасиз, Ўзбекистонда жадидшунослик бир қанча босқичларни босиб ўтди. Ҳозирги вазият биргина Марказий Осиё олимларининг ўзаро ҳамкорлиги эмас, уларнинг хорижий мамлакатлардаги бошқа ҳаммаслаклари билан илмий алоқаларига ҳам шароит яратди. Бу борадаги эркинлик тўхтаб қолмасдан, ўзаро ҳамкорлигимиз янада чуқурлашуви, архивлар эшиклари эса яна ҳам кенгроқ очилишидан умидимиз катта.
Шарифжон Аҳмад:
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Адиб Холид:
– Суҳбатдан камина ҳам мамнун бўлдим.
Адиб Холид
Шарифжон Аҳмад
“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 декабрдаги 49-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
833
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
827
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
861



