17.10.2025 | 17:39
269
ТИЛНИ АСРАШ МИЛЛАТНИ АСРАШДИР
ОЗОДЛИК ФАЛСАФАСИ
Юрт деганда кўз олдингизга нималар келади? Яратган бизга халқ ўлароқ яшашимиз учун ато этган табаррук тупроқ, тоғ-у тошлар, дашт-у далалар, дарё-ю кўллар, чўллар-у ўрмонлардан иборат макон, яна бизни қуршаб катта қилган ота-она, қавм-қариндош, дўст-у ёр, маҳалладошлар, тўй-маърака, урф-одат, анъана ва қадриятларимиз келмайдими? Ахир, юрт – шулар билан юрт-ку! Аммо бу омиллар билангина юрт ҳақидаги тасаввур тўкис бўлмайди. У кемтик бўлмаслиги учун яна бир муҳим восита керак – бу, она тилимиздир.

Тил нафақат алоқа воситаси, балки миллат тафаккури, маданияти ва хотирасини ташувчи энг муҳим унсурдир. Тилсиз миллат бўлмаганидек, тилсиз давлат ҳам бўлмайди. Шу маънода, давлат тили – суверенитет рамзи, миллий бирлик ва сиёсий барқарорликнинг маънавий кафолати, давлатнинг мавжуд бўлиш шартларидан энг муҳимидир. Давлат тилининг фалсафий моҳияти шундаки, у миллатнинг руҳий тафаккурини сиёсий ва ҳуқуқий маконга айлантиради. Яъни, халқ руҳияти давлат рамзларида, ҳуқуқий ҳужжатларда ва сиёсий муомалада айнан миллий тил воситасида ўз ифодасини топади. Шу сабабли, тил фақат грамматик ё лексик тузилма эмас, балки миллатнинг онг, тарих ва қадриятлар тизими ҳамдир.
Тил ва давлатчилик ўртасидаги боғлиқлик нафақат маданий, балки сиёсий, иқтисодий ва ҳатто хавфсизлик жиҳатидан ҳам муҳим. Бир миллатнинг тили заифлашса, унинг сиёсий иродаси ҳам заифлашади. Она тили ва миллийликни унутганлар миллат сифатида тарихга айланади, ҳатто эрки ўз қўлида бўлса ҳам. Мустамлака замонида она тилини, эътиқоди ва қадриятини йўқотмаган миллат эса, кул остидан бош кўтарган Қақнус каби ўз эркини қайта топишига шубҳа йўқ. Бу сўзга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Масалан, Хитой – “минг йиллик босқинлар ортидан қайта тирилган маданият”. Бу халқ мўғуллар (XIII аср), манжурлар (ХVII–XIX асрлар), японлар (XX аср), кейинчалик Ғарб мустамлакачилари ҳукмронлиги остида бўлганда ҳам, ўз тили, эътиқоди ва ёзув тизимини асраб қола олгани учун XX асрда миллий уйғониш даврини бошлаб, ХХІ асрда дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айланди.
Ёки Ҳиндистонни олайлик. 1757 йилдан 1947 йилгача инглиз мустамлакаси бўлган бу давлат санскрит, урду ва ҳинд тилларини сақлаб қола олгани, ўз эътиқодини асраб, Ғарб таъсирига қарши маънавий қаршилик кўрсатгани туфайли озодлик ҳаракати ғалаба қилди ва давлат сифатида қайта тикланди.
Харитадан йўқолиб қолган бўлса-да, тили ва эътиқоди сабаб сақланиб қолган яна бир миллат бор – поляклар. 1795–1918 йилларда Полша Россия, Пруссия ва Австрия томонидан бўлиб олинган. Аммо поляк халқининг ўз дини ва она тилини, миллий руҳни сақлаб қола олгани боис, Биринчи Жаҳон урушидан сўнг мустақил Полша давлати қайта ташкил топди.
Айнан шундай қисмат Ўзбекистонга ҳам бегона эмас. XIX аср охирида чор ҳукумати мустамлакасига айланган, кейин совет тузуми исканжасида бўлган ўлкамиз донишманд халқимизнинг ўз тилини сақлаб қола олгани, илмга ва миллий озодликка интилиши боис, 1991 йили мустақил давлат сифатида қарор топди. Бу қисмат собиқ иттифоқ таркибидаги барча мустамлака давлатларга хосдир.
Она тилини, ҳимоя қилган юрт ўз мустақиллигини ҳимоя қилишига бундан ортиқ мисол келтириб ўтириш шарт бўлмаса керак. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, давлат тили – бу фақат филологик ёки лингвистик эмас, балки давлатчиликка оид масаладир.
ҒОЯНИНГ ТУҒИЛИШИ
Давлат тили деган сўзни деярли ҳамма ишлатади. Аммо кўпчилик бу сўзнинг қаердан пайдо бўлгани ва асл моҳияти нима эканини ўйлаб кўрмаса керак. Келинг, бу сўзнинг тарихига бир назар ташлайлик.
“Давлат тили” атамаси илк бор ХV–XVI асрларда, Европада миллий давлатлар шакллана бошлаган даврда ҳуқуқий ва сиёсий мазмун касб этган. Бу жараённинг бошланиши Франция тарихидаги 1539 йилги “Виллер-Котре ордонанси” билан боғлиқ. Франция қироли Франсуа I бу ордонанс (норматив-ҳуқуқий ҳужжат) орқали барча расмий ҳужжатлар, суд қарорлари ва давлат ёзишмаларини фақат француз тилида юритишни мажбурий деб эълон қилган. Бу ҳужжат тил орқали миллий давлат яратиш ғоясининг бошланиши эди. Кейинчалик Англия, Германия ва Испанияда ҳам шундай жараёнлар бошлангани ортидан ХVI–XVII асрларга келиб, давлат ишларида инглиз, немис, испан тиллари Европада умумий тил бўлган лотин тилини муомаладан аста-секинлик билан сиқиб чиқарди.
Шундай қилиб, давлат тили ғояси Европада миллий давлат ғоясининг юзага келиши ва ҳуқуқий-идоравий бошқарувда ягона тил орқали марказлашув зарурати туфайли шаклланди. Бисмарк Германиясида “бир миллат, бир давлат, бир тил” шиори миллий бирликни таъминловчи сиёсий тамойилга айланди. Бу шиор кейинчалик Европа давлатларининг барчасида турли кўринишларда давом этди.
XX асрнинг иккинчи ярмида Европада давлат тили масаласи янги босқичга кўтарилди. 1994 йили Францияда қабул қилинган “Лои Тоубон” (Тубон) қонуни бу жараённинг тарихий бурилиш нуқтаси бўлди, дейиш мумкин. Қонуннинг асосий мақсади – француз тилини инглизлашув ва глобаллашув таъсиридан ҳимоя қилиш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида мажбурий қўлланишини таъминлаш эди. Унга кўра, давлат идоралари, таълим муассасалари, реклама ва оммавий ахборот воситаларида фақат француз тилидан фойдаланиш, давлат хизматчилари ва фуқаролар ўртасидаги расмий ёзишмалар бошқа тилда бўлмаслиги, маданий ва илмий тадбирларда француз тили устувор бўлиши шарт қилиб белгиланган. Айнан шу қонун туфайли француз тили нафақат маданий, балки ҳуқуқий ҳимоя объектига ҳам айланган. Француз давлатининг бу қатъий сиёсати баъзи муҳитларда “миллий тил иҳотаси” деб баҳоланган бўлса-да, амалда у давлат мустақиллигининг маънавий кафолатини таъминлаган. Бу сингари қонунлар Канада, Белгия ва Руминияда ҳам миллий тилни ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.
ДАВЛАТ ТИЛИ МИЛЛАТЧИЛИК ЭМАС, ДАВЛАТЧИЛИКДИР
Кўпинча тил сиёсатига оид баҳсларда: “Давлат тилида сўзлашни талаб қилиш миллатчилик эмасми?” деган саволга дуч келамиз. Ҳатто, бу савол гоҳ-гоҳида иғвогарона тус олиб, анча-мунча шов-шувларга ҳам сабаб бўлади. Табиатан андишали халқимизнинг оқил ойдинлари эса, негадир, бу саволга дангал жавоб қилишга шошилмайди. Аслида, бу саволга жавоб жуда аниқ: давлат тилини талаб қилиш миллатчилик эмас, балки фуқаролик масъулияти ва давлатчиликнинг ифодасидир. Агар шундай бўлмаса, АҚШ, Германия, Полша, Франция, Россия, Япония каби давлатлар бу борада ўзларининг қатъий позициясини кўрсатмаган бўлар эди.
Масалан, Германияда доимий яшаш учун келган шахслар ҳатто вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун ҳам немис тилини B1 ёки B2 даражада билиши шарт. Бу талаб одамни камситиш эмас, балки жамиятга тўлиқ интеграция қилиш учун жорий этилган. Францияда француз тилини билмаган одам давлат хизматига қабул қилинмайди, чунки тил нафақат алоқа воситаси, балки давлат маданиятининг рамзи ҳам. Полшада ҳам шундай: поляк тилини билмаган киши мамлакат фуқаролигини ололмайди.
Тил орқали давлат ўз ҳудудий ва маънавий яхлитлигини сақлайди. Агар давлат тили қонун билан ҳимоя қилинмаса, у ҳолда давлатнинг маданий суверенитети хавф остида қолади. Натижада давлат идоралари турли тилларда иш юритади, ҳужжатлар таржима орқали айланади, таълим тизимида бир хил дастур ва атамалар бўлмайди, оммавий ахборот воситаларида тил ва маъно тарқоқлиги кузатилади. Бундай ҳолатда давлат бошқарувида маъмурий парокандалик юзага келади. Агар шу ҳолат юз берса, қонунлар турлича талқин қилинади, давлат хизматчилари ва фуқаролар ўртасида тушунмовчиликлар кўпаяди. Бунга Югославия тарихи мисол.
БУГУН ЎЗБЕКИСТОНДА…
2021 йили Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси минбарида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бу эса Ўзбекистон раҳбарининг тарихда илк маротаба халқаро минбарда ўз она тилида сўзлаган нутқи бўлди. Юрт раҳбарининг бу дадил қадами ўзбек тилини илк бор халқаро сиёсий мулоқот тили сифатида қўллаш мумкинлигини исботлади ва нафақат ўзбек тилининг, балки давлатнинг ҳам, етакчининг ҳам сиёсий нуфузи ошишига сабаб бўлди.
Бугунги кунда давлат идоралари, элчихоналар, таълим муассасалари ва медиа майдонида ўзбек тилининг ўрни сезиларли даражада мустаҳкамланмоқда. Давлат хизматчилари учун тил даражаси бўйича малака тизимини жорий этиш, терминологияни янгилаш, ахборот тизимларини ўзбек тилида яратиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Тил сиёсати давлат бошқарувининг узвий қисмига айланиб бораётир. Унинг стратегик вазифаларини белгилаб берган Давлат тилини ривожлантириш концепцияси ўзбек тилини фақат маданий белги тарзида эмас, балки миллий хавфсизликнинг маънавий устуни сифатида илгари суриш сиёсатини ифодалайди.
ҲАЁТ-МАМОТ МАСАЛАСИ
Баъзан: “Нега, давлат тили деб бунча куйиб-пишишади? Нима, ўзбек тили кимнингдир ҳимоясига муҳтожми? Шунча вақтдан бери яшаб келди, бундан кейин ҳам яшайверади”, деган ёзғиришларни эшитиб қоламиз. Бундай гапларни узоқни ўйламаган, тарихдан, она тилимизга бўлган хуружлардан бехабар кишилар айтади. Бу ҳолатга лоқайд қараш мумкин эмас. Келинг, гапни озгина узоқроқдан бошлаб, шундай маломатларга нисбатан мулоҳазали жавоб қилайлик.
Ўзбек тилига нисбатан энг ёвуз муносабат собиқ иттифоқ даврида кузатилган ва бу қардош тилларнинг ҳам бошига тушган. Иттифоқ даврида туркий халқларнинг тил яқинлиги сиёсий хавф сифатида баҳоланган. Шу сабабли, СССРда туркий тилларни алоҳида-алоҳида миллий тиллар сифатида мустаҳкамлаш, диалектологик фарқларни майда-майда тарзда тадқиқ ва тасниф қилишга катта ресурс ажратилгани ҳужжатли ҳолда қайд этилган.
1970–1980 йилларда “туркий тиллар ўртасидаги фарқлар илмий жиҳатдан чуқур, умумийлик эса фақат тарих нуқтаи назаридан мавжуд”, деган қараш илгари сурилган. Натижада ҳар бир туркий халқнинг тили мустақил “диалект системаси” сифатида таснифланиб, “умумтуркий маданий бирликда илмий асос йўқ”, деган қараш шакллантирилган. Бу тил орқали сиёсий парчалаш бўйича ўтказилган илмий тажриба эди. Ўша даврда айнан тилшунослик орқали ҳам мафкура шакллантирилган.
Гарчанд собиқ иттифоқ парчаланиб кетган бўлса-да, бугун ўша сиёсатнинг янги – рақамли кўринишлари тез-тез кўзга ташланиб қолади. XX асрда совет тилшунослигидаги “интердиалект фарқи” назарияси туркий тиллар ўртасидаги яқинликни камайтириш мақсадида илгари сурилган бўлса, ҳозир бу ҳолат “шева орқали парчалаш” кўринишида намоён бўлмоқда. Интернет оламида шевали ёзувлар, имло “эркин”лиги ва грамматик меъёрсизлик сабабли тил қоидаларининг заифлашаётгани, ўзбек тилининг қўлланиш соҳаси қисқариб, айниқса, аксар ёшлар суҳбатида русча ё инглизча аралашмаларнинг кўпайиб бораётгани маданий суверенитетга нисбатан тил орқали мафкуравий босим юзага кела бошлаганини англатади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг “Бу кишим – устоз, биз – шогирд” номли эссесида бир далил келтирилади. Таниқли олим Матёқуб Қўшжонов талабаларга тарихчи Жуманиёз Шарипов архивдан топган чор ҳукуматининг махфий ҳужжати ҳақида гапириб берган экан. Ҳужжат Туркистон генерал-губернаторининг махфий буйруғи бўлиб, унда ўзбек зиёлилари мактаб очса ё дарслик яратсалар, ҳар бир мактабда дарс ўша ҳудуд лаҳжасида олиб борилиши, дарсликлар ўша жой шевасида ёзилиши кераклиги уқтирилган экан. Моҳиятан: “Ўзбек адабий тилининг яратилишига йўл қўймаслик керак, негаки, адабий тил – ўзбекларнинг бошини бирлаштиради. Бу эса бизнинг манфаатларимизга тўғри келмайди”, дея изоҳланган ҳужжатнинг қандай қабиҳ мақсадга хизмат қилганини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак…
Миллат адабий тил орқали бир-бирини тушунади, тарихини, маданияти ва қадриятларини англайди. Афсуски, бугун ўзбек тилининг ички тизимидаги энг муҳим муаммолардан бири – адабий тил ва шева муносабати бўлиб қолмоқда. Шева меъёрсиз равишда оммавий муҳитга чиқадиган бўлса, у миллатнинг маънавий ва тил бирлигини заифлаштиради. Шу боис, адабий тилни – миллатнинг маънавий бирлигини муҳофаза қилиш шарт. Майли, шева фольклорда, маҳаллий мулоқотларда яшасин, ундаги нодир сўз ва атамалар адабий тилни бойитсин, лекин давлат бошқарувида, таълим-тарбияда, илмий ва ахборот соҳасида адабий тил муқим ва устувор бўлиши лозим.
ЯНГИ СЎЗЛАР ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ?
Ўзбек тили сўнгги йилларда фаол ривожланаётган тиллар қаторида турибди. Шу ўринда ривожланган тил деганда, қандай тил назарда тутилишини ойдинлаштириб олиш лозим. Ривожланган тил – илмий, техник, ҳуқуқий, маданий ё бошқа исталган соҳада фикрни эркин ифода этиш имконини берадиган, ўз стандарти ва лексик тизими тўлиқ шаклланган тил. У илмий ва ҳуқуқий терминологияси ривожлангани учун таълим ва давлат бошқарувида бирдек қўлланади. Ягона орфографик ва грамматик стандартга эга бўлгани учун технологик ва рақамли муҳитда ҳам фойдаланиш имкони мавжуд. Юксак бадиий ва ахборот салоҳиятига эга.
Айни вақтда, ўзбек тили тез ривожланаётгани баробарида, чет тилларнинг унга таъсири ортиб бораётганини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Глобал ахборот муҳити, айниқса, рақамли ахборот оламида ўзбек тили таркибида кўплаб хорижий сўзлар истеъмолга кириб боряпти. Шу боис, янги сўзларни ўзбекчалаштиришга эҳтиёж туғилмоқда. Гарчанд Ўзбекистонда бу борада сўнгги йилларда қатор ишлар амалга оширилиб, янги ўзбекча атамалар яратилган бўлса-да, ҳали айрим муаммолар мавжуд. Жорий этилган янги сўзларни оммавий ахборот воситалари ва таълим тизимида фаол қўллаш етарли эмас. Тил сиёсатини илмий, ижтимоий ва ахборот йўналишларида уйғунлаштириш зарурати кузатилмоқда.
Мисол тариқасида Япония ва Корея давлатларини оладиган бўлсак, уларда тилга миллий ўзликни муҳофаза қилувчи институт сифатида ёндашув мавжуд. Японияда ҳар йили “Шинго-Рйūкōго Taishō” (“Йилнинг янги сўзи ва мода ифодаси”) мукофоти берилади. Саноат, иқтисод ва ҳоказо соҳаларга кириб келган ёт хорижий сўзларга японча муқобил ўйлаб топиш билан шуғулланишнинг тантанаси сифатида ўтказиладиган бу тадбир нафақат тилшуносларни рағбатлантиради, балки жамиятдаги фикр оқимини кузатувчи ижтимоий “барометр” вазифасини ҳам ўтайди. Шу тариқа, япон тилига жорий этилган янги сўзлар қоида тариқасида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, “Гендаи Yōго” энциклопедиясига киритилади.
Кореяда эса “Урималсаэм” онлайн луғати ва “Неологисм Investigation Project” тизими орқали янги сўзлар илмий асосда корейсчалаштириб борилар экан. Бу жараёнда ҳар бир янги атаманинг фонетик қулайлиги, маъносининг аниқлиги ва миллий тил қоидаларига мослиги жиддий тарзда назорат қилинишига нима дейсиз!
Демак, глобаллашув туфайли кириб келаётган хорижий сўзларни ўзбекчалаштиришга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон учун ҳам Япония ва Корея тажрибаси жуда муҳим: янги сўзлар жараёнини омма билан муҳокама қилиш, илмий ва ижтимоий онгни бирлаштириш албатта шарт.
ҚИССАДАН ҲИССА
Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий 1915 йили “Ойина” журналининг 11-12-сонларида эълон қилган “Тил масаласи” деб номланган мақоласида: “Она тили, она тили”, бу яхши орзу. Аммо тилсиз оналар тилиға мактабий китоблар ёзила берса, Туркистонда ададсиз бузуқ она тиллар шевасиға ададсиз китоблар ёзмоқ лозим келурки, Андижонда ёзилгани Бухорода, Авлиёотада ёзилгани Қаршида англашилмайдур. Чунки бу оналарни тили бир-биридан фарқликдур. Тараққий этган миллатлар оналарни ўқутар экан, биз аввал онамизни ўқутуб, анга тил ўргатмоғимиз керак. Чунки бизни илм ва тилсизлигимиз алардандур”, деб ёзган. Демак, адабий тил мавқейини мустаҳкамлаш жадидларнинг ҳам орзуси бўлган.
Бугун миллий тиллар учун ҳар қачонгидан кўра ўта жиддий хатар мавжуд. Бу интернет қаршисида миллий тилларнинг рақамли қолоқлигидир. Аксар тиллар интернет ёки бошқа ахборот технологиялари ёхуд дастурлашда зарур қўллаб-қувватлашга эга эмас. Уларнинг алифбо, имло, махсус белгиларни киритиш, таржима, тилни аниқлаш борасида устунликлари мавжуд эмас. Айнан шу ҳолат ўша тиллардан виртуал оламда фаол фойдаланиш имконини бермайди. Натижада бу тиллар рақамли муҳитда “кўринмас” бўлиб қолади ва фойдаланувчилар тўғридан-тўғри инглиз, рус ёхуд интернетда фойдаланиш имкони бўлган бошқа тилдан фойдаланишга ўтади. Шу тариқа, йиллар мобайнида миллий тиллар секин-аста истеъмолдан чиқиб, ожизлашиб бораверади.
Аслида, миллий тилларни қайта тиклашда катта имконият яратган интернет келажакда қўллаб-қувватловчи дастурлар етишмовчилиги ва алгоритм сиёсатлари туфайли миллий тилларнинг рақамли заифлашувига, ҳатто йўқолишига сабаб бўлиши мумкин. Демак, интернет учун давлат тилида дастурлар ишлаб чиқиш, ундаги доминант тилларда яратилган дастурларни ўзбекчалаштириш, глобал дастурларда албатта ўзбек тилини жорий этишга эътибор қаратиш зарур.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев: “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак”, дея таъкидлагани бежиз эмас.
Давлат тили – давлатнинг ички бирлиги, халқнинг ўзига ишончи ва маданий мустақиллигининг асоси. Унга нисбатан эҳтиёткорлик ва масъулиятли муносабат ҳар биримизнинг маънавий бурчимиздир.
Абдулҳамид МУХТОРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
“Жадид” газетасининг 2025 йил 17 октябрдаги 42-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



