19.12.2025 | 15:22
326
ЖАДИДШУНОСЛАР САРДОРИ
Дунё олимлари умумжадид ҳаракати юзасидан мулоҳаза юритадиган, илмий тадқиқотлар олиб борадиган бўлса, Бегали Қосимов номини, асарларини асло четлаб ўта олмайди. У жадид ҳаракатини кенг кўламда, бутун таъсирланув омиллари, йўлбошчилари, асосий ғоялари, географик кўлами, машҳур шахсларигача тадқиқ қилишга илмий қуввати етадиган беназир олим эди.

Бегали Қосимов совет замонида илм учун энг мураккаб ва қалтис мавзуни – жадидлар даврини танлади. Бунинг учун олимга қатъият ва жасорат лозим эди. Бу пайтда жадидларнинг ғоялари, орзу-ниятлари ҳақида билган ва англаганларининг барини очиқ ёзиш ҳам имконсиз эди. Домланинг тўплаган манбалари ва айрим ёзган мақолалари ўз муҳлатини кутди. Бегали Қосимов бу ҳақда шундай ёзади: “Менинг деярли барча тадқиқотларим истиқлол ғоясининг адабиётда ифодаланиши йўналишида эди. Шунинг учун уларнинг аксарияти мустақиллик даврида босилиб чиқди”. Домла бу даврдаги асарларни ҳижжалаб тадқиқ этди, кўпларини жорий имлога ўгирди, жадидларнинг руҳини шод қилиб, тарихий хизматлари қадрини баланд кўтарди.
Бегали Қосимов жадид адабиёти хусусиятларини тадқиқ қилар экан, албатта, ўзбек адабиётига таъсир қилган омилларга тўхталиб ўтди. Ҳақиқат қиёсда ёрқинроқ кўринади. Бусиз мумкин эмас. Фитратнинг ҳаёти ва ижодий меросини Истанбулдаги таҳсилидан ажратиб қараб бўлмайди. Маҳмудхўжа Беҳбудийни ўргана туриб, домла, албатта, Ғаспралини, уларнинг муштарак ғоялари ва учрашувларини эсга олади. Исмоил Ғаспрали ижодини ўз вақтида Бегали Қосимовдан кўра теранроқ, чуқурроқ тадқиқ этган олим йўқ эди, десак, муболаға бўлмайди. Олим “Таржимон” газетасини батафсил ўқиб чиқди. Шу мавзуда мақолалар ёзди. Исмоил Ғаспралининг “Танланган асарлар”ини ўзбек тилида нашрга тайёрлашда фаол иштирок этди.
Олимнинг XX асрнинг 80 йилларида ёзган мақолаларида ўзбек-татар адабий алоқаларининг бой тарихи қамраб олинган. Бегали Қосимов Қозон университети кутубхонасидан 1527 йили Бобурнинг ўғли Камронга ёзган мактубини топиб, илмий муомалага олиб киргани маълум. Кутубхонада XVI асрдан XX аср аввалигача бўлган даврга оид ноёб адабий қўлёзмалар, ўзбек-татар фольклорини ўрганишнинг уйғун жиҳатларига тегишли манбалар сақланаётганидан хабар беради. Қозонда босмахона иш бошлагач, ўзбек-чиғатой адабиётига оид намуналар нашр этилганини ҳам олим ёзган асарлардан билиб олиш мумкин. Бегали Қосимов ўз асарларида Шаҳобиддин Маржоний, Ризоуддин Фахриддин, Абдулла Тўқай, Абдурашид Иброҳим, Алиасқар Камол, Зоҳир Бегиев ва бошқа татар маърифатпарварлари ижодини ўзбек адабиёти билан қиёслаб ўрганди. Татарлар чиқарган “Шўро”, “Вақт”, “Улфат” каби газета ва журналларни жиддий тадқиқ этди. “Татар матбуоти ва Туркистонда жадидчилик” номли махсус мақола ҳам ёзди.
Мавзуни биринчи манбалардан батафсил ўрганиб чиққани учун Бегали Қосимов жадидлар даври адабиёти тўғрисида жуда эркин ёзади. Умумжадид адабиёти уммонига шўнғиб, ундан ноёб дур-у жавоҳирлар теради ва ўқувчиларга тақдим этади. Айни пайтда, ўзи ҳам жадид ижодкорларининг анъаналарини давом эттириб, йўл эсдаликлари, хотира ва кундалик кўринишида асарлар битади.
Профессор Бегали Қосимов Берлин, Олмаота, Қозон, Истанбул, Анқара, Боғчасаройда бўлиб ўтган халқаро илмий анжуманларда маърузалари билан қатнашди. Жадидлар фаолиятига оид мақолалари Франция, АҚШ, Туркия, Қримда босилди. “Миллий уйғониш” китоби турк тилига таржима қилиниб, Анқарада нашр бўлди. Олим фаолияти давомида немис, турк, қозоқ, татар, рус ва бошқа чет эллик ҳамкасблари билан илмий ҳамкорликда ишлади. У юксак эътирофларга сазовор бўлди, жумладан, 1993 йили Яссавий номидаги халқаро мукофот билан тақдирланди, 1997 йил Туркия Отатурк култур маркази фахрий аъзоси, 1998 йили Туркия Отатурк Араштирма тадқиқот маркази мухбир аъзоси бўлди. Унинг китобларига Х.Меннигулов, Аҳмад Севги, С.Нагаев, Ж.Зайнуллин каби олимлар илиқ муносабатларини билдирди.
Истиқлол йилларида Бегали Қосимов фаолиятида адабий алоқалар йўналишида янги саҳифалар очилди. У ўзбек-турк адабий алоқалари бўйича тадқиқотлар олиб борди. Махсус дарслик, қўлланмалар ёзиш, антология, энциклопедик сўзликлар тузиш ишларига бош-қош бўлди. Домланинг “излаб-излаб топган” қимматли адабий манбалари жуда кўп илмий тадқиқотлар учун асос бўлди, олий ўқув юртларидан тортиб мактаб дарсликларигача кириб борди.
Ўзбек адабиёти қандай қийинчилик билан дунёга йўл топаётган бўлса, ўзбек адабиётшуносларининг ёзганлари ҳам дунё билан бўйлашиш учун йўлга осонгина чиқаётгани йўқ. Аввало, хорижлик тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари олимнинг қаламини таниб, билимини тан олиши лозим. Бегали Қосимов истеъдодли адабиётшунос, ўзбек адабиёти ва маданиятининг билимдони сифатида халқаро миқёсда эътироф этилган олим эди. Дейлик, яқинда америкалик жадидшунос Адиб Холиднинг “Туркистонда жадидчилик” китоби бизда нашр бўлди. Хорижлик бу фидойи олим ўз китобида Бегали Қосимов асарларидан унумли фойдаланганига гувоҳ бўлдим.
Домла Ўзбекистондаги архив ва ноёб фондларни жуда яхши билар эди. Сарғайган газета ва журналларнинг чангини ютиб, қорайтирилган тарихни ақл нури билан ёритди, тарихий шахсларнинг миллат фидойилари эканини далиллар билан исботлади. Ўз вақтида Бегали Қосимов Маҳмудхўжа Беҳбудийга нисбатан “карвонбоши” таъбирини қўллаган эди. Домланинг ўзи жадидшунослик соҳасининг карвонбошиси, чин маънода, жадидшунослар сардори эди.
Баҳодир КАРИМ, профессор
“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 декабрдаги 51-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



