19.08.2025 | 15:49
538
ЗУЛМАТ ИЧРА НУР
Ўқувчилик йилларимда атоқли адиб Миркарим Осим асарларига жуда қизиқиб қолдим. У киши қаламга олган Жалолиддин Мангуберди, Машраб, Навоий каби буюк тарихий сиймоларимиз образлари мени мафтун қилиб қўйганди. Яна бир гапни таъкидлаб ўтишим керакки, у даврларда тарихий шахслар ҳаётини ёритиш ниҳоятда қалтис иш эди: салга сен ўтмишни идеаллаштиряпсан, совет мафкурасига қарши чиқяпсан, деб жувонмарг қилиб юборишлари ҳеч гап эмас эди. Ана шундай масъул вазифани ўз зиммасига олган, қатағон чиғириқларидан руҳан омон чиққан бу Алпомиш адибни кўриш, суҳбат қуриш биз ёшлар учун жуда катта орзу саналарди.

Ўқишни тугатиб, Ўзбекистон Давлат бадиий адабиёти нашриётида ишлай бошладим. Тақдирнинг туҳфасини қарангки, Миркарим Осим домла ҳам шу ерда меҳнат қилар экан. Бир умр ўзим интилган ёзувчим билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Бу бахт менга Миркарим Осим ижоди-ю шахсияти билан ҳам яқинроқ танишиб олишга имкон яратди ва устоздан жуда кўп нарса ўргандим. Мен ҳозиргача Миркарим Осим асарларини севиб ўқийман, худди биринчи марта ўқиётгандай хурсанд бўлиб, завқланиб мутолаа қиламан!
Миркарим Осим ёзувчи бўлиш билан бирга, моҳир таржимон ҳам эди. У Толстой, Гогол, Чехов, Шолохов, Бородин ва Бат каби улуғ ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Унинг таржималари ҳам худди ўзининг қиссалари каби мароқ билан ўқилади, на бирор ғализ жумла, на бирор ноўрин ибора учрайди. Чет эл муаллифларининг асарларига юксак маданият билан ёндашишни Миркарим Осим таржималаридан ўрганганман. Том маънода шуни айтоламанки, мен таржимонликка Миркарим Осимнинг бу борадаги санъатига қизиқиш орқали кириб келганман. Устоз ўттизинчи, қирқинчи йилларда қилган таржималари ҳали-ҳануз ўз аҳамиятини, оҳорини йўқотмаган. Улар аслиятга яқинлик билан ажралиб туради.
Миркарим Осим 1907 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У дастлаб “Шамс ул-урфон” бошланғич мактабида, сўнгра Наримонов номидаги таълим-тарбия техникумида таҳсил олган. Унинг билим олишга бўлган қизиқиши 1926–1930 йилларда Москвадаги Педагогика университетининг тарих-иқтисод факультетигача олиб борган.
Олий таълимни тугатгач, Миркарим Осим Самарқанддаги ўқитувчилар тайёрлаш курсларида, шунингдек, Педагогика илмий-тадқиқот институтида илмий ходим сифатида фаолият юритган. Кейинчалик у Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир сифатида ҳам ишлаган.
Унинг ижоди ўзига хос услубда бўлиб, тарихий воқеаларни ёрқин бадиий тасвирлар билан уйғунлаштирган. Ёзувчи ўз асарларида миллий тарих, маданият ва маънавий қадриятларни кўтариб чиқди.
Ёзувчи ҳаёти доимо осойишта кечмаган. 1940 йилларда у сиёсий таъқибларга учраб, бир неча йилни сургунда, қамоқхоналарда ўтказган. Озодликка чиққанидан сўнг, у яна ижод майдонига қайтди ва кўплаб асарлар яратди.
Миркарим Осим “Ўтрор”, “Тўмарис”, “Темур Малик”, “Александр ва Спитамен” каби асарларида миллат қаҳрамонларини янги руҳда тараннум этган.
“Моҳларойим ва Хонпошша”, “Карвон қўнғироғи”, “Элчилар” каби асарлар ўша даврнинг турмуш тарзи, ижтимоий муносабатлари ва шахсий фожиаларини ўз ичига олади.
“Зулмат ичра нур” (Алишер Навоий ҳақида), “Жайҳун устида булутлар” (Беруний ҳақида), “Ибн Сино қиссаси”, “Алжабрнинг туғилиши” (Ал-Хоразмий ҳақида), “Синган сетор” (Машраб ҳақида) каби асарлари билан ёзувчи халқдан атай олис тутилган даҳолар ҳаётига ойдинлик киритиб, маънавий жасорат намунасини намоён этган.
Миркарим Осимнинг “Астробод” номи билан танилган тарихий қиссалар туркумида Навоий ҳаётини теран ифода этувчи “Астробод”, “Алишер Навоий ва Дарвешали”, “Бадарға”, “Навоийнинг хислатлари”, “Улуғбек ва Навоий” каби асарлар муҳим ўрин тутади.
Иброҳим ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони
“Жадид” газетасининг 2025 йил 15 августдаги 33-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



