30.07.2025 | 09:03
233
ҲАЁТ ЙЎЛИ – ҚУВВАТ МАНБАИ
“Одам танасининг муҳандислик мўъжизаси – умуртқа”, дейди Илон Маск. Дарҳақиқат, умуртқа инсон бўйининг тўртдан бирини ташкил этувчи мураккаб тузилмадир. Абу Али ибн Сино умуртқага озор етса одамнинг жисми ҳам, руҳи ҳам азият чекишини айтиб, ҳар қандай табиб текширувни умуртқадан бошлаши кераклиги бўйича кўрсатма берган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда энг кенг тарқалган ва тобора яшараётган касаллик бу – умуртқалараро диск чурраси.
Умуртқалараро диск чурраси деганда кўпчилик умуртқа орасида пайдо бўлувчи гўштсимон ўсмани тасаввур этади. Аслида, бу касаллик умуртқа дискларидаги лиқилдоқ пулпоз ядро эластик ҳолатининг бузилиши оқибатида унинг фиброз ҳалқани ёриб чиқиб, орқа мия каналига оқиши билан юзага келади.

Умуртқалараро диск чурраси ана шу оқиб чиққан пулпоз ядро суюқлигининг ўнг ёки чап томондаги спинал илдизчаларни эзишига қараб ўша жойдаги томирларда тортишиш, оғриқларнинг ҳосил бўлиши билан характерланади. Беморда доимий ҳолсизлик, қўл-оёқ, елкаларда оғирлашув, сурункали оғриқ ҳолатлари кузатилади.
Умуртқа диски чурраси тананинг қайси қисмида ҳосил бўлса, жойлашган нуқтасидан пастдаги аъзолар ҳаракатига таъсир ўтказади, яъни ўша соҳадаги мушакларнинг спазм – ихтиёрсиз, қисқа муддатли ва оғриқли қисқаришига сабаб бўлади. Унинг келиб чиқишига асосан камҳаракатлик, семириш, травмалар, ноқулай ҳолатда оғир юк кўтариш ва сурункали шамоллаш сабаб бўлади.
Шунингдек, ҳар бир инсон умуртқа поғонасининг оғир юк кўтара олишига ва чидамлилиги юқори бўлишига қарамай, у айни шу аъзоси билан тик эканлигини унутмаслиги ва саломатлигига жиддий эътибор бериши керак.
– Умуртқалараро диск чурраси бемор ўзини ўзи даволаса ҳам бўладиган касаллик, – дейди Республика ногиронларни реабилитация қилиш маркази бўлим мудири, олий тоифали травматолог-ортопед Дилмурод Рўзибоев. – Унинг кенг тарқалган дейилишига сабаб, беморларнинг кўпайиб кетаётганидан эмас, балки диагностиканинг янада такомиллашгани сабаб касалликни эрта аниқлаш имконияти пайдо бўлаётганидадир. Бунинг учун республикамизга замонавий аппаратлар келтирилмоқда. Илгари ташхис қўйиш учун қўшимча рентген текшируви ўтказилган. Унда орқа мия каналига контраст модда жўнатилган, лекин жараён мураккаб кечгани учун бу усул кам қўлланилган, аниқ диагноз қўйиш ҳам қийин бўлган. Эндиликда ҳар битта ҳудудда МРТ аппарати мутахассислар ишини енгиллаштириб, касалликни эрта аниқлаш имконини беряпти. Қувонарлиси, беморни мумкин қадар жарроҳлик столигача олиб бормаслик чоралари кўрилмоқда.
Умуртқалараро диск чурраси касаллигининг “яшаришига” келсак, асосан жисмоний фаоллик сустлигидан келиб чиқяпти. Ёшлар столда тўғри ўтириш, танани монитор қаршисида қай ҳолатда тутиш ҳақидаги оддий тавсияларни ҳам билмайди. Соатлаб компьютер, ноутбук, телефон билан машғул бўлади. Бир жойда қадалиб ўтириш тана оғирлигининг умуртқага мунтазам тушишига олиб келади ва касаллик ривожланишига шароит яратади.
Беморларнинг ўртача 3-10 фоизига жарроҳлик амалиёти ўтказишга тавсия берилмоқда. Бел соҳасидаги умуртқалараро диск чурраси 7 миллиметр катталикни берганида, бўйин соҳасида 4 миллиметрга етганда операцияга йўналтирилади. Шунда ҳам бу нисбий ҳисобланиб, орқа мия каналининг кенглик даражасига қаралади. Чунки ҳар бир одамнинг анатомик тузилиши ўзига хос.
Жарроҳлик амалиётидан қўрқиб, вақтни ўтказиб юбориш керак эмас. Замонавий тиббиётда даволашнинг тез ва осон усуллари жорий этилмоқда. Бугун ҳар қандай катталикдаги умуртқалараро диск чуррасини 3 миллиметрли қисқичлар ёрдамида минимал инвазив усул билан умуртқа поғонасининг бутунлиги ва мустаҳкамлигига зиён етказмай, юмшоқ тўқима (мушак, нерв, фация, пай)ларни зарарламаган ҳолда олиб ташлаш мумкин. Бемор териси атиги 8 миллиметр кесилади. Жараён 25 мартагача катталаштириб кўрсатувчи камералар билан назорат қилинади ва бу операциянинг ўта аниқлик билан бажарилишини таъминлайди.
Тиб тарихидаги илк амалиётларда умуртқа поғонасининг баъзи қисмлари тўлиқ олиб ташланган. Бемор қоринни ерга берган ҳолда уч ойлаб ётқизиб қўйилган. Кейин ҳам у юришга қийналгани учун корсетдан доимий фойдаланган. Аммо бу усуллар ортда қолди.
– Ўзбекистонга Япония гранти асосида олиб келинган замонавий эндоскоп аппарат асосида умуртқа диски чуррасини тешиб олиш операцияси 2010 йилда илк бор бизнинг марказда амалга оширилган, – дейди Дилмурод Рўзибоев. – Ҳозир ҳар бир вилоятда бундай аппарат бор. Бундай операциялар сони очиқ жарроҳлик йўли билан қилинадиган амалиётлардан 2-3 бараварга кўпайди. Шунингдек, асаб илдизларига яқин жойдаги кичкина ҳажмли остеохондрозли умуртқа чурраларини майда ниналар билан лазерда куйдириб, унинг эластиклигини ошириш имконияти ҳам яратилган. Фақат бу усул остеохондрознинг дастлабки босқичларида, яъни пулпоз ядро ҳали оқиб чиқмаган вазиятларда амалга оширилади.
Афсуски, халқимиз характеридан келиб чиқсак, беморлар бошланғич оғриқларни эътиборсиз қолдиради, сохта табибларга мурожаат қилади, ўзбошимчалик билан дори-дармон қўллайди. Касаллик ривожланиб кетганидан кейингина шифокорга мурожаат қилади. Агар мана шу операция тури оммалашса эди, биз касалликни биринчи босқичидаёқ бартараф этишга эришар эдик.
Очиб қилинадиган операциялар натижасида узоқ ётиб қолган беморларнинг меҳнатга лаёқати пасайиб, потенциал ногиронлар ҳисобига кирар эди. Эндоскоп операцияларнинг яна бир афзаллик тарафи улар ногиронлик даражасига бормай тузалиб, иш жараёнига қайтишмоқда. Беморга операциядан сўнг шу куннинг ўзидаёқ ҳаракатланишга рухсат берилади.
Беморларнинг кўр-кўрона ҳар хил табибларга бориб, улар тавсия қилаётган оёқдан осиш, умуртқага зарб билан уриш ва чўзиш каби муолажаларга розилик бериши илмсизлик маҳсулидир. Бу жудаям хавфли бўлиб, одам бир умрга ногирон бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Аслида юқоридаги муолажалар даволаш тажрибасида аввалдан бор. Фақат жараён замонавий тиббиёт масканларида махсус трактсион – умуртқани электрон тортиш аппаратлари ёрдамида бажарилиши керак. Шифокор назоратидаги бу каби тортиш жараёнида спазм бўлиб қотиб қолган пай ва мушакларни юмшатиб беради, мушаклар бир тортиб, бир жойига қайтарилиб тонусни очиб беради.
Чурранинг олиб ташланиши остеохондроз касаллигини даволамаслигини эслатиб ўтиш жоиз. Унинг сиҳатини яхшилаш эса беморнинг ўзига боғлиқ.
Дилмурод Рўзибоев берган маълумотга кўра, Республика ногиронларни реабилитация қилиш марказида йилига икки мингга яқин бемор умуртқа диски чурраси хасталигидан шифо топади. Шулардан 45 фоизида жарроҳлик амалиёти ўтказилади. 500 нафаридан ошиғига консерватив муолажа қилинади.
Бу ютуқларнинг ортида Давлат раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш, тизимни рақамлаштиришга қаратилган ислоҳотлари турибди. Ўзгаришлар шифокорлар ишини енгиллаштирса, беморларнинг ишончи ортишига сабаб бўлмоқда. Йил якунига қадар барча ҳудудларнинг рақамли тиббиётга ўтиши режалаштирилган. Бу умуртқа диск чурраси билан оғриган беморларни ҳам тиббий назоратга олиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Шифокорлар бир ҳақиқатни такрорлашдан асло чарчамайди: касалликни даволагандан кўра олдини олган афзал. Тананинг бир соатлик ёки бир кунлик безовталиги асорати одамда ҳафталаб, ойлаб кетмаслиги мумкин. Шунинг учун соғлом юрган чоғларда ҳам тиббий кўрикдан ўтишни канда қилмаслик, шифокорлар кўрсатмасига бепарво қарамаслик керак. Зеро, ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади.
Муҳайё РУСТАМОВА
“Жадид” газетасининг 2025 йил 25 июлдаги 30-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
856



