Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


09.07.2025 | 12:06

img260

ЖАВОНДА “ҚАРИЁТГАН” ТЎНЛАР

Етти йил олдинги гап. Қўшни элатдаги ўрта мактабнинг юқори синф ўқувчи йигитлари илтимос билан келишди: “Мактабимизда ҳазрат Навоий ва Бобур Мирзо таваллудлари кунига саҳна кўриниши тайёрлаяпмиз. Сизда зартўн бор дейишди… Бериб турсангиз”.

Ҳақиқатдан ҳам кийим жавонимда турли сана, тадбир, тўйларда елкамга ташланган зар чопонлар бор эди. Озмас – нақ ўн иккита.

Ҳазрат Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосида чиқадиган йигитлар улар орасидан ўз бўйларига мосини танлашди.

Эътибор бердимки, вақт ўтиши билан тўнларни чанг босган, тусини йўқотган.

Орадан бир йил ўтгач, учинчи ўғлимни уйлантирганимда “қуда чақириқ” маросимида бисотимдаги тўнларни қудалар, иниларим, тўйда бел боғлаб хизмат қилганларнинг елкасига ёпдим…

“Тўн ёпиш” отлиғ одат-анъана халқимизда минг йилларки бор. Ҳатто бу қадрият даражасига кўтарилган.

асрнинг саксонинчи йилларида олийгоҳда ўқиган кезларимда пойтахтнинг “Бирлик” мавзесидаги бир хонадонда ижарада турганмиз. Хонадон эгаси каттагина қурилиш ташкилоти раҳбари эди.

Хонадон эгалари бир куни тўйга бориб қайтишгач, тунги соат бирларда яхшигина жанжалнинг гувоҳи бўлдик. Хонадон эгаси “Аканг обрўйимни бир пул қилди. Ҳамманинг ёнида менга қора тўн ёпди”, деб аёлини ғажир, аёли бўлса “Имкони бўлмаган, сизни куёвим, яқиним, ўзимники деб бундайроқ тўн ёпган”, деб акасини оқлашга уринарди.

Инсоннинг обрўси тўй ёки тадбирда “елкасига ёпилган тўн рангига қараб белгиланиши”ни ўшанда билганман. Ўша даврда Хоразмда бу анъана йўқ эди, кейинроқ кириб келди.

…Курсдошимиз қизини узатганида эрталабки ошдан сўнг 90 кишининг елкасига тўн ёпган (каминага ҳам биттаси теккан). Ўшанда бўғча қилиб тугилган тўнларни алоҳида автобусда келтиришган.

Тўғри, айримлар наздида “менсимаслик белгиси” ҳисобланадиган қоратўн насиб қилган эгасига озми-кўпми хизмат қилади. Баҳор-у куз салқини, қиш совуғида уни елкага ташлаб, ҳовлига чиқиш ва ҳатто элатдаги тўй-маъракаларга кийиб бориш мумкин. Пахталик иссиқ тўнлар эгаларига тўзиб кетгунича хизмат қилади, аммо…

Қоратўнга қараганда бир неча баравар қиммат зартўнлар тақдири бошқача – улар жавонларда “қариш”га маҳкум. Ким қайси тўй ёки тадбирда ялтироқ тўн кийганини кўргансиз?

Яна ҳозирда зартўнларнинг оқ рангдаги, бир вақтлар подшоҳлар-у мулозимлар кийган турлари, яна салла ёки тож кўринишида, укпар осилган бош кийими билан бирга туҳфа қилиш русмга кирмоқда. Нархи бир неча миллион сўм турадиган бу турдаги тўнлар (салласи-ю тожини айтиб ўтирмай) мактаб ҳаваскорларига йилда бир неча марта керак бўлмаса… жавонларга тўзиб кетгунича қамалишга маҳкум.

Халқимизда “Керакли юкнинг оғирлиги йўқ” деган мақол бор. Аммо ҳурмат, эътибор, шахс мавқейини белгилайдиган матоҳ даражасига айланиб улгурган бу русмдаги зартўнлар ҳақида бу гапни айтиб бўлмайди. Кўпи билан даврада беш дақиқа елкангизга иласиз, аҳли томошабин қарсакларини оласиз ва яна қайта бўғчага жойлаб, уйга қайтасиз ва жавонга илиб қўясиз.

Тамом-вассалом!

Воҳалик бир устоз ижодкорга етмиш йиллиги санасида дўстлари, шогирдлари озмас – элликта тўн кийгизишган. Кейинчалик ўша инсон афсус билан айтган: “Ҳурмат қилиб шунча одам елкамга тўн кийгизди. Раҳмат ҳаммага. Аммо бунча тўнни нима қиламан? Аёлимнинг маслаҳати билан қирқтасини шаҳарда айнан тўн билан савдо қиладиган дўконга олиб бориб, ярим баҳосига топшириб келдик. Уйда уюлиб ётганидан кимгадир яна керак бўлади-ку, деб шундай қилдик. Рости, бу ишимдан жуда уялдим…”

Устоз ижодкор айтмиш ҳолат янгилик эмас. Тўй, юбилей тадбирларида ўнлаб тўнлар эгасига айланган инсонларнинг аксари шу йўлни тутади. Тўн бизнеси билан шуғулланадиганларга бу катта фойда. Ахир, куни кеча ўзи фалон юз минг сўмга сотган тўнни бугун ярим ва ҳатто ундан ҳам паст нархда қайтиб олади ва эртага яна баланд нархда кимларгадир сотади.

Жадид боболаримиз ўз даврида вақтли матбуотдаги чиқишларида инсоннинг ташқи кўринишини ҳашаматли либослар эмас, балки ички дунёси – илми ва маданияти гўзал қилиши ва ҳар қандай ортиқча дабдабабозлик ортида исроф ётиши ҳақида кўп ёзишган.

Тўғри, ўша замонларда қора-ю зартўнлар раиятнинг одатий кийими эди. Бунда исрофгарчилик бўлмас эди. Айниқса, хон-у султонлардан олинган туҳфа-тўнларни кийиш фахр ҳисобланган. Аммо бугунда гўё миллий удумга айланган “тўн ёпиш” айнан ўша дабдабабозлик, исрофгарчиликнинг ғирт ўзгинаси.

…Етти йил олдин бисотимда тўпланиб қолган тўнлардан қутулгандим. Бу орада жавонимда яна зартўнлар қаторлаша бошлади.

Рўзимбой ҲАСАН
журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби

“Жадид” газетасининг 2025 йил 4 июлдаги 27-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855