Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


06.08.2025 | 09:14

img225

КЎНГИЛ ДАФТАРИДАГИ БИТИКЛАР

Илм – зулматнинг кушандаси

Эркенсал деган олим бундан анча йиллар аввал: “Замонавий илмларнинг тамал тошини қўйишдек шарафли вазифа мусулмонларга тегишлидир”, деб ёзган экан. Аллен Дебуснинг фикри янада ғурурли: “Мусулмонлар Уйғониш даврига дебоча бўлган технологик ўсишлар эшигини очиб беришди. Афсуски, кейинчалик жоҳиллик деган иллат урчиди. Илм-маърифат йўлларида ғовлар пайдо бўлди, ухровий ва дунёвий илмлар ўртасида ўтиб бўлмас девор тикланди. Улар бир-бирига зид қўйилди. Дин олими замона илмига эътибор бермади, дунё олими, аксинча, моддапарастликни “чин илм” деб байроқ қилди”.

1922 йили “Ҳақиқат” журналида чоп этилган мақолалардан бирида шундай жумлалар бор: “Сўнгги асрлардаги маърифатсизлик, жоҳилликнинг сабаби илмсиз, маърифатсиз хонлар элнинг чироғи-йўлбошчиси бўлган уламоларни ўз бўйинтуруғлари остига олиб, соф йўлни ўз шайтанат йўлларига татбиқ этишганидир”.

Аллома Алихонтўра Соғуний бу фикрни янада ривожлантиради: “Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилган ҳукмдорлар халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Шунинг учун халқда уйғониш, фикрий очилиш бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур”.

Донишмандлар “Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғи зулматга нур бағишловчидир, заиф баданларга куч-қувватдир, илм билан банда яхши кишилар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади”, деб аллақачон айтиб қўйишган. Демак, биз бугун – Учинчи Ренессанс остонасида технологик ўсишлар эшигини кенг очиб, ёшларни унинг беқиёс имкониятларидан баҳраманд этишимиз керак.

АФАНДИНИНГ БУАЛОДАН ФАРҚИ

Француз қироли Людовик XIV шеър машқ қилиб турар, ёзганларига баҳо беришни шоир ва мунаққид Буалодан сўрар экан. “Ҳазрати олийлари, – дебди бир куни Буало қиролнинг навбатдаги шеърларини ўқиб. – Сизнинг қўлингиздан келмайдиган иш йўқ. Мана, бемаза шеър қандай бўлишини кўрсатиб қўймоқчи бўлган экансиз, бу ишни ҳам қойиллатибсиз, маҳоратингизга таҳсин айтмасликнинг иложи йўқ…”

Бу гап ўзимизда ҳам бор. Афанди подшоҳнинг бемаза шеърларини ўқиб, “Олампаноҳ, сиз подшоҳликда тенги йўқсиз, аммо шеърларингиз жуда расво”, деган экан. Подшо Афандини бетгачопарлиги учун оғилга қамаб қўйибди. Орадан бир ҳафта ўтибди. Подшоҳ беш-олтита янги шеър ёзибди, ўқиб кўрса, аввалгиларидан анча яхши чиққандай эмиш. Афанди энди мақтаса керак, дея уни ҳузурига чорлабди. Афанди шеърларни ўқибди-да, бир сўз демай, ўрнидан туриб, оғил томон жўнаб қопти…

Буалонинг Афандидан ёки Афандининг Буалодан фарқи нимада? Енгилроқ ўйлаган киши ҳар икки жавобни бир маънода тушунади. Аммо уларда жиддий фарқ бор: Буало тадбиркорлик қилмоқда, Афанди бўлса, оғилда яна узоқ қолиб кетиши мумкинлигига қарамай, шеърият деб аталмиш буюк санъатга хиёнат қилаётгани йўқ.

МУШТ

Бокс оламининг сўнмас юлдузларидан бири, афсонавий Майк Тайсоннинг бир суҳбатидан шу қадар таъсирландимки… Фақат таъсирланиш эмас, инсон ўз ҳаётида дуч келадиган турфа чорраҳа, турли ҳолатларни ўйлаб, хаёлим қочди.

Тайсоннинг журналист билан суҳбати бинойидек кетаётган эди, аммо… кутилмаганда “темир мушт” ўрнидан сапчиди, суҳбатдошига қутурган филдек ташланишига сал қолди. Бунга журналистнинг: “Охирги жангингиз учун 20 миллион доллар маблағ олдингиз, бу кўп эмасми?”  деган саволи сабаб бўлди.

Тайсон оғир ўтган болалиги, оч-юпун кунлари, тинимсиз муштлашув, омон қолиш учун ўтказган тенгсиз жанглари, ютқизиқлар, аёвсиз калтаклар, юзидан тер каби оққан қон, зирқираган суяклари, адолатсизлик, ирқий камситишлар ҳақида гапирди.

“Сен билиб қўйки, ҳаётнинг залворли мушти менинг, сизлар “темир” деб атайдиган муштимдан юз, минг баробар аёвсиз, –  деди у суҳбатдошига. – Хоҳлаган пайтида эзиб, янчиб ташлайди. Ўласанми, қоласанми, киссангда пулинг қолганми-йўқми, ота-онангнинг аҳволи қандай – бу билан иши йўқ. Нима ҳам қилардим, яшашим керак. Ҳамма кўчага кириб чиқдим, қамалдим, гиёҳвандлик балосидан қутулишга ҳаракат қилдим. Аммо менга… муштимдан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарса ёрдамга келмади. Сен қанчадан қанча боксёрлар машқ пайтида юрагига урилган зарбадан ўша заҳоти жон таслим қилгани, уйида болалари, касал онаси зор қақшаб қолгани, уларнинг оҳ-фарёдини биласанми? Билмайсан, шунинг учун ҳам шундай бемаъни савол берасан. Яна шуни билиб қўйки, бизнинг жанг олдидан тузиладиган шартномаларимизда, борди-ю жанг пайти ўлим ҳолати юз берса, бунинг учун кимдир жавоб бериши кераклиги тўғрисида бирор бир ёзув бўлмайди. Боксчи кўп ҳолатларда рақиби билан эмас, ўлим билан жанг қилади. Мана, менинг сенга жавобим!”

IBRAT

Ибрат олишга молик ишлар ҳамма жойда бор.

Японияга борган педагог олимлар маҳаллий маъмурлардан мамлакатда ўқитувчиларнинг байрами қачон нишонланишини сўрашибди. Мезбонлар аввалига ҳайрон бўлишибди, сўнг ғурур билан: “Биз ўқитувчи мураббийларни йил давомида шарафлаймиз, уларни ҳар куни эъзозлаймиз”, дейишибди.

2013 йили Япония темир йўл бошқармаси йўловчи бўлмагани учун бир бекатни ёпишга қарор қилади. Аммо бир қизалоқ айни шу бекат орқали мактабга қатнаётгани маълум бўлади. Маҳаллий ҳокимият қизчанинг узлуксиз таълим олиши учун бекат фаолиятини вақтинча тўхтатмасликка қарор қилади. Поезд уч йил давомида Хоккайдо оролининг Кю-Ширатаки бекатига кунига икки марта – шу қизалоқ учун тўхтаб ўтади. Поезднинг тўхташ вақти қизнинг мактабга бориш ва қайтиш вақтига қараб белгиланади. Қизча 2016 йили мактабни битиради ва бекат ёпилади.

Финляндиялик ўқитувчилар ўқувчиларнинг ота-оналари билан танишишлари, уларни мактабга, биздагидек, ота-оналар мажлисига таклиф этишлари мумкин эмас. Ҳамма муаммо мактабнинг ўзида ҳал қилинади. Аълочи ва улгурмовчи ўқувчилар ажратилмайди. Музей ва бошқа жойларга уюштириладиган саёҳатлар мактаб маъмурияти ҳисобидан бўлади.

Эрталаб соат 8:00 да мактаб эшиги ёпилади ва машғулотлар тугагунича ҳеч ким бу даргоҳни безовта қилмайди.

САВОЛ

Кусто исмли олим инсоният нигоҳини ер устидан уммонлар тубига қаратиб, бу ғаройиб олам сирлари-ю, муаммоларини ошкор қилди. Кусто жамоаси тасмага муҳрлаган фильмлардан бири балиқлар ҳаётига бағишланган. Шу фильмни неча бор кўрсам-да, ҳайратим асло камаймайди. Увилдириқдан пайдо бўлган мурғак чавоқчалар вояга етгач, туғилган жойларидан неча юз минг километр масофага узоқлашиб кетадилар. Бошқа уммонларгача етиб боради. Аммо ҳаётлари сўнгида қанчадан қанча табиий, сунъий тўсиқлардан ўтиб туғилган жойларига қайтадилар. Шу ерга увилдириқ қўйиб, сўнг бўлажак насллари учун емишга айланишади.

Телевидениеда Африка ва Лотин Америкаси чангалзорларида яшайдиган турфа хил қушлар ҳаётига доир инглиз олимлари суратга туширган фильмларни намойиш қилишди. Яна ҳайрат, тушуниб бўлмайдиган сир-синоат.

Биттаси минг уриниб ин қуради, бошқаси пойлаб туриб, уни эгаллаб олади. Биттаси қурган инига тухум қўяди, бошқаси бошини қотириб ўтирмай, тухумини шу тайёр инга жойлаштиради. Биттаси ин қуриш учун узоқ-узоқларга учиб, ҳориб-толиб, оғзида хас-хашак олиб келади. Бошқаси эса йўлда унга ҳужум қилиб, оғзидаги чўпни олиб қочади. Биттаси сув юзасига чиқиб қолган балиқларни тумшуғига олиб, ҳавога кўтарилиши билан қароқчи қушларга дуч келади ва ўлжасидан маҳрум бўлади. Биттаси инида пайдо бўлиб қолган бегона тухумни ўзиники қатори очиб чиқаради. Бегона тухумдан чиққан қуш боласи эса кўп ўтмай унинг болаларини пастга қулатиб юборади.

Мени ҳайратга солгани − қушлар орасида бахил, хасис, бировнинг уйини бузмаса, болаларига озор бермаса кўнгли ўрнига тушмайдиганлари ҳам бўлар экан… Ўйланиб қоламан: ким кимдан ўрганди экан − одамзод қушларданми ё қушлар бизларданми?..

ОВЧИ

“Ёш Вертернинг изтироблари” китобини яна бир бор ўқиб чиқдим. Ён дафтаримда қуйидаги ёзувлар пайдо бўлди:

“Калтафаҳмлик дунёга макр ва адоватдан кўра кўпроқ низо уруғини сочади”.

“Дунёни бефаросат одамлар бузганчалик бошқа ҳеч ким буза олмайди”.

“Кимдир кетадиган вақт бўлди”, деб айтишини кутиб ўтириш керак эмас”.

“Сиз, эҳтимол, бу югур-югурларингиз, куйиб-пишишингиз билан келажакда бой-бадавлат бўлиб кетарсиз, уйингизда хизматкорлар ишлашар, атрофингиз гавжум бўлар. Аммо шундай бўлганида ҳам, бутун вужудингизга сингиб кетган пасткашлигингиздан қутула олмайсиз. Бу “фазилат” сизни у дунёда ҳам тарк этмаса керак. Мени кечиринг…”

“Дўстим, сени ҳозирча шундай аташга мажбурман, мушфиқ онанг сени туққанида, болам муттаҳамларнинг муттаҳами бўлади, фирибгарларга дарс беради, олчоқликни бошига тож қилиб олади, хиёнат кўчасига танда қўяди, деб асло ўйламаган бўлса керак. Онангга раҳмат дегим келади. Агар у сени дунёга келтирмаганида, мен, биласанми, о, буни айтиш мен учун жуда оғир… кўп нарсалардан бехабар, содда-сўтаклигимча яшаб ўтган бўлармидим…”

“Уйида қуроли бор одам, агар у, масалан, тоғ ёнбағирида ёки тубсиз жарлик ёқасида, ўрмон ичкарисида яшаса, ҳар эҳтимолга қарши (ёввойи жонзотлар қўққисдан ҳужум қилиб қолишлари мумкин-да) милтиғини ўқлаб қўяди. Менинг эса на милтиғим ва на уни ўқлайдиган ўқим бор. Аммо… тез-тез энг яқин дўстларимнинг қалбни ўқдан кўра оғир жароҳатлайдиган ҳужумларига дуч келиб тураман. Уларга муносиб жавоб қайтаришим мумкин, қараб турадиганлардан эмасман, тилим чучук эмас. Нишонни бехато урадиган сўз ва иборалар, кесатиқлар етарли. Фақат… овчи эмаслигим панд беради-да”.

“КУШАЙ БУДИ…”

Табиат қўриқчиси номини олган эколог ёзувчи Дадахон Нурий билан дўст-қадрдон эдик. Тез-тез суҳбатлашиб, воҳача айтганда, ҳангомалашиб турардик. У кишининг латиф давралардаги ҳикоялари фавқулодда ажабтовурлиги, кутилмаган “бурилишлари”, латифанамо якунлари билан ажралиб турарди. Иброҳим Ғафуров: “Дадахон гапни роса кўпиртиради-да, аммо ишонтиради”, дердилар. Ишониб тинглаган ҳикояларимиздан биттаси қуйидагича.

Дадахон аканинг асли водийлик, аммо кўплар қатори Тошкентда яшаб қолган бир дўсти бор экан. Унинг Темур исмли ўғилчаси болалар боғчасининг рус гуруҳида тарбияланибди, мактабда ҳам шу тилда ўқий бошлабди. Ўқишга қизиқиши, феъл-атвори, киришимлилиги жойида экан-у, бироқ ўзбек тилида чала-чулпа гапириши ота-онани ташвишга солибди. Улар бу тўғрида Дадахон акага айтишган экан, ёзувчи акамиз: “Ёзги таътилда бизнинг болалар доимо Наманганга кетишади, бир-икки ой қишлоқда туриб, мева-чева, сут-қатиққа тўйиб, юзлари офтобда пишиб қайтишади. Темурбекни уларга қўшиб жўнатсак, яхши бўлади: ҳам пишади, ҳам ўзбекчани ўрганиб қайтади. Уйимизда ўрисча битта сўз ҳам билмайдиган келинимиз бор, унинг болалари билан ўйнайди”, дебди.

Бу таклиф Темурбекнинг ота-онасига маъқул келиб, ёш “ўрисвой”ни Наманганга олиб бориб, қариндошларнинг шўх-шодон, қувди-қочди болаларига қўшиб келишибди. Ўрисча билмайдиган келинга: “Меҳмон болага ўзингиз яхшилаб тарбия беринг, одатларимизни ўргатинг, тушунса-тушунмаса ўзбекчани қулоғига қуяверинг”, деб тайинлашибди.

Орадан уч-тўрт ҳафта ўтгач, болалардан хабар олгани машинада Дадахон аканинг жиянлари турадиган ҳовлига боришибди. Дарвоза очиқ экан, ичкарига киришса, тошкентлик меҳмон бола тандирнинг устига миниб олиб, отчопти қилаётган экан. Шу пайт ичкаридан ўрисча билмайдиган келиннинг овози эшитилибди:

“Темурчик, иди суди, кушай буди…”

Куляпсиз-а? Наҳотки, кулгили воқеа бўлса бу…

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 августдаги 31-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855