Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


12.08.2025 | 16:42

img352

БОШҚА МЕТАЛЛАРНИ ОЛТИНГА АЙЛАНТИРИШ МУМКИНМИ?

Ўрта асрлар Европасида обрў ва бойлик орттиришга интилган бадавлат одамлар оддий металларни олтинга айлантириш учун беҳуда уринишган. Бугунги кунда хризопея деб аталадиган бу жараён кўпинча алкимёгарларнинг хомхаёли сифатида инкор этилади. Бироқ металларни олтинга айлантириш мумкинлигини кўрсатадиган илмий асослар борми?

Аслида, бундай асослар мавжуд, аммо далиллар шуни кўрсатадики, бундай тажрибадан деярли фойдали бўлмайди.

Металларни олтинга айлантириш ғояси қадимги Юнонистон ва файласуф Зосимос Панополисга бориб тақалади. У оддий металларни олтинга айлантириш руҳнинг покланиши ва юксалишини акс эттиради деб ҳисоблаган ва бу ишни чуқур маънавий аҳамиятга эга деб билган. Ўрта асрлар Европасида бу ғоя қайта пайдо бўлганда, у бутунлай амалий мақсадга йўналтирилган эди – арзон метални олтинга айлантириш бойлик орттириш учун ишончли йўл ҳисобланган.

Португалиянинг Лиссабон шаҳридаги NOVA университети археологи ва меросшунос олими Умберто Веронеси “Live Science” нашрига шундай деди: “Табиатшунослар “етилиш” ғоясини илгари суришган. Оддий металлар нопок босқичлар сифатида қаралган ва вақт ўтиб энг соф шаклга, яъни олтинга айланиши керак эди. Ягона муаммо шунда эдики, бу жараён Ерда содир бўлиши учун жуда кўп вақт талаб этарди”.

Алкимёгарлар ишонишганки, агар улар фақатгина фалсафий тошни – афсонавий моддани ярата олсалар, улар бу етилиш жараёнини тезлаштира олишлари мумкин эди. Металлар таркибида симоб, олтингугурт ва туз каби асосий моддалар аралашмаси мавжуд деб ҳисобланарди. Шу сабабли, бу таркибий қисмларни қайта жойлаштириб ва ҳар қандай аралашмаларни ажратиб олиб, барча металлар охир-оқибат олтинга айланади, деб тахмин қилишган.

“Хризопея, умуман олганда, ўша даврдаги модда ва ўзгариш назарияларига мос келарди”, дейди Веронеси. “Буни амалга ошириш мумкинлигига ҳеч ким шубҳа қилмасди”.

XVII-XVIII асрларда замонавий фаннинг ривожланиши аста-секин бу ғояларни обрўсизлантирди ва алкимё ўрнини янги кимё ва физика фанлари эгаллади. Бироқ ҳайратланарли томони шундаки, ядро олимлари деярли бир аср давомида бу афсонавий ўзгаришнинг сирларини билишган.

Бугунги кунда биламизки, элемент унинг ядросидаги протонлар сони билан аниқланади. Кўп қидирилган олтин атомларида 79 та, қўрғошинда эса 82 та протон мавжуд.

“Ядро кучли ўзаро таъсир кучи билан ушлаб турилади ва протон ёки нейтронни ажратиб олиш жуда қийин”, дейди Швейцариядаги CERN ташкилотида жойлашган Катта адрон коллайдерида ишловчи физик Александр Калвейт.

Бироқ атомнинг бу асосий таркибий қисмларини қайта тартибга солиш назарий жиҳатдан бир элементни бошқасига айлантириш мумкинлигини англатади. “Агар етарли энергиянгиз бўлса, бундай жараёнларни амалга ошириш ҳақиқатан ҳам мумкин”, деди Калвейт. “Қўрғошин ядросидан учта протонни олиб ташласангиз, олтин ядроси ҳосил бўлади”.

Бошқа металлни олтинга айлантириш бўйича биринчи муваффақиятли тажриба 1941 йилда қайд этилган. Ўшанда Гарвард олимлари заррача тезлатгичидан фойдаланиб, литий ва дейтерий ядроларини симоб атомларига йўналтирган. Симоб ядроси олтинникига қараганда бир протон кўпроқ эди. Юқори энергияли зарралар симоб ядроларидан протон ва нейтронларни уриб чиқариб, олтиннинг учта қисқа умрли радиоактив изотопини ҳосил қилди. Юқори энергияли ядролар беқарор бўлгани сабабли, бу изотоплар тез орада парчаланиб кетди.

Қирқ йил ўтгач, бу ғайриоддий ютуқни Калифорниядаги Лоуренс Беркли миллий лабораториясида кимё бўйича Нобель мукофоти совриндори Гленн Сиборг ҳам такрорлади. Унинг жамоаси релятивистик (ёруғлик тезлигидаги) тўқнашувларда висмут ядроларининг парчаланишини ўрганаётган эди. Улар заррача тезлатгичида намунани углерод ва неон ядролари билан парчалаш орқали элементнинг бир неча минг атомини олтинга айлантирди.

Бугунги кунда дунё бўйлаб заррачалар тезлатгичларидаги тадқиқот гуруҳлари ўз тажрибаларидан қўшимча маҳсулот сифатида олтин ҳосил бўлишини қайд этишни давом эттирмоқда. Катта адрон коллайдерида Калвейт жамоаси қўрғошин ионларининг ёруғлик тезлигига яқин тезликда тўқнашувини тадқиқ қилмоқда.

“Юзма-юз тўқнашувларда биз аслида протонлар ва нейтронлар ичидаги кваркларни озод қиламиз ва улар қисқа вақт давомида Катта портлашдан бир неча микросекунд кейин мавжуд бўлган материя ҳолатини ҳосил қилади”, дея тушунтирди у. “Бу кварк-глюон плазма деб аталади”.

Бундай тўғридан-тўғри тўқнашувлар шунчалик кучлики, протон ва нейтронлар бутунлай йўқ бўлиб кетади. Аммо паст энергияли, деярли тўқнашмайдиган зарралар жуда яқин, лекин бир-бирига тегмайдиган ҳолатларда – протонларни қўрғошин ядроларидан уриб чиқарадиган кучли электромагнит майдон ҳосил бўлади. Натижада: жамоа уч йиллик тажриба давомида тахминан 29 триллиондан бир грамм олтин топди.

Бироқ алкимёгарларнинг орзусига эришилган бўлса-да, ядро физиклари заррачалар тезлатгичида олтин синтез қилиб, фойда кўришлари эҳтимолдан йироқ. Катта адрон коллайдери каби иншоотни қуриш ва ишлатиш харажатлари ишлаб чиқарилган олтин қийматидан астрономик даражада юқори; тахминларга кўра, 1980 йиллардаги Сиборг тажрибалари улар ишлаб чиқарган олтин нархидан тахминан триллион баравар қимматга тушган. Бундан ташқари, ўзаро таъсирлар жуда кам учрагани сабабли, тадқиқотчилар ҳатто ўзгарган атомларни аниқлаш учун миллиардлаб маълумотларни таҳлил қилишлари керак бўлади.

“1940 йиллардан бери олтин ишлаб чиқарган кўплаб тажрибалар ўтказилган”, деди Калвейт. “Лекин уларнинг барчасига хос бўлган жиҳат шуки, ҳеч бири даромадга яқинлашмаган ҳам”.

Виктория АТКИНСОН


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855