Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


09.09.2025 | 15:16

img212

АЛ-ЎЗБАКИЯЛИК САРКАРДА

Неча асрлик аёвсиз истибдодга – мўғуллар босқинига қарши кураш Жалолиддин Мангубердининг бемисл жасорати билан якун топган эмасди. Тарихнинг ажабтовур эврилишини қарангки, вақти келиб мамлукий Миср тахтини эгаллаган унинг қондош-жигарбанди Малик Музаффар – Маҳмуд ибн Мамдуд Сайфиддин Қутуз шавкатли саркарда ҳалокатидан 29 йил ўтиб, 1260 йилда Айн Жолут ёнидаги муҳорабада мўғулий лашкарни тамом ер тишлатди. Миср тахтига ўтирганига тўлиқ бир йил тўлмасдан бутун араб ўлкасини қаттол истилодан сақлаб қолган Сайфиддин Қутузнинг бу юртларда афсонавий халоскор ўлароқ ҳамон мадҳ этилиши сабаби шунда.

Айни жасоратнинг яна бир муҳим тарафи – Қутуз она юртидан олисда бўлса-да, Мовароуннаҳр учун, тоғаси Султон Жалолиддин учун интиқом олди. Жасоратли ўғлонлари шавкат-у ҳайбатида тенги йўқ Туркистоннинг уч минг йиллик тарихи сиз-у бизга ана шундай адоқсиз ва ибратли ҳикоятлар сўзлайди. Икки дарё оралиғидаги бул азиз юртда бугун турмуш кечираётган халқнинг матонатларга тўлуғ долғали ўтмиши ва ушбу кечмишнинг ўчмас саҳифалари қалбимизни нурга чулғаб, боболарнинг ёрқин хотираси йўлларимизни нурафшон этади.

2022 йил “Академнашр” нашриётида тарихий асарлари билан танилган истеъдодли адиба Шаҳодат Улуғнинг “Халоскор султон Сайфиддин Қутуз” романи чоп этилди. Шундан сўнг бу китоб уч бора қайта нашр бўлди. Бунинг сабаби не? Кенг ўқувчилар оммасини ўзига жалб қилиб, китоб дўконларида сиёҳи қуримасдан тугаб қолаётган асар қатида қандай маънолар мужассам?

Аввало шуни айтиш керакки, бу асар муаллифнинг аввалги – “Сен йиғлама фақат” ва “Жайҳун эпкинлари” романларининг узвий давоми, трилогиянинг учинчи китоби ҳисобланади. Ўша иккинчи китоб якунида ёзиб қўйилганидек, мўғуллар томонидан асир олиниб, сўнгра беном-бенишон кетган Жалолиддин Мангубердининг жияни, синглиси Хон Султоннинг фарзанди – Маҳмуд Қутузнинг дараги орадан йиллар ўтиб, мамлуклар султонлиги – Қоҳирадан чиқади. Ҳали норасида пайтида қул қилиб сотилган Маҳмуд Мисрнинг илк мамлук султони амир Муизиддин Ойбек раҳнамолигида мансаб пиллапояларидан кўтарилиб, Миср ноиби даражасига етишган эди. Ойбек ўлимидан сўнг қўшинлар отабеги даражасида султонлик тизгинини ўз қўлига олади, 1259 йилда эса Миср тахтини тўла-тўкис эгаллайди.

Бу вақтда мўғуллар Шомни (Сурия) эгаллаб, Мисрга таҳдид қилмоқда эди. Ушбу таҳликали вазиятда ўзаро рақобатда бўлган кучларни бирлаштира олган Қутуз қўшинлари 1260 йил кузида Айн Жолут ёнида мўғуллар билан тўқнаш келади. Аёвсиз жангда султон қўшинлари душманга қақшатқич зарба беради. Бу ғалаба даҳшатли истилога тўғаноқ бўлган, мўғулларнинг Ислом юртларига юришини тўхтатиб қолган улуғ ҳодиса эди. Унинг жасорати фақат бу ғалабадан иборат эмас. 1249-1250 йилларда Миср ҳудудига бостириб кирган Оврўпалик салибчиларни енгган ҳам айнан Султон Қутуз бўлади.

“Халоскор султон Сайфиддин Қутуз” романи ҳам аввалги икки китоб каби аниқ тарихий фактлар ва манбаларга асосланган. Бу ҳақда муаллиф шундай дейди:

“Бундан ўн йиллар аввал озарбайжонлик йирик тарихчи Зиё Буниётов асарлари, хусусан, “Хоразмшоҳ Ануштегинийлар давлати” китоби, ўша даврлар тарихидан ҳикоя қилувчи Абул Фидо ва Ал-Мақризий асарлари билан бафуржа танишиб чиққанман. Султон Қутуз араб диёрларида, айниқса, Мисрда тенгсиз қаҳрамон сифатида кўрилади. У ҳақида кўплаб фильмлар суратга олиниб, бадиий асарлар ёзилган. Ҳаттоки унинг шарафли ҳаётига доир мультфильмлар ҳам яратилган. Умуман олганда, Мисрда султон Қутуз ёки бошқа туркий саркардалар шарафига номланган кўплаб жойлар борлигини кўриш мумкин. Масалан, улкан Қоҳира шаҳрининг энг марказий тумани Ал-Ўзбакия деб номланади. Худди шу номда яна улкан боғ ва Мисрдаги дастлабки опера театри ҳам бор.

Бу мисолларнинг барчаси аввалги аждодларимиз бу давлат тарихида қанчалар муҳим ўрин тутганини аниқ кўрсатиб турибди. Бадиий тўқима ўзи нима? Бадиий тўқима аслида асар муаллифи бирор-бир тарихий воқеани тасаввур қилиш жараёнида шу воқеаларни ўзининг бадиий тафаккуридан ўтказиб яратган маҳсули ҳисобланади. Бу фантазия эмас. Олис замонларда кечиб ўтган воқеаларни бадиий асар шаклида битиш бадиий тўқимасиз асло мумкин бўлмаган нарса. Бу асарда ҳам албатта шундай ўринлар, бадиий тўқима маҳсуллари бор. Масалан, султон Қутузнинг бир қизга ошиқлик воқеаси шу жумладан. Яъни, бадиий тўқима асарнинг оҳанрабосини оширишга хизмат қиладиган восита деб ўйлайман”.

Шаҳодат Улуғ асар ёзиш жараёнида боболаримиз кечмишлари – ўтмиш йиллар узра парвоз қилди. Хўш, бу вақтлараро саёҳат таассуроти қандай бўлди? Яна муаллифга қулоқ тутамиз:

“Парвоз этарак Парвон муҳорабасига шоҳид бўлдим, хиёнаткор Тўхтамиш ортидан Русия қадар от чоптириб ўтдим, бошқа бир кўчманчи хоқон зуғумига дош бермай, тақдири илоҳий ортидан Афғон сори, ундан ҳам кечиб Ҳинд тарафга йўл солдим, Панипатда ҳиндийларнинг қаҳрли филлари билан басма-бас олишдим, ниҳоясида асрлар қадар сарбаланд бўлган, бағрикенгликда тенги йўқ салтанатда асл юртим ҳажрида ўртаниб умргузаронлик қилдим. Акбар бўлиб салтанатни мустаҳкамладим, Шоҳ Жаҳон бўлиб Тож Маҳални муқаррар этдим”.

Сиз-да ўша улуғ ўтмишнинг меросхўри эканлигингизни англармисиз?.. Жавоб беришга шошилманг. Ундан олдин “Халоскор султон Сайфиддин Қутуз” романини мутолаа қилинг. Ҳали бафуржа фикр алмашамиз. Биз муносабатингизни кутамиз.

Жамолиддин БАДАЛОВ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855