18.09.2025 | 12:20
323
МИЛЛАТ ТОЛЕЙИДА ПОРЛАГАН ЮЛДУЗ
Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов хотиралари
Бир куни устозим Шукур Бурҳон “Ўтир мошинага!” деди. Кетдик. Ҳеч қачон сўрамасдим қаерга деб, у кишиям айтиб ўтирмасди. Улуғвор бинога келдик. Яхши қўриқланар экан, устозни таниб йўл беришса ҳам, менга шубҳа билан қарарди қўриқчилар. “Шогирдим!” деди устоз саволга ўрин қолдирмайдиган қилиб. Олтинчи қаватга кўтарилдик. Устоз бир эшикни дадил очиб кирди, ортидан эргашдим. Не кўз билан кўрайки, хона тўридаги кенг-мўл стол ортида Шароф Рашидов ўтирибди.

– Э, Шукур ака! – деганча қўлини ёзиб кела бошлади Шароф ака.
– Э, Шарофжон! – дея истиқболига юрди устоз ва иккаласи қучоқлашиб кўришди. Ҳол-аҳвол сўралгач, давлат раҳбарига мени таништирди. Кейин бир четдаги стулга ўтириб икки даҳонинг суҳбатига қулоқ бердим.
– Мен ҳозир Мақсуд Шайхзоданинг трагедиясида Мирзо Улуғбекни ўйнаяпман. Халқ яхши қабул қиляпти! Одамлар келяпти. Шу, Шайхзодага айтсангиз-да, Амир Темур ҳақида битта асар ёзиб берса, ўйнасам, – деди Шукур Бурҳон.
Шароф Рашидов мамнун қиёфада эшитиб ўтирганди. Устознинг таклифидан кейин пешонасига муштини тираб узо-о-оқ вақт ҳайкалдай қотиб қолди. Ҳамма жим. Кейин шикаста овозда:
– Ўшандай ёруғ кунлар ҳам келар… Сабр қилинг… – деди.
У пайтлар Амир Темур номи қатағонга учраган, у ҳақда илмий иш олиб борган Иброҳим Мўминовдай табаррук зот ҳам босимлар остида яшар эди. Шароф Рашидов академикни жон-жаҳди билан ҳимоя қилаётган пайтлар экан. Агар Соҳибқирон образи саҳнага олиб чиқилса, Мақсуд Шайхзода ҳам, Шукур Бурҳон ҳам қалтис вазиятга тушиб қолиши мСоциализм уларни ҳимоя қилишгсъездҳи етмай қолишини ўйлаб сиқилганди юрт отаси.
Шукур ака ҳаммасини тушунди. Лекин машинага ўтирар экан, қизишиб кетд : “Бу қанақа замон?! Амир Темур ҳақида спектакль қўйиш мумкин бўлмаса!” Шукур Бурҳоннинг гавдаси бутун машинани силкитиб юборди, овозидан темир-терсаклар, ойналар зириллаб кетди…
Агар Шукур ака ўйнаганда, Амир Темур образи бўйича катта бир мактаб қолдириб кетган бўларди. Улуғ амирни Теша Мўминов ҳам, мен ҳам, Ёқуб Аҳмедов ҳам, Толиб Каримов ҳам ўйнадик… У Темурбек эмас! Агар Мақсуд Шайхзода ёзиб, Шукур Бурҳон ўйнаганида – ана у Амир Темур бўларди! Афсуски, шундай бебаҳо санъат асари яратилишига мустабид тузум йўл бермади. Устозлар бирин-кетин ўтиб кетишди…
* * *
1971 йили Илинский деган режиссёр украин филми учун Тошкентда кўрик ўтказди. Эскадрон командири Эргаш Собиров роли учун мен ҳам қатнашдим-да, жавоби чиқмасдан Фарғона вилоятига гастролга жўнаб кетдим. Бир маҳал телеграмма борди водийга. Кўрикдан ўтганим, тўхтовсиз Украинага етиб боришим кераклиги қисқа ва аниқ қилиб ёзилган эди. Нима қилишни билмай қолдим. Бунақа узоқ сафарга чиқмаганман ҳали, бу ёғи хизмат сафари вақтида театрни ташлаб кетиш… Охири Шукур Бурҳонга ёрилдим. Устоз театр директори Искандар Мусабековдан рухсат олиб берди. Дуо олиб аэропортга чиқдим. Борсам, чипта йўқ. Ортга қайтдим. Шукур акага вазиятни тушунтирдим. Ўзига хос салобат ва вазминлик билан “Ҳм” деганча ўйланиб турди-да, гримхонага кириб кетди. Костюм-шимларини кийиб чиқиб, мен билан Фарғона аэропортига борди. Кассадаги қизга қараб:
– Менким, Шукур Бурҳон – “Народний артист СССР”, – деди гулдурак овоз билан.
Кейин Киевга йодга билет сўради, “Йўқ” деган жавоб бўлди. “Унда Москвага беринг”, деди. У ёққа ҳам билет тугаган экан. “Ие”, деди устоз қалин қошларини чимириб, кейин “Тошкентга иккита билет!” деди шарт кесиб. Ҳайрон бўлдим, балки ўзи ҳам менинг баҳонамда уйдагиларни кўриб қайтса керак-да, деб ўйладим.
Пойтахтга учиб бордик, аэропорт раҳбариятининг хонасига паспортимни олиб кириб кетди. Кўп ўтмай Киевга битта, Фарғонага битта чипта кўтариб чиқди. Ўша пайтда ёш боладай ирғишлаганим ҳам, йиғлаб юборай деганим ҳам эсимда. Ҳа, яна хижолат ҳам бор эди. Шукур ака аэропортнинг ўзида менинг қорнимни тўқлади. “У ёқдагиларга ўзбек актёрларининг кимлигини билдириб қўйгин!” деб руҳлантирди-да, ўзи тўғри водийга учиб кетди. На уйига борди, на бошқа жойга.
Тўрт ярим соат учган бўлсам, хаёлимда фақат “Устоз нега бундай қилди?” деган савол айланарди. Ҳозиргача ҳам бу олижаноблик сирини излайман. Хаёлимда эса жавоб саволнинг ўзида, ҳатто бошида турганини ҳис қиламан: “Устоз!”
* * *
Шукур Бурҳон саҳнада ўйнашни эмас, яшашни яхши кўрарди. Ҳатто, гапирмаган вақтида ҳам у ролда бўларди. Устоз саҳнада томошабинга тескари турган бўлса ҳам, одамлар Шукур аканинг юзи қандай ҳолатда, ичидан нима ўтяпти, ҳаммасини сезиб турарди. У киши ижро этган роллар учун бақувват юрак керак эди. Устоз вафот этганида, бир шоир: “Гавда-ку, лаҳадга кирди. Аммо юрак қандай сиғди экан у ерга?!” дея бежиз ёзмаганди. Маъноси шунақа эди.
Шукур ака айниқса Мирзо Улуғбек ролини ўйнаганида, юрагининг бор кучини сарфларди. Бир кун гап орасида устоз менга синовчан қараб турди-да, “Сенга келажакда Мирзо Улуғбекни ўйнатаман”, деди. Кўнгил учун “Ҳа, насиб” деб қўйдим-у, ўйлаб кетдим. “Устознинг хаёли бироз… Мен қанақа қилиб Улуғбекни ўйнайман? Шукур Бурҳон ўйнаётган ролни-я! Йўқ, йўқ…”
У пайтлар устозларимиз ўлмайдигандай туюларди бизга. Яна рол учун рақобат жуда кучли эди. Қолаверса, тарбия шунақа бўлгандики, ўзи лойиқ бўлмаган ролга ўзини ҳурмат қилган актёр қўл урмасди. Устознинг ўзи бу борада бошқаларга намуна эди.
Бир куни статсионарга борсам, устоз “Отелло”дан бир парчани кўрсатиб берди. Тасаввур қилинг, гримсиз, либоссиз, декоратсиясиз, шунчаки, шифохонанинг оқ деворли хонасида “Рўмолча саҳнаси” қўйиларди. Фикримни сўради. Ҳайратимни айтдим. “Йўқ, буни Аброр Ҳидоятов маромига етказган. У даражага чиқара олмасам, ўйнамайман бу ролни!” деди қатъий. Устоз оламдан ўтди. Вақт сувдай оқиб кетди.
…Бир куни Самарқандга давлат арбобларидан бири ташриф буюради. Театрга киради. “Репертуарда Мирзо Улуғбек сиймоси борми?” деб сўрайди. Йўқлигини билгач, “Бу қанақаси бўлди? Қирқ йил Мовороуннаҳрни сўраган, астрономияни дунйРисолаиатган одамга бағишланган спектакл йўқми? Рисолаин!” дейди. Шу билан Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедияси олиниб, Олимжон Салимов режиссёр этиб тайинланади. “Бош ролни ким ижро этади?” деган савол ўртага ташланади. “Ўзбекистонда Улуғбекни ўйнайдиган артист йўқ-ку!” деганлар бўлган, бошқа давлатдан актёр чақириш масаласи кўрилган. “Бўлмайди! Ўзбек халқи инг аждодини бошқалар қиёмига етказолмайди. Шукур Бурҳоннинг шогирдларидан топилсин!” деган буйруқ бўлган “юқори”дан. Хуллас, мени танлашди.
Бордим. Қўлимга 44 варақ шеърий матн берилди. 44 варақ! Уни ёдлаш бир томон бўлса, назмий оҳангда руҳиятини очиб бериш бир томон эди. Рози бўлишга бўлдим-у, шу десангиз, бир сатр ҳам миямга кирмайди. На уйқуда ҳаловат бор, на еб-ичишда. Охири бўлмади, уйга қўнғироқ қилиб, хотинимга “Бўлди, кетаман театрдан! Актёрлик тамом!” дедим. Рафиқам бўлса, “Дадаси, бунақа хаёлларни миянгиздан чиқариб ташланг. Бутун Тошкентда “Мирзо Улуғбек” қайта қўйилади, дейишяпти. Театрда ўтиравермай, кўча-кўйга чиқинг. Самарқандда азиз зиёратгоҳлар кўп. Ўша ерларга бориб, енгиллашиб келинг”, деди.
Азонда туриб меҳмонхона деразасидан уфққа қарасам, бир гумбаз кўринди. Шу жойни мўлжал қилиб кетавердим. Борсам, Амир Темур мақбараси экан. Фаррош аёл мени таниб, “Эрта келибсиз-да”, деди-да, калитни олиб, мақбарани очиб берди. Кўчалар тинч, гумбаз остида теран сукунат. Қабрлар вазмин турибди. Ичим тўлиб кетди. Мирзо Улуғбек қабрига яқин бориб, чўк тушдим-да, Қуръон тиловат қилдим. Йиғлайман, оят ўқийман, йиғлайман…
Ҳар куни саҳарлаб келишни одат қилдим. Юрак ҳам, оёқ ҳам шу ерга тортади, денг. Охирги борганимда зиёратгоҳнинг масъул раҳбари кутиб турибди. “Эркин ака, ҳар куни келяпсиз экан. Спектаклдаги ролингизни ҳам эшитдим. Бугун сизни хилхонага – Мирзо Улуғбек қабрининг бошига олиб тушаман”, деди. Мени ёлғиз қолдириб, чиқиб кетди.
Энди ичимдан бир йиғи отилиб чиқди, нари-бериси йўқ. Мирзо Улуғбекдан руҳий мадад сўрай бошладим. Шу лаҳзада қулоғим остида устозим Шукур Бурҳоннинг: “Сенга келажакда Мирзо Улуғбекни ўйнатаман!” деган овози янграб кетди. Бирдан яқин тарих жонланди кўз ўнгимда. Энди йиғи тўхтаган, онгим тиниқлашиб, мақсадим аёнлашганди. Муборак қабрга термилар эканман, дилимдан ўтганини тилимга чиқардим: “Бобожон! Мен сизнинг азиз сиймонгизни гавдалантиришга муносиб эмасман. Буни тан оламан. Лекин юрт улуғлари қўймаяпти. Устозимнинг ҳурматидан менга ишонч билдиряпти. Ўзим учун сўрамайман, Шукур Бурҳоннинг пок хотираси, шарафи учун шу ролга киришмоқчиман. Рози бўлинг мендан, бобожон!”
Қуръон ўқиб, театрга кетдим. Йигирма кунда 44 варақ матнни ёдлаб, спектаклни ўйнаб, премераларни ўтказиб қайтиб келдим. Кейин Тошкентда, Андижонда қўйилди бу спектакль. Кўрганлар илиқ фикрлар билдирди. “Устозингга раҳмат!” деди. Устозимнинг қабрига бордим-у, ҳаммасини Шукур Бурҳонга сўзлаб бердим…
Шукур Бурҳон буюкмиди? Буюк эди. Бунинг далили шуки, устоздан кейин унинг даражасидаги актёр кўрмади ўзбек театри. Ҳозир ҳам йўқ…
Агар Шукур Бурҳон бўлмаганида, миллий театримиз санъатида бутун бошли бир неча авлод шаклланмай қолиб кетарди.
Устознинг охирати обод бўлсин! У киши Омон Матжон ишора қилгандай, халқ пешонасидаги юлдуз эди.
Отабек БАКИРОВ ёзиб олди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 сентябрдаги 37-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



