02.10.2025 | 17:25
167
ЎЗИМИЗНИНГ “БЕГОНА”
Қатағон даврларининг машъум манзараси бу гал ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимизнинг аччиқ тақдири мисолида янада ойдинлашади, деб ўйлаймиз.

Муҳитдин Турсунхўжаев 1900 йили Тошкент шаҳридаги таниқли шифокор Абдурасул Хўжа хонадонида дунёга келади. У 1914 йили Тошкентдаги рус-тузем мактабини тамомлайди. Мадраса таълимини кўрган, шунинг баробарида дунёвий фанларга иштиёқи баланд бўлган ёш Муҳитдин ўқишни давом эттириш мақсадида Тошкент реал билим юртига ҳужжат топширади. Бироқ “бегона” экани боис ўқишга қабул қилинмай, ҳужжатини ўша заҳоти қўлига қайтаришади. Шу тариқа қаҳрамонимиз аксар тенгқурларининг – маҳаллий халқ ёшларининг таълимдан шунчаки четлатилаётганини ўз кўзи билан кўради. Табиийки, бундай адолатсиз муносабатдан сўнг унинг қалбида жиддий савол туғилади: “Нега илм олиш ҳуқуқи барчага тенг эмас?”
Эҳтимол, Муҳитдин Турсунхўжаевнинг ҳаёти мана шундай “нега”лар устига қурилгандир. Чунки қаҳрамонимиз кейинчалик бундай “нега”ларга ҳар қадамда тўқнаш келавериб, ўзи сезиб-сезмаган тарзда адолат истовчи курашчан шахсга айланади.
Ўқишдан рад жавобини олган Муҳитдин 1915 йилдан турли идораларда хизмат қилади. Давлат банки бўлимида иш юритувчи бўлиб ишлайди, сўнгра нотариал идорада хат ташувчи, саркор вазифасини бажаради. Ҳар кунлик юмуш, хат-ҳужжат ишларида пухта тажриба тўплайди. Бу эса унга кўп жиҳатдан тизимнинг беқарорликлари, адолатсиз қарорлар қаердан пайдо бўлаётганини кузатиш имконини беради.
1918 йилнинг бошларига келиб, Муҳитдин Турсунхўжаев “Мақсуд” номли кооперативда иш бошлайди. Кўп ўтмай, Эски шаҳарда истиқомат қилувчи мусулмон аҳолидан чиққан хизматчилар: хат ташувчилар, мирзалар касаба уюшмасини ташкил этишда фаол қатнашади. Айни ўша йили сўл эсерлар партиясига аъзо бўлади. Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот соҳасида ҳам фаолият юритади. 1918–1919 йилларда милиция бошлиғи бўлиб ишлайди. Қизиғи, бунга қадар йўлни у Эски шаҳарда тунги қоровулликдан бошлаб босиб ўтади. Шунинг учун бўлса керак, қаҳрамонимиз халқ дардига қулоқ тутадиган, оддий одамларга қайишадиган шахс сифатида танила бошлайди.
1919 йилнинг февралида Тошкент шаҳар советига сайланиб, ижтимоий таъминот бўлимида котиб сифатида иш бошлайди. Бу лавозим унга жамият билан янада яқин мулоқотда бўлиши учун йўл очади. Сентябрда Эски шаҳар партия қўмитаси котиби этиб сайланади.
Сиёсий ва ташкилий фаолиятда тажрибаси кун саин ошиб бораётган Муҳитдин Турсунхўжаев 1920 йил 14 январда Москвага йўл олади. У ерда Свердлов номидаги Коммунистик университетнинг Бошқарув факультетига ўқишга киради. Бу университет ўша пайтда кадрлар тайёрлайдиган нуфузли ўқув муассасаси ҳисобланарди. Муҳитдин бу ерда турли ўлкалардан келган ёшлар билан фикр алмашиш орқали тафаккур доирасини кенгайтиради. Бошқача айтганда, университетдаги таҳсили унинг раҳбарлик қобилиятини ўстиради.
Муҳитдин таҳсилни муваффақиятли якунлаб, йўлланма билан Туркистон АССР Ички ишлар халқ комиссарлигида иш бошлайди. Сўнгра Бухоро Халқ Совет Республикасига хизмат сафарига юборилади. Бухорода Ички ишлар нозири котиби, кейинчалик унинг ўринбосари сифатида фаолият юритиб, хавфсизлик ва маъмурий тизимда муҳим вазифаларни ўтайди.
1921 йилнинг ўрталарига келиб, Муҳитдин Турсунхўжаев Фарғонага юборилади. У ерда вилоятдаги ички ишлар тизимида вақтинча милиция бошлиғи, айни пайтда Фарғона вилоят комсомол қўмитасида расмий вакил сифатида ҳам фаолият олиб боради. Унинг минтақавий даражадаги ушбу фаолияти собиқ марказда ҳам эътироф этилиб, ўша пайтдаги энг нуфузли сиёсий анжуманлардан бири – РСФСР советларининг Х съездига (1921 йил, декабрь) делегат сифатида, съезддан сўнг республика комсомол Марказий Комитети секретари лавозимига сайланади.
1922 йилга келиб Муҳитдин Турсунхўжаевнинг сиёсий фаолияти янги босқичга кўтарилади. У Самарқанд вилоят комсомол қўмитасига раҳбар этиб тайинланади. Бу лавозим, айниқса, ўша вақтда ёшлар билан ишлашда катта масъулият талаб қиларди. Бир муддатдан сўнг Муҳитдин Турсунхўжаев Москвада бўлиб ўтган IV Бутунроссия комсомоллар съездида делегат сифатида қатнашиб қайтгач, Эски шаҳар ижроия қўмитасининг бошқарма мудири лавозимига тайинланади. Маҳаллий бошқарув органларининг самарали фаолияти учун туртки берадиган ташкилий чора-тадбирлар айнан унинг раҳбарлигида амалга оширилади.
1923 йил охирида у Сирдарё вилоят партия қўмитасининг тарғибот ва ташвиқот бўлимига раҳбар этиб тайинланади. 1924 йили эса иқтисодий соҳага жалб қилинади – “Туркистон ипаги” акциядорлик жамияти раиси вазифасида 1926 йилгача фаолият юритиб, бу борада ҳам ўзини етук кадр сифатида намоён этади.
Муҳитдин Турсунхўжаев айни шу йилларда Революция Курашчилари халқаро ташкилотининг Фарғона, Марғилон уюшмаларини ташкил этади. Бу ташкилот сиёсий таъқибларга учраган, маҳкум қилинган инсонларга ёрдам кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилган бўлиб, бу ҳам қаҳрамонимизнинг халқпарвар қиёфасини ёрқинроқ очиб беради.
1929 йилга келиб, Муҳитдин Турсунхўжаев Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссари ўринбосари этиб тайинланади. 1929 йил 6 ноябрда Москвага юборилиб, Ўзбекистон ССРнинг расмий вакили вазифасида иш бошлайди. Бу лавозим уни марказдаги сиёсий жараёнларга яқинлаштиради. Советлар съездларига делегат этиб сайланади, федерал даражадаги Бюджет комиссиясида иштирок этади. Унинг фикрлари ва маърузалари маҳаллий имкониятларни марказга етказишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
1932 йилда СССР Фанлар академияси ташаббуси билан ўтказилган Ўзбекистон ишлаб чиқарувчи кучларини ўрганишга бағишланган илмий конференсияда фаол иштирок этади. Конференция доирасидаги маърузаларни нашрга тайёрлаш жараёнида таҳририят аъзоси сифатида қатнашади. Шу билан бирга, “Ўзбекистоннинг 10 йиллиги” деб номланган илмий-ижтимоий альбомнинг масъул муҳаррирларидан бири сифатида танилади. Буларнинг барчаси қаҳрамонимизнинг илм-фан, иқтисод, сиёсат – ҳар бир соҳада салоҳият доираси кенг бўлганини кўрсатади.
…Бир қарашда ҳамма эшик очиқдай, мансаб пиллапоясида ўсиш ҳам изчил давом этаётгандек равон кўринади. Бироқ сиёсий тўфонлар, шубҳа ва туҳматлар авж олган машъум 1937 йил воқеалари Муҳитдин Турсунхўжаевни ҳам четлаб ўтмайди, у 13 август куни Тошкентда, Балиқчи кўчасидаги уйида ҳибсга олинади. Унга бир қатор жиддий айблар қўйилади. У гўё 1919 йилдаги Осипов қўзғолонида совет ҳокимиятига қарши ҳаракат қилган, “босмачи”ларга ёрдам кўрсатган, кейинчалик чет эл разведкаси билан алоқа ўрнатиб, махфий маълумотлар узатган одамга айланади. “Миллий иттиҳод” ташкилотида иштирок этгани, Германияда таҳсил олган Абдуваҳоб Муродийни ишга жойлаштиргани, ўзбекларни Украинага мажбуран кўчиришга қарши чиққан маърузалари ҳам унга қарши “далил” сифатида келтирилади. 1938 йил 4 октябрь куни Муҳитдин Турсунхўжаев СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг сайёр мажлисида “халқ душмани” сифатида олий жазога ҳукм этилиб, ўша куннинг ўзидаёқ отиб ташланади.
Бугун тарих саҳифаларини варақлаб, советларнинг биринчи қатағонгача бўлган кадрлар сиёсати ниҳоятда устамонлик билан ишлаб чиқилганини кўрамиз. Аввалига халқ орасидан илмий салоҳияти юқори ёшларни танлаб олиб, уларга имкон беради, масъул лавозимларга тайинлайди, тил ўргатади. Ёш кадрларнинг унча-мунча хатосини кечиргандек бўлади, ўз халқига қайишган, ватандошларини ҳимоя қилган вазиятларга ҳам кўз юмади гўё. Маҳаллий мансабдорлар ўз халқи билан тез тил топиша олиши табиий эди. Аммо бу “миллий республикалар ҳуқуқи ўз қўлида” эканини тасдиқловчи Декретга асосан эмас, балки узун ташлаб қўйилган арқон хийласининг узвий бир қисми эди.
Ниҳоят ёш совет давлатининг барча тармоқлари изга тушиб, йўналишлар қаддини ростлаб олгач, маҳаллий кадрларга қарши қилич яланғочланади. Энди минтақадаги салоҳиятли кадрларнинг пайи қирқилади. Акс ҳолда, юксак билим ва тажрибага эга фуқаролар халқни ортидан эргаштириб кетиши, пировардида, ҳуррият талаб қилиб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди. Шундай қилиб, келажакда йирик давлат ва жамоат арбоби бўлиши кутилаётган истиқболли кадрларнинг боши қатағон жодисига тушади…
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 39-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



