Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


11.09.2025 | 16:35

img579

ЭРКСЕВАР МУҲАРРИР

Бугун ўзбек жадид зиёлилари билан елкадош бўлиб, халқнинг маънавий уйғониши ва миллий озодлиги йўлида бор кучини аямаган атоқли шахслардан бири – татар зиёлиси Содиқ Абдусатторов ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Содиқ Абдусатторов 1884 йили Уфа губернияси, Сентовский қишлоғида савдогар оиласида таваллуд топган. Бошланғич таълимни дастлаб рус мактабида, сўнгра Оренбург шаҳридаги машҳур жадид мактаби – “Ҳусайния”да олган. Бу муассасада у Ризоутдин Фахритдинов, Сагит Рамиев, Шариф Камол сингари таниқли зиёлилардан ҳам диний, ҳам дунёвий фанларни ўрганган, рус, араб, турк тилларини мукаммал эгаллаган. Йигирма ёшида мадрасани “аъло”га тамомлагач, 1905–1916 йилларда Уфадаги яна бир номдор мадраса – “Галия”да муаллимлик қилган. У Уфа шаҳридаги педагогик фаолияти давомида ўша даврнинг  жадид фаоллари Рашид қози Иброҳимов, Ғилман Охун Каримов, Абдулла Бубий, Убайдулло Бубий, Зиё Камолий билан биргаликда сиёсий-маърифий ишлар олиб борган.

Қаҳрамонимиз 1916 йилдан ўз педагогик фаолиятини Тошкентда давом эттириб, рус ва татарлар мактабига мудирлик қилади. У ўзининг Ўзбекистонга келиши тафсилотини шундай ёзади: “1916 йил сентябрь ойида мен Тошкентдаги Яушевлар, Ноғойбековлар ва бошқа татар буржуазиясининг вакиллари таркибидаги яширин ташкилотдан таклифнома олдим. Бу таклифдан фойдаланиб, мен дарҳол Тошкентга жўнаб кетдим. Тошкентга келганимдан сўнг, татар мактаби мудири лавозимига тайинландим. …Полковник Ноғойбеков, Халил Ширинский (ҳозирда Давлат банкида ишлайди), Раҳим Тюменев (Тошкентда совет партия аппаратда ишлайди) ҳамда татар-бошқирд миллий озодлик ҳаракатининг Марказий Осиёдаги асосий ядросини ташкил этган миллионер ака-ука Яушевлар билан алоқалар ўрнатдим”.

Маълумки, 1917 йилги февраль инқилобидан сўнг ўзбек зиёлилари бошчилигида тузилган “Шўройи исломия” ташкилоти ишида татар маърифатпарварлари ҳам фаол қатнаша бошлаган. Содиқ Абдусатторов ҳам “Шўройи исломия” етакчилари Саъдулла Турсунхўжаев, Низомиддин Хўжаев, Юсуф Алиев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, ташкилот котиби Абдулҳай Тожиев каби атоқли жадидлар билан биргаликда Туркистондаги сиёсий кураш жабҳасидан муносиб жой олган, ҳатто шу ташкилотнинг раҳбарлик ўринларига киритилган. Ташкилотнинг фаол аъзоси сифатида Тошкентдаги татар аҳолиси орасида жадидлик ғояларини кенг ташвиқ этиш билан машғул бўлган.

Жараёнда “Шўройи исломия” жамияти ўз иш фаолияти кўламини янада кенгайтириш мақсадида “Туркистон шўройи исломия жамияти” (“Туркистон исломий кенгаши жамияти”) деб қайта номланади. Жамият ўз фаолиятини фақат минтақа чегарасида амалга ошириш билан чекланмай, Марказий Россиядаги турк-татар ташкилотлари, жумладан, “Иттифоқ”, “Алаш” ва бошқалар билан алоқа ўрнатади.

1917 йил 4 апрель куни Тошкентдаги рус-татар мактаби биносида Туркистонда татар зиёлиларининг фуқаролик мақомини ошириш мақсадида маҳаллий “Иттифоқ” жамияти ташкил этилади. 1917 йил 14 майда бўлиб ўтган умумий йиғилишда жамиятнинг низоми қабул қилинади, яширин овоз бериш орқали 21 кишидан иборат бошқарув аъзолари сайланади. Унинг таркибига Хайрулла Рахматуллин, Халил Ширинский, Иброҳим Тоҳир, Раҳим Нўмон, Собиржон Юсупов, Раҳимжон Хўжаберганов, Искандар Чанишев, Абдураҳим Абдуҳолиқов, Содиқ Абдусатторов, Қодир Булатов, Искандар Шамсуддинов, Ғози Юнусов ва бошқалар кирган.

1917 йил 25 апрелдан татарларнинг “Иттифоқ” жамияти томонидан Тошкентда “Яшасин миллатларнинг мухторияти!” шиори остида “Улуғ Туркистон” газетаси чиқарила бошлаган. Газетага Содиқ Абдусатторов ҳам муҳаррирлик қилиб, таҳририятда асосан ички Россиядан келган журналистлар ишлаган. Нашр материаллари қамрови ва савияси жиҳатдан бошқа маҳаллий нашрларга қараганда юксакроқ бўлган. Газетада Россиянинг марказий шаҳарлари, ҳатто уруш жабҳаларидан, Украина, Финляндия, Кавказ каби ўлкалар ҳамда Туркистоннинг турли вилоятларидан мухбирлар орқали тезкор хабарлар бериб борилган.

Содиқ Абдусатторов газета орқали жадидларнинг мустақил давлат тузиш зарурлиги ғоясини тарғиб қилган. Нашрнинг 1917 йил 30-сонида у Туркистонни истиқлолга даъват этиб шундай ёзади: “Эски ва янги усул мактабларининг ўқувчилари, аёллар, ишчилар ва аскарлар бирлашмоқдалар, турли жойларда пароканда ҳолда бўлиб келган турк ўғлонлари яна бирлашмоқдалар, улар биргалашиб иттиҳодлар, жамиятлар ва Шўройи Исломияни тузмоқдалар. Улар бир фикр, бир мақсад атрофида бирлашмоқдалар, ўз қурултойларини чақирмоқдалар. Хуллас, Ислом фарзандлари ҳаёт майдонига ўзининг тараққийпарвар кучларини жалб қилиб, шу орқали озод Ватан фарзандлари бўлишга муносиб эканликларини исбот қилмоқдалар”.

Февраль инқилобини катта орзу-умидлар билан қарши олган Содиқ Абдусатторов 1917 йил Россияда содир бўлган октябрь тўнтаришига салбий баҳо беради: “Мен Октябрь инқилобида умуман иштирок этмаганман. Ўша пайтда янгидан қурултой чақирилиши умиди билан яшаганман ва ҳукуматни ағдариш зарурлигини таъкидлаган большевиклар сиёсатига қарши бўлганман. Мен рўй бераётган воқеалардан четда турганман. Большевиклар Петроградда ҳокимиятни қўлга киритиб, Тошкент шаҳри думаси тарқатилгандан сўнг (бу думанинг аъзоси сифатида эсерлар партиясидан сайланган эдим), мен Совет ҳокимиятига қарши фаол аксилинқилобий кураш йўлига ўтдим. Бу курашни мен ўзим аъзоси бўлган сўл эсерлар партияси билан биргаликда олиб борганимни тан оламан”.

1917 йил 21 августда Тошкент шаҳар думаси Тошкентда университет ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилиб, унинг ташкилий комиссиясини тузади. Бу комиссияга Ўрта Осиё жадидлик ҳаракатининг йўлбошчиси Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг таклифи билан Саратовда ўқиган олий маълумотли адвокат, жадидлик ҳаракатининг йирик вакили Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев ва муаллим Содиқ Абдусатторов киритилган.

Архив ҳужжатларининг гувоҳлик беришича, 1917 йил ноябрь ойида совет ҳокимияти ўрнатилиб, Тошкент шаҳар думаси тарқатилганидан бир неча кун ўтгач, Эски шаҳардаги “Бекларбеги” мадрасасида собиқ дума аъзоси Маҳмуджон қози Муҳиддин Қозиев раҳбарлигида махфий йиғилиш чақирилади. Унда Мунаввар қори Абдурашидхонов, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Саъдулла Турсунхўжаев, Убайдулла Хўжаев, Содиқ Абдусатторов ва думанинг яна кўплаб бошқа аъзолари иштирок этади.

Бу йиғилишда мавжуд сиёсий вазиятдан фойдаланган ҳолда мустақил давлат тузиш ғоясини амалга ошириш учун уюшган ҳолда ҳаракат қилиш ҳақида қарор қабул қилинади. Бу ишни Туркистон мухториятидан бошлаш белгиланган. Бироз вақт ўтгач, Тошкентда ушбу масалани қўллаб-қувватлаш мақсадида иккинчи йиғилиш ўтказилади. Унда аввалги иштирокчилар ҳамда Туркистон ўлкасидаги тарқатиб юборилган шаҳар думалари аъзолари қатнашади. Бу йиғилиш қарорига кўра, Содиқ Абдусатторов, Заҳриддин Аълам (андижонлик, кейинчалик Туркистон ўлкаси муфтийси) ва Миллер (рус, дума аъзоси) Қўқонга вакил сифатида юборилади. Уларга Туркистон мухториятига ёрдам бериш ва совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракатни ташкил этиш вазифаси юклатилади. Бироқ Туркистон мухторияти совет ҳокимияти томонидан қонга ботирилгани сабабли, яширин ташкилот аъзолари бу борада сезиларли натижаларга эриша олмайди.

Содиқ Абдусатторов 1918 йил баҳорида Қўқондан Тошкентга қайтиб, жадидлар – Мунаввар қори, Салимхон Тиллахонов, Низомиддин Хўжаев ва бошқалар билан ҳамкорликда ўз фаолиятини яширин давом эттиради. У бир ўринда хотирлашича: “Туркистонда совет ҳокимияти ўрнатилгач, эндиликда асосий вазифа совет ҳокимияти томонидан яратилаётган давлат аппаратини миллий зиёлилар таъсирига олиш орқали Туркистоннинг янада советлашувини тўхтатиш эди. Айни ўша тарихий воқеалар шароитида мен сўл эсерлар партиясига қўшилдим”.

Содиқ Абдусатторов сўл эсерлар партиясининг Марказий қўмитаси топшириғига биноан мусулмон аҳоли орасида фаол тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борган. Шунингдек, Туркистон АССР Халқ маорифи комиссариати (Наркомпрос) ҳузуридаги Турк бўлими раиси этиб сайланган. Ушбу бўлим таркибида Мунаввар қори Абдурашидхонов, Шокиржон Раҳимий ва бошқа зиёлилар ҳам сайланган эдилар.

1918 йил охирига келиб қаҳрамонимиз Туркистон Республикасининг Маориф халқ комиссари этиб тайинланади. 1919 йил январдаги “Осипов исёни” даврида эсерлар партиясининг аъзоси бўлган Содиқ Абдусатторов унинг қуролли отряди таркибида бўлган, бироқ бу отрядда асосан шаҳардаги тинч аҳоли орасида тартибни таъминлаш билан шуғулланган. Исён бостирилгач, у эсерлар партиясини тарк этади. 1922 йили Ўрта Осиё давлат университети ректорининг ўринбосари лавозимига тайинланади ҳамда бу даргоҳда Туркистон АССР барҳам топгунга қадар фаолият юритади.

1924 йилда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланишдан сўнг Содиқ Абдусатторов Москвага юборилади. Шарқ меҳнаткашларининг коммунистик университетида олий таълимни давом эттириб, айни вақтда мазкур таълим масканида “ВКП(б) тарихи” фанидан дарс бера бошлайди. 1924-1925 йилларда Москвадаги Шарқ меҳнаткашлари коммунистик университетида туркман гуруҳига мудир, 1926–1928 йиллари РСФСР халқ комиссарлигида масъул ходим, 1932–1934 йилларда ВКП(б) Марказий Комитети Ўрта Осиё бюросида масъул таржимон, Марксизм-ленинизм университетида ўқитувчи лавозимларида фаолият кўрсатади. Москвадаги фаолияти даврида қозоқ зиёлиси ва истиқлол курашчиси Турор Рисқулов каби таниқли шахслар билан мулоқотда бўлиб, Туркистондаги миллий ҳаракатлар ва маданий тараққиёт масалалари бўйича фикр алмашиб туради. 1935–1938 йилларда эса Ўзбекистон партия ташкилотида муҳаррир бўлиб ишлайди.

Кўплар қатори Содиқ Абдусатторовнинг фожиали тақдири, қисмати 1930 йиллар охирида кечган кескин сиёсий воқеликлар билан узвий боғлиқ. Турган гапки, 1937 йили бошланган машъум қатағон тўлқини қаҳрамонимизни четлаб ўтмади. “Катта террор” даврида ЎзССР “махсус учлиги” томонидан миллионлаб одам турли бўҳтон-у туҳматлар билан сўроққа тортилиб, 41 минг нафардан кўпроқ киши қамоққа ташлангани маълум.

Содиқ Абдусатторов ҳам 1938 йил 24 январда НКВД томонидан ҳибсга олинади. “Миллий иттиҳод” ва “Миллий истиқлол” ташкилотларига аъзо бўлгани, совет ҳокимиятига қарши ҳаракатларда қатнашгани бўйича турли айбловлар бўйнига илиниб, ўша йилнинг 4 октябрида СССР Олий суди ҳарбий коллегияси сайёр мажлисида 52 нафар туркистонлик зиёли сафида “халқ душмани” сифатида олий жазо – отувга ҳукм қилинади. Ҳукм ўша куннинг ўзидаёқ ижро этилади.

Содиқ Абдусатторовнинг шарафли номи давлатимиз миллий истиқлолга эришгачгина тўла оқланди. Унинг ҳаёти ва фаолияти тадқиқ қилинди, қатор мақола ва асарлар чоп этилди. Асл қаҳрамонларимизнинг порлоқ хотираси асрлар оша безавол яшаб, келажак авлодга ҳақ йўлини ёритувчи чароғбонлик вазифасини бажараверади.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855