Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


09.10.2025 | 11:59

img336

ҚАБРГА КЎМИЛГАН КИТОБЛАР

Жаҳолатга ботган тузумларнинг энг катта душмани китобдир. Шу боис, тарихда инсоният закоси маҳсули бўлган қанчадан қанча китоблар гулханларда ёқилган, дарёларга оқизилган. Минтақамизда “Авесто”дан то яқин кунларгача минг-минглаб китобларнинг кули кўкка совурилган. Шунинг учун ҳам буюк аждодларимизнинг аксар асарлари номи фақат рўйхатлардагина сақланиб қолган. Бу фожиа XX асрда, айниқса, кенг миқёс касб этиб, советлар ўтган асрнинг 30 йилларидан бошлаб китобларни ҳам қатағон қилган.

Тиббиёт фанлари номзоди Латифжон Баҳовуддин ўғлининг бобоси Саййид Одина эшон ал-Карвакий ал-Хоразмий ўн иккита китоб ва рисола ёзган. Жалолиддин Румийнинг “Маънавий маснавий” асарини шарҳлаган. Афсуски, 1937 йилда советлар уларни мусодара қилади. Китобларнинг бир қисми элат қабристони ёнидаги масжидга яшириб қўйилади. Истиқлол замонида ўша хона очилганида, китобларнинг барчаси моғорлаб, яроқсиз ҳолга келгани маълум бўлади. Яхшиямки, қўлёзмалар фондида муаллифнинг айрим китоблари сақланиб қолган экан. Латифжон уларни топиб, қайта чоп эттиради. У киши болалигини шундай хотирлайди:

“1942 йил. Бир куни отам ҳовлиқиб келди ва сандиқда сақланаётган китоблардан учтасини қўлимга тутқазди. “Одина эшон бувамиз масжиди ёнида мелисалар эски китобларни ёқишяпти. Бизда ҳам китоб борлигини билишади. Ким топширмаса қамармиш”, деб ўша жойдаги мелисаларга олиб боришимни айтди. Борсам, ҳовлида катта гулхан ёниб турар, мелисалар унга китобларни тўхтовсиз ташларди. Мен китобларни бердим-у, ортга қараб қочдим. Аммо ҳалигача ўша олов тафти юрагимни куйдиради…”

Бу аянчли воқеа советлар “Гитлер инсонийликдан йироқ кимса у китобларни ёқяпти!” деб дунёга жар солаётган кезларда рўй берган.

Эски ўзбек ёзувида битилган диний ва дунёвий китоблардан ҳадиксираш ва уларни йўқ қилиш мустақиллик давригача давом этгани ҳақиқат. Мисолларга юзланамиз.

Янгибозор туманининг Бўзқалъа қишлоғида Отажон мулла яшаб ўтган. Шерғозихон мадрасасида таҳсил олган, 30 йиллар қатағонидан тасодиф туфайли омон қолган. 1976 йили вафот этган қори яқинлари хотирасида “Қўшқабрли уламо” сифатида муҳрланиб қолган. Бу ҳақда невараси Жабборберган оға хотирлайди:

“Бувамнинг бир нечта китоби бўларди. У киши ўлими олдидан шундай васият қилган: “Умрим давомида тўплаган бу китоблар – бир хазина. Энди уларни ўқийдиган, тушунадиган бир одам қолди – Камол қори. Дунёдан ўтганимдан сўнг ўзи келиб, танлаб, керагини олсин. Қолганини қабрим ёнига яна бир қабр тиклаб жойланглар”. Васият бажарилди. Лекин элда гап ётмайди. Икки йилдан сўнг гурланлик шоир Фозил Зоҳид икки кишини етаклаб келди ва уларнинг китобларга харидор эканини айтди. У отамга дейди: “Мадамин ака, сиз китоблар нархини айтинг! Булар сотиб олишади. Қолаверса, китобнинг қабр ичида ётиши яхшимас. Ўқилмаган китоб – ботил, дейишади машойихлар. Бу инсонлар ушбу китобларни ўқишади, таҳлил қилишади ва ноёб бўлса қайта нашр қилиш ниятлари ҳам бор!” Отам ҳеч нарса демайди. Аммо замон ёмон эди. Бу ҳақда тегишли идоралар эшитиб қолишса, вазият бошқа томонга ўзгариб кетарди. Шуларни ўйлаган отам китобларни меҳмонларга беришга рози бўлади. Нархи эса Фозил ака айтгандай бир туянинг пули бўлади. Китобларнинг кейинги тақдиридан хабардор эмасмиз. Бир туя нархига баҳоланган китоблар “туя қилинди”ми ёки уларга иккинчи умр бағишландими? Билмадик”.

Умид қиламизки, бу китоблар миллатпарвар, зиёли инсонлар қўлига тушган ва қайсидир илмгоҳларнинг ғазналарида сақланмоқда.

Бўзқалъалик муаллим Қуронбой ака яна бир воқеани эслайди:

“Гурланнинг Эшимжирон қишлоғидаги қабристонда ҳам бир эмас, икки қабрга китоблар “кўмилган” экан. 1985 йилда шу қабрларни очишган. Бир қабрдаги китоблар анча яхши сақланган, иккинчидагилари эса намдан титилиб кетган экан. Бу ҳақда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ҳам ёзишганди… Ўша даврда ҳукумат арабий имлодаги барча китобларга биринчи навбатда диний нуқтаи назардан ёмон кўз билан қарарди. 1937 йиллардагидек бўлмаса ҳам, уйида “эскича” китоб сақлаган одам яхшигина жазога тортиларди”.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: илмли зотлар нега қўлидаги китобларни Шарқшунослик институтига топширмаган? Ўтган асрнинг 60–80 йилларида бу институт фуқаролар бисотидаги эски китобларни излаши, уларни харид қилиши ҳақида бот-бот эшитиб қолардик-ку! Бизнингча, эски замон нонини еб улғайган одамлар 30 йиллардаги қатағондан кейин тузумга ишонмаган. Тегишли идоралар хабар топса, “Шу вақтгача нега топширмагансан?”  деб сиқувга олиши ҳеч гап эмас-да.

Яқинимиз Абдулла махсум тўқсон ёшида вафот этди. Орадан ўн йилча ўтгач, невараси бахмал матога ўралган бир китобни кўтариб келди. Китоб лотин ёзувида бўлиб, унда турк пошоларининг суратлари ҳам бўлиб, қатағондан омон қолган асарлардан эди. Демак, йўқ қилинган китобларнинг ҳаммаси диний мазмундаги асарлар бўлмаган.

Абу Райҳон Беруний олтмиш йиллик умрида бир юз элликдан ортиқ китоб ёзган бўлса, уларнинг атиги тўртдан бири бизгача етиб келган. Қолган асарлари қаерда? Ёқилган, кўмилган китоблар орасида Беруний ва бошқа улуғ алломаларимиз қаламига мансуб китоблар бўлмаганига ким кафолат беради?

Отажон мулла каби инсонлар орзу қилган замон келганига мингдан-минг шукроналар айтамиз!

Рўзимбой ҲАСАН

“Жадид” газетасининг 2025 йил 3 октябрдаги 40-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855