Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


27.11.2025 | 10:25

img121

МЕЪЁРИНИ БИЛМАГАН МЕМУАРБОЗЛИК

Рўзимбой ҲАСАН

Мемуар – жаҳон адабиётида машҳур жанрлардан бўлиб, бу турдаги асарда муаллиф ўзи бошдан кечирган воқеаларни қаламга олади ва эътиборли жиҳати, муаллиф ёзувчи ёки шоир бўлиши талаб қилинмайди. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган банда умри ниҳоясида фарзандларига ва албатта, бошқа ўқирманларга ибрат бўлсин учун нималарнидир қоралашга маънан ҳақли. Мемуар – инсоннинг бошқалар олдидаги ҳисоботи ҳам, янада аниқроқ айтсак, тавба-тазарруси ҳамдир. Машҳур файласуф Рокаул Кентнинг “Бу менман, Худойим”, чилилик таниқли шоир, Нобел мукофоти соҳиби Пабло Неруданинг “Иқрорман – яшадим!” мемуарлари бу жанрнинг етук намуналаридан ҳисобланади. Улар мемуарларида эришган ютуқлари билан мақтанмайди, ўқувчига панд-у насиҳат қилиб, ақл ўргатмайди – бошидан кечирганларини очиқ-ойдин қаламга олади. Хатоларини ҳам, айбларини ҳам. Аслида, жанрнинг асосий талабларидан бири ҳам шу!
Истиқлол замонида Саид Аҳмаднинг “Топган­ларим ва йўқотганларим”, Шукруллонинг “Кафан­сиз кўмилганлар” асарлари, Шукур Холмирзаев­нинг Матёқуб Қўшчонов, Ботир Зокиров ҳақидаги хотиралари миллий мемуарчиликда олға қадам бўлди. Собиқ совет замонида бу жанрга рағбат деярли йўқ эди. Бир-икки китобларни айтмаса, у пайтлар қалам аҳли ўзини бу жанрдан тийиб турган. Сабаби, асари минг чиғириқдан ўтган, уларда сиёсий айб топилишидан қўрқув ҳисси сақланиб қолган, яна мумтоз шоир ва адибларимиз шарқона одоб-ахлоқ меъёрларидан келиб чиқиб, ҳар бир сатрни қоғозга тушираётганида, атрофга тез-тез қараб қўйишга мажбур бўлган.
Жадидлар таъсирида дунёга келган “Ёш хиваликлар” ҳаракати етакчиларидан Полвонниёз ҳожи Юсупов қатағон бўлишини англаган ҳолда ёзган мемуари орадан 60 йил ўтгач, мустақиллик даврида чоп қилинди. Бу мемуарда советлар тузуми зиёлилар бошига солган кўргиликлар, алдов ва қўрқув билан маҳв қилинган сафдошларининг тақдири ҳақида аччиқ ҳақиқатлар авлодлар учун ёзиб қолдирилган.
Буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг вақтли матбуотда эълон қилинган кўпгина катта-кичик асарлари мемуар талабларига мос тушади. “Москов хатлари”, “Сайловми, босқинчилукми?”, “Отам ва большевик”, “Давосиз дардлар” сингари мақолалари, Самарқандда судда сўзлаган нутқи адибнинг ёзилмай қолган улкан мемуари парчалари, холос. Агар адиб бевақт қатағонга учрамаганида, бу жанрда ҳам ўлмас бир асар яратган бўлардими?
Бугун юртимизда яратилган сўз эркинлиги туфайли “мемуарбозлик” роса авжига чиққан. Хусусий нашриётлар кетма-кет бу жанрдаги китобларни чоп қиляпти. Нашриётлар иқтисодни олд ўринга қўяётганини тушуниш мумкин, аммо ўша “мемуар”лар мазмун-моҳияти учун ким жавоб беради? Албатта, муаллифлар ёки улар номи­дан ёзаётган қаламкашлар, дерсиз. Тўғри, нашриётлар муаллиф нуқтаи назарини ҳурмат қилади, айтилган сўз учун масъулиятни зиммасига олмайди. Бу эса…
Собиқ совет даврида қайсидир туманга етакчилик қилган инсон ўз “мемуар”ида “улкан бунёдкорликлар”, “одамлар ташвиши билан яшаш”, “ҳукумат (аслида партия) ғамхўрлиги” ҳақида оғзидан кўпик сочиб мақтанган ўринларни ўқиганимизда, ҳақли саволлар туғилаверади. Миллатнинг зиёли қатламини қатл қилган, фуқароларни бир-бирига тиш қайратган, “Оқ олтинни олтин қўллар яратади” деган “қизил” шиор билан миллатни пахта эгатларига боғлаб ташлаган, устларидан заҳри қотил сепиб, ирсиятини издан чиқарган, шарқона одоб-ахлоқ, исломий тарбия, миллий қадриятларни оёқости қилган тузум қаёққа кетди? Ахир, яқин тарихда юз берган воқеаларнинг гувоҳлари ҳали тирик-ку!
Ўша даврларда жамоа хўжалигига узоқ йиллар раислик қилган инсоннинг “мемуар”ини ўқиб, тўғриси, ачиндим. Муаллиф (аслида, раис номидан ёзган қайсидир қаламкаш) “тинч ва осойишта замон”, “фаровонлик даври”, “инсонларда ўзаро меҳр-у оқибат кучли замон” каби сифатлашларни кўплаб ўринларда келтиради ва ҳатто “коммунизмга бир қадам қолгани” ҳақида лоф уради. Пахта режасини фалон фоизга бажаргани, бунинг учун ҳукумат томонидан орден-медаллар олгани билан мақтанар экан (ўша нишонлар тақилган суратларини кўз-кўз қилишдан уялмайди), жамоа аҳли йил – ўн икки ой давомида чеккан заҳматлар, меъёрсиз меҳнати учун арзимаган чойчақа олгани ҳақида лом-лим демайди. Қишлоқда ўша даврда қурилган неки бино бўлса – “ўзининг фаолияти самараси”. Гўёки, ўша биноларни шахсий маблағлари ҳисобидан қурдирган.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида узоқ йиллар республика ҳукумати раиси бўлиб ишлаган бир инсон ҳақида чоп қилинган каттагина китоб қўлимга тушиб қолди. Ўқидим-у… рости, кетган вақтимга ачиндим. Колхоз раисини қўя турайлик, ўз даврининг катта сиёсати қозонида қайнаган, юртда рўй берган паст-у баланд ишлардан яхши хабардор, хабардоргина эмас, бевосита дахлдор бўлган инсон ҳаёти ва фаолияти ҳақида бу қадар силлиқ ёзиш шартмиди? Ўша давр ёлғонларидан, ҳеч бўлмаганда, бир чимдимини очиқлаш, наҳотки, шу қадар қийин бўлса?
Мустақилликнинг илк даврида “катта курси талаш­ган”лардан бири ҳақида ёзилган китоб ҳам ҳафсаламни пир қилди. Ўша давр воқеаларидан бир қадар хабардор инсон сифатида бу китобда аралаш-қуралаш бўлиб ётган ҳақ ва ёлғонни ажратиб олишга қийналдим – асабим дош бермади.
Хоразмга узоқ йиллар раҳбарлик қилган ва охир-оқибат “пахта иши” бўйича маҳкамага тортилиб, Москва ҳибсхоналарида умрининг олти йилини кечирган Мадиёр ака Худойберганов уч томли мемуарини эълон қилди. Камина ушбу хотираларни қоғозга туширишда муаллифга ёрдам бердим, Москва ҳибсхоналарида мунтазам юритган “Кундалик”ларини таржима қилдим. Мемуарнинг биринчи китоби 1996 йилда чоп қилинди, афсуски, уни муҳаррирлар анча қайчилади – собиқ раҳбар ва маҳкум тавба тариқасида қоғозга туширган аччиқ ҳақиқатлар баён қилинган ўринлар олиб ташланди. Мадиёр ака бошидан кечирган воқеа ва ҳолатларнинг очиқ-ошкора баён қилиниши унинг тавба-тазарруси деб баҳоланмоғи керак эди. Зеро, бутун онгли умрини совет тузумига едириб юборган инсон қамоқдан қайтгач ҳаж зиёратига борди, Қуръони Каримни йод олди – тавба-тазарру қилди.
Етмиш бешга кирган бир инсон ўз ҳаёти ва фаолияти ҳақида қоғозга туширган қораламаларини бериб, уни китоб ҳолига келтиришимни илтимос қилди, адабиёт тили билан айтсак, “маҳаллий аҳамиятга молик мемуар”. У бошидан кечган воқеаларни эринмасдан ўнта “умумий дафтар”га ёзган экан. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида савдо тизимида масъул вазифаларда ишлаган киши нималар ёзди экан, деган ўйга бордим. Тўғриси, бу киши ҳам ўзини роса мақтагандир, деган фикрда дафтарларни беҳафсала варақладим ва… ҳайратдан ёқа ушладим. Бирорта олий ўқув юртида ўқимаган, аммо тирикчилик ташвишида боши қанча балоларга дуч келган бу инсон ўша давр ҳақиқатларини бўямай, оширмай-тоширмай, борича қоғозга туширибди. Советлар яратган тизимдаги қинғирликлар, қўшиб ёзишлар, ҳозирги авлод эшитса кулгиси келадиган “дефицит”лар, турли раҳбарларнинг савдо тизимини ўз “томорқа”сига айлантириб олганлари, аҳолининг ўша даврда нисбатан тўқ яшаган қатлами ҳисобланмиш савдо ходимларининг гиёҳвандлик балосига учрагани, уларнинг ҳамтовоқлари орасида ҳуқуқ тизими ходимлари ва ҳатто бошлиқлари кўпчилик бўлганини аниқ шахслар, мисоллар билан келтирибди. Туман биринчи раҳбарининг ҳайдовчиси ҳар ҳафта савдо шохобчаларидан қанча маҳсулотни текинга олиши, ижроқўм раиси нақди билан чекланмай, чорвадор хўжаликлардан қўй, ҳўкиз талаб қилиши, раҳбарларнинг маиший бузуқлиги ҳақидаги аниқ сана ва гувоҳлар билан келтирилган аянчли саҳифаларни ўқиб, бу инсоннинг иродасига, мардлигига қойил қолдим. Мана, ёзса бўларкан-ку!
Қўлёзмаларни таҳрир қилиб, китобни (шу оддий савдогар инсоннинг қораламаларини ҳақиқий мемуар деса бўлади) нашриётга топширишдан олдин: “Эртага бу китоб чиқса, сиз очиқ-ойдин ёзган шахслар ёки уларнинг фарзандлари билан судлашишдан қўрқмайсизми?” деб сўрадим. Унинг жавоби қатъий бўлди: “Инсон дунёга бир марта келади. Тақдири уни турли йўлларга бошлайди, хато қилади, пушаймон бўлади, охир-оқибат ёши бир жойга борганда, қилган хатолари учун тавба қилишни ўйлаб қолади. Қолаверса, бу ёзганларим, аввало, фарзандларимга панд-у насиҳатдир. Токи улар мен каби ҳаётда хато қилмасин, ўғрилик, гиёҳвандлик, қиморбозлик каби ёмон йўлларга кирмасин!”
Бу ёқда эса унинг замондошлари ҳақида турли-туман китоблар тўхтовсиз чоп қилинмоқда. Моддий манфаатдорлик эвазига бу каби китобларни ёзаётганлардан ўпкалашимиз керакми? Улар ўз қаҳрамони айтганини қоғозга туширади, ортиқча сўз ва сифатлашлар қўша олмайди. Аммо, бирортаси “қаҳрамон”нинг хизматларини санаш билан бир қаторда, иш фаолиятида йўл қўйган бир-ярим хатоси (жиноят демай турайлик) бўлган-бўлмаганини нега бир оғиз суриштирмайди? Ахир ўша “инсонпарвар, адолатли” дейилаётган тузум парчаланиб кетган экан, демак, хато ва камчиликлар бўлган. Булар учун эса оддий халқ эмас, юрт тепасида – унинг баланд-у паст курсиларида ўтирган кадрлар айбдор эмасми? 
Бу каби сийқалаштириш ҳолатларини ҳозирда роса русмга кирган хотира китоблари мисолида ҳам учратиш мумкин. Китоб қаҳрамони ҳақида хотира сўзлаётган таниши, замондоши, ҳамкасби, шогирдлари бисотидаги борики мақтовларни ёғдиришдан чарчамайди – бундан уялмайди. Бирор киши хотирасида: “Ҳа, беайб – парвардигор, сал хатолар ҳам бўлди”, деган жумлани келтирмайди. Хотира – муқаддас, деймиз, лекин у ҳақиқат айтилсагина муқаддас бўлади. Ёлғон хотира, аслида, шахсга нисбатан ҳурмат эмас, ҳақоратдир. Негаки, бундай хотиралар муз кабидир, ҳақиқат қуёши юз кўрсатса, бир зумда эриб кетади. 
Китоб дўконларида қаторлашиб турган чиройли китобларнинг муқовасида бирор шахс сурати берилган бўлса… яхшиси, сал четлаб ўтинг, вақтингиз кетгани, асабингиз ўйнагани қолади. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, бу китобларнинг манманлик туйғуси билан тўлиб-тошган саҳифалари зеҳниятингизни қайиштириб юборади.

“Жадид” газетасининг 2025-йил 21-ноябрдаги 47-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855