15.10.2025 | 15:34
303
АТОҚЛИ НАВОИЙШУНОС
Шарқ халқлари маданияти ва адабий меросининг билимдони Евгений Эдуардович Бертельс (1890–1957) навоийшунослик тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшган йирик тадқиқотчилардан биридир. Олимнинг Иккинчи Жаҳон уруши йиллари бир муддат Тошкент шаҳрида истиқомат қилиши унинг илмий фаолиятида ниҳоятда самарали из қолдирди. У республикамизнинг бой қўлёзма фондлари билан яқиндан танишди, улардан унумли фойдаланди, олий ўқув юрти талабаларига маърузалар ўқиди, матбуотда мақолалари билан мунтазам қатнашиб турди. Олимнинг уч йирик монографияси – “Навоий” (1948), “Александр ҳақида роман ва унинг Шарқдаги асосий версиялари” (1948), “Жомий” (1949) тадқиқотлари қўлёзма фондларимиздан унумли фойдаланган ҳолда дунё юзини кўрди. Унинг илмий раҳбарлиги остида Ғулом Каримов, Акрам Иброҳимов, Солиҳ Қосимов ва бошқалар диссертация ҳимоя қилдилар.
Бертельс юртимизда бўлган чоғлари ўзбек адабиёти тарихининг билимдонлари билан яқиндан танишди, улар билан илмий-адабий суҳбатлар қурди, фикр-мулоҳаза алмашди. Олим “Навоий” монографиясининг муқаддимасида Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳоди Зариф каби зукко инсонлар билан шоир ижоди юзасидан ҳамсуҳбат бўлиб, мулоқот қилмаганида, Алишер Навоий ижодининг кўпгина томонлари ўзи учун қоронғи қолишини айтади ва миннатдорлик билдиради.
Олимнинг буюк мутафаккир Алишер Навоий адабий меросига оид дастлабки “Навоий ва Аттор” (1928) мақоласи Шарқ адабиёти дурдоналарига ёндашувнинг классик намунаси бўлиб, бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шарқшунос ҳар икки достон – “Лисон ут-тайр” ва “Мантиқ ут-тайр”ни синчиклаб, бобма-боб муқояса қилиб, гарчи Алишер Навоий адабий анъана доирасида иш кўрган бўлса ҳам, оригинал асар яратганини мисоллар билан исботлаб кўрсатади. Достон таркибидан ўрин олган ҳикоятларни қиёсий чоғиштириб, уларнинг аксарияти Навоийнинг узоқ йиллик кузатишлари маҳсули экани ва нисбатан реал ҳаёт воқеаларига яқинлигини ҳамда айни жиҳатлари билан салафи Фаридуддин Аттор (1145–1221) ҳикоятларидан фарқланишини алоҳида таъкидлайди. Бугина эмас, асар ғоявий концепцияси Аттор достонидан бутунлай ўзгачалигини Бертелс зукко адабиётшунос сифатида нозик илғаган, шунингдек, шоирнинг тасаввуфга муносабатини ҳам аниқ кўрсата олган.
Бертельснинг “Алишер Навоий “Хамса”сининг қадимий қўлёзмаси ҳақида” номли мақоласи вафотидан сал олдин (1957) ёзилган ҳамда “Танланган асарлар”ининг “Навоий ва Жомий” жилдидан ўрин олган. Унда олим шоир ижоди билан қай тарзда танишгани, “Хамса”нинг ноёб нусхаси Самарқанд шаҳридан топилиши билан алоқадор жиҳатларга батафсил тўхталади.
Унинг фикрича, бу ноёб қўлёзма Навоий назорати остида, яъни шоир котиб Абдужамилга айтиб турган пайтда кўчирилган. Бироқ бу мўътабар манба асосида “Хамса” достонларининг илмий-танқидий матнини тузган Порсо Шамсиев бу фикрга қўшилмайди: “Й.Э.Бертельснинг мазкур қўлёзманинг юқори сифатлари ҳақидаги фикрига қўшилган ҳолда, биз унинг автор айтиб турганда кўчирилган, деган фикрига қўшила олмаймиз. Бу қўлёзмадаги ҳар бир достоннинг колофонларини солиштириш ҳам олимнинг ушбу фикрини тасдиқлай олмайди. Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр”нинг тугатилган йилини аниқ (888-1483 йил) кўрсатади, достоннинг колофонида эса унинг кўчирилгани 889 йил раббиал-охир, яъни 1484 йилнинг апрели деб ёзилган. Бундан кўринадики, достоннинг яратилиши билан унинг Абдужамил томонидан кўчирилган вақти айримдир”.
Биз ҳам муҳтарам устознинг фикрига қўшиламиз. Бертельснинг ўзбек китобхонлари “енгиллаштирилган” “Хамса”ни ўқимоқдалар, деган фикри ҳам асрнинг 50 йилларига оид бўлиб, бугун биз достонларнинг илмий-танқидий матни ҳамда улар асосидаги асарнинг тўлиқ нашрига эгамиз.
Мақолада эътиборимизни тортган яна бир нуқта: ўша алғов-далғов даврда қўлёзма манбалар хорижга сотилган экан. Қизиқ, нима учун халқнинг бебаҳо мероси бўлган китоблар сотилган, бу ҳақда бирор-бир давлат идорасида маълумотлар сақланганми? Агар сақланган бўлса, қайси ноёб манбалар қайси хорижий давлатларга сотилган ва уларнинг рўйхати мавжудми? Ўйлашимизча, бу каби саволларга аниқ жавоблар берилиши лозим.
Бертельс тадқиқотлари юртимизда ҳамиша навоийшуносларнинг диққат марказида, эътиборидадир. Мустақиллик даврида олимнинг бир қатор тадқиқотлари ўзбек тилига ўгирилди. Жумладан, тилшунос Ибодулла Мирзаев томонидан “Навоий”, “Жомий” монографиялари ҳамда бошқа рисолалари ўзбек тилига таржима ва нашр қилинди.
Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи ходимлари ҳам навоийшунос олим меросига мунтазам мурожаат қилади. Дастлаб О.Жўрабоев томонидан “Номаълум ижодкорнинг чиғатойча таржеъбанди” мақоласи таржима қилиниб чоп этилган бўлса, кейинги йилларда “Алишер Навоий дунёқарашига доир” мақоласи камина таржимасида нашр юзини кўрди. Бундан ташқари, адабиётшунос Ш.Назарова таниқли туркийшунос академик А.Н.Самойловичнинг асрнинг 20 йиллари ўзбек тилида чоп бўлган “Навоий тўғрисида Овропа олимлари” мақоласини араб ёзувидан табдил қилди.
Қуйида ҳавола этилаётган мақола ҳам юқоридаги ишлар сирасидан бўлиб, Бертелс каби олимларнинг меросига теран назар ташлаш ва уларни фалсафий идрок этиш орқали илмий академизмдан сабоқ бериб, филологик тадқиқотнинг ўзига хос маданияти сари етаклайди.
Абдурасул ЭШОНБОБОЕВ,
Ўзбекистон ФА Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи бош хазинабони

Евгений БЕРТЕЛЬС
“ХАМСА”НИНГ ҚАДИМИЙ ҚЎЛЁЗМАСИ ҲАҚИДА
Ўтган асрнинг 20 йиллари Эронда XIII асрда яшаб ижод этган буюк шоир Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достони нашр этилди. Достон Ғарб шарқшунослик илмига анча аввал маълум бўлиб, 1857 йили машҳур француз шарқшуноси Гарсен де Тасси Парижда чоп эттирган ва орадан олти йил ўтиб французча таржимасини амалга оширган эди. Биринчи Эрон нашри достоннинг француз олими томонидан тайёрланган нашрида йўл қўйилган бир қатор лингвистик ва фалсафий ноқисликларни, тушунмовчиликларни бартараф этди. Табиийки, бу янги нашр мени ва мен билан Иттифоқ Фанлар академияси Осиё музейида бирга ишлайдиган ҳамкасбларимни қизиқтириб қўйди. Достонни ўқир эканмиз, беихтиёр унинг хаёлоти бизни ҳар томондан чулғаб олди.
Бу вақт орасида Осиё музейи қўлёзмаларини илмий тавсиф этиш чоғида қўлимга эски ўзбек тилида битилган янги бир манба келиб тушди. Бугунгидек йодимда, бу китоб катта ҳажмда, муқоваси қалин қора чармдан, хати унчалик чиройли бўлмаса ҳам, аниқ-равон ёзилган эди. Мазкур манбада мен ҳаётимда биринчи марта Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони билан танишдим. Асарнинг кириш қисмларида (аслида асарнинг хотимасида – тарж.) улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири болалик чоғлари Аттор достонини эҳтирос билан ўқиб, ёдлаб олганини мароқ билан ҳикоя қилади.
Шарқшунослар томонидан ушбу достон бўйича ёзилган тадқиқотлар билан танишиб билдимки, европалик олимлар фикрича, Навоий Аттор достонини ўз она тили – эски ўзбек тилига таржима қилган. Табиийки, мени XV аср шеърий таржиманинг техник жиҳатлари қизиқтириб қолди ва мен ҳар икки асарни синчиклаб, бобма-боб муқояса қилдим.
Бу пайтда (1927) ҳижрий йил ҳисоби бўйича Навоийнинг 500 йиллик тўйини нишонлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Академик В.В.Бартолд бу санага атаб илмий тўплам нашр этишни режалаштирган эди ва у одатдагидек музейга келадиган кунларининг бирида менга мурожаат қилиб: “Сиз, менимча, Навоийнинг асари билан шуғулланган эдингиз. Бизнинг тўпламга бир мақола тайёрлаб беролмайсизми”, деб қолди. Бунинг натижасида “Навоий ва Аттор” мақолам ёзилди ҳамда “Мир Алишер” тўпламида (1928) нашр қилинди.
Навоий асарини қанча кўп ўқиганим сари, у шунча кўп асир қилар, оҳанрабодек ўзига тортар, майин, илиқ туркона юмори ва инсонийлиги билан мени мафтун этарди. Кўриниб турибдики, Навоийни таржимон дейиш, асарни ўқимай, фақат ёлғиз сарлавҳаларга қараб хулоса чиқаришдир. Мен ўз олдимга бундай ёндашувнинг ғайриилмий эканини исботлашни мақсад қилиб қўйдим ва, менимча, “Навоий ва Аттор” номли мақоламда буни уддаладим. Қизиғи шундаки, Аттор ижодига бўлган қизиқишим охир-оқибат Навоий “Хамса”сининг қадимий қўлёзмасини ҳалокатдан сақлаб қолишимга сабаб бўлди.
Навоий ижоди бўйича тадқиқотим Ўзбекистон илмий доираларининг эътиборини тортди ва мени Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Самарқанд шаҳрига, илмий тадқиқот институтига маъруза ўқиш учун таклиф қилишди. Маърузалар курсини май-июль ойлари оралиғида ўқидим, Ленинградга қайтиш арафасида эса республиканинг Маориф ташкилоти (Наркомпрос) бир иш юзасидан чақириб қолди.
Маълум бўлишича, давлат савдо ташкилоти (Госторг) республика қишлоқлари бўйлаб қадимий қўлёзмалар, ҳунармандчилик ашёларни аҳолидан сотиб олар, қўлёзмаларни эса хорижга сотиш мўлжалланган экан. Бунинг учун эса Маориф ташкилотининг тегишли рухсатномаси керак, бироқ ташкилот ходимлари орасида қадимий қўлёзмаларни яхши биладиган киши йўқлиги сабаб мендан илтимос қилишган.
Тегишли ҳужжатларни расмийлаштиргач, Маориф ташкилотининг омборлари жойлашган эски ғишт заводига қараб йўл олдим. Худди ҳозиргидек йодимда, ёзнинг иссиқ кунлари, заводга борадиган йўл янги ва эски шаҳарни боғловчи кўча бўйлаб ўтади. Мен эски тут дарахтлари экилган ариқ ёқалаб юрдим. Тут обдон пишиб етилган, унинг оппоқ, бироз жигарранг бўла бошлаган ширин мевалари шляпамга дўлдек ёғилади.
Дарвоза олдида узоқ давом этган расмий гап-сўзлардан сўнг мени китоблар ва ҳар хил эски-тускилар билан тўла, шифти паст катта хонага олиб кирдилар. Китобларни қалин чангдан тозалаб, титкилашга тушдим. Қўлёзмалар орасида унчалик аҳамиятга эга бўлмаган китоблар: мадраса дарсликлари, сифатсиз миниатюралар билан безатилган диний мавзудаги қўлёзмалар кўп эди. Лекин мана менинг қўлимда қалин, муқоваси бироз уринган китоб. Очиб кўраман, махсус жило берилган, аммо қорайиб кетган қоғоз, XV асрнинг унчалик чиройли бўлмаган, бироқ аниқ, шошиброқ битилган қўлёзмаси: Навоийнинг машҳур беш достони жамланган манба. Бу асарнинг кейинги даврларда кўчирилган нусхаларини бозорга чиқариш эҳтимол мумкиндир, аммо бунақасини, ҳеч қачон!
Қўлёзмаларни синчиклаб саралаб, сотишга мўлжалланганлари орасидан айримларини ажратиб олдим. Мен ажратиб олган йигирмага яқин қўлёзма китоблар илмий-тадқиқот институти маъмурияти томонидан кирим қилиб олинди, кейинчалик институт тугатилгач, Тошкентдаги давлат халқ кутубхонаси тасарруфига ўтди (ҳозир эса Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида №5018-рақам остида сақланади).
Иккинчи Жаҳон уруши йиллари мен Тошкентдаги Тарих, тил ва адабиёт институтида ишладим. Ишимизнинг асосий қисми Навоийнинг 500 йиллик тўйини нишонлашга (бу сафар милодий йил ҳисоби билан – 1441-1941) қаратилган бўлиб, бу ишлар тор доирадаги кичик бир гуруҳнинг ишлари билан чекланмай, балки бутуниттифоқ кўламидаги, том маънода халқ байрамига ҳозирлик эди.
Мен яна ўзим сақлаб қолган қўлёзма билан тўқнашдим. Энди уни шошилмай, батафсил ва чуқур ўрганиш учун барча имконият бор эди. Бу ерда мутахассисларни ҳаяжонга солган бир ҳолат юзага чиқиб қолди. Маълумки, Навоийнинг биринчи достони “Ҳайрат ул-аброр” 889/1483 йили ёзилган. Бироқ мазкур асар Абдужамил деган котиб томонидан 889 йили раббил ул-охир ойида, яъни 1484 йилнинг апрель-май ойларида кўчириб тугалланган. Ўйлашимча, бу сана иштибоҳ уйғотади, чунки бир неча минг байтдан иборат катта бир достон шоир томонидан ёзиб бўлингач, уч-тўрт ой ўтмай кўчирилган. Лекин қўлёзманинг матни, шубҳасиз, яхши эди.
Ёш олимлардан Ғулом Каримов тўйга тайёргарлик арафасида менинг маслаҳатим билан “Лайли ва Мажнун” достонининг танқидий матнини айни қўлёзмадан кенг фойдаланган ҳолда тузди. Иш жараёнида унинг ўзига хос жиҳатлари аниқланди: қўлёзма мутлақо хатосиз бўлмай, унда ҳар бир манбага хос ноқисликлар мавжуд, кўчирган котиб, табиийки, айрим хатоларга ҳам йўл қўйган, бироқ булар аслиятни кўчираётган пайтда содир бўлган имло хатолари бўлмай, у ёки бу сўзни нотўғри эшитиш оқибатида рўй берган. Бундан эса табиий равишда қуйидагича хулосага келиш мумкин: Абдужамил диктовка асосида кўчирган. Сиёҳи ҳали қуримаган асарни ким унга айтиб турган (диктовка) бўлиши мумкин? Фақатгина муаллифнинг ўзи ва шундай қилиб, бу нодир қўлёзма автограф: унинг матни муаллиф қалами остидан чиққан матннинг айнан ўзини беради.
Навоий бу вақтда аввалгига ўхшаб юқори давлат лавозимларида ишламаган, бироқ машҳур ва бадавлат киши сифатида ўзига тегишли мол-мулкни бошқарган, келадиган даромадни эса жамият ривожига сарфлаган. Кўриниб турибдики, муаллифнинг кўп минг байтли асарни соатлаб ўтириб чиройли ҳуснихат билан кўчириш учун фурсати бўлмаган ва оғзаки айтиб туришни мақбул билган. Шунга биноан, қўлёзманинг хат йўриғи: бу юксак савиядаги XV аср Ҳирот хаттотлик санъати намунаси эмас, бу дастхат чиройли ёза оладиган, лекин шошиб, ҳар бир ҳарфни аниқ ифодалай олмаган кишининг хатидир.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ушбу қўлёзма топилгунига қадар Ўзбекистонда амалга оширилган “Хамса” достонларининг аср бошларида машҳур котиб Шоҳмурод томонидан литография учун тайёрлаган матнга асосланар эди. Бизнинг қўлёзма билан Шоҳмурод матнини солиштириш шуни кўрсатдики, Шоҳмурод котиб фақат асарни кўчириб қўя қолган эмас, балки муайян таҳрир ишларини ҳам амалга оширган. У ўз даври китобхонлари учун Навоийнинг образли, метафораларга бой тили бир қадар оғирлик қилиши, шоир матнини англаш учун мумтоз поэтикадан хабардорлик зарурлигини тушунган ҳолда асарни бироз “енгиллаштирган”, тушунилиши мураккаб бўлган арабча ибораларни, баъзан эса бутун бошли байтларни қисқартирган.
Бугун эса бизнинг қўлёзма асосида “Хамса”нинг саҳиҳ матнини бутун бойлиги ва чиройи билан тиклаш мумкин. Ушбу нодир манбанинг фан учун сақланиб қолишида воқеа-ҳодисаларнинг содир бўлиш жараёнидаги ажиб бир ҳикматни кўраман. Очиғини айтганда, бу мен учун шунчаки бир тасодифий ҳол бўлмай, тақдир гўёки улуғ шоир ижодининг гултожи бўлмиш мазкур яратиқ биринчи навбатда авлодлари, тўғрироғи, авлодларининг меросхўрлари қўлида қолиши учун олдиндан тадорик кўргандек туюлади.
Афсуски, қўлимизда ноёб нусха бўлишига қарамай, ҳамон ўзбек китобхонлари “енгиллаштирилган” “Хамса”ни ўқимоқдалар, аслиятга асосланган бирорта нашр ҳозирча йўқ. Умид қиламизки, яқин вақт ичида бу камчиликлар бартараф қилинади ва Навоий муҳиблари асарнинг шоир ҳаётлик даврида кўчирилган матнини ўқийдилар.
Абдурасул ЭШОНБОБОЕВ таржимаси
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



