Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


23.10.2025 | 12:44

img261

МЕН ВАТАНДА ЭМАСМАН, ВАТАН МЕНИНГ ИЧИМДА

Темур ХЎЖА,
таниқли олим, шоир

Гўдаклик давримни эслай олмайман. Аммо баъзи эсдаликларим бор, уларни ҳам опамдан, онамдан эшитганман. Ота-онам опамдан аввал ҳам икки фарзанд кўрган. Аммо саргардон ҳаёт, касаллик туфайли болалар гўдак ёшларида вафот этган экан. Тўрт ёшимда Покистонга кўчиб борганмиз. Беш қаватли катта бир уйда турардик. Отам кундузи ишда бўларди, уйда онам Ўзой-Ҳалима опам билан мени ўстирган.

Онамдан турли эртак ва достонлар, топишмоқлар тинглардим, 7–8 ёшларимда ҳам оёқлари устида алла айтиб ухлатар эди. 6-7 ёшлардан кейинги хотираларимда отам бор. Отам Усмон Хўжа кўп шеърни йоддан билар, Навоий, Бобур, Чўлпон, қозоқ шоири Мағжондан ҳам ўқиб берар эди. Тўққиз ёшимда яна Туркияга кўчиб келганмиз. Мактаб йилларимда ўзбек замонавий адабиёти, Чўлпон, Фитрат сингари адиблар ҳақида отам ва Афғонистондан келган тоғам менга айтиб берар эди. Хуллас, адабиётга илк ҳавасим шундан бошланган. 1958–1959 йилларда Туркияда Ҳазрати Алининг ҳикоялари ёзилган суратли китоблар жуда машҳур эди. Менга кўп шеърлар ёдлатишгани учун жуда кичиклигимдан шеър ёза бошлаганман. Тўртинчи синфимда Ҳазрати Алининг қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя ёзганман.

Отам ҳақида эсласам, у киши ҳеч нарсадан хафа бўлмасди. Албатта, ҳаётимизда қийинчиликлар, оғир кунлар ҳам бўлди. Аммо у кишини бирор марта ғамгин ҳолда кўрмаганман, аксинча, юзида табассум бўлар эди. Онам тескариси, озгина муаммо чиқса хафа бўлиб ўтирарди. Отам бўлса, қандайдир форс шоирининг шеъридан: “Э, кўп ғам ема, еганингдан ҳам кам ема”, деган маънодаги байтини айтиб тасалли берар эди. Ҳамон мен ҳам қачон хафа бўлсам, отамнинг ўша шеърини айтиб ўзимни овутаман.

Отам менга ҳеч қачон қаттиқ гапирмаган. Хато қилсам, ҳалимлик билан тушунтирар эди. Онамга ҳам овозини баландлатиб гапирганини кўрмаганман. Лекин отам мени кўпинча дўстларининг йиғинларига олиб борар эди. Баъзан қандайдир масалаларда жуда қаттиқ тортишганларига гувоҳ бўлганман. Демак, у суҳбатлар ё миллий, ё Ватан мавзуларида бўлган.  

Отам укаси Атоулла Хўжаев, амакиси Файзулла Хўжаев, айниқса, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида кўп гапирар эди. Ораларида уч ёш фарқ бўлса ҳам, Беҳбудийни ўзининг устози деб биларди. Кошки, болалигимда ҳозирги ақлим бўлсайди, отамдан кўп маълумотларни сўраб олган бўлардим. Афсуски, болалигимда отамнинг Бухоро давлатининг ҳукумат раҳбари, молия вазири бўлганини, Душанбе воқеаларини билмаганман. Отам тўқсон ёшида мен йигирмага кирганман. У киши намозхон, аммо мутаассиб муллаларнинг дин баҳонасида илм-фан равнақи, европача таълим тараққиётига қарши асрча талабларини рад этувчи очиқ фикрли одам эди.

Онам болалигимда: “Биз “олтин бешик” сулоласиданмиз, мен ҳам Афғонистонда Пағмонда олтин бешикда катта бўлганман”, дердилар. Менга эса онамнинг маликалиги эртакдек туюларди. Кейин билсам, бу гапида жон бор экан. Отам баъзан: “Қара, ўғлим турк қизлари жуда гўзал, аммо сен албатта туркистонлик бир қизга уйлан, боиси, туркистонлик бўлган онанинг фарзандларида Туркистонга ватан муҳаббати бўлади”, деб маслаҳат берарди.

Қарангки, йигирма тўрт ёшимда Америкада асли тошкентлик ўзбек қизи билан танишиб, оила қурдим. Балки, бу ҳам отамнинг таъсиридир. Отам вафотидан озгина аввал ёнига чақириб: “Ўғлим, сезяпман, Туркистон албатта мустақил бўлади. Мен уни кўрмайман, сен албатта кўрасан. Ватанга борасан, сени қучоқ очиб қарши оладилар”, деган эди.

*

Мен лицейда ўқиб юрганимда ё фан, ё адабиётни танлашим керак эди. Мен адабиётни танладим. Бир синфдошим билан лицейимизда шу вақтгача бўлмаган деворий газета чиқардик. Деворга илинган бир бетлик катта ҳарфлар билан ёзилган газетамизни барча ўқувчилар қизиқиб ўқир эди. Етти ойдан сўнг бир дўстимизнинг шеъри сабаб ёпилганди. Ўша йилларда шеър ва ҳикояларим болаларнинг газета ва журналларида босиларди. Шунинг учун Истанбул университетининг туркология йўналишига ўқишга топширдим.

Аслида, ўзбекнинг яхши шоири ёки зўр ёзувчиси бўлмоқчи эдим. Аммо, тил танқислиги боис муродимга етолмадим. Университетда мумтоз кўктурк адабиёти, усмонли, чиғатой адабиёти, шундан сўнг замонавий турк адабиёти ўтиларди. У вақтлар Туркияда замонавий ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон адабиёти ҳақида маълумотлар йўқ даражада эди. Фақатгина озарбайжон шоири Шаҳриёрнинг “Ҳайдар бобо” шеъри ўтиларди. Мен лицей давримдаёқ дўстларимиздан “Шарқ юлдузи” журнали, баъзи шеърий ва бадиий китобларни олиб, кирилл алифбосини ҳам ўрганган эдим.

Учинчи босқичда ўқиётганимда, 1968 йил июлда отам вафот этди. Орадан уч ой ўтиб, сентябрда отам номига Америкадан профессор Эдуард Олворддан хат келди. Унда турк тилида “Бухорода миллатлар масаласи”, “Беҳбудий нега Қаршига борган?” каби олтита савол йўлланган эди. Табиий, бу саволларга менда тўлиқ жавоб йўқ эди. Отамнинг вафот этганини айтиб, баъзи саволларига билганимча жавоб ёздим. Шундан сўнг профессор Эдуард Олворд билан дўст бўлиб кетдик. У менга ўзининг совет тарихига оид китоблари ва мақолаларини юборди. 1968 йилда ёзилган бир мақоласида Рауф Парфининг “Туш” шеърини таҳлил этиб, Марказий Осиё адабиётига лириканинг қайтиши, деб баҳо берганди. Мен 1990 йил Тошкентга келганимда, бу инглизча мақолани Рауф Парфига берган эдим.

Эдуард Олворд таклифи билан 1972 йил 4 январда Америкага магистратурага ўқишга йўл олдим. 5 январь куни хонасида илиқ қарши олиб, икки ойдан сўнг апрель ойида Колумбия университетида илмий конференция бўлади, деди. Менга “Бухоро Республикасида миллий масала” мавзусида мақола тайёрлаб қатнашишни топширди. Бу менга нисбатан улкан ишонч эди. Унинг ёнига тез-тез бориб, ҳар гал унинг маслаҳати билан мақоламни тўғрилаб турдим. Конференция мен учун илк академик чиқиш эди.

1973 йили конференция тўплами чиққач, советлар мамлакатидаги илмий нашрларда олимлар томонидан кўплаб раддиялар ёзилди. Менинг мақоламга Марат Нурмуҳаммедов томонидан раддия ёзилганди. Шундан сўнг “1960–1970 йилларда қозоқ шеъриятида қозоқ миллий онг сезимининг ўрни” мавзусида магистрлик иши ёздим. Устозим Олворд докторлик тадқиқотим учун Сталин вафотидан сўнг, 1950–1980 йилларда ўзбек ва қозоқ роман, қисса ва ҳикояларида совет одами образи коммунистча таянч ғоялари асосида бериляптими ёки ўзларининг миллий тафаккурлари асосида яратилмоқдами, деган савол қўйди. Мен 400 дан ортиқ ўзбек ва қозоқ романларини ўрганиб чиқиб, уларда айнан миллий онг сезими таъсирининг юқори эканлигини аниқладим.

Албатта, Туркияда бу асарларни топишнинг имкони йўқ эди. Колумбия университети кутубхонасининг икки қавати совет нашрларига бағишланганди. Унда барча китоблар, ҳатто энг чекка ҳудудларда босиладиган кунлик газеталаргача олинарди. Тадқиқот учун барча материалларни жамлаб, диссертацияни ёзишга киришган вақтимда, “Озодлик” радиосидан хат келди. Аслида, унгача ҳам Олворднинг тавсияси билан ҳар ойда тўртта мақола ёзиб турардим.

1977 йили Германияга бориб, “Озодлик” радиоси ўзбек бўлимида расман иш бошладим. Афсуски, мени чақирган Вали Зуннун етиб борганимда вафот этган экан. 1984 йилгача Ҳусайн Икром, Зиёвуддин Бобоқурбон, Чиғатой Кўчар кабилар билан ишладик. 1984 йилдан Туркиянинг Мармара университетида доцент унвонида дарс бердим. 1988 йилда яна Германияга келиб, “Озодлик” радиосига ишга қайтдим. Бу гал радионинг тадқиқот бўлимида ҳам ишладим, бу тадқиқотлар дунёдаги барча университетлар кутубхоналарига юборилар эди. Бир мақоламда 1952–1984 йиллардаги совет республикалари КГБ бошлиқларини ўрганиб, Украина, Арманистон, Гуржистонда ҳамиша ўз миллатларидан, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда эса бирор марта маҳаллий миллатлардан раҳбар тайинланмаганини аниқладим. Хуллас, Туркияда туркологиядан илм олган бўлсам, Америкада сиёсат билимларини ўргандим.

*

Совет давлатида қайта қуриш сиёсати ортидан 1990 йил октябрда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Одил Ёқубовнинг таклифи билан биринчи маротаба Тошкентга келдим. Катта мажлисда ҳинд элчиси, афғон элчиси, Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодиров каби кўплаб ёзувчи ва шоирлар қатнашди. Менга сўз беришганида, “Мен Ватанда эмасман, Ватан менинг ичимда”, деб гапимни бошладим. Ҳамма қарсаклар билан қарши олди.

Англадимки, иштирокчилар учун аллақачон Ватан СССР эмас, Ўзбекистон эди. Шундан илҳомланиб: “Бугун Ватан том маънода мустақил эмас. Аммо яқин орада ҳар жиҳатдан мустақил бўлади”, дедим, яна қарсак. Зиёлилар орасидаги ёрқин истиқлол орзуси ва ишончни кўрмаганимда, балки мен бу сўзларни айтолмас эдим. Сўнг бизни Андижонга, Бобурнинг илк ҳайкали очилиш маросимига олиб бордилар. Мен истиқлолнинг рамзи сифатида Бобурнинг оёқларини ўпдим. Ундан Самарқанд ва Бухорога бордим. Бухорода Файзулла Хўжаевнинг уйини қандайдир идорадан олиб, энди таъмир ишларини бошлашган эди.

Тошкентга борганимда, яна бир катта мажлис бўлди. Менга кўп саволлар беришди. Бир киши: “Сиз амакингиз Файзулла Хўжанинг уйини кўрибсиз, отангизнинг ҳам уйига бордингизми?” деб сўради. Мен: “Отамнинг уйи борлигини билмайман”, дедим. Кейинчалик билсам, у саволни амаким Атоулла Хўжаевнинг ўғли, тарихчи профессор Сулаймон Иноятов берган экан… Афсуски, ушбу сафаримдан сўнг кўп йил Ватанга кела олмадим. 2011 йилда Американинг Мичиган университетида ишлаб юрган кезларим Ўзбекистондаги норасмий уюшмаларга оид бир тадбир туфайли келгандим. Учрашган ташкилотларимизнинг аксари сохта ва фаолияти ҳам кулгили эди.

2018 йили Ватанга учинчи бор келганимда, отамнинг уйини кўрдим. Бу гал Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бор эди. Ҳеч бир қийинчиликсиз қайта-қайта келиб, қардошларим билан учрашдим. Жадид ҳаракатини илмий ўрганишда ҳам катта ўзгаришлар кўзга ташланди. Бирин-кетин жадид тараққийпарварлари илмий-адабий меросини ўрганишга бағишланган йирик халқаро конференциялар ташкил этилди.

Албатта, отамнинг орзуси ушалаётганини ўз кўзим билан кўрдим. У айтганидек, Ватан мени қучоқ очиб қарши олди. Нафақат қариндошларим, шогирдларим, дўстларим, халқимиз ҳам. Ўзбекистондагина эмас, балки, отамнинг Мустафо Чўқай билан дўстлиги боис, Қозоғистонда ҳам мени иссиқ қарши оладилар. Қирғизистонда икки марта бўлдим. Жуда ҳам гўзал. Мен отам туфайли қадр топдим.

Мана, ёш авлод улғайиб келяпти. Ватан тараққиёти йўлида жиддий қарорлар олинмоқда. Жамият совет тузуми асоратларидан қутулиб, ҳақиқий мустақиллик ва тараққиёт сари улкан қадамлар отаётганига ишонаман. Мана, Жадидлар мероси давлат музейининг очилиши ҳақидаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг олий қарори… Бу ишларнинг ҳаммаси Ватаннинг порлоқ келажаги ҳақида янада улкан орзуларга йўл очмоқда. Албатта, бу музей очилса, жадидшунослик жабҳасида улкан тадқиқотлар учун таянч маркази ҳам бўлади.

Бугун Янги Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги ўрни ҳам жуда муҳим. Ишонаманки, яқин орада туркий давлатлар бирлашиб, улкан бир маданий макон, барқарор иқтисодий қудрат ҳосил этади.

*

Менинг киндик қоним Туркияда тўкилган. Унинг саноқсиз ютуқларида асли бухоролик отам Усмон Хўжа, унинг сафдошлари, Германияда таҳсил олиб қайтган профессор Аҳмаджон Ўқой, Саидали Анқара, Афзал Вансурел каби кўплаб ўзбек аслли зотларнинг, каминанинг, шогирдларимнинг ҳам хизмати борлигидан ифтихор қиламан.

Жадидлар ўз даврида тақдим этган ғоялар мукаммал бир дастуриламалдир. Улар нима қилди? Ҳар бир инсон ўз сўзини очиқ айтиши ва халқ дардини тинглаш учун эркин матбуот яратди. асрдаги “Таржимон”, “Тараққий”, “Хуршид”, “Самарқанд”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона”, “Бухоройи Шариф”, “Турон”, “Ойина” каби миллий матбуотимиз дурдоналари эркин минбар сифатида тарихимиздан залворли ўрин олди.

Улар жамиятнинг ривожи, замонавий таълим, илм-фан равнақи йўлида саноқсиз мактаблар очиб, янги усулдаги дарслик ва ўқув қўлланмалари яратдилар. Замонавий парламентар бошқарув ва демократик сайловлар асосида Туркистон Мухторияти, Мусавват Озарбайжон Жумҳурияти, Алаш ўрда, Муваққат Бошқирд, Қрим давлатларини ташкил этдилар. Жамиятни ғоявий, мафкуравий жиҳатдан мустаҳкамлаб, миллатни турли бидъат ва хурофотлардан холи тараққиёт йўлига сафарбар этишга тиришдилар. Қолаверса, Бухоро ва Хоразм Халқ Шўро Жумҳуриятлари ҳам дастлабки йилларида жадидлар давлатлари эди. Улар тез вақтда керакли етук кадрлар етиштириш мақсадида халқ орасидан энг иқтидорли фарзандларни танлаб хорижга талабалар йўллади.

Шубҳасиз, ҳуқуқ ва қонун ҳукмрон, инсон ҳур, матбуот эркин бўлган, илм-фан ривож топган мамлакатлар юксак тараққиётга муяссар бўладилар. Бу – айнан тараққиёт йўли, бу – жадидлар йўлидир.

Баҳром ИРЗАЕВ ёзиб олди.


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855