Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


07.10.2025 | 14:53

img311

БИЗ ВАТАНГА КЕРАК, БИЗЛАРГА – ВАТАН! (ШЕЪРЛАР)

Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири:
Худди кечагидек эсимда, Аъзамжоннинг шеърларини “Ёшлик” журналига Анвар Обиджон олиб келганди. Фавқулодда теран, ниҳоятда дадил,  самимий, қуйма мисраларни ўқиётиб, унинг муаллифи талаба эканлигига ишонгим келмаган. Улар ҳаваскор талабанинг машқларига умуман ўхшамасди. Тенгдошларидан фарқли мукаммаллик, тил ва сўзга, адабиётга масъулият, миллат тақдирига дахлдорлик яққол сезилиб турарди. Шеърларида ёлқин, исён, ўктамлик бор эди. Фарғона ўрикзорларини эслатувчи ажиб софлик, тиниқлик уфуриб турарди. Одатий образлардан холи мисралар, оҳори тўкилмаган ташбеҳлар, тиниқ туйғулар, дадил фикрлар, замон ва абадият қонунлари уйғунлашган тўфондек таассурот қолдирарди. Шунинг учун ҳам Аъзамжон талабалик пайтидаёқ танилди, Озод акадек устозларнинг эътиборига тушди. Ўшанда “Ёшлик” журналида босилган туркуми шеъриятнинг йиллик муҳокамасида жуда катта баҳо олганди.

Эркпарварлик, миллатпарварлик, миллий ғурур Аъзамжоннинг муҳаррирлик фаолиятида, унинг миллий адабиёт манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйганлигида жуда яққол кўринади. У мустабид тузум даврида Чўлпоннинг “Баҳорни соғиндим” китобига, “Бобурнома”га, “Саботул-ожизин”га ном қозониш учун эмас, балки тарихга муҳаббати, миллий адабиётнинг тараққиёти, ёш авлод келажаги учун жонкуярлиги, эътиқоди бутунлиги туфайли муҳаррирлик қилган. Бу китоблар ўз вақтида қизғин шов-шувга сабаб бўлганди. Айниқса, “Баҳорни соғиндим”, айниқса, “Саботул-ожизин”. Салкам ярим асрлик сукунатнинг истибдодини енгиб, миллатнинг тафаккури ва миллий ғурурини уйғотиб, зеҳнини чархлайдиган бу китобларни нашр этиш ҳақиқий жасорат эди.

2010 йил

ҚАТАҒОН ДАВРИГА ЧИЗГИ

Аниқ – у зўрники,
томошаси кўрники.
Тил – айбдор, қулоқ – гувоҳ,
Қози – ўзи, рози – ўзи.
Озор бермай тош кўнглига
“Замон нозик” деб қўйишар
юмшоққина одамлар.

* * *

Ишқинг дил даштини гулхона қилди,
гул бўлиб кирай қалб – гулбоққинангга.

Келар йўлларингга меҳрим пойандоз,
кўз интизор йўли йироққинангга.

Жилмайиб кутиб ол телба рашкимни,
жоним фидо ноз-у фироққинангга.

Кўзларинг яширма, сўз сўрай ундан,
Кўзим жавоб берсин сўроққинангга.

Водий гулин тақай минорларингга,
юрак расмин чизай дудоққинангга.

Қувончдан кулсам ҳам, ғамга тўлсам ҳам,
Ватаним, деб борай қучоққинангга.

Истагим – пичирлаб айтсам энг сўнгги,
энг сўнгги сўзим ҳам қулоққинангга…

ҚЎҚОН ШАМОЛИ

Бу табиат қарғиши эмас,
шамол бунга келган атайлаб.
Айтган: нимжон бўлар болалар,
ўстирсангиз ортиқ авайлаб.

Машаққатдан қочмадим ҳаргиз,
энтиктирар кунлар висоли.
Қайда бўлмай қулоқларимга
ҳайқиради Қўқон шамоли:

“Бир гул десанг бунда ўзингни,
кучимга дош беролсанг, гулсан.
Кўзларингга қум тўлса ҳамки,
сайраёлсанг асл булбулсан”.

Балки уни билмайди кўплар,
У тинмайди тўрт фаслда ҳам.
Бунда яшар кимки дўпписин
тута билса бошида маҳкам!

ОНАМГА

Йиғига ўхшаган табассум билан
Яна қошингизга қайтмоқдадирман.
Бу ерда ҳеч кимса парво қилмаган
Дил розимни сизга айтмоқдадирман.

Мен осмондан ерга тушиб қолганман,
Дўстлар хиёнати бошимни эгиб.
Муҳаббат, висолдан безиб қолганман,
Ҳатто бахтиёрлик жонимга тегиб.

Шеърсиз – дардсиз кунлар бисёр бунчалар,
Шодумон кунларим ортиқ кўпайди.
Илҳом менга серноз маликалардек
“Фуқаро, фуқаро, фу, қаро!” дейди.

Қадаҳга эгилган бошни кўтарсам,
Юрагим хирқираб сўз айтди оғир:
Шоирмас сўзни минг кўйларга солган,
Шеърни деб минг кўйга тушганлар шоир!

Асаблар қақшайди дунёга боқсам –
Ҳануз тўқнаш келар етимлар, туллар.
Уруш ўчоғининг нафси ёмондир –
Унга ўтин бўлар болалар, гуллар.
Биз қутлуг‘ манзилга етмоғимиз шарт,
Кураш интиҳоси – саодат зотан.
Ўзни фидо этмак ҳам ахир бир бахт,
Биз ватанга керак, бизларга – ватан!

Яшолмасанг бутун ҳаётинг бекор
Бир қалбда ишқ бўлиб, саодат бўлиб.
Мовий келажакка бормаслик даркор,
Эзгуликдан машъум “қора хат” бўлиб.

Манзилим олисдир, менга йўл тиланг,
Бобом Муқаннанинг кўйлагидек оқ.
То заминда тинчлик барқарор бўлсин,
Дунёнинг иқболи янада порлоқ!

СОҲИБА ПОРТРЕТИ

Фаришта бор унинг юзида,
қарашлари ҳуркак, осуда.
Мен уни ҳаттоки ўзимдан
Пинҳон тутгим келади жуда.

У оламга ўт қўйиб юрар –
Нафаслари покиза гулхан.
Бу сокин, бу нотинч дунёга
У кеч келган ё эрта келган.

Унга маскан бўлмоқлик учун
Дунё ҳали покланиши шарт.
Фақатгина имони бутун
Унга келса бахтли бўлар Бахт.

Кўзлар сокин бир қўшиқ куйлар,
Жимирлашиб кетади танлар:
“Муҳаббатни эрмак деб ўйлар
Муҳаббатдан туғилмаганлар!”

ТИЛАК

Шеър – бало, ишқ – бало, сўз – бало
Фақат бало кўриб яшайлик.
Шеър – армон, ишқ – армон, сўз – армон
Дунёдан армонсиз кетмайлик.
Саодат, садоқат – гулхандир,
Биз мангу ёнайлик гулханда
Уй – Ватан, куй – Ватан, ўй – Ватан
Орзуга етайлик Ватанда…

ИЛТИЖО

Уҳ десам, киприги, кўзи намиққан,
Кетсам, кўзларида ёшлари жиққа,
Мен яшнаган саин ранги синиққан –
Севарим, соғ ўл.

Бошимни эгмаган менга бош эгиб,
Пуч уруғ-ла қолган сара дон экиб,
Рўшнолик кўрмаган ошнога тегиб –
Севарим, соғ ўл.

Ўзинг билган, балки билмагайдирсан,
Изн этмасам, ҳатто кулмагайдирсан.
Демак, мен айтмасам ўлмагайдирсан –
Севарим, соғ ўл…

* * *

Бу ёруғ юздан кўз олма, нурга буркайдур сени,
Ғофил ўтсанг кўр-у кардек шуъла ургайдур сени.

Бу расо қадни йўқотма, изларини кўзга сурт,
Не бало келса, омонсан – сочи чирмайдур сени.

Дўсти тўғри йўлдан озган кимса зулмат ичрадир,
Жаҳд этиб чиқмас эсанг, ул ой кўрмайдур сени.

Бунчалар сустлашма, ўт бўл, бир жанг эмиш ошиқлик,
Сачраган учқун янглиғ қонлар чақиргайдур сени.

Ой нур сочар қуёшнинг ет деб висолиға пок,
Тундан оқ чиқмас эсанг, тонглар кечирмайдур сени.

КУЗДА КУЛГАН ЧЕЧАК

Кун кўрмай куним кўрдим:
Тез кеч кирди, тонгдан дил хуфтон.
Ўсиб қарияпман,
Енгилиш – енгил иш.
Ҳар тун ҳаёт марҳум,
Доим тирик ўлим:
Ҳаёт менга дўстмас, ҳа, ёт.
Қалам тутқазар алам,
Муздай ҳовур пуркар саратон.
Оллоҳ, паноҳингга ол-л, оҳ.
Номингдан ёришди йодим,
Энди гуллар қишда ҳам гуллар.
Ўлиб-тирилмасман сира,
Ўлиб, тириладиган дунёга.
Яраш йўқ, курашга яраш бор.

ИҚРОР

Куй бўл қўшиғимга, момогулдирак,
Бунча гурсиллама, оғир бўл, юрак.
Қийналдим, сиримни очишим керак –
Бир бахтсиз аёлни севаман…

Ҳар кун насибаси ҳақорат, қарғиш,
Баҳори бир лаҳза, узун умри қиш.
Бир истаги қолиш, минг аҳди кетиш –
Бир бахтсиз аёлни севаман…

Алдамчилик, ёлғон мендан наридир:
У менинг жонимдир, малак, паридир.
Биров деб яшнади, мени деб қарийдир –
Бир бахтсиз аёлни севаман…

Ўтда куйди, сувда чўкди йил, куни,
Менга насиб этди ойдин бир туни.
Энди ўлгим келар жим қучиб уни –
Бир бахтсиз аёлни севаман…

* * *

Кеч кузда англабман кўклам кетганин,
Юксакдан қулаган барглар қарғанар.
Наҳотки шу – манглайимга битгани –
Қалдирғочларим йўқ, нуқул қарғалар.

Ўз ҳолимга қўйинг, ҳайқирай бир бор
Босиб дайди шамолларнинг ҳуштагин:
“Эй, баҳор,
ҳей, баҳор,
оҳ, баҳор,
Кетма, менинг юрагимда қишлагин”.

Аъзам ЎКТАМ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 3 октябрдаги 40-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859