28.10.2025 | 09:32
187
МИЛЛАТНИНГ ЮРАГИ
Айни кунларда бутун халқимиз, тақдир тақозоси билан бошқа ўлкаларда қўним топган миллионлаб миллатдошларимиз учун том маънода қувончли айём – Ўзбек тили байрами шукуҳи кезиб юрибди.

Тил масаласи миллат учун доимо кун тартибида туради. Бир пайтлар бу мавзу шунчаки тил учида муҳокама қилиниб, сўнг бир четга суриб қўйиларди. Фақат кейинги йиллардагина тил қадри миллат ва ватан қадри қадар юксалди. Чунончи, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистонда давлат тилининг нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, самарасини бера бошлади.
Бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида жорий йилнинг 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Тарихий ҳужжат мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш, унинг софлигини сақлаш ва мунтазам бойитиб бориш, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини кенгайтириш, юртимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар вакиллари ҳамда хориждаги ватандошларимизнинг давлат тилини ўрганиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги ҳуқуқий асослар мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Қуръони Каримда “Аллоҳ инсонни яратди, унга баённи ўргатди”, деб марҳамат қилинади. Яъни, Яратган инсонга дастлаб нутқни, сўзлашни ўргатган. Адабий тилимиз асосчиси, буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳам “Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин”, дея сўзнинг мўътабарлигини эътироф этади. Жадид ҳаракатининг атоқли намояндаси Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинайи ҳаёти – унинг она тили ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмоқ – миллат руҳини йўқотмоқ билан баробардир.
Бугун жаҳонда геосиёсий жараёнлар шиддат билан ўзгараётган, ҳар бир халқ ўзлигини сақлаб қолиши учун қизғин кураш кетаётган вазиятда она тили тенгсиз қурол ва қалқон сифатида майдонга чиқмоқда.
Мустамлака, тобелик ва мутеликдан халос бўлиш орзусидаги элатлар мустақиллик сари қадам, аввало, она тилини эъзозлашдан бошланишини англаб етмоқдалар. Айниқса, бизнинг халқимиз бу ҳақиқатни ўзининг озодлик йўлидаги машаққатли курашлари мисолида бошдан кечирганини барчамиз яхши биламиз.
Истибдод даврларида миллат руҳини миллий тил воситасида кўтаришга бўлган уринишлар шафқатсизларча бостирилди. Халқни уйғотмоқчи бўлган маърифатпарвар инсонлар “миллатчи” тамғаси билан қатағон қилинди. Она тилимизда битилган минглаб дурдона асарлар ёқилди, тил равнақига хизмат қилувчи даргоҳларга ўт қўйилди. Булар босқинчилик ва мустамлакачилик сиёсатининг синалган усули эди. Чунки она тилидан фахрланиб, уни қадрлай бошлаган миллатни узоқ вақт тутқинликда ушлаб туриш мумкин эмас эди.
асрнинг 80 йиллари охирларида халқимиз миллий истиқлол сари муҳим қадам ташлади. Яъни, мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини ошириш, унга давлат тили мақомини бериш бўйича ҳаракатлар бошланди. 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида” қонун қабул қилинди. Кейинчалик Ўзбекистон Конституциясида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми қатъий белгилаб қўйилди. Давлат тилининг софлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атамашунослик қўмитаси ташкил этилди. 1993 йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида” Қонун қабул қилинди.
1995 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда унинг татбиқ этилишини назорат қилиш бирон-бир махсус тузилма зиммасига юклатилмагани, 2003 йилдан бошлаб Атамашунослик қўмитаси фаолиятининг тугатилгани давлат тили ривожига бўлган эътиборнинг бир муддат сусайишига олиб келгани ҳам ҳақиқат.
Барча соҳаларда бўлгани каби тараққиётимизнинг янги босқичида она тилимизга эътибор кучайди, тилимиз яна эъзоз ва қадр топа бошлади. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2019 йилнинг 21 октябрда имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган кун – 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилинди.
Яна бир муҳим жиҳат, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа юксак халқаро минбарларда ўзбек тилида нутқ сўзламоқда. Халқимизнинг башарият оиласидаги муносиб ўрнини намоён этаётган бундай муҳим воқелик миллий ғуруримизни осмон қадар юксалтиряпти.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, она тилимизнинг илдизлари тасаввуримизга ҳам сиғмайдиган олис тарихга бориб тақалади. Бу фикрга исбот сўрайдиганлар бундан асрлар илгари битилган қадим Ўрхун-Энасой ёдгорликлари-ю, “Қутадғу билиг”, “Девону луғатит турк” сингари ёзма обидаларга қарасин. Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб буюк сиймоларни эсласин. Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Соҳибқирон Амир Темурнинг “Тузуклар”ини йодга олсин. “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Бобурнома” сингари ўлмас асарларнинг теран моҳиятига назар ташласин.
Энг муҳими, бу тил соҳиби бўлган буюк миллатимиз бугун айнан ўз она тилида янграётган даъватларга муносиб тарзда уйғонмоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз.
Она тилимизнинг бетакрор билимдони ва жонкуяри, ардоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов: “Она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллийдир”, дея бежиз таъкидламаган. Она тилимизни шу табаррук тупроқда яшаётган, ўзбекман дея фахрланадиган ҳар бир шахс қадрламоғи, ҳурмат қилмоғи лозим.
Бугун республикамиз прокуратура органлари ҳам давлат тили олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда иш олиб бормоқда. Айни пайтда, тизимда жорий қилинган янги тартибга кўра, прокурорлар қайси қонун ижросини текширишидан қатъи назар, аввало, бу муассасада давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиш ҳолатини мажбурий равишда ўрганадилар, шундан сўнг асосий масалага ўтадилар. Бу қоида Бош прокуратура регламентида ҳам алоҳида мустаҳкамлаб қўйилган.
Биргина жорий йилда прокуратура органлари томонидан давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузиш билан боғлиқ 4 мингдан зиёд ҳолат аниқланди. Уларнинг асосий қисми иш юритишда ўзбек тилининг имло қоидаларига риоя қилмаслик, ички ҳужжатларни қабул қилишда давлат тили талабларини бузиш, ташқи рекламалар ва ахборот матнларида тил меъёрларидан четга чиқиш билан боғлиқ. Бундай текширишлар натижасида давлат идораларига 200 га яқин тақдимнома киритилди, қонун талабини бузган 100 дан ортиқ шахс интизомий жавобгарликка тортилди, жойларда мингга яқин тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Лекин, кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, она асраш ва нуфузини ошириш бўйича кўрилаётган бу чоралар ҳали етарли эмас. Зотан, кундалик ҳаётимизда давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш, тилга ҳурматсизлик ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда. Албатта, тилга оид қонунбузилишларга нисбатан тегишли ҳуқуқий баҳо бериб бориш бизнинг кундалик вазифамиздир. Бу борадаги фаолиятимиз кучайиб боришига шубҳа йўқ. Бироқ, тил қоидаларининг бузилишига, яъни миллат сифатида борлигимиз ва боқийлигимизга рахна солаётган ҳолатларга кўпчилигимиз кўникиб қолаётганимиз афсусланарли.
Айниқса, миллионлаб кузатувчиси, ўқувчиси, томошабини бўлган интернетдаги, оммавий ахборот воситаларидаги пойинтар-сойинтар чиқишларга жамоатчиликнинг кескин муносабатини шакллантира олмаяпмиз. Гўёки бундай чиқишларни худди шундай бўлиши керакдек қабул қиляпмиз. Она тилимизда саводсизларча, тилга ва элга, бебаҳо маънавий меросимизга ҳурматсизларча куйланаётган қўшиқларнинг “ажабтовур” матнларини-ку, изоҳламасак ҳам бўлади. Ёшларимиз эса, она тилимизнинг қудрати ва жозибасини буюк алломаларимиз ижодининг дурдона намуналари мисолида эмас, кўпроқ ана шу савиясиз “асар”лар тимсолида тасаввур қилмоқда. Бизнингча, бу она тилимиз билан боғлиқ ва тобора чуқурлашиб бораётган энг катта муаммолардандир.
Бу муаммоларга ечим борми? Албатта, бор. Бунинг учун барчамиз ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз керак. Хусусан, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, аввало, ҳар бир прокуратура ходими, айниқса, ёш мутахассислар давлат тилида тўғри ва хатосиз ёзиш учун ўз билим ва кўникмаларини ошириш, сўз бойлигини кенгайтириш, нутқ маданиятини ривожлантириш борасида доимий изланиши шарт.
Иккинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академиясида ходимларни давлат тили қоидаларига ўргатишга қаратилган масофавий ўқув курслари ташкил қилинади. Ушбу курсларда ҳужжатларни давлат тилида тўғри расмийлаштириш, қолаверса, нотиқлик санъатини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Учинчидан, прокурор назорати ҳужжатларини тайёрлашда ўзбек тили қоидаларига қатъий риоя этишимиз лозим. Прокурор ёзган ҳужжат, содда қилиб айтганда, бошқа давлат органлари ходимлари учун намуна вазифасини ўташи керак.
Тўртинчидан, давлат тилига оид қонунчилик ижроси устидан прокурор назорати таъсирчанлигини янада ошириш талаб қилинади. Бунга масъул бўлган таркибий тармоқлар тил тўғрисидаги қонунчилик ижроси аҳволини доимий ўрганиб, аниқланган муаммолар тўғрисида ҳукуматга мунтазам таклиф ва ахборотлар киритиб бориши зарур. Бу орқали прокурорларимизнинг давлат тилига ҳурмати ва Ватанга садоқатига ҳам баҳо бериб бориш мумкин.
Давлат тили билан боғлиқ масалалар ечими доимий эътиборни талаб қилади. Юқорида қайд этилганидек, биз аввало тизимимизнинг ўзида давлат тилининг нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бу борада, прокуратура органлари ходимлари ўртасида ҳар йили ўтказиб келинаётган тил бўйича танловларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Бу йил ҳам “Тил яшаса – миллат яшайди!” мавзусида ўтказилган танлов қизғин курашлар, дўстона ва самимий рақобат муҳитида кечди. Тизимимизнинг 500 нафардан зиёд ходими қатнашган танловнинг қуйи босқичларида 60 нафарга яқин ходим ғолиб деб топилди ва республика босқичига йўлланма олди. Танлов якунларига кўра, 12 нафар ҳамкасбимиз ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Энг муҳими, мазкур танлов ходимларимизнинг маънавияти, она тилимиз, ўзбек ва жаҳон адабиёти ҳақидаги билимлари юқори эканини намойиш этди. Улар она тилимизнинг чексиз имкониятларини чуқур англашларини кузатиб мамнун бўлдик. Ўзбек тилида битилган мумтоз ва замонавий асарлардаги ғоялар, бадиий воситалар аҳамияти ҳамда моҳиятини соҳа мутахассисларига хос тарзда таҳлил қилиб беришди. Кўплаб ходимларимиз ўз ижод намуналарини ҳам ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилишди. Бу жиҳатлар ходимларимизнинг дунёқараши ва тафаккури кенгайиб, эл-юртга садоқати, фарзандлик масъулияти ошаётганини намоён этди.
Муҳтарам Президентимиз ҳақли равишда таъкидлаганидек, ўзбек тилининг беқиёс имкониятларини юзага чиқариш, унинг жаҳон миқёсида нуфузи ва жозибадорлигини ошириш учун ҳали олдимизда кўплаб вазифалар турибди. Аввало, юксак тараққий этган демократик даврларда бўлгани каби давлат тили бутун жамиятни, тили ва миллатидан қатъи назар, барча фуқароларни ягона халқ сифатида бирлаштиришга хизмат қилиши зарур. Бу борада ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, вазминлик билан иш тутиш лозим.
Маърифатпарвар шоир Чўлпон ёзадики, она тили – миллатнинг юрагидир, юрак уришдан тўхтаса, ҳаёт ҳам тўхтайди. Зеро, давлат тили фақатгина соҳа мутахассисларининг эмас, балки кўпмиллатли бутун халқимизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, ақл-заковати, маънавий-маърифий салоҳияти, ватанпарварлик фазилатлари билан равнақ топади. Миллий тил равнақ топса, пировардида, мустақиллигимиз ҳам абадий, миллий тараққиётимиз ҳам барқарор ва бардавом бўлади.
Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори
“Жадид” газетасининг 2025 йил 24 октябрдаги 43-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



