Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


03.10.2025 | 08:47

img313

“ТИЛИМИЗНИ… ТИРГИЗМАК КЕРАК”

Маълумки, Ўрхун–Энасой ёзма ёдгорликлари туркий тилнинг соф намунаси саналади. Туркий халқлар адабиётида араб ва форс тилларидан олинган сўзлар эски турк тили даврида пайдо бўла бошлаган. Хусусан, арабча сўзлар Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” достонида 5–7 фоизни, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ” асарида 15–20 фоиз ва Носириддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида 39 фоизни ташкил этади. XIV–XV асрдан бошлаб туркий тилга бундай сўзлар кўплаб кира бошлаган.

Алишер Навоий ҳам давр тақозосига кўра араб ва форс тилларидаги сўзлардан унумли фойдаланган. Масалан, Эмир Нажиб эски ўзбек тили ҳақида фикр билдирар экан: “Бошқа томондан бу тил араб ва форс тиллари ҳисобига анча бойиди. Навоийда у ўзининг юксак гуллаган даврига етди”, деб ёзади. Таниқли турк тилшуноси М.Эргин XV аср усмонлича, яъни эски турк тили ҳақида қуйидагиларни баён этади: “Бу давр Туркия туркчасининг бегона унсурлар томонидан том маъноси билан истило этилаётган, араб ва форс тиллари билан бутунлай ўраб олинган давридир”. Шу ўринда, А.Ахундовнинг фикрини ҳам келтириб ўтамиз: “Эски озарбайжон тили луғат фондининг деярли 90 фоизи форс ва араб тилларидан ўзлашган сўзлардан ташкил топган”.

Кўриниб турибдики, бу икки тилдан янги сўзларни қабул қилиш олтой тиллари оиласи учун умумий ҳол бўлган. Шунинг учун ҳам, Алишер Навоий асарларига ёзилган луғатлардаги бош сўзларнинг аксарияти арабча ва форсча сўзлардан ташкил топган. Масалан, беш юз саҳифали “Навоий тили луғати”нинг (2018 йил) фақат ўн бир саҳифаси туркча сўзлардан иборат, холос.

Хўш, у ҳолда “Алишер Навоий она тили софлиги учун курашган”, деган фикрни қандай тушунмоқ лозим?

Буни шундай тушунмоқ лозим. Ҳазрат Навоий ҳар бир тил бошқа тилдан сўз олиш орқали бойиб бориши, бу барча тилларга хос хусусият эканини яхши англаган. Асарларида форс, араб ва бошқа тиллардан фойдаланар экан, уларнинг туркий синонимларини ҳам келтириб, туркий тил бойлигини кўрсатиб берган. Агар у даврда форс тили минтақамизда асосий адабий тил бўлганини эътиборга олсак, қиёслаш учун икки тилдаги сўзларни ёнма-ён қўйишдан ортиқ ечим бўлмагани ойдинлашади. Буюк мутафаккир бағрикенглик ва адолат юзасидан туркий тилда учрамайдиган, унинг бойишига хизмат қиладиган чет сўзларни олиб киришдан қочмайди. Энг муҳими, Алишер Навоий ўша даврдаёқ истеъмолдан чиқиб кетган, бор бўлса ҳам қўлланмаётган туркий сўзларни саралаб, уларни бетакрор ғазал ва достонларида шундай маҳорат билан қўллайдики, сўзлар беихтиёр халқ тилига қайтади ва мустаҳкам ўрин эгаллайди. Шу тариқа, улуғ бобомиз туркий тил софлигини сақлашга беқиёс ҳисса қўшади.

Бу ерда пуризм омили ўртага чиқади. Фақат пуризмни салбий маънода, “тилни чет сўзлардан, варваризм, вульгаризмлардан тозалашга консервативлик билан ортиқча берилиб кетиш” деб тушунмаслик керак. Ўз ўрнида, пуризмнинг она тилини чет сўзлардан ҳимоя қилиш ва тил софлигини сақлашга қаратилган ижобий маъносини ҳам инобатга олиш лозим.

Ўтган асрнинг 20 йилларда рус тилидан кирган сўзлар ўрнига ўзбек тилининг ички қонун-қоидалари асосида яратилган сўзларни ишлатишга ҳаракат бўлганини мутахассислар яхши билади. Масалан, самолёт “учқич”, электр лампа “симчироқ”, самовар “ўзиқайнар” каби. Бундай ҳаракат бир вақтлар рус тилида ҳам кузатилган. Мазкур тилда самолёт, кислород, водород каби сўзлар ясалган. Биз биламизки, мазкур сўзлар рус тили луғатидан мустаҳкам ўрин олган. Баъзи соҳа терминлари, масалан, келишик, от, сон, олмош, кўмакчи, боғловчи, юклама каби тилшунослик терминлари тилимизга узил-кесил ўрнашган. Лекин ўзбек тилига қабул қилинган аксар неологизмлар собиқ Марказ кўрсатмасига биноан тилдан чиқариб ташланган.

Яқинда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси янги сўз ва атамаларнинг бир қисмини кўздан кечириб, уларни расмий муомалага киритиш юзасидан қарор чиқарди. Атамалар комиссияси аъзоларининг чет тилларга оид ўзлашма сўз ва атамаларни ўзбек тили меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича билдирган таклифи маъқулланган. Таъкидлаш жоизки, тавсия этилган сўзлар илмий асосланган, ўзбек тилининг қонун-қоидаларига мувофиқдир.

Албатта, ўзбекчадаги ажнабий сўзлардан қутулиш учун ўзбек тилининг ўз қонун-қоидалари асосида янги сўзлар ясаш зарурати мавжуд. Бир вақтлар тилимизга рус тили орқали кирган “айсберг” сўзига муқобил сифатида тасдиқланган соф ўзбекча музтоғ сўзи “айсберг”нинг маъносини аниқ-тиниқ ифодалайди. Шунингдек, русча “внедорожник” сўзига йўлтанламас, “доставка” – етказиш, “маркировка” – тамғалаш, “коридор” – йўлак, “навигатор – йўллагич, “отверка” – бурагич, “полик” – тўшама каби сўзлар тегишли маънони аниқ ва лўнда ифода этади.

Рус тили орқали ўзлашган, асли французча “аванс” ўрнига олинган бўнак сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да биринчи ва иккинчи маъноси “тар. (тарихга оид, тарихий термин)” белгиси билан берилган. Унинг учинчи маъноси: “Маош ҳисобидан ой охирида ҳисоб-китоб қилиш шарти билан олдиндан бериладиган пул; аванс” тарзида қайд этилган. Демак, бўнак ҳозир ҳам ишлатилади. Уни бемалол аванс ўрнида қўллаш мумкин.

Пароль сўзига муқобил сифатида ўрон сўзи берилган. Бу сўз XIII асрда яратилган “Ўғузнома” асарида “ҳарбий ном, пароль” маъносида учрайди. “Бобурнома”да айтилишича, ҳар бир қавмнинг ўз ўрони бўлган. Демак, эски ўзбек тилида ўрон сўзи кенг қўлланган.

Умуман, ўзбек тили тарихининг маълум бир даврида ишлатилган, аммо кейинчалик унутилган соф ўзбекча сўзларни қайта муомалага киритиш мақсадга мувофиқдир. Абдурауф Фитрат айтганидай: “Тилимизнинг адабийлиги арабийликда эмас, ўзидадир. Шуни тиргизмак керак”.

Яна бир муҳим фикр. Биламизки, ҳар қандай тилнинг луғат таркиби бойишида шеваларнинг ҳиссаси катта. Ўзбек тили туркий тиллар ичида энг кўп шевага эга. Афсуски, ҳали барча шева сўзлари йиғилиб уларнинг луғати тузилмаган. Агар бу иш амалга оширилса, у ҳолда адабий тил учун зарур бўладиган кўплаб сўзларни шевалардан топиш мумкин бўлади.

Унутмаслик керакки, тарихдан ёки шевалардан сўз излаганда, албатта, мазкур сўзнинг этимологик жиҳатдан туркий-ўзбек тилига оид эканига, яъни соф ўзбек тилига мансублигига алоҳида эътибор бериш, ҳар жиҳатдан ўринлидир.

Бердақ ЮСУФ,
ЎзРФА Ўзбек тили ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди

“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 39-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855