28.10.2025 | 12:33
350
ТАРИХ – ИБРАТ МАКТАБИ
Таниқли муаррих ва адиб, Қўқон давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими Муҳаммад Яҳёхон ХЎҚАНДИЙ билан суҳбат
Мусулмон дунёсида шариф шаҳарлар еттита бўлиб, улардан бири Бухоро экани бизга чексиз фахр ва ғурур бағишлайди. Дунёда латиф сифати қўшиб айтиладиган шаҳар эса битта – Хўқанди латиф, яъни бугунги Қўқондир. Гарчи “Бобурнома”да: “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камракдур”, дея баҳо берилган эса-да, бу кент кўпроқ “замин сайқали” сифатида шуҳрат топган.

Бобур Мирзо замонида Қўқон турли жанг-жадаллардан кейин ўрчин – шаҳарча даражасига тушиб қолганди. Ҳудуднинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва адабий тараққиёти “Олтин бешик” авлодлари ҳукмронлик қилган Қўқон хонлиги даврига тўғри келади.
Ушбу даврга оид ҳар қандай янги факт миллий тарихимиз учун изсиз ғойиб бўлган Худоёрхон тахтининг топилишидай муҳимдир. Бу эса тадқиқотчилардан улкан ҳафсала ва фидойилик талаб қилади. Йирик олим Муҳаммад Ротиб Наблусий “Илмга борингни бермагунингча, илм сенга ҳеч нарса бермайди”, дея таъкидлайди.
Не бахтки, юртимизда ана шундай илмга жон-у жаҳонини бағишлаб, ўтмиш уммонининг тубидан бебаҳо маржонлар тераётган олимлар бисёр. Улардан бири Муҳаммад Яҳёхон Хўқандий (Яҳёхон Дадабоев) ҳақида сиз ҳам эшитгансиз. Қарийб ярим асрлик илмий изланишлар натижасида тарихчининг “Олтун бешик”, “Хўқанди латиф маноқиби”, “Хўқанди латиф ҳунармандчилиги”, “Хўқанди латиф меъморчилиги” каби ўндан ортиқ китоблари, 50 га яқин монография ҳамда 700 дан ортиқ мақолалари чоп этилган.
Маърифатпарвар домла билан Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдасининг давлатхона қисмида суҳбат уюштирдик.
* * *
– Ассалому алайкум! Домла, ҳар хил китоб кўп. Лекин академик даражадаги нашрлар жуда кам. Сиз қўл урган хонликлар мавзусидаги тарихий-бадиий китобларнинг қиймати шундаки, халқимизга ўтмишимизнинг қоронғи томонларини ёритиб беради, савол белгиси остидаги масалаларга ойдинлик киритади. Яна нозик жиҳати ҳам бор: тождорлар йўл қўйган хато ва нуқсонлар, монархия табиатига хос зулм ва адолатсизлик, хурофотга доя бўлган мутаассиблик ва яна кўплаб давр иллатларини бор бўйи билан холисона рақам этиш ижодкордан жуда катта матонат, маҳорат ва инсоф ҳам талаб қилади.
Бу борада амалга оширган ишларингиз меваси – “Олтун бешик” ва “Хўқанди латиф маноқиби” китобларини ҳам тарихий, ҳам илмий, ҳам адабий нуқтаи назардан муҳим манба деб айтишимиз мумкин. Бу китобларни ёзиш фикри қачон пайдо бўлган?
– Бу фикр 1977 йилда Қўқон шаҳар ўлкашунослик музейига ишга кирганимда туғилган. Бу ердаги экспонат ва ҳужжатлар билан танишгач, келиб-кетувчиларнинг саволларига қулоқ тутиб, тарихни тиклаш бўйича қилинадиган ишлар ҳали кўплигини англадим. Чунки ташриф буюрувчилар хонлар ўзи қандай одам бўлгани, давлатни қандай бошқаргани, улар ҳақида советлар олиб борган ташвиқотлар қанчалик ҳақиқатга яқинлигига қизиқарди. Аммо бу саволларга жавоб топиб бера олмасдим. Ўзим Қўқон хонлари яшаган жойда ишласам-у, улар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмасам, уят эмасми, деган хулосага келдим. Шундан кейин имкон борича очиқ ва ёпиқ манбаларни, халқ орасидаги нақлларни ўргана бошладим.
Мустақилликнинг илк йилларида “Ватан” газетасида “Туркистон хонлари” номида туркум мақолаларим эълон қилинди. Уларда Минглар сулоласига мансуб барча 19 нафар ҳукмдор ҳақида баҳоли қудрат маълумот берилди. Мақолаларни ўқиган ёр-дўстлар уларни бир китобга жамлашни маслаҳат берди. Бироқ китоб чиқариш учун ҳали вазият етилмаган, аввало, у пайтлар гарчи мустақилликка эришган бўлсак-да, хонлик ҳақида китоб чиқариш осон эмасди.
Шунингдек, мақолалар хомроқ бўлиб, архив ҳужжатлари асосида қайта ишлаш зарур эди. У даврларда ҳали архивлар тадқиқотчилар учун тўлиқ очилмаганди. Бундан ташқари, қўшни давлатларга илмий сафарлар қилишга ўша пайтлардаги сиёсий вазият йўл бермасди.
Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илм-фанга берилаётган эътибор, қўшни давлатлар билан дўстона сиёсат натижасида бошланган ишларимни ниҳоясига етказиш имконияти туғилди. 2018 йилда “Хўқанди латиф маноқиби”, 2025 йилда “Олтун бешик” (“Хўқанд хонлари тазкираси”) чоп этилди.
– Янги китобингиз номиёқ одамни ўзига тортади. “Олтин бешик”, “олтин бешик авлодлари” каби атамаларга турли манбаларда кўп бор дуч келганмиз. Қўқон хонлиги ибтидосини айнан унга боғлашади. Бу афсонами ёки ҳақиқат, иккисининг ўртасидаги чегара қаерда туташади-ю, қаерда айро тушади?
– Қўқон хонлиги тарихини ўрганиш ва ёритиш ишлари хонлик давридаёқ бошланган. Ҳозирги кунгача мавзуга алоқадор тўрт юздан зиёд манба яратилган. Кимдир мавзуга холисона ёндашиб, манбалар асосида ҳаққоний ёритишга ҳаракат қилади, кимдир бадиий эффект кетидан қувиб хаёлот архивидан олинган “қизиқарли” фактлар қўшади. Кимдир тарихга фақат танқидий назар билан ёндашса, кимдир тарихнинг ёмонини яшириб, яхшисини ошириб юборади. Буни табиий ҳол деб биламан. Ҳар бир муаллиф ўз олдига қўйган мақсади, танлаган жанри талабларидан келиб чиқади.
Бу асарларнинг 99 фоизи хонлик ва хонлик ҳаётининг турли жабҳаларига бағишланган. Хонлар таржимаи ҳолига бағишланган алоҳида асарлар жуда кам. Мана шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида асосан тарихий манбаларга ёндашиб, маҳаллий муаррихлардан ташқари Оврўпа сайёҳлари, рус олимлари Наливкин, Бартолд ва бошқа ўнлаб асарларга мурожаат қилинди. “Олтун бешик” китоби икки қисмга бўлинган. Биринчи қисмда “Олтун бешик” достонининг тикланган, тўлдирилган, тўлиқ ҳолдаги матни, достоннинг яратилиши билан боғлиқ омиллар, достонга асос бўлган ривоятнинг 12 хил талқини келтирилган. Иккинчи қисмдан Хўқанд хонлари, тахтга ўтириш насиб этмаган хонзодалар, машҳур маликалар (ойимлар) ҳақида маълумот ҳамда иловалар жой олган.
“Олтун бешик” – халқ оғзаки ижоди намунаси. Бироқ уни ғирт афсонага чиқариб, инкор қилиш ҳам тўғри бўлмайди. Ривоятни афсонавий унсурлардан тозалаб қайта ўқисак, ундан халқимизнинг, юртимизнинг тарихий манбаларда ёзилмаган саҳифаларини топишимиз мумкин. Ҳолбуки, жаҳон миқёсидаги йирик археологик кашфиётларнинг бир қанчаси айнан афсона ва асотирлар асосида амалга оширилган. Мисол учун, Генрих Шлиман Троя шаҳри харобаларини топишда “Илиада” ва “Одиссея” достонларига таянган бўлса, испан ва португал босқинчилари олтинга бой афсонавий “Элдорадо” ўлкасини излаб, Американинг Астек, Майя маконлари, ибодатхоналари, ажабтовур иншоотлари манзилини аниқлаган.
“Олтун бешик” ривояти ҳам турли манбалар ва халқ орасида сочилиб кетган эди. Қўқон хонлиги ҳақида қирқтача китоб бўлса, улардан 22 тасида шу ривоят келтирилади. Лекин бир-биридан фарқ қиладиган нуқталари бор. Ўша фарқлар менга қўл келди. Улар бир-бирини тўлдирди. Кейин кемтикларни бутлаш учун халққа мурожаат қилдик. Талабалик давримда новқат(Тожикистон)-лик аҳолидан ривоятнинг ўзига хос талқинини эшитгандим, лекин тўлиқ эмасди. Тўлиғини ким билади, десам, Қурама тоғи этакларидаги элатлардан сўранг, дейишган. Шу тариқа, Тожикистон, Қирғизистондаги қурама, қипчоқ, ўзбеклардан достоннинг турли талқинларини ёзиб ола бошладим.
– Домла, далилларга кўра, Қўқон икки минг йиллик тарихга эга. “Бобурнома”да ҳам икки-уч жойда ўрчин – шаҳарча тарзида тилга олинади. Хонлик тарихи Бобур Мирзога боғланиши эса, чамамда, салтанатни легитимлаштириш, яъни Қўқон ҳукмдорлари “палаги” олийшонларга туташади, улар тахтга ҳақлидир, деган тасдиқ учун бўлса керак.
– Тўғри. Ўша давр қонуниятига кўра, ўзини давлатбоши деб эълон қилишга фақат хос сулола вакили ҳақли бўлган. Шунга кўра, Соҳибқирон Амир Темурдек зот ҳам умр бўйи Амир рутбасида фаолият юритган.
– Энди суҳбатни китобнинг иккинчи қисми – Қўқон хонлари мавзусига бурсак. Улар орасида ҳаёти ва фаолияти энг баҳсли, тақдири энг аянчли бўлгани – Саййид Муҳаммад Алихон. Халқ орасида Маъдалихон деган ном билан машҳур бўлган хон фожиаси қандай юз берган? Наҳотки, кўпчиликка аён бўлган маълумотлар: хоннинг жаҳолатга ботгани, ўзига она мақомидаги аёлга уйлангани рост бўлса? Амир Умархон ва Нодирабегимдай зиёли, ижодкор, адолатпеша ота-онанинг фарзанди шундай қабиҳликка қўл урса? Ҳукмдорлик даврининг ўрталарига келиб, Россия, Хитой каби империялар билан тенгма-тенг муносабатга киришган Маъдалихон қандай қилиб амир Насруллога енгилди?
– Хоннинг асл исми Муборизиддин Саййид Муҳаммад Алихон бўлиб, тахтга ўтиргандан сўнг Абулмузаффар вал Мансур Саййид Муҳаммад Алихон ғозий Баҳодир бинни Саййид Муҳаммад Умархон вал-наъми тарзида ҳужжатларга битилган. Энг машҳур лақаби Маъдалихон бўлиб, бу шунчаки қисқартма бўлмай, “адл-у адолат манбаи” деганидир.
У болалик чоғларидан диний-дунёвий илмларни, ҳарбий иш ва салтанатдорлик илмини ўрганган. Шунингдек, ҳуснихат, кандакорлик, ёғоч ўймакорлиги, қуролсозлик, заргарлик ва бошқа амалий санъат сирларини ҳам эгаллаган. Ҳали ёш чоғиданоқ ҳарбий юришларда алоҳида бир дастага бош бўлиб, амалиёт ўтаган. Отаси вафотидан кейин 17 ёшида Қўқон тахтига ўтирган ва 20 йил салтанат сўраган. Унинг даврида хонликда тинчлик ҳукм сурган, юрт обод, эл шод бўлган. Маъдалихон чегараларни мустаҳкамлаган, ички низоларга муросасиз зарба берган. Мамлакат ҳарбий қудратини ошириш йўлида тизимли ислоҳотлар ўтказган. Ташқи сиёсатда узоқни ўйлаб иш кўрган.
Маъдалихон ва Бухоро амири Насруллохон тўқнашуви тарихимизнинг энг мудҳиш саҳифаларидан биридир. Амир қачон бўлса-да, Хўқанд хонлигини босиб олиш орзусида юрар эди. Маъдалихоннинг муваффақиятлари унга тинчлик бермас, аммо минтақадаги энг йирик давлатга дабдурустдан ҳужум қилиб бўлмаслигини ҳам яхши англарди. У зимдан урушга тайёргарлик кўра бошлаган.
Маъдалихон ҳам авлиё эмас, талай нуқсонлари бор, дейлик, аразчи, кекчи, беқарор ва ўжар одам эди. Кейинчалик буларнинг ёнига маишатбозлик, калтабинлик, қиморбозлик каби иллатлар ҳам қўшилган. Оқибатда онаси Моҳларойимнинг насиҳатларига ҳам қулоқ тутмай қўйган. Иғвогарларнинг гапига ишониб, бир қанча давлат арбоблари, истеъдодли саркардаларни қатл эттирган, сургун қилган.
Хондан ҳақ ёки ноҳақ жазо олгани учун чекка-чеккада юрган кучлар аста-секин бирлаша бошлаган. Уруш оловини ёққан эса Маъдалихоннинг собиқ тарбиячиларидан, тарихчи Ҳакимхон Тўра эди. Бу кишининг аждодлари хонликда юксак иззат-икромда бўлиб, Маъдалихон ўзига маълум сабаблар билан уларни ҳокимиятдан четлатганди. Аламзада тўра эса қулай фурсат пойлаб юрарди. Ниҳоят, 1840 йилда Маъдалихон мухолифати Шаҳрисабзда унга қарши фаол ҳаракат бошлайди. Ҳакимхон Тўра Эшон Шофеъийдан фатво олиб, хонга қарши бўлиб қолган укаси Султон Маҳмудхон номидан Насруллохонга шундай нома ёзади: “Оғам Муҳаммад Алихон отасининг бевасини ҳалол билиб никоҳлаб олибди. Бухоройи шариф уламонинг конидир. Бу масала бўйича қандай ҳукм чиқарган бўлишар эди? Сиз Мовароуннаҳрнинг каттаси бўласиз. Бу ярамас ишга нима дейсиз?”
Мактуб амирнинг орзулари қамалиб турган қўрғон эшигини очиш учун калит бўлади. Амир дарҳол уламони тўплаб, мактубни уларга ўқиб беради ва бу масала бўйича фатво беришларини сўрайди. Уламо китоб кўриб, Қуръони Каримнинг “Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг” ояти асосида керакли фатвони чиқариб беради.
Бу Хўқандга қарши юриш учун бир баҳона эди. Насруллохон айни вақтда Эрон ва Афғонистондан замонавий ҳарбий тактика ва қурол-яроғлар бўйича мутахассисларни таклиф қилиб, қўшинини кучайтириб олганди. Икки йил давом этиб, гоҳ Қўқон, гоҳ Бухоро томоннинг қўли баланд келиб турган кураш якунида Маъдалихон енгилади. Ортиқ қон тўкилмаслиги учун ўзини Насруллохон айғоқчилари қўлига топширади.
Худоёрхонзоданинг “Анжум ут-таворих” асарида шундай ёзилади: “Ҳижрий 1258 йили робиуссоний ойининг ўрталарида (милодий 1842 йил 12 май куни мазкур ой кирган) тун ярмидан ўтганда Муҳаммад Алихон, Султон Маҳмудбек ибн Умархон жаннатмакон, Муҳаммад Аминбек ибн Муҳаммад Алихон, Муҳаммад Алихоннинг онаси Моҳларойим, Муҳаммад Аминбекнинг онаси ва унинг ҳомиладор хотини, яна икки нафар мўтабар аёл билан амир Насруллоҳ Бухорий ҳукмига биноан кўшки хоний билан туташ боғда шаҳодат даражасига етказилади (қатл этилади)”.
“Маъдалихон онасига уйланган” деган гап қаердан чиқди? Бу воқеаларга Исъҳоқхон Тўра Ибрат ўз муносабатини билдирган: “Муҳаммад Алихон аносини олди, деган сўз афвоҳи носда жорий бўлса ҳам, бу сўз рост бўлмай, бухорийлар қатлларини айбини сатри учун қилган қабиҳаларини тавжиҳига чиқарилмиш сўзлари экан. Асл муддао бўлак экан. Чунончи, Умархон оламан деган Подшоҳхон ойимни(нг) ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни жамоли ўлуб, муни анга сабаб қилиб келган. Асл висол муддао бўлса ҳам, зоҳирда Муҳаммад Алихонни халқни(нг) кўзига осий, гуноҳкор кўрсатиб, шариатни поймол қилди, танбеҳ даркор, деб келиб, қанча хонзода ва мазлума ойимларни қатли бағайри ҳақ қилуб, охируламр мурод ўшал ойим экан, олуб, муддаосига етиб, Бухорога олиб кетиб, Иброҳим хаёл деган бир манғити тарёкийни Муҳаммад Алихон ўрнига қўюб кетиб, бир неча ойлардин кейин аҳли Фарғона бухорийларни шундоқ душман тутубдурларки, хонзодалар ва ҳаримлар ва жорияларни сўюб қилган хуни бағайри ҳақларини Фарғона аҳлини димоғига маҳкам ўтуруб, бу шинўат ва шақоватни(нг) алами булардан ҳеч чиқмай, манғитиядан бир киши ўлдурса, етмиш ғайри мужоҳирни қатли ила баробар, деб афвоҳи носда жорий эди”.
Хонликда ёмон бир иллат бор эди – тахт талашиш. Бу жуда катта талофат келтирди. Ҳатто, 9 кун хон бўлгайодгабор. Норбўтабийгача тахт талашиш бўлмаган. Оиладаги энг катта эркак – ўғил ё ука бўлишидан қатъи назар, тахтга кўтарилган. Бошқалар сўзсиз итоат этган. Аммо кейинги даврдаги ички низолар хонлик ривожининг орқага кетишига сабаб бўлган. Маъдалихон қатли бу инқирозни тезлаштириб юборди. Шундан кейин ҳокимият аслзодалардан турли қавмларга ўтиб кетди.
– Ибрат домланинг бир гапи бор: “Тарихлар ғамни тоза (янги) қилур, лекин мундан аҳли андишалар ибрат олурлар”. Аслида, хонлар ҳам ўз замонининг одами бўлган, замонидан ўзга қаерга ҳам кетарди. Учта хонликни айблашадики, бирлашмади, бирлашиб душманга қарши турганда енгиб чиқарди, деб. Улар бирлашиши мумкинмиди?
– Йўқ. Бу ерда бир масала бор эди: “Бирлашсак, юртни ким бошқаради?” Ҳеч қайси хон ёки амир бошқасининг бошқарувига рози бўлмасди. Ана шу нарса бирлашишга йўл қўймади.
Холис айтиш керак, иттифоқчилик йўлида музокаралар бошланган. Аммо ярим йўлда қолиб кетган. Чунки Марказий Осиёда темурийлар давридаги каби марказлашган, ягона давлатнинг вужудга келиши бошқа империяларга маъқул эмасди, албатта. Шу сабабли, турли йўллар билан оғизбирликни бузишга ҳаракат қилинган ва бунинг уддасидан ҳам чиқишган.
– Домла, келинг, “Хўқанди латиф маноқиби” тазрикасига ҳам тўхталиб ўтайлик. Яқин орада асарларда “маноқиб”, “тазкира” сўзларини учратмаган эдик. Умуман, бу жанрдаги асарлар ҳам бошқа кўринишга эврилди. Қўқон таърифи борасида мумтоз йўл танлабсиз. Бу асар қандай эҳтиёжлар туфайли ёзилди? Сарлавҳани ўқиганда савол туғилиши мумкин: Қўқоннинг латифлиги нимада? Бунга қандай жавоб бера оласиз?
– Мустамлакачиликнинг иккинчи босқичи бўлмиш совет даври маънавий ўтмишимиз ва ҳозирги авлод ўртасида катта ғов бўлди. Бу даврда маънавиятимиз илдизларига болта урилди; маънавий ҳаётнинг барча соҳаларида юз бергани каби тарихни ўрганиш ва ўргатиш ҳам мафкура назорати остига олинди. Кўплаб мутафаккирлар, фозиллар, ҳатто уларнинг фарзандлари ҳам ёт унсур сифатида жисман йўқ қилинди. Алломалар, пир-устозлар ҳақида ёзилган тазкиралар, маноқиблар, ҳужжатлар қатағон йиллари тазйиқи ва ваҳимаси остида қабрларга кўмилиб, тандир-ўчоқларда ёқиб юборилди.
Билмаслигимизнинг сабабларидан яна бири шуки, ўтмишда яшаб ўтган зотларнинг маънавманбаиз тарихига қўшган ҳиссалари, хизматлари, фаолиятлари у ёқда турсин, айримларининг исм-шарифлари ҳам бизга маълум эмас. Бу – улуғ зотларга бўлган ҳурмат-эҳтиромимиздан. Ҳа, ажабланманг, халқимиз одоб-муомаласида катталарнинг, айниқса, муҳтарам зотларнинг исм-шарифларини тилга ва қаламга олмаслик каби эзгу бир хислат бор. Масалан, ҳукмдорларга “ҳазрати олийлари”, юқори мартаба и зотларга “жаноб”, тасаввуф шайхларига “эшонбобо”, аҳли илмга “домла” деб мурожаат қилинган. Ушбу муомала одоби ҳар қанча эзгу бўлмасин, тарихнинг зиёнига хизмат қилар экан…
Шулардан келиб чиқиб, камина илмий фаолиятим мобайнида тўплаган маълумотлар асосида “Хўқанди латиф маноқиби” деган умумий ном остида шаҳримизнинг тарихи, маънавияти, маданияти, санъати, ҳунармандчилиги ва бошқа жиҳатларини қамрайдиган мажмуа яратишга бел боғлаганман.
Араб тилидан олинган “маноқиб” сўзи “фазилатлар баёни” маъносини беради. Ўтмишда буюк кишиларнинг фазилатлари, ҳаёт йўллари ҳақида ёзилган, алоҳида шахсга бағишланган хотира асари “маноқиб” деб аталган. Айрим маноқиблар китоб ҳолида, айримлари шажара-насабномаларга кириш сўзи тарзида ёзилган. “Тазкира” ҳам араб тилидан олинган бўлиб, “эслатмоқ, зикр этмоқ, ёдга олмоқ” тарзида таржима қилинади. Тазкира – тарих, тасаввуф, адабиёт ва санъат соҳасидаги воқеа ва шахслар ҳақида эсдалик руҳидаги асар. Бинобарин “Хўқанди латиф маноқиби” – Хўқандда яшаб, фаолият кўрсатган улуғ зотлар, алломалар, сўфийлар ҳақидаги маноқибларни ўзида жамлаган тазкирадир.
Мақсадимиз, Хўқанди латифга латифлик сифати берилишини асослаш, унинг сурати ва сийратини яратишдир. Хўқанднинг латифлик сифатини олишида иймон-эътиқод, маънавият, илмнинг ўрни, халқни диёнат, поклик, эзгулик сари етаклаган илм аҳли, пир ва устозларнинг хизматлари беқиёсдир. Шунингдек, Қўқон меъморчилик мактаби маҳсули бўлмиш маънавият масканлари – масжид ва мадрасалар, хонақоҳ ва бошқа иншоотлар шаҳримизга яна бир латифлик, маънавий руҳ бахш этган. Бу иншоотлар тарихи ҳам ўрганишга арзирлидир.
– Домла, булардан ташқари, қўқонликларнинг латифагўйлиги, ҳозиржавоблиги, лутфи ҳам латиф нисбатига сабаб бўлса керак. Айниқса, шоирлар латоифи…
“Маноқиб”ни ўқиш жараёнида оммага маълум бўлмаган ўнлаб шоирлар ва уларнинг ижоди билан танишдик. Айниқса, Садойининг “Таърифи Хўқанд” ғазали алоҳида ажралиб турар экан.
– Мирҳасан Садойи XIX аср бошида яшаб ижод қилган сўфий шоир. Сиз эслаган ғазал Хўқанднинг латифлигини исботлайдиган ва таърифлайдиган энг яхши асар бўлса, ажаб эмас. Мен санъаткорларга куйга солайлик дедим, ҳозирча эплашолмаяпти. Байтларнинг гўзаллигини қаранг:
Шукрилиллоҳ айтайлук,
неъмат фаровондур Хўқанд,
Ҳар матўе,
жумла ашёлардурки арзондур Хўқанд…
Тожиг-у ўзбек демас,
барча баробар, билсангиз,
Хуш мусофирпарвар-у лутфи
фаровондур Хўқанд…
Бу шоир Норбўтабий даврида яшаб, ижод конференциянги тилга жуда яқин ғазал. Бир ўқиган одам буни форсчадан таржимамикин деб ҳам ўйлайди. Лекин бу соф ўзбекча асл нусха.
Норбўтабий даври Қўқон учун энг гуллаган давр – ниҳоятда арзончилик, серобчилик, тинчлик, омонлик замони бўлган. Ўша пайтда энг майда пул бирлиги фулус бўлиб, унга тўртта нон берган. Сотувчилар қайтим топиб бера олмаган. Чунки бундан майда пул бўлмаган. Охири фулуснинг ярмига тенг бўлган қорафулус чиқарилган. Шундан кейин пул муомаласи бироз жойига келган.
– Ўша пайтдаги рус сайёҳлари Қўқонни Бухородан 4 марта, Теҳрондан 6 марта катта шаҳар деб таърифлаган экан. Бунинг манбайи нима бўлган?
– Аввало, қўқонликларнинг меҳнатсеварлиги ва маҳорати. Қолаверса, халқининг савдога усталиги, ҳунармандларининг иши пухталиги. Хўқанд ҳунармандчилик маҳсулотларига чет элда талаб юқори бўлган. Эътибоцивилизациясинга нисбат бериб айтиладиган 350 та буюм топдим, бугун бренд дейди-ку… Хўқанд дўппи, Хўқанд арава, Хўқанд патир, Хўқанд ҳалво ва бошқалар.
2021 йилда Ғафур Ғулом нашриётида “Хўқанди латиф ҳунармандчилиги” номли китобим чоп этилди. Унда қадим замонлардан то XX аср бошларигача Хўқандда маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ 415 та, савдо, овқатланиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ 182 та, маданият, маориф ва маънавият соҳалари бўйича 111, жами 708 та касб-ҳунар, уларнинг усталари, устоз-шогирд мактаби ҳақида батафсил маълумот ёзилган.
Ҳунармандчилик шаҳар тарихи билан тенг. Қўқон ҳунармандчилик орқасидан шаҳар бўлган.
– Келгусидаги илмий-ижодий режаларингиз қандай? Айни кунларда қайси асарлар устида ишлаяпсиз?
– Китоб чиқаришнинг учта томони бор экан – ўтириб ёзиш, чиқариш учун ҳомий топиш, сўнг тарқатиш. Тажрибамдан кўрдимки, энг осони ёзиш экан. Баъзан одамлар китоб ўқимайди, деб, ёзмай қўя қолай дейман-у, ёшларнинг куюнчак саволларини эшитиб, яна “қўлим қичийди”. Балки шу болалардан чиқар, дейман бўлажак Ренессанс алломалари.
Ҳозир “Қўқон жой номлари тарихи” китоблари устида иш жараёни давом этяпти. “Қўқон жадидлари” китоби яримлаб қолди. Ҳозирча 75 нафар маърифатпарварнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар жамладим.
– Сизга катта раҳмат, домла, соғ бўлинг! Куч-қувват, соғлиқдан айирмасин! Изн берсангиз, қиссадан ҳисса чиқарсак. Хулоса аниқ: тарих биз учун ибрат мактаби, фожиаларга сабаб – илмсизлик ва хурофот, мағлубиятларга боис эса, тарқоқлик, худбинлик, маҳдудлик… Демак, жадид боболаримиз такрорлагани каби “Нажот – илмда, маърифатда”.
Иқбол МИРЗО суҳбатлашди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 24 октябрдаги 43-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



