28.10.2025 | 11:46
432
НАВОИЙДА НАФИС МАЖЛИС
Президентимизнинг 2025 йил 7 февралдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили”ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Навоий шаҳрида куни кеча “Алишер Навоий илмий-адабий меросининг умумбашарият маънавий ва маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди, Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамда Навоий давлат педагогика университети ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда таниқли олим ва адибларимиз, жамоатчилик вакиллари, Конференция, шунингдек, 20 га яқин хорижий давлатдан Навоий ижоди муҳиблари иштирок этди. Маросим улуғ мутафаккир ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди.
Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов сўз олиб, анжуман иштирокчиларини табриклади. Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоийдек беқиёс сиймо яратган адабий хазина қийматини чуқур англаш, унда акс этган эзгу ғояларни кенг тарғиб қилиш бугунги кунимиз учун жуда муҳимлиги, жаҳон цивилизацияси тарихидан мустаҳкам ўрин олган улуғ шоир ижодиётига дунё олимларининг эътибори тобора ошиб бораётгани унинг шарафи яна асрлар оша сўнмаслигидан далолат эканини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда Алишер Навоий ижодининг узоқ йиллик тарғиботчиларидан бири, туркиялик таниқли адабиётшунос олим Кемал Явуз Атаманга Навоий давлат педагогика университетининг фахрий профессори унвони берилди.
– Мен Алишер Навоийга бағишлаб ўнлаб илмий мақола ёздим, унинг ижодини баҳоли қудрат тарғиб қилиб келмоқдаман, – дейди олим. – Туркияда ҳазрат Навоийни яхши биладилар. Ушбу халқаро байрамда яна бир эзгу ташаббус – маърузачи-иштирокчиларнинг илмга қўшган ҳиссаси учун бир тупдан дарахт экиш таклифи билдирилди. Ўзбекистонлик қардошларимизга хушхабаримиз бор: Кўнё шаҳрида ҳам Алишер Навоий боғини яратиш ишлари кетмоқда. Бу туркий дунёмизнинг Алишер Навоийдек улуғ алломасига халқимизнинг юксак эҳтироми намунасидир.
Шундан сўнг, навоийшунослар етти шўбага бўлиниб, илмий-амалий машғулот, мусоҳаба, мунозаралар ўтказди. Жумладан, “Жаҳон навоийшунослиги: бугунги ютуқлар ва янгиликлар”, “Навоий ижодиёти тадқиқи: фанлараро муносабат ва замонавий талқин”, “Алишер Навоий адабий мероси ва умумбашарият маънавий-маърифий тараққиёти” каби қатор мавзуларда фикр алмашилди.
Конференциянинг иккинчи куни иштирокчилар Нурота шаҳридаги “Чашма” зиёратгоҳига ташриф буюрди, сўнг туман марказидаги амфитеатрда мусиқий-маърифий дастур намойиш этилди. Анжуман ниҳоясида меҳмонлар Навоий шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, шунингдек, Навоий давлат педагогика университетида ташкил этилган “Қатағон қурбонлари музейи”ни бориб кўришди.
Юқори савияда ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуман мумтоз адабиётга ошиқ қалбларни бир-бирига пайваста қилди.
Муҳайё РУСТАМОВА
БАДИИЙ ТАФАККУР САФОСИ
Азизуллоҳ ОРОЛ
(Афғонистон):

– Навоий шаҳрига кираверишда ажойиб бир лавҳага кўзим тушди. Унда “2025 йил – Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили” деб ёзилган экан. Беихтиёр, бу сананинг нега Навоий вилоятига берилганини таҳлил қилсак, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бундан беш йил олдин, 2020 йил БМТда биринчи бор ўзбекча нутқ сўзлаганида, “Биз буюк Навоийнинг тилида сўзлашяпмиз”, деганларини эсга олиш кифоя. Буни қарангки, бир шоирнинг нафаси денгизлар оша бошқа диёрларга ҳам етиб борди.
Алишер Навоий бундан олти аср олдин туғилган бўлса-да, ҳозирга қадар ижод қилиб тўхтамаётгандай. Унинг асарлари Ер шарига ўхшаб айланиб, яна ўша нуқтасига келаверади, эскирмайди. Негаки, бугунги маънавий масалалар Навоий асарларида аллақачон ўз аксини топган. Янги Ўзбекистоннинг келажагини яратишда ҳам унинг асарларидан, ғояларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Биз улуғ мутафаккирнинг маънавий шажарасини ёшларга боғлашга ҳаракат қилишимиз керак, назаримда. Мен мактабдаги ҳар бир муаллим Навоий ижодидан имтиҳон топшириши ва шундан кейингина унга болаларга дарс бериш ҳуқуқи берилиши керак, деб ўйлайман.
Конференция ҳақиқатан Навоий шахси ва шарафига хос ўтди. Биз шўбаларда ўз маърузаларимизни тақдим этдик, Навоий бугун бизга нима бераётганини муҳокама қилдик. Мана шундай йиғинлар, тадбирлар, маърузалар тез-тез ташкил этилса, бу албатта ёшлар онги орқали юрт келажагига таъсир этиши шубҳасиз.
МУТАФАККИР ТИЛИНИ ЎРГАТГАН МУҲАББАТ
– Иброҳим Худоёр,
профессор (Эрон):

– Йигирма беш йил олдин Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида ишлар эдим. Ўша пайтда жуда кўп ўзбек олим ва шоирлари, ёзувчилари билан танишдим. Биз махсус журнал ташкил қилиб, унда ўзбек ва форс адабиётига оид қатор мақолалар чоп эттирдик. Журнал саҳифаларидаги шеър ва ғазаллар мени ўзига торта бошлади.
Ўзбекистонга келган илк кунларимда бўлиб ўтган адабий учрашувда бир нотиқнинг “замин, осмон” каби сўзларни қўллагани ҳам мени ўзига қандайдир бошқача жалб этганди. Шу тариқа, менда ўзбек адабиётига қизиқиш уйғонди. Луғатимизда ўхшаш сўзлар бор экан, демак, азал-азалдан эрон-ўзбек муштараклиги бор.
Алишер Навоий номи Эронда неча асрлардан буён машҳурдир. У форсийлар орасида Фоний, туркийлар ичида эса Навоий номи билан танилган.
Мен бир нарсани таъкидламоқчиман, ҳамдиллик ҳамиша яхшидир. Яъни, биз ҳамдилмиз, бизнинг тилимиз бошқа бўлса-да, дилимиз бир. Шунинг учун ҳам биз бир-биримиз билан фаровонмиз. То Навоий бор экан, то Жомий бор экан, дўстмиз, яқинмиз.
Навоийни форсийда ҳам ижод қилишга нима ундаган? Муҳаббат! Мени ҳам Навоий ижодини ўрганишга ана шу муҳаббат чорлади.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 24 октябрдаги 43-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
857



