06.11.2025 | 10:17
100
УЙҒУНЛИК ЭҲТИЁЖИ
Академик Бахтиёр Ибрагимов билан суҳбат

– Ассалому алайкум, домла! Фаолиятингиз билан танишиш жараёнида Сиз танлаган супрамолекуляр кимёнинг жаҳон илм-фанида мураккаб ва ёш соҳалардан бири эканига амин бўлдик.
– “Супрамолекуляр кимё” атамаси биринчи марта 1978 йилда Нобел мукофоти лауреати Жан-Мари Лен томонидан киритилган. У янги тармоққа “молекуляр кучлар таъсирида бир-бирига боғланган икки ёки ундан ортиқ кимёвий турларнинг бирлашиши натижасида юзага келадиган мураккаб объектларни тавсифловчи кимё” деб таъриф берган. Оддий қилиб айтганда, бу икки ёки ундан ортиқ молекула ўзаро бирикиб ҳосил қилган янги тизимларни ўрганадиган фан.
Аниқроқ тасаввур ҳосил қилиш учун қулф ва калит тимсолида тушунтираман. Қулф (мезбон молекула) бу асосий, мураккаб молекула бўлиб, махсус бўшлиққа эга. Калит (меҳмон молекула) эса қулф бўшлиғига айнан мос келади (мос келмаганлари эса, табиийки, киролмайди). Улар ўзаро бирикади, лекин мустаҳкам боғ ҳосил қилмайди. Аммо қулфлаш ёки очиш вазифасини бажараверади.
Супрамолекуляр моддаларда молекулалар ўзаро водород боғлари, Ван-дер-Ваалс кучлари ёки координацион боғланишлар орқали бирлашади. Бундай тизимлар табиатда ҳам кенг тарқалган: ҳужайра мембранаси, оқсиллар, нуклеин кислоталар мажмуаси ва ҳоказо.
– Сизни дунё кимёгарлари “Ибрагимов қоидаси”нинг асосчиси сифатида таниб, ҳурмат қилар экан. Йигирмадан зиёд хорижлик олимлар томонидан эътироф этилган, дунё бўйлаб ўнга яқин дарсликка киритилган қоида моҳиятини қисқача тушунтириб берсангиз.
– Қоидани соддароқ тушунтириш қийин, у полиморфизм ҳодисаси билан боғлиқ. Полиморфизм бу, бир хил кимёвий модда турли кристалл тузилишларда мавжуд бўлиши мумкин, дегани. Тадқиқотларда аниқладикки, ҳарорат ўзгарган сари ҳосил бўладиган полиморф модификатсиялар таркибида “мезбон” ва “меҳмон” молекулалари ўзаро ҳар хил муносабатда бўлади. Бу клатрат деб аталадиган моддалар турига киради: уларда катта молекула (мезбон) ичига бошқа, кичик молекулалар (меҳмон) жойлашади. Ҳарорат қанчалик юқори бўлса, меҳмон молекуланинг жойлашиш ҳажми шунчалик кичик бўлади. Мана шу қонуният кейинчалик кўплаб амалий ишларда қўл келадиган қоида сифатида шаклланди. Албатта, буни чуқур тушунтириш учун термодинамика, рентген-структура таҳлили, кристаллография каби мураккаб илмий ёндашувларни қўллаш керак.
Энди, нима учун бу “Ибрагимов қоидаси” деб аталади, деган саволга келсак. Шу вақтгача ўттизга яқин давлатда бўлиб, турли конференцияларда маъруза қилдим. 2003 йили Австралияда госсипол номли модданинг полиморф шакллари ҳақида маъруза қилганимда, у ердаги олимлар мен илгари сурган назарияни шу модда учун ҳам тўлиқ мос келишини тан олишди. Шунда улар: “Бу ҳолатни сиз таклиф қилган қонуният билан тушунтириш мумкин, уни “Ибрагимов қоидаси” деб атайлик”, дея таклиф қилишди. Инглизчада “Руле developed by Ibragimov”, яъни “Ибрагимов томонидан ишлаб чиқилган қоида” деб юритила бошланди.
Бугунги кунда ҳам бу қоида жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан тан олинган ютуқ сифатида қайд этилади.
– Таржимаи ҳолингизда ҳар бир илм аҳли ҳавас қилгулик натижаларни кўриш мумкин. Яъни, Сиз шу вақтгача уч юздан ортиқ илмий иш, жумладан, ўнта ихтиро муаллифисиз. Бу ихтироларнинг амалиётда қўлланиши қандай кечмоқда?
– Амалиётда кенг фойдаланилаётган ихтироларимиздан бири – тоза госсипол олиш усули. Госсипол пахта чигитида учрайдиган биоактив, аммо заҳарли модда; у жуда кучли биологик таъсирга эга – кам миқдорида дори хусусиятлари бўлиши мумкин, лекин кўп миқдорда заҳардир. Госсиполнинг тарихий кашфиёти қизиқ: баъзи Хитой вилоятларида маълум давр мобайнида бефарзандлик ҳолати кузатилган ва бунинг сабабини тадқиқ этганда пахта ёғининг қайта ишлаш услубидаги ўзгаришлар билан боғлиқ госсипол излари топилган. Шу сабабли, госсиполнинг фармакологик имкониятлари ўрганилди, аммо у ножўя таъсирлари туфайли кенг қўлланилмайди – ҳозир унинг ҳосилаларидан ва модификацияларидан фойдаланиш йўли изланмоқда.
Бизнинг гуруҳ бир неча патент олган: 1980 йилларда Полша, АҚШ, Германия ва Италияда рўйхатланган патентларимиз бор. Уларнинг ичида госсиполни тозалаш усули ҳам мавжуд – бу усул ҳозирда айрим ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланмоқда.
Яна бири “Ибрагимов қоидаси”дан келиб чиқадиган амалий дастурлар. Кўплаб фармацевтик моддалар кристалланаётганда эритувчи молекулалари билан солват ҳосил қилади. Эритувчи молекулалари дорининг таркибига кирса, ножўя таъсирлар юзага келиши мумкин, қоидамиз шу ҳолатни бартараф этиш йўлини кўрсатади. Эритувчининг қайнаш ҳароратига яқин шароитда кристалланишини ташкил этиш орқали нохуш солватлардан қутулиш мумкин – бундай ёндашув ҳозир амалиётда қўлланмоқда. Шу билан бирга, дори моддаларнинг металл комплексларини олиш ва уларни текшириш ҳам амалда қўлланмоқда. Кўп дори моддалари (кислород ва азот атомлари мавжуд бўлганлари) металл ионлари билан координацион бирикмалар ҳосил қилади, натижада кимёвий ва биологик хоссалари ўзгаради. Баъзи ҳолларда биологик фаоллик ортади ва ножўя таъсирлар камаяди. Масалан, диклофенакнинг рух комплексини олиш орқали унинг ошқозонни эритувчи (эрозиявий) таъсири сезиларли даражада камайгани кузатилди – бу амалий синовларда ижобий натижа бермоқда. Ҳозирги кунда юзлаб табиий ва синтетик моддалар билан металл комплекслари яратиб, уларнинг биологик хоссасини текшириш ишлари олиб борилмоқда.
Умуман олганда, ҳозирги тадқиқотларимизнинг асосий мақсади – мавжуд дори моддаларнинг хавфсизлигини ошириш, уларнинг ножўя таъсирларини камайтириш ва янги, самарали комбинатсияларни амалиётга татбиқ этишдан иборат.
– Ҳазрат Навоий “Нафъинг агар халққа бешакдурур, Билки, бу нафъ ўзингга кўпракдурур”, деб ёзади. Дарҳақиқат, бугун илм ва меҳнатингиз ҳосиласи ўлароқ, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлдингиз, юзлаб шогирдларга устозлик қиляпсиз. Давлатимизнинг “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик” орденлари билан тақдирландингиз. Бу манзилга етиб келгунча босиб ўтган йўлингизга назар ташласак.
– 1949 йил 11 майда Тошкент шаҳрида, ишчи оиласида туғилганман. Болаликдан физика ва кимё дарсларига қизиқишим бўлакча эди. Ҳатто, физика бўйича икки марта собиқ иттифоқ олимпиадасига қатнашиш имконига эга бўлдим. Мактабни олтин медаль билан тамомлагач, Тошкент давлат университетининг физика факультетига ҳужжат топширдим.
У пайтлар олимпиада ғолибларига бугунгидек кенг имтиёзлар ва моддий рағбат берилмасди. Фақат олтин медалли абитуриент сифатида асосий фан – физикадан имтиҳон топширганман. Имтиҳонда “тайёрланмасдан жавоб берадиганлар борми?” деб сўрашганда, қўл кўтардим. Учинчи саволдаги мураккаб масалага кўп ўйлаб ўтирмай жавоб бердим. Домлалар ҳайрон бўлди-да, ўзлари қоғозга еча бошлади. Анча вақтдан кейин тўғри деб топишиб, бу масалани қаердан ўрганганимни сўрашди. Синовга тайёргарлик босқичида кўзим тушганини, жавобини эслаб қолганимни айтдим. Қолган саволларга ўтмай имтиҳондан ўтказиб юборишди.
Ўқишга киргач, астойдил ўқий бошладим. Мени энг юқори стипендияга тавсия қилишди – миқдори 100 сўм (оддий стипендия 35 сўм) эди.
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишим керак. Ўша пайтда ўзбекистонлик талабаларнинг Европа ё Америка университетлари тугул, ҳатто собиқ иттифоқдаги нуфузли олий таълим даргоҳларига бориб ўқиши ҳам анча мушкул масала эди. Ҳозиргидай “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ТОП-50, ТОП-100, ТОП-300 рўйхатларидаги университетларда давлат ҳомийлиги асосида ўқишни орзу ҳам қила олмасдик.
Шунга қарамай, ўзимни омадли талабалардан десам бо‘лади. Олий таълимни тўртинчи босқичдан Ленинград давлат университетининг физика факультетида давом эттирдим. У ерда “рентген-структур таҳлили” деган янги фанни ўргандим. Бу моддаларнинг ички тузилишини рентген нурлари ёрдамида ўрганиш усули экан. Шу нарса кейинги фаолиятимга катта таъсир кўрсатди. – Кўз олдингизда Ўзбекистонда илм-фанга бўлган муносабатнинг эллик йилдан ортиқ даври ястаниб ётибди. Асл ҳолат қиёсда билинади. Бугунги кунда илм-фанни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар Сизни қаноатлантирадими?
– Мен Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида 21 йил фаолият юритдим: 14 йил бош илмий котиб, 7 йил витсе-президент сифатида. Афсуски, бир пайтлар айрим илмий институтлар ёпилиб, айримлари бошқа идораларга қўшиб юборилди. Бир-бирига яқин, бироқ мустақил фан тармоқларига оид илмий фаолиятни молиялаштириш тўхтатиб қўйилди. Моддий-техник базанинг ғариблиги орқасидан ёшлар фан билан деярли машғул бўлмай қўйди. Ўрта ёш вакиллари орасида бошлаган илмий ишларини рўзғор ғами орқасидан ташлаб кетганлар бўлди. Улар орасида илмий салоҳияти юқори, истиқболи порлоқ кадрлар йўқ эди, дейсизми?
2017 йилдан бошлаб вазият ўзгарди – йўқолган институтлар тикланди, янгилари ташкил этилди, илм-фанга, илм аҳлига эътибор кучайди. Сўнгги йилларда олимларга зарур асбоб-ускуналар берилди, уларнинг хорижий сафарларга чиқиш имкониятлари кенгайди, энг муҳими, ёшларни илм-фанга жалб этиш бўйича тизимли ислоҳотлар бошланди. Шароит яхшиланиб, маошлар оширилди. Бу ишлар илмий муҳитни жонлантирди. Шу боис, ҳозир Янги Ўзбекистон илм-фани кўплаб истеъдодли ёшлар билан бойимоқда.
Бу йўналишдаги ўзгаришлар самарасини келажакда эмас, шу йилларнинг ўзида кўра бошладик. Масалан, бизнинг натижаларимиз, яъни тузилиши аниқланган янги кристалл бирикмаларимиз, аллақачон Кембриждаги халқаро маълумотлар базасида “ўзбек олимлари” номи билан қайд этилмоқда. Бу – илмий соҳада миллий ғуруримизни ифода этувчи ҳолат.
Ишончим комил, Ўзбекистон илм-фанининг келажаги порлоқ, ёш олимлар сафи кенгаяди ва биз уларнинг ютуқлари билан фахрланиб юрамиз.
– Асл илм кишилари тер тўкиб, ҳаққоний равишда илмий даража ва унвонларга эришаётган бир пайтда хусусий ташкилот очиб, одамларга маълум пул эвазига “академик”, “профессор” рутбаларини тарқатаётганлар ҳам учраб туради. Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси сифатида бунга муносабатингиз қандай?
– Мамлакатимизда фақат иккита муассасада – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Бадиий академиясида академиклар сайланади. Бошқа ташкилотларнинг гувоҳномалари расман академиклик мақомини бермайди, халқаро ва маҳаллий аҳамиятга молик эмас. Масъулияти чекланган жамиятлар берган гувоҳномалардан одам ўзини ўзи хурсанд қилишда фойдаланиши мумкин.
Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига сайловлар 1995 йилда ўтказилгач, орада 22 йил танаффус бўлди. Кўп олимларнинг ёши улғайди, айрим муносиб устозлар оламдан ўтиб кетди, академиклар сафи янги авлод вакиллари билан деярли тўлдирилмади. Ниҳоят, 2017 йил 29 декабрда Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. Бундан мақсад иқтисодиётни инновацион ривожлантиришда академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш, жойларда илмий мактабларни мустаҳкамлаш ҳамда тегишли ҳудудий ва тармоқ муаммоларини ҳал қилишда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, халқаро миқёсда мамлакат илм-фани нуфузини оширишдан иборат эди.
Фармонда академиянинг ҳайъати ва фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзолари тавсиясига кўра, 32 нафар олим янги ҳақиқий аъзоликка тасдиқланди. Аъзолар қаторидан жой олганим менга чексиз фахр бағишлади.
Бунда ҳар бир номзоднинг илмий жамоатчилик томонидан тан олингани, илм-фанни шахсий ютуқлари ва йирик илмий натижалари билан бойитгани, ўз йўналишида янги илмий мактаб ташкилотчиси ва раҳбари бўлгани ёки мавжуд илмий мактабни ривожлантиришда бевосита иштирок этгани, амалиётга жорий этилган ишланмаларга эга бўлгани ёки ўзи раҳбарлик қилаётган жамоа ходимлари томонидан эришилган фан ютуқларини ишлаб чиқаришга ёки амалиётга жорий этишда бевосита қатнашгани каби бандлар инобатга олинди. Кўряпсизми, қанчалик юқори талаб ва мезонлар асосида танланади академиклар. Чунки Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари дунё миқёсида ўша давлатнинг илм-фан бўйича салоҳиятини кўрсатиб берувчи шахслар ҳисобланади. Авваллари “мухбир аъзо” деган оралиқ мақом мавжуд эди – бу академикдан олдинги босқич бўлиб, ёш олимлар учун катта имконият яратарди. Энди шу институтни қайта жорий этиш ҳақида ўйланяпти. Агар бу тизим қайтадан йўлга қўйилса, ёш олимлар орасидан ҳам академиклар етишиб чиқиши осонлашади.
– Янги давр илм-фани ворислари бўлган ёш олимларда қайси фазилатлар жам бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?
– Ёшлардан талаб қилинадиган учта асосий нарса бор: ўз соҳасини чуқур билиш; чет тиллари, хусусан, инглиз тилини чуқур ўрганиш; сунъий интеллект технологияларидан унумли фойдаланиш. Бугун барча соҳада жадаллик билан рақамлаштириш жараёни кетмоқда. Демак, рақобатбардош кадр сифатида шаклланиш учун илмий ишни халқаро стандартларга мос равишда тақдим этишни ҳам билиш керак. Истеъдод ва истакнинг ўзи билан иш битмайди. Меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
Юқорида таъкидладикки, супрамолекуляр кимёда энг муҳими – молекулалар уйғунлиги. Илмда ҳам шундай: истеъдод ва меҳнат уйғунлигисиз натижадорликка эришиб бўлмайди.
Яна бир гапни айтишим керак. 2016 йилда кимё бўйича Нобел мукофоти супрамолекуляр йўналишидаги кашфиёти учун бир йўла уч олим – Жан-Пер Соваж, Жеймс Фрейзер Стоддарт ва Бернард Ферингага берилган. Бу йил ҳам ушбу мукофотнинг илм-фан блокидаги номинациялар уч кишилик жамоалар ўртасида тақсимланди. Бунинг ҳикмати нимада? Одамнинг билиш даражаси чегараланган. Бир олим қийналган масалага иккинчиси ойдинлик киритиши мумкин. Шунинг учун жамоавий фаолият олиб бориш кам вақт сарфлаб, йирик натижага эришишга омил бўлади. Ёш олимларимиз ҳам аҳиллик, муроса ва ўзаро илмий фаолиятдан хабардорлик йўлини тутса, нур устига нур бўларди.
– Мазмунли ва мароқли суҳбатингиз учун раҳмат! Илмий ишларингизда муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Васила ҲАБИБУЛЛАEВА суҳбатлашди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 31 октябрдаги 44-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



