Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


12.11.2025 | 10:21

img230

НАВОИЙДА ШУНДАЙ МУЗЕЙ БОР

Муҳайё РУСТАМОВА

Дунёда глобал хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб бир даврда, биз учун миллий ўзликни англаш ва ҳаққоний тарихимизни тиклаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Айниқса, мустабид тузумнинг шафқатсиз қатағонига учраган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, минг-минглаб бегуноҳ юртдошларимизнинг хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати тимсолида ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кўпмиллатли халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждод­ларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўла юзага чиқариш, уларга нисбатан тарихий адо­латни тиклаш, бу борадаги иш­лар­нинг кўлами ва самарасини оши­риш мақсадида Навоий давлат университетининг тарих факультети қоши­да ҳам Қатағон қурбонлари хотираси музейи ташкил этилган. Навоий вилояти бугунги дориломон кунларда Қизилқум кенгликлари ичра гуллаб-яшнаётган бўлса-да, унинг бағ­рида ҳам ўтмиш қатағонларининг чуқур жароҳатлари бор. Бу изни на вақт шамоллари, на қум бўронлари ёпиб кета олди. Биз музейни зиёрат қилиш асносида бунга яна бир бор амин бўлдик.
Мозийгоҳ уч бўлимдан иборат. Аввалги икки зал мустамлакачилик сиёсати – Чор Россияси томонидан Туркистоннинг босиб олиниши ҳамда 1917 йилдан то Мустақилликкача ҳукм сурган совет тузуми даврида халқимиз бошдан кечирган азоб-уқубатлар ҳақида ҳикоя қилади. Учинчи зал эса 1991 йилдан ҳозирги кунгача бўл­ган Ўзбекистоннинг янги сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-маънавий асослари, бугунги тарақ­қиётини намоён этади.
Музейда икки мингдан ошиқ қадимий ашё мавжуд бўлиб, у воҳанинг 150 йиллик тарихидан сўз­лайди. Муассасанинг захира фондида ҳам яна икки мингдан ошиқ манба – ҳар хил турдаги ҳужжат, аудио, видео, китоб ва суратлар сақланмоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги фармойиши билан қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш бўйича жойларда ишчи гуруҳлар тузилиб, барча ҳудудларда ўрганишлар давом этмоқда, – дейди музей директори, тарих фанлари номзоди, доцент Хуршид Қурбо­нов. – Бугунгача Навбаҳор, Қизил­тепа, Хатирчи, Конимех, Нурота ва Кармана туманларидан 1937 йил қатағони ва навбатдаги қирғин – “пахта иши”га доир 4200 дан зиёд юртдошимизнинг маълумотлари жам­ланди. Бу борадаги тарихий маълу­мотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақил­лиги қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимиз­ асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигини янада чуқур англашга хизмат қилади.
Ушбу музей шунчаки экспо­натлар сақланадиган бино эмас, балки Бухоро амирлиги таркибига кир­ган ерларнинг Чор Россияси томони­дан босиб олиниши билан боғлиқ ашё­лар, ҳужжатлар, маълумотлар, Бухоро Халқ Совет Республикасининг тузи­лиши­га оид манбалардан тортиб, Учин­чи Ренессанс даврини бошлаб берув­чи янги авлод эришаётган ютуқ­ларгача бўлган даврга саёҳат қилиш имконини берувчи ўзига хос “вақт машинаси”дир.
Айниқса, ўша оғир даврларда худди инсонлардек қатағонга учраган, бугун музейнинг ноёб экспонати бўлиб қолаётган китоблар келувчилар диққатини ўзига жалб этади. Бу китоблар орасида миллат эътиқодига қўйилган оловдан омон чиққан Қуръони Каримнинг нодир қўлёзмаси ва 1883 йилда эски ўзбек ёзувида чоп этилган Сўфи Оллоёрнинг “Сабот-ул ожизин” асарининг асл нусхаси бор. Ҳар икки китоб куйиб қорайиб кетган бўлса-да, ўз даври руҳини берадиган тарихий манба вазифасини ўтамоқда.
Бундан ташқари, Мунаввар қори Абдурашидхонов муҳаррирлигида чоп этилган “Миллий шеърлар, адаб ва дин дарслиги” ҳам музейнинг муҳим экс­по­нати сифатида сақланмоқда. Бу китоб жадид мактабларининг ўқув китоби бў­либ, Мусо Туркистонийнинг “Улуғ Туркис­тон фожиаси” асарида янги усул мактаб­ларида ўқитилган дарсликлар рўйхатидан жой олган.
– Вилоятимиз улуғ мутафаккир номи билан аталгани боис, музейда “Алишер Навоий” кўргазмаси ҳам ташкил этилган, – дейди Хуршид Қурбонов. – Бу ерда Ҳиротдан, буюк мутафаккир хокидан олиб келинган бир сиқим тупроқ, Афғонистондан келган меҳмонлар совға қилган Алишер Навоий асарлари мавжуд. Умуман олганда, бугун музейимиз ҳақиқий маънавият ва маърифат масканига айланди. Унинг тарих факультети биносида жойлашуви ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Музей факультет талабалари учун илмий лаборатория вазифасини ўтамоқда.
Суҳбатдошимиз бизни атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов кўргазмасига бошлади. Вилоят ҳамда Навоий, Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарларининг таш­кил этилишида у кишининг улкан хизматлари борлигини айтиб, бу ишга алоқадор манбалар ёшларни янада қизиқтиришини билдирди.
Ушбу даргоҳ билан танишувимиз поёнига етар экан, музейга янги меҳмонлар – Туркия ва Эрондан келган сайёҳлар ташриф буюрди. Директор ва ходимларнинг ўзини тутишидан маълум бўлдики, музейга хорижликлар ташрифи одатий ҳолга айла­нибди. Биз ҳам чет эллик тарихсевар­лар билан суҳбатлашдик. Меҳмонлар бу каби музейлар ҳар битта вилоятда ташкил этилганидан ҳайратланиб, уларни ҳам ўз йўл хариталарига албатта киритиб қўяжакларини таъкидладилар.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 45-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858