13.10.2025 | 17:13
281
ОҚИБАТЛИ ИТТИФОҚ
Туркий дунё оиласининг икки муҳим аъзоси – Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига жорий йил 2 октябрь куни 30 йил тўлди. Бу давр ичида томонлар ўртасида кўплаб муҳим ҳужжатлар имзоланди, тарихий давлат ташрифлари амалга ошди, олий даражадаги учрашувлар ўтказилди. Икки ва кўп томонлама ҳамкорлик йўналишларида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўзаро муносабатлар, айниқса, сўнгги саккиз йил ичида шу даражада фаоллашдики, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “муносабатларимиз тарихда ҳеч қачон бугунгидек юқори даражада бўлмаган”.

Мамлакатларимиз 30 йил давомида халқаро майдонда, минтақавий масалаларда доим бир-бирига ҳаммаслак бўлиб келди. Ўзбекистон, айниқса, Тоғли Қорабоғ масаласида уни Озарбайжоннинг ажралмас бўлаги, деган қатъий позицияда можаро ечим топгунга қадар собит қолди. Айни пайтда эса, мамлакатимиз дўст ва қардош Озарбайжонга бўлган ҳурмати ифодаси сифатида нотинчликлардан азият чеккан жафокаш Қорабоғни тиклаш ишларида ҳам беминнат ёрдам қўлини чўзмоқда.
МУШТАРАК ИЛДИЗЛАР
Ўзбекистон ва Озарбайжон бир-бирининг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган эди. Охирги беш йил ичида эса ушбу муносабатлар иттифоқчилик даражасига чиқиб, сифат жиҳатидан янги босқичга қадам қўйди. 2024 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши икки қардош мамлакат ўртасида тобора фаоллашиб бораётган ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ўшанда мазкур тарихий натижага юксак баҳо берар экан: “Озарбайжон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз ва иттифоқчимиздир. Бизни муштарак тарихий илдизларимиз ва асрлик дўстлигимиз, ягона дин, ўхшаш маданият ва анъаналар боғлаб туради. Буларнинг барчаси ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда”, дея таъкидлаган эди.
Таҳлилчилар Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари минтақа сиёсатида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашади. Вашингтондаги “Cаспиан Policy Center” ақл маркази таҳлилчиси Саманта Фангернинг сўзларига кўра, ҳозирда минтақада “постсовет чекловлари”дан сезиларли узоқлашиш жараёни кузатилмоқда. Хусусан, туркий давлатларнинг умумий муносабатлари, бир-бири билан икки томонлама алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Фангернинг фикрича, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар яқин келажакда изчил ривожланишда давом этади. Чунки тобора кўпроқ учрашувлар, икки томонлама инфратузилма лойиҳалари ва ривожланиш дастурлари ўзаро муносабатларни янги даражага олиб чиқмоқда. Икки қардош мамлакат халқаро ташкилотлар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилади.
ЎСИШ ТАСОДИФИЙ ЭМАС
Рақамлар икки қардош давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар йилдан-йилга ривожланиб бораётганини тасдиқлайди. Сўнгги 8 йил ичида икки томонлама савдо 7,8 бараварга ўсди ва 2024 йилда 268,2 миллион долларга етди. Ўзбекистоннинг Озарбайжонга экспорти 7,5 бараварга ўсиб, 210,7 миллион долларни ташкил қилди. Импорт кўрсаткичлари эса 9 бараварга ошиб, 57,4 миллион долларга етди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбайжоннинг 240 дан ортиқ компанияси фаолият юритмоқда. Озарбайжонда эса 70 дан зиёд ўзбек компанияси иш бошлади.
2025 йилнинг дастлабки ойларида ўзаро савдо айланмаси янада ошгани кузатилди: ярим йилда савдо ҳажми деярли уч бараварга кўтарилиб, қарийб 236 миллион долларга етди. Бу ўсиш тасодифий эмас. Икки томон бугун саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, шунингдек, яшил энергия соҳаларида йирик режаларни биргаликда амалга оширмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик йўналиши ҳақида сўз борар экан, икки мамлакат келишуви асосида ташкил этилган Озарбайжон – Ўзбекистон инвестиция компанияси (АУИC)ни ҳам эслаб ўтиш ўринли. AUIC 2023 йилда ҳукуматларнинг қўшма ташаббусига кўра, 500 миллион доллар устав капитали билан ташкил этилган. У икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликда янги йўналишларни кашф этмоқда. АУИCнинг асосий мақсади – ҳар иккала республика иқтисодиётининг ривожланиши ва гуллаб-яшнашига қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали кўмаклашишдан иборат. Шунингдек, у турли фаолият ва соҳалардаги компанияларни бевосита қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
Ўзбекистон ва Озарбайжон, таъбир жоиз бўлса, бугунги туркий дунёнинг муҳим иқтисодий двигателлари сифатида ўзини намоён қилмоқда. Икки давлат ҳам ҳудудий жиҳатдан муҳим стратегик савдо коридорлари бўйлаб жойлашган ва дунёнинг турли минтақаларини боғлашни ташқи сиёсатининг асосий кун тартибига қўйган. Озарбайжоннинг логистика инфратузилмалари, жумладан, Боку халқаро денгиз савдо порти, Боку–Тбилиси–Карс темир йўли, Транс-Каспий халқаро транспорт йўналиши Ўзбекистоннинг дунё бозорларига чиқиш ҳаракатларида муҳим ўринга эга лойиҳалар ҳисобланади.
ҚАДИМ ТАРИХГА ЭГА ДЎСТЛИК
Ўзаро маданий алоқаларнинг ўтмиши ўттиз йиллик довондан анча олис даврларга бориб тақалади. Озарбайжонлик таниқли журналист, сиёсий шарҳловчи Элнур Энвероғлу ҳам буни таъкидлайди: “Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқалар узоқ ўтмишга эга. Расмий дипломатик алоқалар 1995 йилда ўрнатилган бўлса-да, икки халқ ўртасидаги биродарлик ришталари замонавий давлатчиликдан олдин ҳам бўлган. Буюк мутафаккир Алишер Навоий устози Низомий Ганжавийдан илҳомланишидан то XV асрда Бокунинг эски шаҳрида бунёд этилган Бухоро карвонсаройигача – ўзаро маданий эҳтиром узоқ ўтмишдан буён давом этиб келаётганига далилдир. Самарқандда дафн этилган озарбайжонлик файласуф Юсуф ибн Муҳаммаджон Қорабоғийнинг мақбараси ҳам икки халқ ўртасида асрлик илмий алмашинувлар бўлганини кўрсатади”.
МИНТАҚАЛАР РИВОЖИ УЧУН ҲАМ МУҲИМ
Сирасини айтганда, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари минтақавий кучлар кўпроқ мустақилликка, қудрат марказларига мувозанатли ёндашувга интилиб, миллий ўзига хосликка кўпроқ урғу бериш йўналишида ривожланаётган Евроосиё геосиёсий архитектурасини ўзида намоён қилмоқда. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тобора кучайиб бораётган ҳамкорлик, ўз навбатида, икки мамлакатнинг ҳам халқаро майдондаги мавқейини мустаҳкамлашга ва Транс-Каспий коридорини Евроосиё сиёсатининг стратегик устувор йўналишига айлантиришга хизмат қилади.
Озарбайжонга борган ўзбекистонлик ўзини уйида юргандек ҳис этиши, озарбайжонлик эса Ўзбекистонда “қардошим” дея иззат-икром қилиниши бежиз эмас. асрлар давомида шаклланиб келган бузилмас дўстлик ва икки биродар давлат раҳбарларининг узоқни кўзлаган сиёсати натижасида янги уфқларга чиққан ҳамкорлик алоқалари мевасидир. Кавказ ва Марказий Осиёнинг байроқдорлари бўлмиш икки қардош давлат ўртасидаги ҳамкорлик икки минтақанинг барқарор ривожланиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Авазбек ШЕРМАТОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими
“Жадид” газетасининг 2025 йил 10 октябрдаги 41-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



