Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


14.11.2025 | 10:25

img208

ИЛМ УММОНИНИНГ ҒАВВОСЛАРИ

Ваҳоб РАҲМОНОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

“Қомус” арабчадан олинган бўлиб, аслиятда уммон, луғат, сўз бойлиги каби маъноларни англатади. Изоҳли луғатга кўра, ўзбек тилида уч хил маънода қўлланади: мукаммал, тўлиқ луғат; энциклопедия, энциклопедик луғат; ҳаётнинг ёки билимнинг бирор соҳасига оид тўлиқ асар; мажмуа.
Қомус устида бутун бошли жамоа меҳнат қилади. Унга киритилган ҳар бир мақола бутун бир асарга тенг бўлади. Шунинг учун ҳам аксар ҳолларда қомусчи олимларнинг исм-шарифлари илмий доираларда қолиб кетади, эл орасида ёйилмайди. Бу сафар икки йирик қомус­чи – Қодиржон Эргашев ҳамда Сайфиддин Рафиддинов ҳақида ёзмоқчиман.
Совет даврида навоийшунос дейишса Порсо Шамсиев, Азиз Қаюмов, Ҳамид Сулаймонов, Абдуқодир Ҳайитметов, Воҳид Абдул­лаев, Натан Маллаев, Ботирхон Валижўжаев, Суйима Ғаниева­ларни билганларидек, биз кейинги давр олимларидан Иброҳим Ҳаққулов, Ботурхон Акрамов, Нусратулло Жумаев, Шуҳрат Сирожиддинов, Эргаш Очилов, Олимжон Давлатов­ларни таниймиз. Ҳолбуки, мутахассислар бу рўйхатни ўн баравар кўпайтириб тасаввур этади. Катта анжуманлар ва юбилей саналари муносабати билан матбуот ва ижтимоий тармоқларда номлари байроқдай ҳилпирайдиган йирик олимлар сафида кўпчилик билмай­диган фидойилар борки, уларнинг исмлари муаллифлик китобларидан кўра қомусларнинг жамоавий рўйхатида кўринади.
Ана шундай фидойи олимлардан бири филология фанлари доктори Қодир­жон Эргашевдир. Навоийшунос­лик ва бобуршунослик осмонининг кичик сайёраларидан бири бўлган бу олимнинг адабиётшуносликка қўшиб келаётган ҳиссаси каттадир.
Ушбу олимнинг кам таниш бўлганининг биринчи сабаби: ўта камтар ва камсуқумлиги. Ўзбек ҳамда рус тили ва адаби­ётидан мукам­мал хабардор қаҳра­мони­мизнинг илмий фаолияти кўпроқ қомусчиликка дахлдорлиги бунинг иккинчи сабабидир.
Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил, ада­биёт ва фольклор илмий-тадқиқот инсти­тутининг катта илмий ходими Қодир­жон Эргашевнинг улуғвор сиймоси икки муҳташам қомус – “Алишер Навоий энциклопедияси” ва “Заҳирид­дин Муҳаммад Бобур энсик­ло­педияси”даги хизматлари сал­моғини айтишимиз заҳоти кўз ўнги­мизда намоён бўлади.
“Алишер Навоий энсикло­пе­дия­си”да – 300 та мақола, “Заҳирид­дин Муҳаммад Бобур энсик­лопе­дияси”да – 750 та мақола – бу саноқлар нимани кўрсатади? Бунинг учун қомус нималиги ва ундаги мақола моҳиятидан сўз очайлик.
Қомус кимнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган бўлса, ўша шахс таржимаи ҳоли, асарларининг ҳар томонлама илмий таҳлили, асарларида учраган шахслар, жанрлар, асарлари ҳақидаги энг қисқа, энг мукаммал илмий давлат ҳужжатидир.
Агар Алишер Навоий ва Заҳирид­дин Муҳаммад Бобур ижодлари ва таржи­майи ҳоллари ҳақидаги маълумотларни бир хона тўла китоб ҳолида тасав­вур этсак, қомус ўшалардаги илм­нинг асоси, қаймоғидир.
Бундай қомусларга мақола ёза­диган олим Навоий ва Бобур ижоди, ўша даврда яратилган тарихий асарларни, замондошлари муно­сабатларини мукаммал ўқиб чиқ­қан бўлмоғи шарт. Ўшалар­даги минглаб маълумотлардан ўз мақоласида фойдалана билиш маҳорати ҳам қомусчи учун зарурдир.
Чунончи “Заҳириддин Муҳам­мад Бобур” китобидаги Навоий ҳақи­даги ҳар бир маълумотни Қодиржон Эргашев Мирза Муҳаммад Ҳайдар­нинг “Тарихи Рашидий”, Хондамирнинг “Макорим-ул ахлоқ” ва “Ҳабиб-ус сияр”, Давлатшоҳ Самарқандий­­нинг “Тазки­рат-уш шуаро” ва замона­вий навоийшу­нослар асарларидаги маълу­мотларни ҳам ҳисобга олган ҳолда аниқ, қисқа, лўнда, муҳим фикрларнигина йиғиб мақола ҳолига келтиради. Бу жараённи бир қомусий мақола ёзиш учун муаллиф ўнлаб ўқиган китобларидаги фактларни йиғиб, қисқа ифодалаш учун машаққат чекади.
Қодиржон Эргашев – илм асалариси. У минглаб китобни ўқий-ўқий қомус учун илм болини ҳормай-толмай йиғади ва қомус мақоласи ҳолида элимизга тутади.
Биз ҳали Қодиржон Эргашевнинг ўнга яқин китобидан сўз очмадик. Ҳазрат Алишер Навоий насрий асарлари хусусидаги рус ва ўзбек тилларидаги асарлари навоийшунос­лик ва бобуршуносликка қўшган ҳисса­си билан ҳар қандай мақтовга арзирлидир.
***
Истиқлол замони навоий­шу­нос­ликнинг ҳақиқий тўлақонли тадқиқодлар силсиласи эканлигини исботлади. Забар­даст илм фидойиси Олимжон Давла­тов саъй-ҳаракати билан навоий­шуносларнинг ўттиз жилдлик асарлари нашр этилди. Бу фаннинг буюк тантанаси бўлди. Алишер Навоийнинг бутун ижоди исломий-ирфоний эътиқод билан зарҳаллангани илмда ва мутафаккир шоирнинг “Тўла асарлар тўплами” ўн жилдлигида (2011, 2013) аниқ кўзга ташланади.
Навоий асарлари нашрга тайёр­ловчиларидан бири Сайфиддин Рафид­динов Алишер Навоий “Тўла асарлар тўплами”нинг дастлабки тўрт жилди: “Хазойин-ул маоний”нинг ҳар бир девонига тасаввуфий сўзлар луғатини илова қилди.
Ўзи ёзган “Мажоз ва ҳақиқат” монографиясида ҳам тасаввуф асос­ларини изчил ёритиб беришга ҳаракат қилди.
Сермаҳсул олим кейинги ўттиз йилда ёзган ўнлаб китоблари, турк тилидан таржима қилган асарлари билан ўзини тўлақонли тасаввуф олими сифатида кўрсата олди. Унинг “Етти пир”, “Муҳаммад (с.а.в) васиятлари” ва бошқа китоблари фикримизнинг ёрқин далилидир.
Тасаввуфшунос олимнинг бу соҳадаги билимларининг чўққиси “Алишер Навоий энциклопедияси”нинг тўрт жилдидаги икки юздан ортиқ илмий мақолаларида кўзга ташла­нади, десак муболаға бўлмайди. Ушбу қомусий мақолаларда олим тасаввуф атамалари моҳияти, тасаввуф алломалари ҳаёти ва ижоди ҳақида асосли илмий-назарий фикрларини баён этади. Айниқса, унинг бу қарашлари Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган мақолалар қисмида янада ёрқинроқ акс этган.
Олимнинг узоқ йиллик маҳсулдор илмий хизматлари туфайли Сайфиддин Рафиддинов яқинда ўзи хизмат қилаётган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил, адабиёт ва фольклор институти “Ўзбек адабиёти тарихи” бўлимига мудир этиб тайинланди.
***
Беруний ҳазратлари “Мен ғаввос-у,  илм бўлди уммоним” деб ёзган эди. Модомики, қомус маъноларидан бири уммон экан, заҳматкаш олимларимизни илм уммонининг теран қатларига кириб борувчи ғаввосга ўхшатиш ўринли бўлади. Икки йирик олимга сиҳат-саломатлик ва ижодий парвозлар тилаймиз!

“Жадид” газетасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 45-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855