Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


22.12.2025 | 10:54

img299

ИЛМ ОЛИШ ЖИНОЯТМИДИ?

Сиёсий ва иқтисодий қарамлик ботқоғига ботган қадим Туркистон халқини уйғотиш ва юрт озодлигига эришишни энг олий мақсад деб билган жадид боболаримиз ўз фаолиятларини мактаблар очишдан, вақтли нашрлар орқали маърифат тарқатишдан бошлаганлари бежиз эмас. Бу ишлар жадид ҳаракатида бирламчи босқич бўлса, иккинчи босқич янги мактабларда ўқиган, илмга ташна ёшларни хорижга ўқишга юбориш, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш эди.

Афсуски, жадидлар саъй-ҳаракати билан чет элларда таҳсил олган инсонлар бошига кейинчалик қора кунлар тушди. Бошқа давлатда таҳсил олгани учунгина “халқ душмани”га чиқариш, илм олгани учун­гина қамоққа ташлашдек манфур сиёсат халқимиз бошига қандай оғир кунлар солгани бугун барчамизга аён.

…1891 йилда Франциянинг Тулуза шаҳридаги сув коллежига ўқишга юбо­рилган бир гуруҳ ёшлар орасида тўрткўллик Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли ҳам бор эди. У мазкур даргоҳда тўрт йил таҳсил олади, дунё кўради ва кейинчалик Хонқа беклигида 18 йил ҳоким, хонликнинг бош мироби ва Хоразм Халқ Совет Республикасида зироат (қишлоқ хўжалиги) вазири бўлиб ишлайди. Хоразмлик жадидларнинг таниқли вакили бўлган бу инсон 1937 йилда қатағонга учраб, Зангиота ҳибсхонасида вафот этади.

Европанинг ривожланган давлатларида ўқиган ёшлар ўз даврига хос замонавий технология ва янгиликларни ўзлаштириши ва юртга қайтгач, уларни амалиётга татбиқ қилиши шубҳасиз эди, албатта. Кўплаб ёшларни Германияга ўқишга юбориш ғояси заминида шу эзгу мақсад ётарди.

аср бошларида Германия олий таълим соҳасида дунёдаги етакчи давлатлар­дан бири саналарди. Шу сабабли, жадид­лар кўп­лаб ёшларни айнан Германиядаги олий таълим муассасаларига ўқишга юбор­ган. Ушбу таълим муассасаларида сабоқ бераёт­ган олимлар орасида туркияликлар кўпчилик бўлиб, бу эса туркистонлик тала­балар учун тез фурсатда тил ўрганиш ва сабоқ­ларни ўзлаштиришга ёрдам берарди. Ўша даврда илм олиш учун юборилган ёшларнинг бир гуруҳи Туркияда ўқигани ортида ҳам тил ва дин бирлиги ётарди.

Бекчон Раҳмонов ҳам Туркияда таҳсил олган ёшлардан бири эди. У кейинчалик жадидлар таъсирида юзага келган “Ёш хиваликлар” ҳаракатининг етакчиларидан бирига айланади, Хоразм Халқ Совет Республикаси Нозирлар кенгашида фаолият юритади, вазир бўлиб ишлайди. Айни шу инсон воҳада илк газета ташкил этиб, унга бош муҳаррирлик қилади.

Жадидларнинг илмга чанқоқ хотин-қизларни хорижга ўқишга юбориш амалиётини бошлаб берганини ўз даври учун инқилобий ҳаракат деб баҳолаш мумкин. Хива хонлигининг нисбатан чекка қишлоғида дунёга келган Марям Султонмуродовага Европада таҳсил олган ўзбек қизларидан биринчиси бўлиш насиб этди. У Германияда тўрт йил таҳсил олиб қайтгач, янги тузилган республика бошқарув тизимида хотин-қизлар шўбасини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшди. “Саодат” журналида ишлаган даврида маънавий-маърифий мавзуларда мақолалар ёзиб, хотин-қизлар муаммоларини дадил кўтариб чиқди. Аммо, у ҳам қатағонга учради. Унинг бор-йўқ “айб”и чет элда таҳсил олгани эди. Адолатсиз жазо муддатини ўтаб қайтгач, у ўзи туғилган қишлоқда оддий тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлади…

Жадид ҳаракати кенг қулоч ёя бошлаган давр – асрнинг биринчи ва иккинчи ўн йилликлари орасида юзлаб ёшлар хориждаги олийгоҳларда таълим олиб улгурди. Ёшларни чет элга таълим олишга юбориш йилдан-йилга ошиб, айрим йиллари 20-25 нафарга етди. Хорижда таҳсил олиб қайтган ёшларга ҳавас қилувчилар, эргашувчилар ҳам, уларни “маърифат қалдирғочлари” деб улуғлаб, моддий ва маънавий қўлловчилар ҳам оша борди. Аммо… Илм олиш – “ғоявий бузғунчилик”, муҳим тармоқлар бўйича етук мутахассис бўлиб етишиш – “совет мафкурасига зид” деб топилди. Туркияда таҳсил олган талабаларга ёппасига “пантуркист” деган ёрлиқлар ёпиштирилди, барчаси “халқ душмани”га айлантирилди…

аср аввал бир дўстимнинг фарзанди Англиядаги университетга ўқишга киргани туманимизда роса шов-шув бўлганди. Ўшанда дўстим: “Ўғлим айтганимни қилмади, шу ўқишга кетадиган бўлди. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин”, дея ҳадиксирагани эсимда. Мен ҳам ўшанда тарихдан яхши хабардор дўстимнинг безовталигини тўғри тушундим, лекин энди замон ва сиёсат ўзгаргани, у қора кунлар қайтиб келмаслигини айтиб, уни хотиржам қилишга уриндим. Қаранг, дўстимнинг шу ўғли ҳозир катта тадбиркор – пойтахтда кичик заводи, қишлоқда бир қанча хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. Жиянимнинг ўғли ўтган йили Кембриж университети талабаси бўлганидан ярим йил ўтгач хабар топдим…

Замонанинг, сиёсатнинг қанчалик ўзгарганига қаранг! Бугун илмга ҳавасманд ёшларимиз дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил оляпти, илмий ишлар ёқлаяпти. Жадид боболаримиз орзу қилган, бошлаб берган эзгу ишлар эндиликда одатий ҳолга айланиб улгурди. Минг шукур!

Рўзимбой ҲАСАН

“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 декабрдаги 50-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855