Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


18.11.2025 | 10:10

img173

ИККИ ДОНА КЎРАК… ёхуд аччиқ хотира

Рўзимбой ҲАСАН

Ҳазорасп мол бозорида ғалати савдони кўриб, бир зум анграйиб қолдим. Симтўр тортилган тиркагич олдида турган тракторчи атрофини ўраган одамлар орасида кўрак савдосини қизитарди: “Бир килограмм кунжара етти минг сўм. Кунжара дегани чигитнинг қолдиғи бўлса. Мана, бир прицеп кўрак – уч тоннадан кам эмас. Килосига минг сўмдан сўраяпман”.
Анграйганим сабаби тақвимда ҳали октябрь ойи якунланмагани, айрим жойларда пахта терими давом этаётгани, тўғрисини айтсам, шу ёшга кириб очиқдан-очиқ, яна бозорда кўрак сотилаётганини илк бора кўриб турганим эди. Ахир икки дона кўрак сабаб яқин ўтмишимизда қанча инсонларнинг тақдири барбод бўлган: урилиш-сурилишлар майли, қамалиб кетганларни ҳам биламиз.
…1957 йилнинг якунида ўша вақтдаги республика раҳбари Н.Муҳиддинов пахта режасини бир амаллаб бажарган воҳа деҳқонларини қутлаш, келгуси ҳосил тадориги билан танишиш учун Хоразмга келади. Бизнинг Қулон Қорабоғ қишлоғига йўли тушганида, ғўзапоядан бўшаган майдонлар шудгор қилинаётган бўлади. Республика раҳбари шудгор сифатини кўздан кечириш учун отизга киради ва янги ҳайдалган тупроқ орасидан икки дона кўрак топиб олади. Эртаси куни вилоятда ўтган тезкор йиғилишда “икки кўрак масаласи” муҳокама қилинади. Н.Муҳиддинов “социалистик мулкка зарар етказган” хўжалик раиси Н.Саидовни партиядан ўчириш ва жавобгарликка тортишни таклиф қилади.
Урушдан буён хўжаликка раислик қилиб, уни илғорлар сафига олиб чиққани учун иккита орден билан тақдирланган қирқ яшар раис бошига тушаётган тақдир зарбасидан ўзини йўқотиб, мажлисда беш дақиқа бош яланғочлаб турган онларида қанд касалини орттиради ва сўнг бевақт вафот этади. Нурилла Саидовнинг аждодлари узоқ умр кўрувчилар бўлиб, отаси Саид бува тўқсон уч, амакилари Жумабой ва Аҳмад салкам юз ёшга киришган. Икки дона кўрак воқеаси қирқ яшар йигит умрини бир лаҳзада тенг ярмига қисқартириб юборади. Ҳосилдан бўшаган майдон шудгор қилинган санага эътибор беринг: 1957 йилнинг 27 декабри.
Боғотнинг Қораянтоқ қишлоғилик Жаҳонгир Мадаминов ижодкор ўқитувчи бўлиб, туман ва вилоят газеталарида турли мавзулардаги мақолалари кетма-кет чоп қилинар, ўзбек тили ва адабиётини мактабларда ўқитиш бўйича услубий рисола ҳам ёзганди. Туманда бўлаётган ноҳақликлар ҳақида юқорига ариза ёзади-ю бошига қора кунлар тушади – қамалиб кетади. Унинг бор-йўқ “жиноят”и уйида сўқимга боқаётган ҳўкизи қорнидан икки дона кўрак чиққани эди. Аслида, ўша икки дона кўракни орган ходимлари  чўнтагида олиб келиб, ҳўкизга едиришган. Ҳўкиз қорнидан топилган икки дона кўрак ижодкор ўқитувчи умрини зое қилади. У беш йил қамоқда ётиб қайтгач, мактабга боришдан уялиб, бошқа соҳаларда ишлашга мажбур бўлади. Найманлик бир бригада бошлиғи дала бошида колхозчиларга ғўза чеканкасини тезроқ якунлаш ҳақида топшириқ бераётган вақтида миниб келган оти пушта четидаги ғўзапояга тумшуқ уриб, икки-уч кўрагини ейди. Кимдир дарҳол “чақув” беради. Отни сўйиб кўрганларида, қорнидан икки дона кўрак қолдиғи чиқади. От колхозга тегишли бўлган, аммо бригадир “масъулиятсизлик билан колхоз мулкига зарар етказгани” учун беш йилга қамалиб кетади. Бу воқеа ўтган асрнинг 60 йиллари бошида рўй берган.
Яна бир кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа: 1970 йил ёз адоғида республика раҳбарлари воҳага келиб, пахта етиштириш жараёни билан танишади. Ўша вақтда республика Олий Совети Президиуми раиси бўлиб ишлаган Й.Насриддинова бошчилигидаги гуруҳ Боғот туманида ғўзалар аҳволи билан танишиб юрганларида ногоҳ Наримонов номидаги хўжалик пахтазорида бўш юрган сигирни кўриб қолади. Насриддинова хўжа­лик­нинг машҳур Қаҳрамон раиси И.Дўсовга бригадирни партиядан ўчириб, маҳкамага тортиш буйруғини беради.
Эртасига Хива туманида республика ишчи гуруҳи ўрганишлари натижасига бағишлаган йиғилиш бўлиб ўтади. Насриддинова жойлардаги аҳвол бўйича маъруза қилар экан, кутилмаганда Дўсовдан: “Кеча пахтага мол қўйиб юборган бригадир партиядан ўчирилдими, жиноий жавобгарликка тортилдими?” деб сўраб қолади. Дўсов “сигир воқеаси” бу даражага боришини ўйламаган, урушдан буён ёнма-ён ишлаб келаётган, илғорлиги учун орден-медаллар билан тақдирланган бригадирга танбеҳ бериш билан чекланганди. Қалтис вазиятда буни айтиш бошига бало бўлишини англаган раис тўсатдан тилига келган гапни айтиб юборади: “Бригадир қилган ишидан кўп пушаймон бўлиб, роса ичиккан экан, кеча омонатини топширди”. Раиснинг ёлғони сабаб омон қолган бригадир яна чорак аср умр кўрди. Ўша санада “вафот этгани ҳақидаги маълумотнома”ни кейин тенгқурларига кўрсатиб, кулиб юрди…
Жамоа хўжаликлари тугатилиб, ерлар хусусий мулкка айлантирилган даврда қисқа муддат пахта ва буғдойчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил қилдим. Кеч кузда, ноябрь ойи охирларида пахта режасини бажариб, далани ғўзапоядан тозалаш вақтида айнан “икки кўрак” можароси менинг ҳам бошимга тушди. Даладаги ғўзапояни йиғиштириб юрган аёлим пояда қолган беш-олти кўракни пешкилига солади ва уй томонга келаётганида тасодиф туман ҳокими ўринбосари пешкилини кўздан кечириб, ичидан чиққан олти дона кўракни “жиноятни акс эттирувчи ашёвий далил” сифатида баённома тузиб, олиб кетади. “Кўрак можароси” учун ҳокимликка қатнаб, тушунтиришлар ёздим ва “бировларни ўртага қўйиб”, жарима билан зўрға қутулдим.
Бугун (тўғрироғи, бу йил) бозорда кўрак очиқдан-очиқ сотилаётгани ҳам, аслида, қишлоқ хўжалигида сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси. Бу мавсум воҳада кўз очиб-юмгунча ўтди – режа бир ойдан сал кўпроқ вақтда уддаланди. Хориждан келтирилган ва маҳаллий пахта навларининг тезпишарлиги, ҳосилдорлиги натижаси бу. Бир теримдаёқ 50 центнерлик хирмон уйган фермерлар бўлди. Ҳатто айрим фермерлар етиштирган ҳосил рекорд кўрсаткичларни қайд этди – 75 центнерлик марра илк бора уддаланди. Ва яна, воҳа тарихида илк бор сентябрь ойи адоғидаёқ пахтаси териб олинган далалар ғўзапоялардан тозаланиб, очиқ майдонларга кузги буғдой уруғи сепилди. Вилоят тарихида ҳеч қачон ақраб бошланмасдан ғўзапоя чопиғига рухсат берилмаганди.
Режани ошириб бажарган фермерлар далада қолган ортиқча пахтани аҳолига териб олиб, рўзғорда кўрпа-тўшакка ишлатишга рухсат беришганига нима дейсиз? Ахир, яқин-яқинларгача ҳам режа бажарилмаса, ички ишлар ходимлари уйма-уй юриб, пахта излашарди. Уйидан ярим қоп пахта чиққан бечоралар маҳкамага тортиларди.
Истиқлол луғатимизга аждодлардан мерос бўлган “хусусий мулк” сўзини қайтарди. Хусусий мулк фуқаронинг илкидаги мулки бўлиб, уни ўзи истаганича тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Хоҳласа, ўзи ишлатади, хоҳласа, сотади, хоҳласа, эҳсон қилади. Фермер хўжаликлари эгалари ҳам, шу маънода, ўзлари етиштирган ҳосил ўзларига тегишли эканини айни шу мавсумда тушуниб етишди, дейиш мумкин. Аввал фермерлар гарчи режани бажарган бўлсалар-да, токи вилоят ёки туман режадан чиқмагунча, пахта топшириш мажбуриятидан қутулмасди. Энг ёмони, октябрь ойида режани бажарган фермер декабрь ойи ўрталаригача даласини ғўзапоядан тозалаб, ерларни шудгор қилишга кириша олмасди. Эски замонлардан қолган “сўнгги чаноғигача йиғиштириб олиш” сиёсатига барча бирдек амал қиларди. Шу боис, фермер кузги буғдойни икки марта териб олинган ғўзапоя оралиғига экишга мажбур бўлар, бу усулда экилган уруғ далага текис тушмас, ҳосили ҳам шунга яраша тош босарди. Сабаби, сўнгги терим вақтида нимжон буғдой ниҳоллари оёқости бўлар, қиш адоғида ғўзапояни ўриб олиш вақтида ҳам анчагина ниҳоллар бой бериларди. Бу йил илк марта сентябрь охирида ғўзапояси йиғиштирилган очиқ майдонларга буғдой экилди. Ўтган асрнинг 50 йилларида ўртага ташланган “Пахта – миллий бойлигимиз!” шиори истиқлол даврида ҳам узоқ вақт таъсир кучини сақлаб қолди. Яқинларгача ҳам “пахтазорда мол боққан” ёки “кўраг-у пахтасини ўғирлаган” каби айбловлар жиноят ҳисобланиб, ўша сигир ёки қўйлар мусодара қилинар, эгаси жазо оларди. Боқаётган жонивори ногоҳ арқонини узиб ўзини далага уришидан ҳеч ким кафолатланмаган, аслида. Шу мантиқсиз жазо йигирма йиллар буғдойзорларда куз-қиш ойларида учраган чорвага нисбатан ҳам қўлланилди. Арқонини узиб бир қарич бўй тортган буғдойзорга кирган чорва моллари шу ердаёқ сўйилиб, гўшти эҳтиёжманд оилаларга тарқатилгани ҳақидаги хабарлар “ойнаи жаҳон” орқали намойиш қилинарди.
Кимлардир ўйлаб топган бу жазони мантиқсиз дейишимизга сабаб, бу ёқда иқтисодий жиноят содир қилган масъуллар етказган зарарни қопласа жазодан озод қилиниши қонунийлаштирилгани-ю, у ёқда иккита кўрак учун мисли кўрилмаган жазо турлари… Ўша иккита кўракдан чиқадиган пахта совет даври нархларида бир тийин, истиқлол замонида бир неча юз сўмга яқин турарди. Қолаверса, эндиликда ўша кўрак давлатники эмас, фермерга тегишли. Қайси фермер ўзи деҳқончилик қилаётган ҳудудда яшовчиларни қон қақшатишни истайди, дейсиз! Шундай ҳолат рўй берса, чорва эгасини огоҳлантириш билан чекланарди, холос. Масала билан ҳуқуқ органлари шуғулланганида, иш жиддий – сиёсий тус олиб кетарди. 
Узоқ-у яқин ўтмишда миллатимиз бошига тушган кўпгина кулфатлар айнан “пахта зулми” билан боғлиқ бўлгани юқоридаги мисолларда яққол кўринади.
Бозорда кўрак сотаётган тракторчи воқеасига қайтамиз. Тракторчи бу кўракни қайдандир ўғирлаб олмаган. Қайсидир фермер режани ошиғи билан бажарган ва қолган-қутган кўракларни йиғиштириб олишга рухсат берган. Бир томондан, кўракни сотиш орқали қўшимча даромад қилади, чорва боқаётган одамларга нафи тегади. Иккинчи томондан, ўша “сўнгги чаноқлар”ни йиғиштириб олиш фермерга зарар келтиради. Чала пишган кўраклар очилишини кутиши керак. Ундан чиққан пахтани заводлар энг сўнгги навларга қабул қилади – берадиган пули харажатининг ярмини ҳам қопламайди.
Жорий мавсумда қайсидир вилоятда ҳосилдан бўшаган ғўзапояларни ёқиб ташлаш орқали далани қўшимча минерал ўғитлаш тажрибаси қўллангани ҳақида ҳам хабарлар чиқди.
Бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар инсон манфаатига хизмат қилиши ҳақида кўп гапирамиз. Ана шу инсонпарварлик ғояларига йўғрилган сиёсат самарасини кун сайин англаяпмиз, рўй бераётган воқеликларда кузатяпмиз. Куни кеча “миллион эгатларга сочилган ўзбек” бугун ўз қадр-қимматини англади, топди. Икки дона кўрак учун жавобгарликка тортилиб, тақдири поймол бўлган инсонлар ҳақидаги воқеалар гўё эртакка айланди. 

“Жадид” газетасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 45-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855