Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


27.08.2025 | 16:10

img348

ИНТЕРНЕТ ХУМОРИ ЁХУД АСАЛНИНГ ҲАМ ОЗИ ШИРИН

Бугун бутун жамият, айниқса, ёш авлод қўлида, ўнг-у сўлида телефон: реал ҳаёт қолиб, виртуал оламга шўнғиб кетган. Кўча-кўйга разм солсангиз, деярли бир хил манзара: юриб бораётгани ҳам, ўриндиққа чўккани ҳам, бозор растасида харид қилаётгани, машинада кетаётгани, савдода навбатда тургани, шифохонада ётгани-ю, ошхонада луқмага қўл чўзаётгани… қай вазиятда бўлмасин, қўлда телефон. Шундай, кўплар интернетдан кўзини узолмай қолди. Эр хотинини, хотин эрини, ота-она болаларини, фарзанд эса ота-онани, бобо-бувилар невараларини “йўқотиб қўйди”.

Маълумотларга кўра, 2025-йил январь ҳолатида республикамиз аҳолисининг қарийб 90 фоизи интернетдан фойдаланади. Бу борада Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ўртасида пешқадам. Дунё аҳолисининг интернетдан фойдаланиш даражаси эса 68 фоизни ташкил қилмоқда.

Ривожланган давлатларда бу “хуруж” ўтган асрда авж палласига чиқиб, бугун интернет, ижтимоий тармоқ, умуман, телефонга муккасидан кетиш деярли камайган. Тадқиқот-сўров натижаларига кўра, уларда 62,8 фоиз одам интернетга фақат зарур маълумотни олиш учун киришини таъкидлаган.

Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган воқеа эсга келди. Бундан икки йил олдин хизмат юзасидан Мўйноққа бордик. Қайтар чоғи Нукус аэропортида парвоз вақти бироз кечиктирилди. Чет эллик сайёҳлар гуруҳи келиши керак экан. Ярим соатга етди ё етмади, саксон чоғли сайёҳ аэропортда кўринди. Кутиш залида ҳамма учоқ бортига таклиф қилинишини кутяпти. Шу пайт биқинимдаги ўриндиқда ўтирган бир сайёҳнинг қўл телефони жиринглаб қолди. У дарҳол сумкасини очиб, тугмани босар-босмай гапни калта қилди-да, телефонни сумкасига зумда қайта жойлаб қўйди. Ўшанда “Телефонини сумкасида олиб юрар экан, қандай яхши”, деган ўй ўтганди мендан. Сўнг бошқа сайёҳларни ҳам синчиклаб кузатдим – бирортасининг қўлида телефон йўқ. Бирови журнал тутган, бирови китоб ўқиб ўтирибди ёки ўзаро самимий суҳбатда. Ана шундан сўнг ўзимизникиларга зимдан кўз югуртирдим. Ишонинг, ҳамма бошини қуйи солиб телефонга кириб кетган.

Кўз ўнгимда виртуал ҳаёт, реалликдан узоқ сон-саноқсиз енгил-елпи воқеа-ҳодисалардан иборат поёнсиз контентлар ёшлар тафаккурини ҳақиқий ҳаётдан узиб, ўз етовида рўё дунёсига олиб кетгандек. Ўшандай сароб таъсирида юрган айрим ёш авлод ҳавойи туйғулар, асосланмаган тасаввур, хулосалар билан яшамоқда. Бугун ана улар билан суҳбатлашиш, ҳаётни, келажакни соғлом муҳокама қилиш мумкин бўлмай қолди: Сиз ердан гапирсангиз, у осмондан келади.

Бундан юз йил илгари жадид боболаримиз жамият аҳволотидан қайғуриб, жумладан, фарзандларни ўқимишли қилиш, мактаблар очиш, тўйлар, тантаналарни қисқартириш, уларга сарфланадиган маблағларни фарзандлар камоли учун йўналтириш ҳақида салмоқли чиқишлар қилиб, асарлар ёзиб, бу борада юксак амалий ишларни бажаришган.

Бугун халқимизнинг интернетга қарамлиги шу даражада чуқурлашиб кетдики, уни бу вазиятдан давлат сиёсати даражасида қутқариб олиш зарурати туғилмоқда. Таъбир жоиз бўлса, бу ҳол ҳар биримиздан жадидга айланмоғимизни тақозо этади. Чунки сиз-у бизни реал ҳаётдан чалғитувчи виртуал дунё шахсни руҳан, ҳам ақлан ўтмаслаштириши камдек, бир-бирига қарама-қарши ахборот ва хулосалар берувчи контентнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани хотиранинг сусайишига олиб келмоқда.

Ҳар неда меъёр бор ва меъёр бўлгани яхши. “Асалнинг ҳам ози ширин” деганларидек, меъёрдан ортиқ “истеъмол”, албатта, тана ва руҳ саломатлигига рахна солади. Ҳаддан ортиқ берилиб кетиш “мания” ҳолатини вужудга келтиради. Мисол учун, наркомания – гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга ружу қўйиш. Гарчи қиёс ноўриндир, бироқ нуқтайи назаримиз дунёнинг интернетбозлик билан боғлиқ бугунги ҳолатини “Интернетомания” деб аташимизга имкон яратади. Интернет хумори том маънода наркоманияга ўхшаш. У ҳам инсонни гиёҳванд модда сингари жисмоний, руҳий, интеллектуал ожизлик исканжасига ташлайди.

Иккала “мания”нинг ҳам таъсири бир хил. Гиёҳванд модда инсонга ёлғон “бахт” кайфини ва кайфиятини беради. Бора-бора инсон унга ипсиз боғланиб, қарамлик кучаяди. Миядаги нейронлар дофамин моддасини жуда кам ишлаб чиқаришга ўтади, инсон ўзини бахтсиз, кучсиз, ожиз ҳис қила бошлайди.

Бугун ён-атрофимизда урчиб улгурган минглаб “интернетоман”ларнинг ҳолати шундай. Чунки интернетоманиянинг инсонни ўзига қарам қилиш механизми, миллионларни таъсирига тортиш омили дофамин билан боғлиқ. Яъни, инсон интернетда қанчалик кўп визуал олам билан бирга бўлса, диққатга, мияга таъсир этувчи ҳар хил нарсаларни қанча кўп кўрса, нейронлар туташган жойлардан ажралиб чиқадиган ва “бахт” руҳиятини берувчи дофамин миқдори шунчалик кўп бўлади. Шунинг учун инсон зарра бўш қолдими, ана ўша бахтни ахтарган кўйи қўли телефонга югуриб, ижтимоий тармоқларни титкилай бошлайди. Интернетга кирмаса, шу куни нимадир йўқотган, нимадир камдек шайтонлаб қоладиганлари ҳам бор, кўряпмиз. Бу ҳолатда мияда, танада дофамин миқдори камайган бўлади. Дофамин камайдими, демак, инсон ўзини кемтик, “бахтсиз” ҳис қила бошлайди. Таассуф, айримлар дофамин жарлиги ёқасида умр ўтказмоқда.

Инсоннинг энг катта бойлиги – вақт ва онг. Бугунги кунда интернет ҳар биримиз учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди: билим олиш, тажриба орттириш, дунё билан боғланиш, ўзини ривожлантириш каби йўллар айнан у орқали осонлашди. Бироқ, афсуски, ушбу имкониятлардан тўғри ва самарали фойдаланиш ўрнига, кўп ёшлар виртуал оламга ҳаддан ташқари берилиб кетиб, ўз ҳаётининг энг қимматли неъматларини йўқотиш хавфига дуч келмоқда.

Ёшлар, умуман, ҳаммамиз англаб етишимиз керакки, интернетнинг ўзи айбдор эмас. Муҳим омил биз ундан қандай фойдаланишимизда! Агар биз уни билим излаш, тил ўрганиш, замон талабига мос кўникмаларни эгаллаш, илмий изланишлар олиб бориш ва шахсий ўсиш йўлида королькдош билсак, интернет биз учун келажакка қанот бўлади. Бироқ унга ортиқча берилиб кетиш ортидан мақсадлардан чалғиш инсонни руҳий ва жисмоний заифлаштиради. Шу боис ҳар ким ўз вақтини тўғри тақсимлай билиши, ҳар куннинг маълум қисмини билим олиш, янги кўникмалар орттириш ва шахсий ривожланишга йўналтириши зарур. Интернет восита, мақсад эмас. Уни тўғри йўналтирганлар муваффақиятга эришади, бу майдонда шунчаки “шаталоқ отиб юрганлар” вақтини ҳавога совургани қолади, холос.

Мизроб БЎРОНОВ,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори

“Жадид” газетасининг 2025 йил 22 августдаги 34-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855